1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Эзгулик учун берилган имкон

«Астағфируллоҳ!..»
Нохуш туш таъсиридан чўчиб уйғондим. Ичимда бир хижиллик билан янги куннинг юмушларига берилдим. Кўчага отландим. Остона ҳатлаб чиқар эканман кўнглимдаги ғашлик тарқамаганди. Илтижо қилдим: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аллоҳим! Ўз паноҳингга ол, асра, кунимни хайрли қил». Режаларим билан боғлиқ ўй-хаёллар мени буткул банд этганди. Ҳар гал ер ости йўлидан ўтардим, аммо бу гал хаёл билан бўлиб беихтиёр катта йўлга қадам босдим…
«Ё Аллоҳ!…» Бу қўрқув аралаш ҳайратимнинг кучли ва овозли ифодаси эди. Дукиллаб ураётган юрагим товуши бутун танамни тебратар, ўзимга келишга уринардим. Воқеанинг бу қадар тез рўй берганини ақлимга сиғдиролмасдим, ахир… қизил чироқ ёниб турганди. Унда бу машина қаердан пайдо бўлди?.. Қаттиқ тормоз бериш натижасида тўхтаб, чангга ботган машина қаршисида эдим. Жуда кам қолган масофа рўй бермаган (беадад шукр!), бироқ содир бўлиши мумкин бўлган ҳолатни кўз ўнгимда гавдалантирарди…
«Ё Аллоҳ!..»
Бу не синоат бўлди? Бу тезлик билан машинанинг тўхташи мушкул эди… аммо тўхтади. Аллоҳ тўхтатди. Уйдан чиқаётиб қилган илтижоларим ёдимга тушди: «Паноҳига олди… асради… Ўзингга шукр!..»
Воқеа сабаб бугун кўрган, кўнглимни хижил қилган туш ҳикматини англадим ва… чин дилдан қилинган дуолар беиз кетмаслигига амин бўлдим. Савбон р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ с.а.в. айтадилар: «Умрни фақат яхшилик узайтиради. Қадарни фақат дуо қайтаради. Инсон ўзи қиладиган гуноҳ туфайли ризқдан маҳрум бўлади» (Ибн Можа ривоти).
Бошқача бўлиши мумкин эди. Қазойи қадаримда нима ёзилгани Аллоҳга аён, аммо букун Аллоҳ дуойимни қабул этганди. Шу топда умрнинг нечоғли ғанимат эканини билдим. Умринг қачон тугаши ҳақида ўйламай илож йўқ. Лекин инсон солиҳ амал ва савобли ишларни кўпроқ қилиб олиш, охиратга етарли сармоя билан бориш учун узоқроқ яшагиси келаркан. Аллоҳим менга яна имконият берди — омонат умр муддатидан тўғри фойдаланишга, номаи аъмолимни эзгу амаллар билан тўлдиришга ва Ўзининг ҳузурига ёруғ юз билан боришга…
Алҳамдулиллаҳ!

ЗЕБУННИСО

Ҳозир сайтимизда 59 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ