1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Ислом тарихида аёллар

Ушбу мақола муслима адибаларнинг ижоди билан қизиқадиган, уларнинг борлигига шубҳаланадиган ёки уларни ҳимоя қилиб, «улар ҳар доим бўлгану фақат буни ҳеч ким билмайди, холос» дейдиган барча одамлар учун фойдали бўлган тарихий шарҳдир. Мақолада “Аёллар Ислом тарихида қандай рол ўйнаган?” деган саволга жавоб беришга ҳам уриниб кўрдик. Чунки айнан шу саволга жавоб замонавий мусулмон аёлини тарбия қилиш истиқболини тушуниш учун ўта муҳимдир.

Ислом дунёсида “Аёллар Ислом тарихида қандай рол ўйнаган?” деган саволга жавоб топишга уринишлар каби аёллар ҳақида бахсларнинг бошланиши Ғарбнинг бизга мағлубият орқасидан мағлубият етказаётган ва биз ўзимиз ҳақимизда шубҳага тушаётган вақтимизга тўғри келади.

Ориенталистлар (шарқшунослар) нима дейишган эди?

Гарвард университетида дин ва аёллар муаммолари бўйича тадиқоқот олиб борган профессор Лайло Аҳмаднинг айтишича, барча (ғайридин) шарқшунослар қуйидаги хулосага иттифоқ қилишган. “Ислом аёлга жабр-зулм қилади. Мусулмон жамиятларининг қолоқлик сабаблари ҳам айнан шу омил туфайлидир”.
Бошқача айтганда, агар шарқшунослар назари билан қарайдиган бўлсак, қуйидаги тасаввур ҳосил бўлади: мусулмон аёллар тарихга ҳеч қандай ҳисса қўшмаган, улар бозорда қул бўлиб сотилган ёки фақат шаҳвоний объект сифатида ҳарамларда ушлаб турилган.
Агар ғарб нуқтаи назари билан қарайдиган бўлсак, Шарқ, айниқса Ислом дунёси катта ҳарам бўлган. Албатта, мусулмон аёли ҳақида ғарб аҳли бундай фикрга келиб қолганига баъзи маълум сабаблар бордир. Европа қадриятлари тикланаётган даврда, Шарқ, ҳусусан Ислом дунёси муқобил ва салбий тимсол сифатида танлаб олинган.
Ғарб учун Шарқ ҳақида салбий фикр керак эди. Уни жабр-зулм кўраётган аёл стереотипи ёрдамида барпо қилишган. Монтескье ўзининг XVIII асрда ёзган фалсафий романи “Форс мактублари”да ижтимоий адолатсизлик ва ҳокимиятнинг зўравонлиги ҳарамдаги ҳаёт тасвири орқали ифода қилинган.

Шарқшунослар адашувига жавоблар

XIX асрда, яъни Британия ва Франция империялари шаклланаётган даврда европаликлар фикрида эзилган ва эрксиз муслима ҳақидаги тасаввур мустаҳкам ўрнашиб олди. Бошқача сўз билан айтилганда, империализм (мустамлакачилик) ва бу тасаввур ўртасида бевосита боғлиқлик мавжуд, ҳамда бугунги кунда юз бераётган (янги) мустамлакачиликнинг қонунлашув жараёни билан ҳам. (“Ҳужум” компаниясини эсланг.)
АҚШ 21 асрда ўзининг Ироқ ва Афғонистонга бостириб киришини оқлаши учун “ниқобдаги эзилган аёл” стереотипидан фойдаланишга ҳаракат қилди. Бу қолипга айланган шарқунослар фикри мусулмонларнинг ўзлари ҳақидаги тасаввурларига ҳам таъсир қилди ва булар ўз навбатида Ғарб қўлида мағлубиятга рози бўлишга олиб келди. Улар биз ҳақимизда ҳосил қилдирган тасаввурларига рози бўляпмиз, ҳалигача уларнинг биз учун белгилаб берган ҳимояланиш позициясини тарк қила олганимиз йўқ.
Хўш, аёлларнинг Ислом тарихида роли бўлганми? Бу саволга жавоб берар эканмиз, уларнинг роли умуман бошқа қолип ва тарози билан ўлчанганлигини асло унутмаслигимиз керак.
Тарих китобларида оддий одамларнинг ҳаётлари ҳисобга олинмаган. Тарих нуқул катта ҳодиса ва урушлар ҳақида ёзади, бироқ тарихий ҳодисаларни қайд қилиш бўйича бошқа воситалар ҳам мавжуддир (микротарих ва солномалар).
Масалан, Ислом тарихида ҳадисларни ривоят қилган ровийларнинг ишончлилигига катта эътибор қилинган. Ҳадис ровийлари ва муҳаддислар ҳаёти пухта ўрганилган. Таржимаи ҳолларда муҳаддислар ва ровийлар ҳаёти тарихида аёллар исмлари эркаклар исмлари билан доим ёнма-ён турган.
Ғарбча стереотипларга жавоб бериш ёки ўз тарихимиздаги модернизация даврига мисоллар келтириш учун Ислом тарихида аёлларнинг тутган ўрнини таъкидлаш керак бўлганда аёллар ҳақидаги махсус таржимаи ҳоллар ва энциклопедияларда аёлларимизнинг исмларини ҳар сафар учратамиз.
Машҳур муҳаддис олим Суютийнинг айтишича, унинг ўндан ортиқ аёл устози бўлган экан. У бу ҳақида айтар экан, буни қандайдир ғайри табиий нарса эмас эканини ва олим одам аёллардан ҳам таълим олиши ҳеч ажабланарли эмас эканини кўрсатиш учун бўлмаган, яъни бу оддий ҳол эди. Бу дегани, аёлларнинг бу соҳада иштирок этиши кам учрайдиган қандайдир нодир ҳолат эмас эди. Ҳамда, “аёллар” муаммоси ўшанда ҳали долзарб бўлмаган.

“Аёл” тушунчаси модернизация ва цивилизация марказида

Бошқа тарафдан аёл ва аёл “муаммоси” турли хил модернизация жараёнини бошидан кечираётган Усмонийлар давлатида бўлаётган баҳсларда асосий ўринга чиқиб олди. “Аёллар масаласи” модернизация ва цивилизация ҳақидаги бахсларда ўта қизғин мубохаса қилинган. Янги жамиятга янги аёл керак эди, янги аёлга эса янги таълим.
Усмонийларнинг анъанавий мамлакатида аёл киши ҳар томонлама билимга эга бўлган, бироқ бу билим ўз даври талабидан келиб чиққан ва расмий бўлмаган. Саноатлаштириш давригача аёл ҳамда эркак “устоз—шогирд” схемаси бўйича таълим олиб келган.
Модомики модернизациялаш (замон талабларига мувофиқ такомиллаштириш) ғарб институтлари асосида амалга оширилган экан, таълим ҳам унинг асосий таянч нуқтасига айланди. Бир қанот билан учиш мумкин эмаслигини тушунган турк мутафаккирлари аёл кишининг маърифатли бўлишига кўп эътибор қаратишди.
Таълим вазирлигига муваффақиятли ғарб аёллари ҳақидаги қисса ва ҳикоялар мусулмон қизлари учун етарли эмаслигини яхши тушунишган. Гарчи улар ғарб тиллари ва урф-одатларини ўрганаётган бўлсалар ҳам уларга реал тарихий мисоллар керак бўлган. Бу икки жиҳати билан ўта муҳим бўлган эди:
Биринчидан, дунё “цивилизациялашган” ва “варварлар”га бўлинар эмиш, яъни бошқача сўз билан айтганда “Европа” ва “бошқалар” бор экан, цивилизациялашган мамлакатлар рўйхатидан жой олиш учун, ўзини Африканинг “варвар” қабилаларидан фарқ қилувчи ўз тарихий меросини кўрсатиб бериш керак эди.
Иккинчидан, модернизацияга қарамай биз ўзлигимизни йўқотгимиз келмасди. Ўзлигимизни йўқотмаслик учун момоларимиз қандай рол ўйнаган, қандай яшаганлигини билишимиз керак ва уларнинг мисолини ўрнак қилишимиз керак.
Усмоний халифалиги ва Ислом дунёсидаги биринчи адиба Ислом тарихида ўчмас из қолдирган аёлларни тилга олиб, уларни «буюк момоларимиз», «буюк аёлларимиз» деб атаганда айнан шу мақсадлардан келиб чиққан бўлса керак.
Аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун европалик аёлларга тақлид қилиш шарт эмас. У ўзининг бир мақоласида ғарб аёлларидан эмас, балки ўз момоларимиздан ибрат олишимизга чақиради. “Биз ғарблик аёлларни ўзимизга ўрнак қилмаслигимиз ҳамда уларга ўхшашликка ҳаракат қилмаслигимиз лозим... Биз Исломдаги буюк аёлларга эргашишимиз керак”.
Бир тарафдан ўша даврларда яшаган аждодларимизни танишимиз керак. Бошқа тарафдан эса, қоғозда бизларга ўрнак бўла оладиган замондош аёллар ҳаётини акс этишга ҳаракат қилмоқчимиз. Бу борада Аҳмад Митҳат Афандининг “Турк ёзувчиларининг насаби” номлик китобида Фотима Алиянинг таржимаи ҳоли берилган. Бу эса ўз ўрнида ўзига яраша илк қадамдир.
Умуман олганда, биздан олдин ўтган момоларни тарих китобларидан топиш “Ислом тарихида аёллар бўлмаган” деб қотиб қолган қолипга (стереотип) бориб тақалади. Бироқ, бунга жавоб бериш билан бирга бизнинг тарихдаги момоларимиз ким бўлгани ҳақида билишимиз лозимдир.
Бир инсонга унинг ҳаётда қандай из қолдирганига қараб баҳо берса бўлади. Мазкур аёллар қайси қадриятларга асосланган, нималарни биринчи даражадаги нарсалар деб билганини тушунишнинг ягона усулидир. Тарихимизда рол ўйнаган момолар исмлари фақат “аёллар тарихи” мулкига айланишидан олдин уларни биз ҳам яхшилаб билиб олсак ёмон бўлмайди.


worldbulletin.net материаллари асосида
Абу Муслим таржимаси

 
Хулоса ўрнида

Ислом тарихининг зарҳал ҳарфлар билан битилган саҳифаларини варақлар экансиз онанинг фарзанд тарбияси ва унинг таълимида фаол иштирок этганини кўплаб учратасиз. Оналар фарзандларининг ўқиб, ўрганиб етук инсон бўлиб етишуви йўлида барча қийинчиликларни кўтаришган. Ҳадис илмининг устозларидан Суфён Саврийнинг онаси ўғлини илм йўлига йўллаб шундай деган эди: "Ўғлим, илм ўрганинг, рўзғор ташвишларини ўйлаб фикрингизни бўлманг. Мен инша Аллоҳ ип йигириб сотиб ўқишингизга кўмаклашаман". Натижада Суфён Авзоий таърифлаганидек: "Ислом уммати унинг сўзини бир овоздан қабул қиладиган нодир уламолардан" бўлиб етишди.
Муҳаммад ибн Идрис Шофиий Фаластининг Ғазза шаҳрида туғилади ва отаси оламдан ўтиб, жуда эрта етим қолади. Фарзанд тарбиясидан хавотирланган она икки яшар ўғлини Ғаззадан Маккага олиб келади. "Ота-боболарингни юртида ўсиб улғайганинг яхши" дейди. Шофиийнинг ўзлари ҳикоя қилганларидек:"Онам мени ўқитишни жуда-жуда истарди. Лекин ўқитиш учун етарли маблағи йўқ эди. Менинг ўзим ўқишга астойдил киришдим".
Азиз ўқувчимизга таниш Ҳумайди ҳикоя қилади: Шофиий бизга шундай деган эди: "Мен онам қарамоғида етим ўсдим. Бошланғич таълим марҳаласида тенгдошларимга дарс бера бошладим. Устоз дарсга келмай қолганда устоз ўрнига талабаларни бошқариб, уларга таълим берардим. Буни кўриб устоз мендан ҳақ олмай қўйди". Музаний дейди: "Шофиий етти ёшида Қуроънни ёд олган, ўн ёшида эса"Муватто"ни ёдлаган".
Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбал ҳикоя қиладилар. (Имом Аҳмад ҳам жуда эрта етим қолганлар) "Олти ёшимда онам мени тонг саҳарда уйғотиб, ўзи таҳорат олдирар эди. Таҳорат олиб бўлганимдан сўнг чиройлик кийимларни кийгазиб, қўлимдан етаклаб масжидга олиб келарди. Мени хонақохга киргизиб ўзи масжиднинг пана жойига ўтиб оларди. Бир оздан кейин муаззин келиб бомдод намозига азон айтарди".
Дунёни яёв кезиб илм олган, Ханбалий мазҳаб асосчиси имом Аҳмаднинг ҳаёти ана шундай бошланган экан.
Ибн Нажийя (Нужийя) номи билан танилган улуғ олим Али ибн Иброҳим ўз даврининг катта муфассир ва воизларидан бўлган. Султон Нуриддин Зинкий ва Салоҳиддин Айюблар ҳурматига сазавор бўлган. Ана шу олим тафсир фанида катта ютуқларни қўлга киритишидаги сирни айтиб дейди:
"Тафсирни тоғамдан таълим олганман. Дарсдан қайтишим билан онам сўроққа тутарди:
– Бугун тафсирдан қайси сурани ўргандинг?
Мен бугунги дарсни тоғамдан қандай эшитган бўлсам шундайича онамга айтиб берардим. Онам сўзларимни охиригача тинглаб бўлиб, бошини чайқарди.
– Яхши, лекин ҳамма билганларини айтмабдида. Мен тафсирни тоғанг билан бирга ўрганганман. Аслида уламолар бу оят тафсирида мана бундай дейишган, ана бундай дейишган,– деб тоғам дарсига қўшимча қилиб қўярди".
Ҳа, бунинг ажабланарли жойи йўқ. Ўз оқловчисига мунтазир ўтмишимизда аёллар эркаклар билан теппа-тенг илмга эга бўлганлар. تحفة الفقهاء китобининг муаллифи Муҳаммад ибн Аҳмад Алоуддин Самарқандийнинг қизлари, بدائع الصنائع китобининг муаллифи Косонийнинг рафиқалари Фотима бинт Алоуддин замонасининг кўзга кўринган катта олималардан эди. Дадалари таълиф қилган, ҳанафий мазҳаб фиқҳида ёзилган تحفة الفقهاء китобини ёддан биларди. Тарихий манбаъларнинг айтишича Фотима довриғи оламга тарқаб, ҳатто Рум подшоҳлари унга совчи қўйишган. "Маликул уламо" номи билан танилган Абу Бакр Косоний устозларининг تحفة فقهاء китобига шарҳ битиб بدائع الصنائع китобини таълиф этганларида, устозлари ўз қизини Косонийга никоҳлаб берган. Кейинчалик одамлар "китобини шарҳлаб қизини никоҳлаб олди" дейишадиган бўлди.
Фатволарга Алоуддин Самарқандий ва қизлари Фотиманинг муҳри босилар эди. Турмушга чиққач эрларининг муҳри ҳам қўшиладиган бўлди.
Абу Бакр Косоний Зинкий ҳукмронлик қилган даврида Ҳалаб (Сурия) шаҳрига мударрисликка чақирилади. Анча муддат мударрислик қилганидан сўнг одил султон Зинкийдан уйга қайтишга ижозат сўрайди. Султон олимдан Ҳалабда қолишини сўрайди. Олим аҳли аёли Мовороуннаҳрда қолганини, уйга қайтмаса бўлмаслигини тушунтириб узр сўрайди. Шунда султон: "Бунинг ечими осон, аёлингизни Ҳалабга чақиртирамиз", деб Фотима ҳузурига чопар юборади. Чопар Самарқандга етиб келиб рисолани Фотимага тақдим этади. Фотима рисолани ўқиб бўлиб, рисола орқасига "дадаси, фиқҳдан шу қадар узоқлашиб кетдингизми? Аёлингиз ёнига номаҳрамни чопар қилиб юборибсиз-а?!" деб рад жавобини ёзади. Тарвузи қултиғидан тушган чопар Сурияга қуруқ қайтишга мажбур бўлади.
Шулардан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, фарзанд тарбиясида онанинг тутган ўрни жуда катта. Ўтмиш олимларининг талайгинаси етим қолиб она қарамоғида ўсган. Улар она тарбиясини олиб етук инсон бўлиб етишишган. Демак мумтоз тарбия марҳаласидаги энг биринчи босқич фарзанд учун яхши она танлашдир. Худди яхши ҳосил олиш учун замин танланганидек.
Мовардий ёзишича бир кекса ота ўғил-қизларини йиғиб "мен сизларга туғилмасларингдан олдин ҳам, туғилганларингдан кейин ҳам яхшилик қилганман" дебди. Туғилмасдан олдинги яхшилик қандайлигини тушунмаган фарзандлар отага савол берадилар:
– Туғилганимиздан кейинги ҳамма яхшиликларингизни биламиз, кўз ўнгимизда сақлаймиз. Аммо туғилмасимиздан олдинги яхшиликка бир оз тушунмай турибмиз.
– Сизлар учун, сизлар уяладиган она танламадим.
Бир донишманд ҳузурига ёш йигит оппоқ йўргакда чақалоқни кўтариб кириб деди:
– Фарзандлик бўлдим, тарбия сир-асрорларини ўргатсангиз.
– Кечикибсиз.
– Тақсир, ўғлимиз эндигина икки ойлик бўлади.
– Тарбияни бола туғилмасдан анча олдин, унга она танлашдан бошланади...

Ҳозир сайтимизда 17 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ