Сайт бўлимлари
Узилаётган ришталар хўрсиниғи
- Подробности
- Бўлим: Қариндошлар
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
- Қўшниларимизнинг ўзаро муносабатларидан оғринганимда машҳур «Маҳаллада дув-дув гап» кинофильмини эслайман - дейди бир ҳамкасбимиз. - Болалигимда шу кинони томоша қила туриб, бизнинг ҳам кино қаҳрамонларига ўхшаган қўшниларимиз, пахса деворли уйимиз, тол тагида сўримиз бўлишини орзу қилардим. Ўйлаб кўрсам, болалигимдаги қўшнилар ҳам, қўшничилик одоби, ҳақи ҳам улғайганим сари, пошшо давримнинг беғуборлигига қўшилиб, олисларга учирма бўлган экан...
Ҳамкасбимизнинг мулоҳазалари мени ҳам ўйга толдирди. Дарҳақиқат, болалик пайтларимизда қўшниларга нисбатан оқибатли бўлиш, топганини ўртада баҳам кўриш ҳеч кимга бегона бўлмаган туйғу эди. Уйимизда тансиқ овқат қилинса, икки эшикка чиқарардик. Қўшниларимиз ҳам идишимизни қуруқ қайтаришмасди. Тўғри, ҳурмат-эҳтиром бир коса овқат, тўртта нон билан ўрнига тушиб қолмайди, лекин ана шу арзимас эътибор ўртадаги меҳр-оқибатни кучайтирарди. Зеро, Пайғамбар (с.а.в.) ҳам, «Бир-бирингизга ҳадялар беринг, ҳадя муҳаббатни оширади» деб марҳамат қилганлар.
Қўшниларга яхшилик қилиш, жуда қўлидан яхшилик келолмаган тақдирда ёмонлик ҳам қилмаслик, жамиятда инсонлар орасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Айни пайтга келиб қўшнилар орасида бўлар-бўлмас важ- корсонлар оқибатида меҳр кўтарилиб бораётгани, қўшничилик одобига, қўшнининг ҳақига путур етаётганидан юракда оғриқ. Бир пайтлари бир том тагида, бир девор ортида яшаб, бир дарвозадан кириб-чиқиб юрган, қувончида қувнаб, қайғусига шерик бўлганларнинг болалари, неваралари бугунга келиб бир-бирини кўрарга кўзи йўқ. Хотинларни хотинфеъллигига боради-да, десангиз, эркаклари ҳам аёлидан ошиб тушади.
- Қизимизга келадиган совчилар, бир келарди-ю, ўйлашиб кўрайлик, десак, ўз-ўзидан қадамини узишарди,- дейди бир муштирийимиз, қўни-қўшничилик одобларининг емирилаётганидан оғриниб.- Бу орада опамлар ўғлига келин тушириб, тўй қилишди. Тўйда елиб-югуриб хизмат қилиб юрган қизим куёвнинг аммаларига маъқул тушган экан, тўйдан кўп ўтмай совчилар келишди. Худо йўлимизни очиб, совчиларнинг учинчи келишида патир ушатдик. Ўша тадбирда кутилмаганда бўлажак қудам қизимнинг олдига кирди ва менга қараб:
- Қуда, биласиз, менинг биттагина фарзандим бор. Ҳамма орзу-ҳавасим шу ўғлимдан. Қизингизнинг ҳусни, меҳнатсеварлиги кўнглимга ўтириб, ўғлимга ёққани учун келин қиляпман. Аммо ён қўшнингиз қизингизнинг тутқаноқ касали борлигини, кичкиналигида шу касаллик туфайли бир неча марта касалхоналарда даволанганини, шу сабаб ҳам йигирма уч ёшигача уни ҳеч ким сўроқлаб келмаганини айтди. Акамга куёв бўлган жиянингиз бу гапларнинг ёлғонлигини айтди, мен ҳақиқатни ўзингиздан билмоқчиман,- деди. Бу гапларнинг ҳаммаси қип-қизил туҳмат эканлигини, қизим бола бўлиб бирор марта касалхонага тушмаганини, шу ёшга етиб ҳали бирорта дори ичмагани ёки укол олмаганини, айтдим.
Тўй бўлиб ўтди. Шукр, ҳозир қудаларим бизни ҳурмат қилишади, қизимни қадрлашади. Остонамизга келган совчиларни айнитган қўшниларимиз ҳеч нарса бўлмагандек, тўйда кириб-чиқиб юраверишди...
Одамлар арзимаган баҳонаю боис сабаб ён қўшниси билан талашиб-тортишиб судларгача боришяпти. Жанжал-келишмовчиликнинг сабабини сўрасангиз, ҳеч бири тайинли жавоб қилолмайди. Улар пайғамбар (с.а.в)нинг «Жаброил менга қўшни ҳақида шу қадар кўп тавсия бердики, уни меросга ҳам шерик қилармикан, деб ўйлаб қолдим» ёки «Ёмонлигидан қўшниси эмин бўлмаган одам, Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди! Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди! Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди!» деган хитобларини бир марта бўлса-да чуқурроқ мушоҳада қилганларида эди, балки бир қарич ер, бир туп дарахт ёки бир пақир мева устида тортишиб, қозихоналарда судралиб юрганларининг гуноҳи оғирлигини ўйлаб, ўкинармидилар?!..
- Эсимни таниганимдан бери ота-онамнинг қўни-қўшнилар билан жанжаллашади. Деярли ҳар ҳафта қайсидир қўшнимизни мелисага ёки судга тортиб, бечораларни қақшатишарди,- дейди таҳририятга қўнғироқ қилган бир мухлисимиз.- Вақт ўтиб биз уйланадиган, узатиладиган ёшга етдик. Маҳалламиз тугул, қўшни қишлоқлардан ҳам бизга қиз беришмаяпти, синглимнинг ёши тобора ўтиб боряпти, аммо уни биров сўраб келмайди. Узоқлардан истаб келганлар ҳам қўни-қўшнидан сўраб суриштиради-да, бошқа қорасини кўрсатмайди. Йигирма олти ёшга кирдим. Бизнинг бу қисматимиз - ота-онамнинг қўшниларимиз билан алоқаси яхши бўлмагани учун, қўшниларнинг кўнглини оғритгани учун бераётган жавобимикан, деб ўйлаб қоламан баъзида. Чунки, бир неча марта ота-онам қўшниларимизни судга бериб, жавобгарликка тортишган. Ҳатто иккита ён қўшниларимизнинг ўғилларига жиноий даъво қўзғатиб, жавобгар қилишган. Шундай одамлар билан қудачилик қилишни ким ҳам хоҳларди?!.. Фарзанд ота-онасининг хатоларини муҳокама қилишга ҳақли эмас, бироқ бизга жони ачийдиган қариндошларимиз, сиз ота-онангизнинг гуноҳларига жавоб беряпсиз, дейишади...
Фарзанд ота-она гуноҳи учун жавоб бериши, қийналиши мумкин эмас, деган гапни кўп такрорлаймиз, эшитамиз. Лекин биз қилган ножоиз ишлар жабрини жигарбандимиз тортиши кўп ҳолларда аён бўлади. Газетага қўнғироқ қилган муштарийимизнинг ота-онаси ҳам айни пайтда фарзандларининг тақдирини кўриб, қўшниларига азият етказгани учун, оиласида парокандаликни пайдо қилгани учун виждон азобида қолган бўлса, не ажаб? Бироқ, пушаймонлик, виждон азоби вақтни ортга қайтаролмайди, энг ёмони шу.
Яхши-ёмон кунда биринчи галда қўшнилар ёрдамга шошилади. Тўй-маъракаларнинг асосий хизматини қўшнилар бажариб, иззат-икромни узоқдаги қариндош-уруғ кўради. Дастурхондаги ноз-неъматларинг энг тансиғи узоқдаги қариндошларга тортилади, улар учун тузалган дастурхонга қўшнилар манзират қилинмайди. Ҳа, бизда қўшнининг ҳурмати мана шундай.
Ҳаёт инсонни ҳар куйга солиб синайди. Кимгадир молу дунё, кимгадир ғам, кимгадир, бахту иқбол, кимгадир ранжу алам... Фақат одам боласи ўзига аталган ҳар қандай яхши ёки ёмон кунни Яратганнинг синови деб қабул қилиши, қабул қилиши ҳар бир кунга сабр билан пешвоз чиқиши керак. Аксарият ҳолларда қавм -қариндош, жигарларимиз биздан олисда бўладилар. Демакки, яхши - ёмон кунимизда биринча ҳамдам, биринчи малҳам — қўшниларимиз экан. Шундай экан, уларнинг қадр- қиймати, ҳурмат-иззатини билиб, меҳр-оқибат ришталарини емирилишидан асрасак, ҳар биримизга икки дунё саодати насиб этажак, иншооллоҳ.
Умида АЗИЗ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар