1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Хонадондаги илон

Бир қишлоқнинг энг чекка хонадонида бир киши хотини, боласи ва эчки-товуқлари билан яшар эди. Улар ҳовлисининг бир четига заҳарли илон уя қурди. “Менга зарари тегмаяпти-ку” деб ўйлаган хонадон эгаси бошда илонга эътибор ҳам қилмади. Илон ҳам бир муддат ҳеч кимга зарар етказмай, тинчгина яшаб турди.
Бир куни илон хонадоннинг эркатойи бўлмиш ўғилга заҳрини сочди. Ўйнаб юрган бола тўшакдан туролмай қолди. Бундан ғазабга минган уй эгаси илонни ўлдирмоқчи бўлиб, қўлида калтак билан уя олдига борди. Қараса, илон уя олдида нўхатдай олтин чиқариб қўйибди. Ҳалиги олтинни кўрган киши уни ёнга солибдию, унинг ҳадясини ўйлаб илонни ўлдириш фикридан қайтибди.
Орадан кунлар ўтибди. Ҳозиргача жим юрган илон бир куни хонадон бекасини қаттиқ заҳарлаб, тамоман ётқизиб қўйибди. Бундан жаҳли чиққан хўжайин энди илонни ўлдиришга астойдил бел боғлабди. Қўлида кетмон билан уя олдига борса, илон бу гал ёнғоқдай олтинни уяси олдига чиқариб қўйибди. Олтинни кўриб, ҳамма нарсани унутган киши уни ёнга солибдию душманини ўлдиришдан воз кечибди.
Кўп ўтмай, илон яна ҳунарини кўрсатибди, энди у сут бериб турган эчкини чақиб, ўлдирибди. Бундан кўзи қонга тўлган хонадон эгаси аламига чидай олмай, бу гал илонни албатта ўлдираман, деб қасам ичибди. Чопқисини кўтариб, уя олдига борса, у ерда энди олмадай катталикда олтин ётганмиш. Буни кўрган хонадон эгасининг кўзи қувнаб, юраги ўйнаб кетибди. Эчкисининг йўқ бўлгани ҳам эсидан чиқиб, илонни ўлдириш ниятидан қайтибди.
Энди илоннинг заҳар сочиш навбати товуққа етибди. Тухум қилиб турган товуғининг ўлиб ётганини кўрган хонадон эгаси илонни ўлдиришга астойдил қасд қилибди. Ойболтани олиб, бу сафар илонни сўзсиз ўлдириш учун уянинг олдига ғазаб билан борибди. Қараса, энди уя ташқарисида ҳандалакдай олтин ётганмиш. Олтинни кўриб, ҳирси жунбушга келган киши яна илонни ўлдиришга ўзида журъат топа олмабди. Оёқ-қўли шалвираб индамай ортига қайтибди. Уни ҳатто энди илон унинг ўзига заҳар солиши мумкинлиги эҳтимоли ҳам фикрини ўзгартира олмабди. Яқинларию уйидаги фойда келтириб турган ҳайвонларидан ажраб қолгани ҳам уни илонни ўлдириб, хонадонидан йўқ қилиб юборишга ҳад қила олмабди. Илон эса ҳозиргача унинг хонадонида бемалол яшаб юрганмиш. У бир куни ўзини ҳам чақиб, ҳалокатга учратиши мумкинлиги эса хонадон соҳибининг хаёлига ҳам келмаётир.
Муҳтарам журналхон, ўша илон ниманинг тамсили эканини англай олдингизми? Агар тушунмаган бўлсангиз, бир нарсани эслатиб қўймоқчимиз. Одатда илонлар илон ўргатувчининг ҳар бир ҳаракатию чалган мусиқасига мослаб роса ўйин кўрсатади. Аммо бор меҳнатни илон қиладию томошабинлардан тушган ҳамма пулни илон ўргатувчи чўнтакка уриб кетади. Энди ўша илон нима эканини тушуна олгандирсиз?

Жумбоқни тақдим этувчи,
 Абдуманнон Андижоний

Ҳозир сайтимизда 90 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ