1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Бегонанинг пойафзали

 

 

 

Эргаш пиён кўзларини аранг уйқудан очдию, хонадаги қўланса ҳиддан кўнгли беҳузур бўлди. Ҳарчанд уринмасин, қачон, қай вақтда уйга кириб келганини қаерда бунчалик ичганини эслолмас эди. Томоғи қақраб, тамшаниб ён-верига қаради. Омонатгина тўшалган кўрпачаю, оғзининг сўлаги оқавериб қора ялтироқ яғирга айланган лўлаболишдан бўлак ҳеч вақо кўринмади. Аввалига хотинини чақириб, сув олиб келшини сўрамоқчи бўлди, сўнг бу истаги ҳам сўниб эшикка йўналди. Човгумдаги муздай сувдан қониб сипқорди. Кейин ҳовлига чиқиб тоза ҳаводан ўпкасини тўлдириб нафас олди. «Шу қуриб кетгур ароқни ким чиқарган экан. Ичганинг сари ичгинг келаверади. Ичасан, ичаверасан, охири ақлинг ўзингдан бегона бўлади. Нима қилганингни, қаердалигингни англаёлмай қоласан… Э, ўт тушсин шу ароқ деганларига ҳам! Эргаш пиён ўзига ўзи яна ўша “эчиқасам”ини эслатди. Қўллари билан оғриқдан ёрилай деётган бошини ушлаб, уйга кириш учун бўсағага қадам босди. Ё ажабо! Ё тавба! Бу нимаси бўлди энди?! Пойгакда бегона эркакнинг оёқ кийими?! Эргаш пиён кўзларига ишонмай тагчарми ейилиб кетган эркаклар пойафзалини қўлига олиб уёқ-буёғини кўздан кечира бошлади.
-    Сени ўлдираман, Махфир! ўлдираман! Ҳали ўйнаш тутадиган бўлдингми?! ўйнашинг билан бирга қўшмозор қилмасам Эргаш пиён номимни…- у алам устида қишлоқдаги лақабини тилга олганини пайқаб, ўзича хатосини тўғрилаган бўлди:
-    Эргашвой отимни бошқа қўяман! Ҳали қараб тур!- Даставвал унинг бақир чақирига хотини аҳамият бермай, болаларининг олдида, бошини ёстиққа ўраб ухлайверди. Чунки, Эргаш пиённинг ичиб келиб, тўполон кўтаришига, баъзан ярим танда жанжал чиқариб қўни-қўшнини уйғотишига кўникиб кетган хотини, эрининг бу бақириғини ҳам аввалгилардан фарқланмайдиган хираликка йўйганди. Бир маҳал бошининг устида важоҳат билан оғзидан кўпик сачратиб бақираётган эрини кўриб, қўрққанидан «дик« этиб ўрнидан туриб кетди:
-    Ҳа дадаси, нима керак, ҳозир, сувми?..- Аёлнинг сўроғи охирига етмай, қулоқчаккасидан олов чиқиб кетди.
-    Бу нима?! Нима деб сўраяпман, сендан?!- Шапалоқ зарбидан хира тортиб қолган уйқу тўла кўзларини катта-катта очиб эркаклар пойафзалига қараган Махфират даҳшатдан қотиб қолди:
-    Нима нима, дадаси?..
-    Ўв гаранг, намунча нималаб қолдинг?! Бу қайси ўйнашингники деб сўраяпман! ўлиб қолдингми, қаердаги бир камбағал билан ўйнашиб. Қара, кеча адашиб мени яп-янги туфлигимни кийиб, ўзининг даққи юнусдан қолган патагини менга ташлаб кетибди. ўл бу кунингдан, ярамас хотин!-Махфиратнинг уйқуси бир зумда ўчиб кетиб, уввос тортиб йиғи бошлади:
-    Туҳмат қилманг менга, ҳеч қанақа ўйнашим йўқ мени. Худодан қўрқмайсизми, ахир тўртта боламиз бор. Шу пайтгача бирор марта гапингизни иккита қилганманми?- Эргаш пиён бурнини тортиб-тортиб йиғлаётган хотинининг гапига ишонгиси келардию, аммо қўлидаги “ашёвий далил” унинг бор умидларини чиппакка чиқарарди. Бир ҳисобда Махфир тўғрисини гапиряпти, турмуш қурганларига ўн беш йилдан ошибди, бирор бора эрининг гапини иккита қилмаган. Бўлмаса ота-онаси, ака-опалари неча марталаб, Эргашвойдек эрдан (бу унинг ўзига берган баҳоси) ажралишини Махфирга маслаҳат беришди, аммо у ҳеч кимга қулоқ солмади. Наҳотки шундай вафодор хотини унга хиёнат қилишга журъат қилган бўлса?! Йўқ-йўқ, бўлиши мумкин эмас! Аммо… Бегона эркакнинг оёқ кийим пойгакда нима қиляпти?.. Йўқ,  Собир новча такрор ва такрор айтганидек,«ит вафо, хотин жафо”. Битта-яримтаси Махфирнинг бошини айлантирган кўринади.
-    ўлдираман, ўлдираман сени!- Эргаш пиён ҳиқиллаб йиғлаётган хотинини алам билан тепиб юборди. Уйдаги шовқин-сурондан уйғонган болаларнинг қий-чуви маҳаллани тутди. Маҳалладошлар ҳам бу хонадондаги тўс-тўполонга кўникиб қолишган, бирови аралшмайди. Қолаверса, шундай пайтда ким ҳам ўзига бошоғриқ сотиб оларди.
-    Ўлай агар, дадаси, бу патинка кимники эканини билмайман. Худо урсин агар…- Махфират йиғлаб эрига ёлворар, Эргаш пиён эса ғазабдан оғзига келганини қайтармай, хотинининг дуч келган ерига тепарди.
-    Ҳали сен ўйнаш тутадиган бўлдингми?! Туғилганингга пушаймон қиламан сен ярамас, суюқоёқ хотинни! Ўлдираман, ҳозир сени ўлдираман!- Эргаш пиён шундай деб ошхонага югурди. Афтидан у пичоқ ё болта қидиришга тушдиёв. Вазиятдан фойдаланиб қолган Махфират билан болалар оёқяланг, бошяланг кўчага отилишди. Эргаш пиён хотини ҳар эҳтомолга қарши пана-пасқамларга яшириб қўйган пичоқни топгунча, Махфират болаларини етаклаб отасининг дарвозасидан кириб олди.
-    Шу ерга келиб жанжал кўтарса-чи?- Кичик қизи онасига мўлтиллади. -Қўрқиб кетяпман.
-    Бу ерга келолмайди, Райим тоғамдан қўрқади дадам… Ҳали бир марта урганлари эсингдан чиқдими?- Билағонлик қилди иккинчи ўғли. Махфират болаларига бир-бир қараб олди-ю, секингина “ая, ҳов ая” деб овоз берди…
Ҳовлига пичоқ кўтариб чиққан Эргаш пиён уйда хотин- болалари йўқлигини билиб, аламдан бўкириб юборди:
-    Ўйлама, қўлидан қочиб қутилдим, деб ўйлама! Барибир ўлдираман сени! Бугун ўлдирмасам, эртага, эртага бўлмаса индинига сени ўлдираман. Гўштингни оловга тутиб ейман, ярамас.- Салдан кейин Эргаш пиён остонага ўтирволиб пешонасига муштлаб йиғлай бошлади:
-    Шунчаликка бордингми, Махфир?! Сенга нима ёмонлик қилгандим? Еганинг олдингда, емаганинг кетингда бўлса, ҳа энди ҳафтада бир-икки марта ичиб келсам, шу ҳам юзимга оёқ қўйишга арзирли ишми? Йигитчиликда ичмаган бор эканми?! Сен менга хиёнат қилдинг а, қаёқдаги бир қаланғи-қасанғига ўралашдинг а? Ҳали бу гуноҳингга пушаймон бўласан, қилмишингга жавоб берасан, Махфир. Сен мени, Эргашвойни билмас экансан. Энди отам тирилиб келиб, сени кечиришимни сўраганда ҳам кечирмайман. – Эргаш пиён ўзига ўзи гапириб толиқди, шекилли, яна ўша бегона эркакнинг пойафзалини қўлига олди:
-     Кимники эди бу, негадир кўзимга таниш кўриняпти. Эгаси шу маҳалладан эканми? Э топган гапимни-ю, Махфир уйдан чиқмаса, туман марказига бир ўзи боролмаса, қандай қилиб бошқа ердан ўйнаш топади?!- “ўйнаш” сўзи Эргаш пиённинг юрагига наштардек ботиб кетди.- Ҳали, шошмай тур, сен суюқоёқ хотинни нима қилар эканман?!..
Эргаш пиён шу куйи ўзи билан ўзи олишиб, уйга ҳам кимай бўсағада ухлаб қолди. Бир маҳал қулоғига алақаёқдан исмини айтиб чақирган овоз эшитилди:
-    Эргаш, ҳо Эргаш? Тирикмисан? Тавба-ей.- Эргаш пиён кўзларини аранг очиб, ҳовли юзида турган Шокир олғирни кўрди.- Эргаш, туре, нима қилиб остонада чўзилиб ётибсан? Ё хотининг уйга киришга қўймадими?- Шокир олғирнинг гапи ўзига нашъа қилиб баралла кулиб юборганди, Эргаш пиённинг жаҳли чиқди:
-    Нимага оғзингни Ғулом чўтирнинг қўрасидай ланг очасан?! Ҳозир ташқарига чиқаётиб… бошим айланиб, ўтириб қолдим.- Эргаш пиён шундай деб, ишондими-ишонмадими, дегандай зимдан Шокир олғирга қаради.
-    Бе-е, сенам опқочасан,- янаям оғзининг таноби қочди Шокир олғирнинг- кириб келганимда хуррак отиб ухлаётгандингу. Аслида сени хуррагингдан уйғониб, уйингга югуриб келган жойим эди. Яна бошлари айланиб ўтириб қолганмишлар. Қаттиқроқ ўтириб қолмадингми, ишқилиб?!- Эргаш пиённинг ғазаби келиб, дакан хўроздай ҳурпайиб турган бўлса-да, айни пайтда Шокир олғирга индамади. Аксинча, башарангга чипқон чиқсин, дегандай юзини ўгириб, тишларини орасидан “чирт” этиб тупурди:
-    Хўш, нимага келгандинг?!
-    Пойабзалимни олиб кетгани келдим…- Шокир олғир аввал шундай деб сўнг Эргаш пиёндан мушт едими, ё аввал мушт еб кейин шундай дедими, эслолмайди. Фақат чакагига келиб тушган мушт зарбидан узала тушиб йиқилганию, кўзларидан ўт чақнагани эсида. Ўзини аранг қўлга олиб ўрнидан қўзғалди:
-    Жиннимисан?! Эсинг жойидами?! Нега урасан?!
-    Бу сеникими, хотинчалиш?! Сеникими деяпман?!- Эргаш пиён ғазаб ва нафратдан титрарди.- Калишингни ташлаб кетиб, уялмай-нетмай уни сўраб ҳам чиқдингми?! Мана сенга, мана сенга, икковингни ҳам ўлдираман…
Худо билади, қўшни Шарофат бозорчи Махфиратдан ёғи олинган қатиғини сўраш учун кирмаганида, Шокир олғирнинг ҳоли нима кечарди. Шарофат бозорчи бир муддат бу манзарани мириқиб томоша қилиб турди-да, сўнг кўчадан тўрт-беш кишини топиб келиб, урушаётган дакан хўрозларни айириб қўйди.
Маълум бўлишича,  кеча тунда Эргаш пиён Шокир олғирникида ўлардай ичиб, ўтган бозорда эчкисини сотиб пулига олган янги туфлисини қолдириб, олғирнинг эски, тагчарми ейилиб кетган ботинкасини кийиб келган экан...

ФАРЗОНА

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 45 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ