1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

“Овсинимга душманлик қилдим...”

“Кишининг тақдири- феълидандир”, деган гапни чуқурроқ мушоҳада қилсам, ўзимдан уялиб кетаман. Тақдиримда юз берган воқеаларни таҳлил қиларканман, наҳотки менга шунчалик разил феъл-атвор битилган экан, деган ўйдан Ғаш тортаман. Болалигимни жуда яхши эслайман. Мулойимгина қизалоқ эдим. Ота-онам бирор нарса олиб беришса, аввалини боғчадаги, кўчамиздаги ўртоқларимга тарқатиб, улардан ортганини ўзим ердим ёки ўйнардим. Мактабга борганимда ҳам атрофимда дўстларим, ўртоқларим кўп эди. Аълочи ўқувчи бўлганим учун ўқитувчиларим ҳам, синфдошларим ҳам яхши кўришарди. Айрим яхши ўқийдиган ўқувчи қизларга ўхшаб, паст ўзлаштирадиган синфдошларимга лаб буриб, “осмон”дан қарамасдим. Мен шунчалик самимий, шунчалик оқкўнгил қиз эдим-ки, мен учун ҳамма — хоҳ у камбағал бўлсин, хоҳ у бой, хоҳ аълочи, хоҳ паст баҳода ўқийдиган, хоҳ чиройли, хоҳ хунук бўлсин, ИНСОН эди. Ана шу руҳда тарбияланиб, ана шу руҳда улғайдим. Шундай беғубор ва самимий феълим сабабми, гарчи олий маълумотли, обрў-нуфузли хонадоннинг арзандаси бўлсам-да, маҳалламизнинг оддий оилаларидан бирига келин бўлиб тушдим. Турмуш ўртоғим билан синфдош бўлганмиз. Менга уйланганидан кейин омад қуёши кулиб боқиб, эрим ҳам олий ўқув юрти талабаси бўлди. Мен мактабда дарс бера бошладим. Бировдан кўп, бировдан кам яшай бошладик. Иш жойимда ҳам кунба кун обрўйим кўтарилиб борди. Ҳатто иш бошлаганимнинг учинчи йили мактабда ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари этиб тайинландим. Карьерам, моддий аҳволимдан қониқардиму, аммо оилавий ҳолатимдан, тўғрироғи турмуш қурганимга уч йил тўлаётган бўлса-да, ҳануз фарзанд кўролмаётганимдан ўкинардим. Ота-онам, қавм-қариндош, дўсту танишлар билан юзма-юз келиб қоладиган бўлсам, ҳозир яна ўша саволга рўпара келаман, “янгилик борми?” деган сўров юрагимга наштар бўлиб ботади, деган ҳадикда юрак ҳовучлаб турардим. Турмушимизнинг тўртинчи йили эрим ўқишни тамомлади. Бу орада бир неча марта даволандик. Шифокорлар менда яллиғланиш асоратлари борлигини таъкидлашди. Айб мендалигини билиб, эрим ҳам, оила аъзолари ҳам терс муносабатда бўла бошлашди. Бир пайтлари бошимдан сув ўгириб ичишга тайёр турган қайнонамнинг, мени бошига кўтариб юришга ваъда берган эримнинг камситишлари, руҳий зарбалар бора-бора мени асл феълимдан тамоман узоқлаштираверди. Ҳар кунимни, “эрим мен билан ажрашади, онаси унга бошқасини олиб беради”, деган хавотир билан кутиб, шу ҳадикда кузатардим. Тирноқ кутиб тунларни тонгларга улаб, ёстиғимни кўз ёшларим билан ювиб чиқадиган кунларимнинг бирида қайнимга келин туширишди. Тўйда елиб-югуриб хизмат қилдим. Аммо гарчи очиқчасига айтишмаса-да, имо-ишоралар, ҳатти-ҳаракатлари билан тўй одатларига ирим қилиб мени қувгандек, яқинлаштиришмади. Ҳатто қирқ кунгача гўшангали уйга ҳам йўлатишмади. Юрагим зардобга тўлар, кўзларим тўлиб-тиқилиб йиғлагим келса ҳам, кўз ёшимни сиртга чиқармайдиган бўлдим.
Овсинимнинг ҳомиладорлиги маълум бўлгач, қайнонамнинг зулми яна ошди. Бозор-дўкондан тансиқ егуликлар олиб келади-ю, атайлаб менга кўрсатганча келинига беради. Овсинимнинг қўлини совуқ сувга урдирмай, асраб-авайлаб, эрта тонгдан қош қорайгунча мени хўрлаб ишлатади. Бу орада олти-етти соат мактабда рўшнолик кўраман.  Овсинимни шундай ёмон кўриб кетдим-ки, туну кун ҳомиласи нобуд бўлишини истаб Худога ёлворардим. Ҳа-ҳа, мен шундай разил аёлга айлангандим. Ўша кезларни хотирласам, ўзимдан нафратланиб кетаман.
Бир куни ишдан қайтаётсам, маҳалламиз қишлоқ врачлик пунктида ишлайдиган гинеколог дўхтир тўхтатди: “Мана буни овсинингизга бериб қўйсангиз, илтимос.   Ўзим бериб қўярдиму, аммо ҳозир жуда шошиляпман, болаларимни боғчадан олишим керак эди, - деб қолди. Қўлидан олсам, овсинимнинг бетоблиги, зудлик билан касалхонада даволаниши кераклиги ҳақидаги шифокор хулосаси экан. Қувончим ичимга сиғмай кетди. Уйга бориб, шифокор қоғозини яшириб қўйдим. Ҳалиги дўхтир, “овсинингизнинг хасталиги жиддий, албатта даволаниши керак”, деганди. Ўзимча аввалига яшириб қўяман, кейин бирор жойдан эшитишса, эсимдан чиқибди, деб бермоқчи эдим. Орадан бир ҳафта вақт ўтди, ҳеч ким дўхтирнинг тавсиясини сўрамади-ю, лекин овсинимнинг аҳволи оғирлашиб борди. Йигирма кунларда кейин овсинимни касалхонага ётқизишди. Шифокорлар ҳомила она қорнида нобуд  бўлиб, ҳатто чирий бошлаганини, энди айрим аъзоларини ҳам қўшиб олиб ташлабгина аёл ҳаётини сақлаб қолиш мумкинлигини айтишибди…
Орадан беш йил вақт ўтди. Ҳозир мени уч яшар ўғилчам, олти ойлик қизалоғим бор. Қайнонам бошқа фарзанд кўролмаслиги сабабли овсиним билан қайнимни ажратиб юборди. Болаларимга, менга эрим ҳам, қайнона-қайнотам ҳам меҳрибон, парвона. Бироқ, мен КЎНГЛИМ билан, виждоним билан ёлғиз қолишга қўрқаман. Бу разиллигим, диёнатсизлигим жавобини фарзандларим бермасайди, деб қўрқиб яшайман. Бу қилмишимга бировни айбдор қилгим йўқ, аммо ўшанда қайнонам, эрим мени хўрламаганида, сабр билан Худонинг синовига елка тутганимни тушуниб, менга таскин берганларида балки, шу тубанликка бормасмидим. Овсинимни бунчалик ёмон кўриб, унга душманлик қилмасмидим…
Сабримнинг мукофотига эришдиму энди собиқ овсинимга қилган ёмонлигим жазосини кутиб яшаяпман...

Дилдоранинг надоматларини ФАРЗОНА оққа кўчирди

Ҳозир сайтимизда 85 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ