Гуноҳкорларнинг танқидига қандай юзланасан.

  • Печать

Ақлсизлар ва тентаклар - уларни яратган, ризқ берган Аллоҳ азза ва жаллани ҳақорат қиладилар. Улар Ваҳид-у Аҳад, ундан ўзга илоҳ бўлмаган ягона зотни сўкадилар-у, Энди мен ва сен, хато ва адолатсизликлар қилиб қўядиган инсонлар, улардан нимани кутишимиз мумкин? Модомики одамларга яхшилик қилар экансан, уларни тузатар, уларга таъсир ўтказар, ўзингдан нур таратаб, ярақлаб турар экансан, албатта сен тез кунларда ҳаёт йўлингда учрайдиган гуноҳкорнинг танқидидан, қасд қилинган бузғунчиликдан, атайин қилинган хорлашлардан иборат  шафқатсиз, даҳшатли урушларга дуч келасан. Ер остини кавлаб кириб, ёки осмонга нарвон қўйиб чиқиб, улардан қочиб кетмагунингча сени тинч қўмайдилар.  Агар сен уларнинг орасида экансан, улардан сени хафа қиладиган, кўзларингни ёшга тўлдириб, йиғлатадиган ва кечалари уйқингни қочирадиган ишларни кутавер.

Йигит отда ошса довон,

Кўплар миндилар ғазабга.

Тошлар отиб унга томон,

Қул бўлдилар  хусуматга.

Ерга ўтириб олган одам йиқилиб тушмайди. Инсонлар ўлган итни тепиб ўтмайдилар, унга тегмайдилар. Лекин улар сенга ғазаб қиладилар. Чунки сен ўз салоҳиятинг, илминг, одобинг ва молинг билан уларнинг жаҳлларини чиқардинг. Аллоҳ сенга берган иқтидори ва неъматларини тарк қилмагунингча, барча мақтовли сифатларингдан воз кечмагунингча, айрилмагунингча, барча улуғлик маъноси мужассам бўлган ишларингдан маҳрум бўлмагунингча ва улар хоҳлаганларидек тентак, аҳмоқ, ичи бўм-бўш, ҳолдан тойган бир аҳволга тушиб  қолмагунингча сен уларнинг наздида тавбаси қабул қилинмайдиган гуноҳкор киши саналасан.

Шундай экан уларнинг сўзларига, танқидларига, ёмонлашларига, таҳқирлашларига сабр-бардошли бўл.

Устингга танқидлар ер юзининг жами дон-дунлари мисол тўкилса ҳам, қудрати ва ҳайбатини сақлаш учун жим турувчи тош каби бўлгин.

 

Ўзининг қудрати ва вужудини боқий собит қолдириши учун унинг устига ер юзининг дон-дунлари тўкиладиган ҳайбатли, жим турувчи тош каби бўлгин.

Агар сен уларнинг сўзларига қулоқ солсанг ва таъсирлансанг, сен уларнинг тиниқ ҳаётингни лойқалаш, хиралатишга қаратилган кучли иродаларини рўёбга чиқариб қўйган бўласан. Огоҳ бўл, уларни чиройли авф этиш билан авф эт. Огоҳ бўл, улардан юз ўгир. Уларнинг макру-ҳийлаларидан сиқилма. Албатта  уларнинг разилона қилган танқидлари сен учун бир хушомаддир. Туҳматчи, гуноҳкорнинг танқиди сенинг даражангга қараб бўлади.

Сен ҳеч қачон уларнинг оғизларига элак тута олмайсан ва тилларига занжир сололмайсан. Лекин сен уларнинг танқидларини, бўҳтонларини уларга нисбатан совуққонлигинг, уларнинг ишларига беэътиборлигинг, уларнинг сўзларига жавобан ичингда “шу адоватларинг билан ўлиб кетинглар” деб айтишинг билан уларнинг танқидларини ерга кўмишга қодир бўласан. Ёки ўзингнинг фазилатларингни, тарбиянгни, гўзал хулқларингни ва хатоларингни тузатишни зиёда қилиб уларнинг оғзиларига хантал уруғини сочишинг мумкин.

Менинг гўзал ахлоқим,

Айбим этиб саналса,

Қандай узр сўрайин,

Айтинг, мендан сўралса?

Агар сен барчанинг наздида мақбул, ҳамма учун маҳбуб, оламда айблардан саломат бўлишни хоҳласанг батаҳқиқ маҳол бўлган нарсани талабқилибсан ва жуда узун орзуларга берилибсан.