1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Мардликда эркакдан ўзган аёл

 

 

 

Бомдод намозини адо этиб чиққан Шамсия опа қишлоқдан келаётган йиғи товушини эшитиб, сергакланди. Ким қазо қилибди экан, деган хаёл ўйда маҳалладаги кексаларни бир-бир  хаёлдан ўтказди. Дарвозахонадан чиқиб ён-атрофига қулоқ тутиб овоз қайси томондан келаётганини яна бир бор текширган бўлди.  Уфқ бўзариб қуёш уйқудан бош кўтариб, борлиқ яна бир кунга пешвоз чиқаркан, қишлоқда ҳам ҳаёт қайнай бошлади. Тонг отганини билдириб  бири қўйиб, бири олиб маъраётган қўй-қўзи, сигир-бузоқлар, ким ўзарга мусобақа қилаётгандек қичқираётган хўрозларнинг овози  азахонадан таралаётган мотам товушини босиб кетди чоғи, энди айтиб-айтиб йиғлаётганларнинг овози олисдан,  элас-элас келаётганди. Шамсия опа, “ҳалироқ қишлоқнинг кайвонилари чиқиб, таъзияга бориб келишни айтади. Бизнинг қишлоқдан эмас, шекилли”, деган ўй уйга кирган ҳам эди, ташқирида укасининг  “Илҳом” деб чақиргани эшитилди. Тонг-саҳардан укасининг келиши бежизга бўлмаслигини сезган опанинг кўнгли “шув” этди-ю,  кутилмаган меҳмонга хуш чеҳра билан ошиқди:
- Шавкат, кел укажон. - Шамсия опа танасидаги енгил титроқни босиш учун  кавушини оёғига ила туриб, укасига бир талай гапларни гапириб ташлади.
- Ассалому алайкум опа. Яхшимисизлар? Жияним, неваралар омонми?-Шавкат опасига яқинлашди-да, хиёл эгилиб сўрашди.
- Ваалайкум салом, укагинам. Шукр, биз соғ-саломатсиз. Ўзларинг, келин- болалар соғ-омонми? Тинч юрибсизларми? Янги келинчак қандай, кўникиб кетдими?- Шамсия опа авваллари бўлса, бирма-бир, номма-ном укасининг ҳамма болаларини сўраб суриштирар, келинининг соғлиги, оёғи оғриётган оғримаётганлиги, қаерда оёқ оғриқни даволайдиган дўхтир ёхуд табиб чиққанини , кимлар бориб шифо топганини албатта айтиб ўтарди. Аммо ҳозир укасининг   саҳарда кириб келиши, боз устига кимнингдир қазо қилгани бу одатини батамом хаёлидан чиқариб ташлади. – Тинчликми, Шавкатжон, кимдир қазо қилган кўринади?- Шавкат жавоб ўрнига кўзларини олиб қочди:
- Опа... Илҳом кўринмайди?.. - Укасининг саволга жавоб бериш ўрнига ўғлини сўрагани онанинг юрагини чиқариб юборди:
- Нимага гапни айлантирасан!? Мен сендан ким вафот этганини сўрадим! Жиянинг ишлари билан сафарга кетганини биласан-ку! Келин оғироёқ,унга пича кечроқ туришни ўзим айтганман. Сен келмасингдан олдин, кириб уни уйғотмоқчи бўлиб турувдим. Ўликнинг юки оғир дейдилар. Сен нимага ҳакка гўнг титмай келдинг?! Гапни айлантирмай, тўғрисини айт қўй-да!- Шамсия опа шу гапларни гапира туриб оғзи қуруқшаб, қўл оёғи титраб кетди. Шавкат опасининг асабий бўлиб қолганини, ҳаётда кўп ноҳақликларга дуч келавериб, аламзада, қўрс ва асабий бўлиб қолганини биларди. Шунинг учун унинг гапини оғир олмади. Фақат ўзи олиб келган хабарни қандай айтишни билмай, саросимада қолди:
- Опажон, бир оғиз сўраб ҳам бўлмайдими? Ё манга ўз опамникига азонда келиш, жигарларимнинг аҳволидан хабар олиш мумкин эмасми?- Шамсия опа, “яна мижғовланишни бошладингми?” дегандай укасига ўқрайиб қаради.- Опажон... Дарров ваҳима қилманг-да бундоқ... Айтмоқчи эдимки...
- Э, гапир гапирадиган бўлсанг! Латтачайнамай ҳар бало бўлгур!- Энди опанинг ғазаби буткул тошиб кетди.
- Илҳомнинг дадаси бандачилик қип қўйипти опа... Шунга Илҳомга қўнғироқ қиласизми, ҳарқалай отаси, сўнгги йўлга кузатишга...- Шавкатнинг  гапи оғзида қолди:
- Ўлибдими?! Охири ўлибдими у худобехабар?! Мени ҳар куни бепичоқ сўйиб, болаларимнинг  кўзларини ёшлаб, тоғасининг эшигида хор қилиб, ўлибдими у?! Ҳа ўларкан, бундай Худонинг манга раҳми келиб эртароқ ўлиб кетса бўлмасмиди?! Ўша бетавфиқнинг касрига қолиб, етти ой бағримда кўтариб юрган, ҳали дунёга келмаган гўдакларим нобуд бўлганди. У ўз фарзандини ўлдирганди, энди ўлибдими?! Лекин мен уни ўлиб қутулсин, демагандим.  У узоқ яшасин, узоқ хор-зорликда умр кечирсин, менинг болаларим, ёлғизгина ўғлим, биттагина қизим ўша беоқибат отасининг оғир дамларида керак бўлсин, дегандим. Барибир ўлиб қутулибди-да.- Шамсия опа ҳовли ўртасидаги чорпояга ўтириб қолди. Ёшли кўзларини укасига тикди:
- Шавкат, сен бу хабарни менга етказгани келдингми ё Илҳомжонни таъзияга чақиртиришга келдингми?- Ука опасидан кўзларини олиб қочди:
- Опа... амакилари келишувди... Нима бўлганда ҳам отаси ахир?...
- Ўчир овозингни!- Шамсия опа бақириб юборди.- Қандай ҳаддинг сиғди шу гапни гапиришга?! Болаларимни не азобда улғайтирганимни билмасмидинг?! У бетайин уйидан ҳайдаб солганида болаларимнинг отасилигини билмасмиди?!..
- Опа.. Ўлган одамнинг орқасидан ёмон гап қилиш...
- Ўлган одам?! У энди ўлган бўлса, мен аллақачон  ўлган эдим! Менинг руҳимни ўлдириб бўлишганди. Менга қара, Шавкат, Илҳомни тинч қўй. Болагинам сафарда юрибди. Уни нотинч қилма!
- Опа...
- Бўлди, ортиқ гапирма...
Шамсия опа кўзларини юмиб унсиз ёш тўка бошлади...
*                               *                                  *
Фарҳод муаллим кунда ичиб келиб хотинини дўппослайдиган одат чиқарди. Хотини шўрлик тиш ёриб дардини бировга айтмайди. Кунда кунора моматалоқ бўлиб кетган юз-кўзини рўмолга ўраб далага чиқади. Дўст бор, душман бор. Оқ-қорани таниган, ҳаётни тушунган одам бор-ки, муаллимдан ёзғириб, бояқиш Шамсияга сабр тилашади. Ғаламис, ғийбатчилар эса, аёлнинг устидан кулиб, нега боши ёрилгани, қовоқлари кўкариб, юз-кўзининг “бўялиб” юргани сабаби билан қизиқади. Шамсиягина эрининг калтаклашларини яшириш  учун топмаган баҳонаси, ишлатмаган ёлғони қолмади. Ҳали, “боқилаётган ҳўкизнинг олдига ем қўймоқчи бўлганида бошини оғил устунига уриб олади”, ҳали, “бошига куви тушиб кетади”, бир қарасангиз,”кечқурун нон ёпмоқчи бўлиб, депиниб чуқурга тушиб кетади”. Барибир касални яширгани  билан иситмаси ошкор қилганидек,  бир куни Шамсиянинг сири очилиб қолди. Эри ўзи ўқитаётган бир ўқувчи қиз билан дон олишиб юрган экан. Қизнинг қорни қаппайиб, эл-юртга овоза бўлгач, Фарҳод муаллим хотини билан орани очиқ қилмоқчи бўлди. Икки норасида гўдак, яна қорнида ҳомиласи бор аёл, эридан айрилмаслигини, у уйланса ҳам бир бурчакда болалари билан кириб-чиқиб юришини айтган эди, қилмишлари фош бўлиб ишдан ҳайдалиш арафасида турган  эр қутуриб кетди. Хотинининг ҳомиладорлигига, эрта-индин кўзи ёришига ҳам қарамай, аямай уни дўппослашга тушди. Кўзи қонга тўлган эр аёлининг қорнини чангаллаб чинқириб йиғлаётгани ва кийимларидаги қонни кўриб ўзига келди чоғи, қўрққанидан кўчага отилиб чиқди ва икки уй наридаги қўшнисиникидан тез ёрдамга қўнғироқ қилди...
Шамсия шу ерда ҳам мардлик қилди. Шифокорларга эри дўппослаб уни шу кўйга солганини айтмади. Қорнидаги ҳомиласи эгизак экан. Ҳам дунёга келмаган гўдакларидан айрилди, бир умр фарзанд кўриш бахтидан маҳрум бўлди. Бир ойча касалхонада ётиб оёққа тургач, қари ота-онаси  уни уйларига олиб келишди. Бу ерда нигоҳлари мунгли, чеҳралари маъюсгина ўғилчаси билан қизалоғи уни илҳақ кутаётган эди.
Чиққан қиз чиғириқдан нари, дейдилар. Ҳеч бир чиққан қизни ота уйига қайтгулик қилмасинмасин. Шамсиянинг кейинги кўрган кунлари эр уйида тортган азоб уқубатлари олдида ҳеч нима бўлмай қолди. Ота-онаси кекса одамлар, уйларидаги “ҳокимият” оиланинг норасмий хўжайинлари –келинлар қўлига ўтиб бўлган. Шамсия эрта тонгдан қош қорайгунча далада ишлаб, ҳали бозорга мева-чева сотиб рўзғорга пул топиб келар, аммо келинларнинг иддаоси, таъна маломатларидан бош кўтаролмас, ҳатто айрим пайтлари укалари хотинларининг гапига кириб Шамсияга қўл ҳам кўтарар, бундай пайтларда аёл дардини ташига чиқармай, унсиз йиғлашдан ўзга чора топмасди. Кимга нима деб ҳам арзи дод қиларди?! Азалдан турмуши бузилган аёлга ҳамма чап кўз билан қарайди. Гўёки, у ёмон, ахлоқсиз, шаллақи, гап уқмас хотин. Биров, “ахир бу шўрпешона ҳам турмуш қиламан, бола-чақа ортираман, оғир енгил, дардли-қувончли кунимда суянчиғим бўлсин, деб турмуш қурган. Икки бола билан эримдан чиқиб, болалигим ўтган уйга сиғинди бўлиб яшай, деб эрга тегмаганди-ку”, демайди. Ўз укаларидан, келинларидан шикоят қилса, одамлар ўзининг турмушини бузгани етмагандай, энди укаларининг ҳам тинчини ўғирлаяпти, дейишмайдими? Шамсиянинг изтиробларидан фақат Худо бохабар бўлди, дардларига ёстиқ ҳамдард бўлди. Аёл боши билан ҳали у идоранинг, ҳали бу идоранинг остонасини ялаб, бир парча ер олиб, уй тиклашга киришди. Ёш болаларини қабатига олиб, ғишт тўкди, лой тепди, бир амаллаб бошпана қуриб, ичига кирди. Болалари билан кечаю кундуз тинмай меҳнат қилди,  бировга зориқмай, муҳтож бўлмай турмушнинг тўрт муштига ёлғиз ўзгинаси елка тутиб келди.
Вақти соати келиб, ўғлини уйлантирди, қизини узатди. Аммо оғзи куйгани эсидан чиқиб, қиз узатаётганда хатога йўл қўйибди. Ўзим эрдан ёлчимай, қўлим қисқаликда, камхаржликда  бола боқдим, уй қуриб рўзғор қилдим. Энди қизим рўшнолик кўрсин,  яхши жойга узатилсин, деб қассоб тоғасининг ўғлига берди Шавқиясини. Туппа тузук оиласини, хотин-боласини бағрида юрган куёви, шаҳарда қасоблик қиламан, деб кетиб айниб қолди. Аввал қишлоқда куёвининг юриш-туриши, аллақандай шаҳарлик бир аёлга ўралашиб қолгани ҳақида миш-мишлар ўрлаб юрди,  сўнг тап тортмай номард куёв бир тавияни бошлаб келди. Бир пайтлари кундош балоси ўзининг бахтига зомин бўлганди, энди қизи ҳам шу изтироб қаршисида забун... 
Шамсия опа ўзи кўрган қийинчиликлар олдида эсанкирамаган эди, қизининг кўргуликлари уни тамоман қақшатиб юборди. Асаблари толиқиб, сал нарсага жаҳли чиқадиган, ловуллаб ёниб, бақир-чақир қиладиган бўлиб қолди. Шамсия опа бетини сидириб судма-суд юриб, куёви билан етаклашиб келган ҳалиги аёлни уйдан қувиб солди. Айтишларича ҳозир куёви иккинчи хотини билан хорижда ишлаб юрган эмиш. Қизи болалари билан фермер даласида ишлашади, одамларнинг эшигида қўлидан келган юмушларни бажариб кунини ўтказади. Шамсия опа ёлғиз қизининг бахтсизлигини кўриб юрак-бағри эзилиб, ҳаммасига отаси айбдор, деган хаёлга боради.  Тоғаси билан ҳам юзкўрмас бўлиб кетди. Отасизликда тишига тишлаб, минг бир қийинчилик билан ўстириб, тарбиялаган қизини ўзимники деб, ишониб берсаю, қуда бўлмиш тоға биргина ўғлини йўлга сололмаса. Дунёнинг ишлари ҳам ғалати-да...
*                             *                                        *
Шавкат ноилож ортига қайтди. “Опам ҳақ.- кўнглидан ўтказди, ука.- Шунча пайтгача жиянларимнинг, опамнинг бошидан не кунлар ўтмади. Ота бўлиб лоақал бир бора хабар олмаган одамнинг таъзиясига нима деб боради?! Опам бирор ёмон иш қилмагандилар-ку? Унинг шаъни, иззат-нафсига тегмагандилар-ку!.. Э, барибир бориши керак. Нима бўлганда ҳам ўша одам отаси эди...” Шавкат қарама қарши ўйлар исканжасида йўл ўртасида қаққайиб туриб қолди. У таъзияли уйга боришни ҳам бормасликни ҳам билмасди....
...- Келин, Илҳомжоннинг телефонини териб беринг. Болагинамнинг овозини эшитгим келди.-Келин эрига қўнғироқ қилиб, салом –алик, ҳол сўрашдан кейин, қайнонасининг гапи борлигини айтиб алоқа воситасини Шамсия опага узатди.
- Болам, омонмисан? Тан-жонинг саломатми? Ишларинг битдими ўғлим?
- Ҳа, онажон. Битай деб қолди. Эртага йўлга чиқмоқчи эдим.
- Болам... Бугуноқ йўлга чиққин. Иложи бўлса ҳозироқ. Ҳалиги енгил машинада йўлга чиқсанг, тезроқ етиб келарсан-а, болам?
- Ҳа...Лекин нимага онажон, тинчликми?
- Тинчлик болам. Худога шукр, тинчлик...Фақат тезроқ келгин, сен жуда соғиндим ўғлим...
- Онажон, мени қўрқитманг, нима бўлди?- Ўғлини хавотирга қўйганини  сезган она, кўнглидагини очиқ айтди:
- Болам... Ҳалиги... у... отанг қазо қипти... Нима бўлганда ҳам ота деган номи бор, сен ўшанинг зурриёдисан... Таъзиясида қатнашгин, демоқчи эдим... Ҳозир опангга ҳам ўғлингни юбордим. Уни ҳам кўндиришга ҳаракат қиламан... Келасанми?..
... -Бораман онажон... Сиз нима десангиз шу...
- Эҳтиёт бўл болам, йўлда эҳтиёт бўлиб кел. Телефонинг ўчиб қолмасин...
- Хўп онажон...  – Шамсия опа телефонни келинига узатиб, кўз ёшларини кўрсатмаслик учун  ичкари уйга кириб кетди...

Фарзона АЗИЗ

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 64 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ