“Келин турмушга чиқмасин!”

  • Печать

Турмуш ўртоғим уч йил олдин автоҳалокат туфайли вафот этди. Ҳозир  беш яшар қизчам билан ота уйимда яшайман. Турмуш ўртоғим вафотидан кейин анча оғир кунлар бошимдан ўтди. Никоҳимиз ота-оналар ризолиги асосида қурилганди. Оталаримиз қадрдон дўст бўлиб, ёшликларида қуда бўлишга аҳдлашишган экан. Тақдир экан, турмуш ўртоғим бевақт вафот этди.
Ўшанда қизчам эндигина икки ёшга тўлганди. Эримнинг қазосидан кейин  бу уйда яшаш мен учун ниҳоятда оғирлик қила бошлади.  Қайнонам, қайнсинглим ҳар бир ишимдан камчилик қидиравериб, арзимаган баҳона-боисни сабаб қилганча мен билан жанжаллашишар, бутунлай тинчимни ўғирлашди. Шу азобларда улар билан бир йил турдим. Ота-онам:
— Қизим, сени олиб кетишимиз керак. Қара, сен қаторилар ҳали қиз бола юришибди, пешонангда бор экан, турмуш ўртоғингдан эрта ажрадинг. Аёл кишининг эрсиз юриши — гуноҳ. Сени олиб кетамиз, қизингни ўзимиз тарбиялаймиз. Сен оила қуришинг керак, —дея кўп бора таъкидлашди.
— Йўқ, ая, дада, мен сизлар билан боролмайман. Энди менинг уйим шу ер. қизим икковимиз яшайверамиз, менга бошқа эрнинг кераги йўқ. Раҳматли куёвингизнинг ўрнида бошқасини тасаввур қилолмайман, — деб уларга қатъий рад жавоби айтардим. Мени кўндиролмаганларидан кейин улар ҳам:
— Майли-да қизим, ўзинг биласан, бир кун келиб пушаймон қилмасанг бўлгани, — дейишдию ҳартугул менга бошқа бу ҳақида оғиз очишмади.
Қайнонам ва қайнсинглимнинг зуғумларига овсинларимники ҳам қўшилди. Ишга бораётганимда катта овсиним обдон кийимларимни кузатади. Менга ҳатто ҳамкасб эркаклар билан гаплашиш ҳам тақиқланган. Бирор бир чиройли кийим кийсам ё тақинчоқ  тақсам, ўша куни уйимизда қиёмат бошланарди. Қайнсинглим қўшиб-чатиб “Мени бундай чиройли кийимда кўрган эркаклар кўзини узолмай қолгани”ни гапирса, овсинларим маҳалла аёлларининг юриш-туришим ҳақидаги миш-мишларини қистириб ўтишар, буларни эшитиб қайнонам худди ўғлининг ўлимига мен сабабчи бўлгандек, қарғиш халтасини очиб юборарди. Бу уруш-жанжаллар жонимга тегиб, охири ота-онамдан уйга олиб кетишларини сўрадим.
Отамникига қайтганим заҳоти уйимизни совчилар босиб кетди. Баъзан кунда уч-тўрт жойдан совчи кутардик. Ҳатто қизлик давримда бунчалик кўп совчи келмаганди. Мен ҳаммасига рад жавобини берардим. Очиғи, қизимни ўгай ота қўлида ўстиргим ёки ундан олис кетгим келмасди. Бир куни онам мени ёнларига олиб насиҳат бошладилар:
— Қизим, биламан, тушунаман, сенга оғир. Аммо эрсиз юришинг шариати исломга мутлақо тўғри келмайди.  Сен  бошинг очиқ юрсанг ўзинг ҳақингда гап-сўз кўпайтиришга имкон яратасан. Одамлар сенга яхши кўз билан қарамайди.  Ҳар қадамда сен ҳақингда миш-миш, ҳар қадамда гап-сўз кўпаяди. Ахир эндигина йигирма тўрт ёшга тўлдинг. Шу ёшингда тарки дунё қилмоқчимисан?! Йўқ, отанг иккимиз кўзимиз очиқлигида сени узатиб тинчимасак, гўримизда тик турамиз-а? Акаларинг ҳам ҳозир биз боримизда ҳурмат-иззатингни қилиб юришади, биздан кейин улар ҳам хотинлари билан бирга қизингниям, сениям турткилаб юришади. Шу жафоларга чидайсанми, кейин?!
Уларнинг сўроқ-саволларига жавобан ўксиб-ўксиб йиғладим.
Аслида онамнинг гаплари  тўғри. Улар ҳақ. Ўзим ҳам бу гапларни яхши биламан. Аммо турмушга чиқишга қайнонамдан қўрқаман.  Эшитишимча, қайнонам менга совчи қўйганларга бориб, “Келинимга оғиз солишни бас қилинглар! У турмушга чиқмайди. Неварамни бегона остонада хор қилиб қўймайман!”, деб айтибди. Отам билан қайнотамнинг ҳам ораси бузилган. Ҳозир ўзим ҳам турмушга чиқиб, бундай дилхираликлардан тезроқ халос бўлгим келяпти, лекин қайнонам ҳали уйимизга тўполон қилиб келиб, мени турмуш қуришимга рози эмаслигини айтса, ҳали менга одам қўйганларнинг уйига бориб жанжал қилади.
Таҳририятга мактуб ёзиб, муштарийлар ва аҳли уламо, ислом шариатидан бохабар юртдошларимиздан маслаҳат сўраш ниятида эдим. Бева  аёлнинг қайта турмуш қуришига нима учун марҳум эрининг яқинлари розилик беришмайди? Ахир турмуши бузилгани, эри вафот этгани билан ҳаёт тўхтаб қолмайди-ку! Сизлардан илтимос, менга бу борада оқилона маслаҳатларингиз билан тўғри йўл кўрсатинг. Зора, қайнона-қайнотамнинг ҳам фикри ўзгариб мени тўғри тушунишса...

Фарзона оққа кўчирди