1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Еттинчи гурунг: “Нафсим менинг балодир...”

 

 

 

Одам атрофини ўраб турган танишлари орасида душманим бор, деган шубҳада юради. Ҳолбуки, одамнинг энг зўр душмани – ўз нафсидир. Киши тирик экан, нафси билан курашда мағлуб бўлмаслиги керак. Нафс шундай ғаним-ки, манманлик ва қайсарлик унинг шиоридир. Кибру ҳаво унинг доимий ҳамроҳидир. Шайтоннинг энг ишончли қуроли бўлган нафс ҳақида суҳбат қуриш фурсати етди.
Одам Ато ва Момо Ҳаввонинг жаннатдан Ерга туширилишларига сабаб шайтон алайҳилаънанинг васвасаси экани барчамизга маълум. Васваса нафсни уйғотди ва Одам алайҳиссалом айтилган вазифани бажармай иродавий хатога йўл қўйдилар. «Нафси уни биродарини ўлдиришни яхши кўрсатди. Бас, уни ўлдирди. Шу сабабдан зиёнкорлардан бўлди» (Моида сурасидан). Одам алайҳиссаломнинг катта ўғиллари Қобил ўз укаси Ҳобилни ўлдирди. Бу фоний дунёдаги дастлабки қотиллик акадаги нафс ғолиб келган дамда содир этилди.
Ерда Одам наслининг кўпайиб, имтиҳонларга солиниши ва бу имтиҳонлардан ўта олганларнинг қайтадан жаннатга тушишлари бандалар учун бир шараф йўли ҳисобланади. Бу зафар ва шарафга эришиш учун Аллоҳ таоло инсонларни «нафс» имтиҳонида синайди. «Нафс» зафар ва шарафга эришиш йўлидаги энг қийин ва оғир тўсиқдир. Бу тўсиқлардан ўтишда инсон ёлғиз эмас. У Яратганнинг паноҳидадир ва  Аллоҳ Ўз китобида бандаларини нафс ёмонликларидан қайта-қайта огоҳлантиради. Пайғамбарларнинг юборилишидан, уларнинг башарий хизматларини давом эттирувчи ворислари – авлиё ва уламоларнинг дунёга келишларидан муддао ҳам шу. «Сиз ўзингизни эртаю кеч Парвардигорларининг Юзини – розилигини истаб, у Зотга дуо-илтижо қиладиган зотлар билан бирга тутинг! Кўзларингиз ҳаёти дунё зийнатларини кўзлаб, улардан ўтиб, ўзга аҳли дунёларга боқмасин. Ва Биз томонимиздан қалби Бизни зикр этишдан ғофил этиб қўйилган, ҳавойи-нафсига эргашган ва қилар иши исрофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг!» (Каҳф сурасидан).
Аллоҳ одам наслидан улуғроқ бўлган фаришталарни нурдан яратди. Уларга ақл ва илм берди. Бироқ, нафс бермади. Нафс лаззатини, яъни: емоқ-ичмоқ, оила қурмоқ... кабиларни бермади. Аллоҳ Одам зотидан паст жониворларга ҳам ҳудди инсондагидай кўз-қулоқ, оёқ-қўл, ўпка-жигар, юрак... берди. Бу жониворларга нафс ҳам берди. Аммо, ақл ва илм бермади. Нафс учун уларда жавобгарлик йўқ. Нафс улар учун фақат тириклик манбаи. Улардаги нафс ҳукмронлиги чегараланган: сигир қўйни бурдалаб ташлашга қодир кучга эга бўлса-да, бу ишни қилмайди, чунки унинг нафси гўшт талаб қилмайди. Инсоннинг нафс борасида ҳайвонлардан улуғлиги ўз нафсини идора ва тарбия қилиш кучига эга бўлиши билан белгиланади.
Муҳтарам Пайғамбаримиз,  алайҳиссалом, душман билан жангдан сўнг қайтиб келаётган бир гуруҳ саҳобаларига айтдиларки:
- Марҳабо, сизларга! Кичик жиҳоддан катта жиҳодга келдингиз!
Саҳобалардан бири сўради:
- Эй Аллоҳнинг расули, катта жиҳод деганингиз нима?
- Нафс билан жанг қилиш, - деб марҳамат қилдилар Расулуллоҳ (с.а.в.).
Яна  дедиларки: «Мужоҳид – Аллоҳга итоат йўлида нафси билан жиҳод қилган одамдир». «Нафсингдан келаётган азобни ташлаб кет. Аллоҳга исён борасида нафсингга қулоқ солма. Қиёмат куни нафс сенга душманлик қилганида баъзи бир аъзоларинг баъзиларига лаънат айтади. Фақат Аллоҳ авф этса ва ҳимоясига олса, бирон нарса бўлмайди».
Инсонлар орасидаги урушда танаффус бўлиши мумкин. Нафсга қарши жангда нафас ростлаш бўлмайди. Бир кунда энг камида беш марта қарши ҳужумга ўтилса, нафснинг зарбаларига дош бериш мумкин. Йўқса, нафс бандани янчаверади, янчаверади... Кўзларимиз, қулоқларимиз, димоғларимиз нафсга сидқидилдан хизмат қилаверади. Қўл-оёқларимиз нафс кўрсатган томонга интилавергач, қалб бу аъзоларни бошқара олмай қолиши  мумкин... Ҳолбуки, нафс фақат ақл йўли билан эмас, асосан қалб йўли ила тарбия этилади. Шунинг учун «нафис ақлимизга на бўлдики, хасис нафс бизга ғолиб бўлубдур?», дейилганда қалб тарбиясининг заифлиги назарда тутилади. Агар одам ўз нафсига асир бўлиб қолса, инсонийликни қўлдан бой беради. Ҳазрати шайх Абу Муҳаммадин ал Муртоишга: «Фалончи ҳавода учади», дейишганда, ул зот айтдиларки: «Ҳавойи нафсга душманлик қилмоқ ҳавога учгандан кўра яхшироқдир».
Ривоят: Аллоҳ Довудга (алайҳиссалом) ваҳий йўли билан буюрган: «Эй Довуд! Асҳобингни нафсоний орзуларга эргашишдан эҳтиёт қил. Нафсоний орзуларидан қочсинлар. Зеро, нафсоний орзулар асири бўлган қалбларнинг ақллари мени кўра олмайди. Ақлларини пардалаб қўяман».
Сўйиш учун келтирилган ҳайвонларнинг ҳеч нарсадан бехабар ҳолда бир тутам кўкатни талашиб, уришишларини ҳеч кузатганмисиз? Бу манзара ўлимга орқа ўгириб, ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормай, нафс йўлида манфаат ғавғосини қилаётган инсонлар ҳолининг намойишини эслатмайдими? Инсонларнинг жанжалларини фаришталар кузатиб туришади. Фаришталар бизлардан олдингиларни ҳам билишганлари учун бу ҳолимиз уларга балки айни манзаранинг такрори бўлиб туюлармикин? Фаришталар бир вақтлар кичкина нарсалар учун катта жанжаллар кўтарганларнинг ҳозир қабрларида ҳисоб бераётганларини, ўз фарзандлари томонидан аҳён-аҳёнда эсланиб, набиралари томонидан эса тамоман унутилганликларини кўриб туришади.
Шарафли ҳадис: «Мўъмин киши беш ёмонлик (ёки бало) ўртасидадир: мўъмин биродари унга ҳасад қилади, мунофиқ уни ёмон кўради, кофир уни ўлдириш пайида бўлади, нафс унга қарши туради, шайтон уни йўлдан оздиради». Мўъмин кишининг фаришталардан афзаллигининг сабабларидан бири унинг шу беш душман ўртасида ғолиб туриб, иймонини муҳофаза этишидир. Аввалги уч душман инсонга таҳдид қилмаслиги ҳам мумкин. Ҳасадгўй, мунофиқ, кофирлардан киши ўзини муҳофаза қилиши унча мушкул эмас. Ҳасадгўй ҳасадидан, мунофиқ ва кофир ёмон ниятиларидан қайтишлари эҳтимол. Нафс ва шайтон эса одамдан ажралмайди, васвасасини тўхтатмайди. Яширин ва кўзга кўринмовчи нафс турли ўйин, ҳийлалар билан мўъминни йўлдан адаштиришга ва гуноҳлар томон етаклашга, ҳатто пайт пойлаб, имкони туғилди дегунча иймонини ҳам олишга ҳаракат қилаверади. Аввалги уч душман билан сулҳ тузиб, тинч яшаш мумкин, аммо қолган иккиси билан ҳеч қандай сулҳ тузиб бўлмайди. Нафс ва шайтон ҳудди ўлмас аждаҳога ўхшайди. Битта бошини узиб ташласангиз, ўрнидан янгиси ўсиб чиқаверади.
Аммо, ҳақиқат шуки,  нафс ҳам, шайтон ҳам барчанинг устидан ғолиб кела олмайди. Киши ўз нафсини ислоҳ қила олиши мумкин. Бунинг учун нафсини тарбия қила олган зотларга яқин юрмоғи, илм олмоғи ва бу илмга амал қилмоғи шарт бўлади. Ўзини англаш талабида бўлган киши бир кечани бекор ўтказиш йўли билан «тамом, энди ҳаммасини бой бердим», деб умидсизликка тушмайди. Табиийки, бир кечалик меҳнат билан ҳам дарров ўзни англаш даражасига ета қолмайди. Яъни, нафсни поклаш ва уни чиройли амаллар билан зийнатлаш талабида бўлган киши бир кунлик ибодати билан бу даражага етолмайди, бир кунлик маъсияти туфайли ундан маҳрум бўлиб қолмайди. Бунинг маъноси шуки, «ҳужжатул ислом» - ҳазрати Имом Ғаззолий таъбирлари билан айтганда, битта гуноҳи кабира абадий бадбахтликка сабаб бўлмайди. Лекин бир кунги бепарволик кейинги ва кейинги кунларга ўтиб, аста-секин инсон дангасаликка одатланиши, ўзни англаш фазилатидан маҳрум бўлиши мумкин. Кичик гуноҳлар ҳам йиғилиб, иймон заволига, охир-оқибат, асл саодатнинг бой берилишига олиб келади.
Ўзни англашнинг бир кечада таъсири сезиладиган туйғу эмаслигини ҳикмат аҳли таъкидлаган. Бу худди бадан ўсиб-улғайиб, бўй чўзилгани каби аста ва давомли рўй берадиган жараёндир. Шунга ўхшаб, нафс тарбияси ва уни поклаш йўлида битта тоатнинг таъсири дарҳол сезилмайди. Лекин тоатнинг озига беписанд қарамаслик керак. Негаки, таъсири яққол сезиладиган кўп тоат битта-биттадан йиғилган ва ҳар бир тоатга ўзига хос таъсир яширинган. Ибодат учун бериладиган савоб шу таъсирга кўра белгиланади. Гуноҳ учун бериладиган жазо ҳам гуноҳнинг таъсирига кўра белгиланади.
Қанча кишилар кечаю кундузни бекор ўтказиб, ўзни англашни кунба-кун орқага суришади. Натижада уларнинг табиати бу илмни унутади.
Кичик гуноҳларни арзимас санайдиган кишилар ҳам бутун умр тавбани кечиктирадилар. Бу кечиктириш тўсатдан содир бўладиган ўлимгача ёки қалбни гуноҳлар зулмати қоплаб, тавба қилишга имкон қолмагунча давом этиши мумкин. Оз кўпга қўшилади, қалб шаҳват занжирлари билан кишанланиб, бу чангалдан халос бўлишнинг имкони йўқолади. «Тавба эшигининг ёпилиши», дегани шудир. «Ва биз уларнинг олдиларидан ва орқаларидан бир тўсиқ-парда қилиб, уларни ўраб қўйдик. Бас, улар кўра олмаслар» (Ёсин сурасидан). Шундай бўлиб қолишдан Аллоҳ сақласин!
Нафсни енгиш осон эмаслиги кўп такрорланади. Аммо мушкулотни кўриб, чекиниш, ёки нафсга қарши жиҳодни тўхтатиш ақл эгасининг иши эмас. Кимки нафсга қарши жиддий жанг бошлай олмаётган экан, масалан, мансаб ғамини бирданига тарк этолмаётган экан, Имом Ғаззолий тавсияларига кўра, ишни ундан кўра енгилроғини тарк этишдан бошласин. Кимдадир таомга очкўзлик бор, унга рўза ва таомни кам ейиш буюрилади. Кейин унга тотли таомларни тайёрлаш топширилади. Таомлар муҳайё бўлгач, шундай лазиз ноз-неъматни ўзи емасдан ўзгага тақдим қилади. Шу йўл билан нафсини тияди, уни сабрга ўргатади, очкўзлигини сўндиради. Яҳё ибн Муоз Розийнинг бу борадаги тавсиялари ибратлидир:
«Қачонки нафсингда дунё истакларига майл, гуноҳга рағбат уйғониб, кўп гапиришдан ширин таъм туйсанг, ичингда нимадир жўш уриб, ҳаяжонлар оғушида ўзингдан кетсанг, бас, у ҳолда камтаомлик қиличини таҳажжуд ва камуйқулик қинидан суғуриб, яланғочла. Кейин вазминлик ва камгаплик қўлларидаги бу қилични дунёга майл ва гуноҳга рағбат уйғотувчи шаҳватнинг бошига сол, токи зулм ва интиқомнинг бўйни узулсин. Шунда нафсинг дунёга меҳр туфайли туғиладиган кулфатлардан ва ўзга балолардан омонда бўлади. Нафсинг шаҳват зулматларидан покланади, офатлар кишанидан қутилади. Ана шунда у покиза, ёруғ, енгил, руҳоний нафсга айланади, учқур отдек яхшилик майдонларида, итоат йўлларида чопади, пок фариштадек боғу бўстонларда кезади. Инсоннинг учта душмани бор: дунё, шайтон ва нафс. Зуҳд билан дунёдан эҳтиёт бўлинади. Шайтонга қарши бўлиб, ёмонлигидан сақланилади. Шаҳватларни тарк этиш билан, нафсдан ҳимояланилади».
Нафс туфайли одам боласи кайфу сафони, завқни, ҳузур-ҳаловатни, сайру-томошани яхши кўради. Бу нафс вужудни, инсоннинг моддий борлиғини, манфаатларини таъминлашга ҳаракат қилади. Зеро, унинг вазифаси шундан иборатдир. Яратилиши ҳам ўз ўрнидадир, тўғридир, яхшидир, яхши яратилгандир. Чунки инсон нафси яратилмасайди, у оч қолганини, чарчаганини... билмас эди. Инсоннинг ўз вужудини идора қилувчи бир бошлиққа эҳтиёжи бордир. Нафс инсоннинг шу эҳтиёжини қондиради. Нафснинг вужудга фойдали, айни дамда зарарли истаклари ҳам бор. «Ҳавойи нафс» деганда ана шу ғоят кучли истаклар назарда тутиладики, одамнинг душмани ҳам айнан шудир. «Чунки нафс – агар Парвардигоримнинг ўзи раҳм қилмаса – албатта ёмонликка буюргувчидир» (Юсуф сурасидан). Шайх Саъдийдан ҳикоят: «Бир улуғдин «аъдо адуввика нафсу каллази байна жанбайка» ҳадиси маъносини сўрдум. Ул деди: «Маъниси улдурки, ҳар душмангаким, эҳсон қилсанг, ул сенга дўст бўлур. Магар нафски, анга ҳар неча мадоро қилсанг, мухолифатни зиёда қилур». Қитъа:
Фариштахўй бўлур одами емакдин кам,
Йиқилғуси еса ҳайвон киби нечукки жамод.
Мутеъинг ўлғуси ҳар ким муродини берсанг,
Валек нафс бўлур ҳокиминг чу топди мурод.
«Бу дунёдаги энг йирик ёв, билгингки эй кўнгил, ўз нафсингдир, -дейилади «Қутадғу билиг»да,- Унинг тузоғи доимо ёйиқ. Нафсдан жон учун етишадиган нарса – машаққат. Нафси бузуқнинг давосини ўлимдан бошқа ҳеч нарса тополмайди. Шу нафс гоҳ югуртириб, гоҳ елдиради, гоҳ кулдириб, гоҳ йиғлатади. Кўзни суқ қиладиган ҳам шу нафс. У туфайли киши гоҳ тўқ, гоҳ оч бўлади. Бир орзуни топса, бошқаси қолади. Нафс семирса, охир-оқибат эгасини йиқитади. Кишининг нафси овчи итга қиёс: агар у семириб кетса, эгасининг ҳақини ҳам танимайди. Ёки киши нафси ёш болага ҳам ўхшайди. Қорни тўйса бас, чопиб кетаверади. Сен эса унинг орқасидан излаб юрасан».
«Нафсдан ҳам даҳшатлироқ ёв – бойлик», дейишади. Бу фикр унчалик тўғри эмас. Чунки бойлик – нафснинг фарзанди. Аслида, барча иллатлар нафснинг боласи. Аммо бора-бора ёвузликда ўз оналаридан ошиб кетиш ҳоллари ҳам учрайди.
Ёмонликнинг манбаълари бир қанча. Асосийлари: шайтон, нафс, жоҳиллик... Шарафли ҳадис: «Жаннат нафс севмаган, жаҳаннам эса нафс севган нарсалар билан ўралгандир». «Ақлли ва закий бўлган киши нафсини тизгинлаб, итоат остига олиб, охиратга ҳозирланган кишидир. Аҳмоқ эса нафсининг ҳар бир буюрганини бажариб, ундан сўнгра «Аллоҳ – раҳимдур, ғафурдир, кечирар, арҳамар роҳимийндир» дея гумон ва умид қилади». Тинимсиз гуноҳ ишларга буюраверадиган нафс шайтоннинг ботинимиздаги ҳамтовоғи бўлиб, қайсардир ва тарбияга муҳтождир. Энг катта душман нафсми ё шайтонми? Аллоҳ марҳамат қиладики: «Албатта, шайтон сизнинг очиқ душманингиздир» (Ёсин сурасидан). Аммо нафс ислоҳ этилса, шайтон ғулу қила олмайди. Шайтонни фақат Аллоҳ таолонинг зикри қўрқитади. Банда Аллоҳнинг зикри билан банд экан, шайтон унинг ёнига яқинлаша олмайди,  зикрдан ғофил бандаларнигина ўз тузоғига илинтиради. Таъкидки, инсоннинг асл душмани ўз ичидадир. У ғоят кўп нарсаларни истайди. Шайтонга ўхшаб нафс ҳам инсонга васваса солади. Нафс нафасни бўғади. Ким нафсининг оёғини тиндирса, нафс шундагина уни саргардонликдан тиндиради. Ким мард экан, нафси бўйнини узсин, йўқса балолар домига гирифтор бўлишга ҳозирланаверсин. «Аниқки, инсонни Биз яратганмиз, демак, унинг нафси васваса қиладиган (яъни кўнглидан ўтган барча) нарсаларни ҳам билурмиз. Биз унга жон томиридан ҳам яқинроқдирмиз» (Қоф сурасидан). «Номаъи аъмолингни ўқи! Бугун ўз нафсинг ўзингга қарши етарли ҳисобчидир» (Ал-исро сурасидан).
Нафс душманлиги кофир душманлигидан шиддатлироқ, чунки у инсондан ҳеч айрилмайди. Нафс бир нарсага кўникдими, осонгина ташламайди. Масалан, энг оддийси – сигарет чекишни ташлаш қанчалар оғир. Ичкилик, ёлғон, қимор, ҳийла, ўғирлик, тарозидан уриш ҳам беҳад қабиҳ гуноҳлардир.
Баъзан мансаб-мартабага, турли неъматларга эга кишиларни ғам-ташвишга чулғанган ҳолда кўрамиз. Қиморбоз қиморсиз ҳаётни тасаввур қила олмайди. Гарчи қимор уни боридан маҳрум қилиб, ўзию аҳлини хароблик ботқоғига ботирса-да, барибир бу «лаззат»дан кечолмайди, қиморсиз туролмайди. Чунки, у узоқ муддат қимор билан улфат тутиниб, жонини шу йўлга тикди. Масалан, каптарвоз ҳам саратонда иссиқни, қаҳратонда эса совуқни сезмасдан, каптарларнинг самога кўтарилиши, ҳавода ҳалқа ясаб ҳаракатланишларига маҳлиё бўлиб, кун давомида оёқда тик туриши мумкин... Бу - узоқ муддат давомий равишда битта машғулотга одатланишнинг ва шу машғулот атрофидагиларга аралашиб, улар билан яқиндан муносабатда бўлишнинг натижаси. «Нафс узоқ муддат ботил, қабиҳ нарсаларга майл этса, бора-бора уларга кўникади, ҳатто бундан лаззат олади, - дейдилар Имом Ғаззолий ҳазратлари. - Агар сен ҳам бир муддат ҳаққа қайтсангу кейин унга муттасил боғланиб қолсанг, қандай қилиб ҳаққа одатланмаслик, ундан лаззат олмаслик мумкин?! Аслида нафснинг ботил, қабиҳ ишларга майл этиши фитратга зиддир, мисоли, баъзи одамлар кесак ейишга одатлангани каби. Аммо фитратнинг ҳикматга, яратган Эгасини таниб, у Зотга муҳаббат қўйиш ва ибодат қилишга бўлган майли, бамисоли унинг таомга ва сувга бўлган майлига ўхшайди. Чунки, қалб табиати бу майлни тақозо этади. Шаҳват эҳтиёжларига бўлган майл қалбга бегона».
Бир учқундан пайдо бўлган ёнғиннинг фалокату фожиалари аён. Кичкинагина тешикча туфайли катта кема ғарқ бўлгани каби кичик гуноҳлар кишида тўпланиб қоладиган бўлса, уни ҳалок қилиши муқаррар. Чунки нафсдан туғилган гуноҳлар иймонни хароб қилади. Гўё микроблар сингари ёпишиб, аввалига иймонни заифлаштиради, кейин эса ўлдиради. Дарвоқе, иймон бир марта заифлашдими, уни йўлдан тойдириш жуда осон бўлиб қолади. Мана шу жиҳатдан нафснинг душманлиги бошқа душманларга қараганда қўрқинчлироқдир.
Шайтон васвасаси билан нафс васвасаси орасидаги фарқни уламолар бундай изоҳлайдилар: шайтон ўйиндан ўйинга ўтаверади. Нафс эса бир нарсани қайсарлик билан талаб қилиб тураверади. Шайтон моҳир ёлғончи ва ҳийлакор бўлгани боис, инсонни Аллоҳ розилигидан чалғитиш мақсадида бир гуноҳга ундолмаса, бошқа бир гуноҳни «таклиф қилади», бир ўйинда инсонни лақиллата олмаса, иккинчи бир ўйинни тадбиқ этади. Аммо нафс қайсар ёш боладек ёпишиб олган нарсаларни хоҳлаб тураверади. Васвасанинг нафсдан эканлиги шу тариқа англашилади.
Ҳазрати шайх Иброҳим бин Довуд Роққодан  ҳикмат: «Одамларнинг заиф жиҳати улдурки, шаҳват ундан кучли бўлгай, нафснинг қўлида ожиз қолгай, сўнг уни «нафс эшаги» дегайлар. Одамларнинг зўри улдурки, нафс устидан ғолиб келгай, нафсини ўлдирса, бас, ул киши фариштадан афзалдир». Нафсни енгишдан вужуд жафо тортади, аммо ундан кўнгил сафо топади. Отнинг тизгини суворийда бўлгани каби, нафс тизгини инсонда бўлса, у ҳақиқат йўлида бардавомдир. Нафсини жиловлай олмаган инсоннинг қалби эса қаровсиз боланинг кийими каби иркит юради. Ҳазрати шайх Ҳаким Термизийдан  ҳикмат: «Ҳар кимнинг зотида нафсоний сифатлардан «мен» сифати қолган бўлса, ул киши шундоқ кишига ўхшарки, бировда бир дирҳам қарзи қолар бўлса, озод бўлмас, шу бир дирҳамнинг қули бўлур. Аммо ул кишиким, бутун нафсоний сифатлардан ўзини йироқлаштирган бўлса, ҳеч кимда қарзи қолмагани каби озод бўлур».
Нафсни таниш – ўз вужуди ҳақида тафаккур қила олишдир. Парвардигорни таниган шаҳс ўз нафсининг моҳиятидан огоҳ бўлади. «Эй Одам фарзандлари, нафсларингни тавба ва яхши амал билан икром ва эҳтиром қилинглар. Бир куни эллик минг йилга тенг бўлган Қиёмат келмасидан илгари мендан қўрқинглар ва амалларингни қилиб олинглар» (Ҳадиси қудсийдан). «Менга жаннатга кириш билан икки ракаат намоз ўқишдан бирини танлаш ихтиёрини берсалар, ҳеч иккиланмасдан намозни танлаган бўлардим, - дейдилар Ибн Сирин ҳазратлари. - Чунки намозда Аллоҳ ризоси ва яқинлиги бордир. Жаннатда эса нафс севган ва инсонлар яхши кўрадиган нарсалар бор».
Биз-чи? Биз  яхши кўрадиганимизга бу дунёнинг ўзидаёқ тез ва  тўла-тўкис эришмоқни ўйлаймиз. Даъватларимизда ҳам кўпроқ шу истакларга урғу берамиз. Ақлли киши нафсига шундай демоғи лозим: «Менинг сармоям умримдан иборатдир. Чиққан ҳар бир нафасимнинг қайтиб келиши мумкин эмас. Нафаслар саноқлидир. Камайиб бормоқдадир. Шундай экан, кунини фақат тирикчилик қайғуси билан ўтказишдан ҳам каттароқ зарар борми?”
Нафс маҳлуқига таслим бўлган инсоннинг эртаси ғоят ачинарли. Охират лаззатларидан маҳрум, турли ҳайвоний орзулар билан кечирилган умрнинг сўнгги хайрли бўлмаслиги маълум. Бундай қоронғулик чодиридаги умрнинг ёруғлик билан тугаши ҳам амри маҳолдир. Илоҳий ибрат саҳналаридан хулоса чиқармай, ғоясиз умр кечирмоқ, ўлимнинг изтироблари ичида йўқ бўлиш – инсон учун нақадар катта фожиадир. Нафсоний ҳаётнинг турли-туман кўринишлари, жарангдор қаҳ-қаҳалари эса жаҳаннам ҳаётининг ишоратларидир. Вужуд ороми орзусига банди инсон ўз умрини ўзи қатл қилаётганини хаёлига келтирмайди. Ўлимнинг ҳақиқатини тушуниш ўрнига, ундан даҳшатга тушади. Ўлим аслида истиқболнинг бошланиши эканини ё англамайди ё тушунса ҳам тан олгиси келмайди. Димоғидан чиқаётган ҳар бир нафаснинг ўлик ҳолида ўзидан узоқлашаётганини кимса наҳот фикр қилиб кўрмаса? Инсонлар «ҳаёт нима?» деган саволга жавоб излаб, файласуфлик қиладилар. Бу саволга энг тўғри жавобни зах лаҳад ва совуқ қабртошлари жавоб бермайдиларми? Ҳаёт, донолар таъкид этганларидек, бешик ва тобут орасидаги тор бир йўлак эмасми?
Куёв тўра, нафсни ўзимизга душман деб атаганимиз билан унинг ҳар банда устидаги ҳаққи ҳам борки, бутунлай инкор эта олмаймиз. Расулуллоҳ (с.а.в.) Абу Дардога қараб деганларки: «Шубҳасизки, Аллоҳнинг, аҳли оиланг, бола-чақангнинг ҳамда бошқа инсонлар қаторида бадан ва нафсингнинг ҳам сенда баъзи ҳақлари бор. Ҳар бир ҳақдорга ҳаққини беришга мажбурсан». Нафснинг ғайри табиий истаклари кўп, бироқ, баъзи истаклари табиийдир. Аммо, емоқ, ичмоқ, таносил, истироҳат каби нафс истакларини қондиришнинг икки йўли бор. Иймон эгаси шайтон йўлидан юрмайди, истакларини ҳалол ва шаръий йўл билан қондиради. Масалан, наслнинг давом этиши учун никоҳ мавжуд, демак, зино йўли таъқиқланган. Шу зайлда нафснинг шаҳвоний хоҳишлари Ҳақ йўлга йўналтирилади. Хоҳишлар, ҳаваслар ортаверса, киши шайтон йўлига ўтиб кетганини ўзи ҳам сезмай қолиши мумкин. Аллоҳ сақласин!
Ривоят: қавм бир дарахтни танлаб олиб, унга сиғина бошлади. Бундан хабар топган зоҳид қўлига болтасини олиб, дарахтни кесиб ташлаш учун йўлга тушди. Дарахт олдида одам қиёфасидаги иблис уни қарши олди.
- Эй киши, нима учун дарахтни кесмоқчисан?-деб сўради шайтон.
- Қавмим бу дарахтга сиғиниб адашмоқда, гуноҳга ботмоқда, - деди зоҳид.
- Улар билан нима ишинг бор?
- Уларнинг ҳидоят топишларини истайман.
- Дарахтга сиғинишнинг нимаси ёмон?- деб яна сўради шайтон.
- Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!-деди зоҳид. - Шайтонга эргашувчилар адашганлардир!
- У ҳолда дарахтни кесишингга йўл бермайман!
Бу гапдан кейин зоҳид унинг шайтон эканини билди, ўрталарида кураш бошланди. Кечга қадар давом этган курашда ниҳоят зоҳид ғалаба қозонди. Шайтон чекинди, аммо жуда қаттиқ чарчаган зоҳид дарахтни эрталаб кесишга аҳд қилиб, уйига қайтди.
Эртаси тонгда яна шайтонга дуч келган зоҳид ажабланди:
- Кеча енгилган эдинг, яна нима истайсан?
- Бугун сендан кучлироқман, барибир муддаомга етаман!
Яна кураш бошланди. Бу сафар ҳам зоҳид ғалаба қозонди, шайтон енгилди. Кеч кирди, ҳориган зоҳид уйига қайтди. Бу ҳол бир неча кун такрорланаверди. Зоҳидга кучи етмаслигини англаган шайтон ҳийлага ўтди:
- Бир неча кун-ки, мени курашда енгяпсан, аммо дарахтни кесишга кучинг етмай қоляпти. Сенга бир йиллик аҳдлашувни таклиф этаман. Йил давомида ҳар тонгда ёстиғинг тагига икки тилла танга қўяман. Қавмнинг ишига аралашмайман. Дарахтга келсак, ўзи қуриб қолар, қуримаса, бир йилдан кейин кесиб ташлайверасан.
Зоҳид камбағал эди, бу таклиф кўнглига ғулғула солди. Ўйлай-ўйлай шайтон билан шартлашди.
Ҳар тонг ёстиғи остидан икки тилла танга олиб нафси ва эҳтиёжини қондира бошлади. Шу зайлда кунлар ўтаверди, дарахтни ва унга сиғинувчи қавмни унутди. Кунларнинг бирида ёстиғи остини қараса-ки, тангалар йўқ. Ғазабланиб, шайтонни учратиш мақсадида дарахт томон юрди.
- Нега келдинг?-деди шайтон.
- Эй шайтон, аҳдингни буздинг, - деди зоҳид. - Тилла тангаларимни бер, йўқса дарахтни кесаман.
- Мен зоҳид билан аҳдлашганман, - деди шайтон. - Тилла тангалар ҳам уники. Сени эса танимайман.
Яна кураш бошланди. Бу галги кураш узоқ давом этмади, шайтон рақибини осонгина енгди. Чунки бир йил аввал Аллоҳ йўлида курашга кирган зоҳид энди шайтон билан олишишга киришмасдан олдиноқ ўз нафсининг қурбони бўлган эди.
Энди «нафс» сўзининг маъноси билан танишсак: «нафс» сўзи асосан инсонга нисбатан қўлланилади. Аммо ҳайвонга, ҳатто ўсимликка нисбатан ҳам қўлланиш ҳоллари учрайди. «Нафс» – устоз Алийбек Рустамий баёнларига кўра, кишининг жисмоний ёки ҳиссий талабларини, ҳожатларини қондиришга бўлган интилишдир. Бу интилиш оқибатида ахлоқ доирасини босиб четга чиққан кишини «баднафс» (нафси ёмон) ёки «нафсини тиёлмаган одам» деб атайдилар ва бундайлар билан яқинлашмаслик чораларини кўрадилар. Чунки баднафсдан яхшилик кутиш нодонликдир. Бунинг муқобилидагиларни «некнафс» ёки «нафсини жиловлаган одам», деб шарафлайдилар. Диний тушунчада эса «нафсига зулм қила олувчи банда» дейилиши расм бўлган. Зеро, юқорида таъкид этилдиким, жиҳод ҳам энг аввало киши нафсини енгишга қаратилган бўлади. Жисмоний рақиб – ёв қўшинига қарши жиҳод – жанг бир неча кун ёки ҳафта, ой, борингки, бир неча йилда у ёки бу томон фойдаси билан якунига етиши мумкин. Ўз нафсига қарши, яъни руҳий мухолифга қарши жиҳод то қабрга киргунга қадар давом этади. Бу жиҳоднинг, таъбир жоиз бўлса, бош қўмондони инсондаги ақлдир. Аниқроғи пок қалбга, иймонга бўйсунувчи ақлдир. Кофирда ҳам ақл, илм бўлади. Аммо иймон булоғидан бебаҳра бўлгани учун нафсни тарбия эта олмайди. Ҳайвонда ақл бўлмагани сабабли унинг нафсини ғариза, яъни –инстинкт идора қилади. Шу боис ҳайвон нафси талабларини турли йўллар билан, ҳатто тажовуз билан ҳам қондиради. «Нафсни тия олиш» деган тушунча шу ўринда инсон билан ҳайвонни бир-биридан фарқлайди. Ким ўз нафсига ҳукмронлик қила олмаса, «бу одамда ҳайвоний иллатлар устун», деб таъриф беришади. Ҳечким ҳайвонни баднафсликда айбламайди. Йўлбарс томонидан бурдалаб ташланган оҳунинг бечора ҳолига ачинамиз, бироқ, йўлбарсдан нафратланмаймиз. У ризқини фақат шу йўл билан топади, бошқа чораси йўқ. Баднафс одамдан эса жамият нафратланади. Киши боши устига бало булутларини тўпловчи омил ҳам айнан шудир.
«Нафс» сўзининг бир қанча маънолари бор. Асосий луғавий маъноси – «ўз» («ўзлик»)дир. Бу маъно «иззат-и нафс» иборасида сақланган. «Менинг ҳам иззати нафсим бор», дейилганда «Мен ҳам ўзимни ўзим иззат қиламан, азиз деб биламан, бошқаларнинг беҳурмат ёки ҳақорат қилишларига йўл қўймайман» маъноси англашилади. «Фалончининг иззати нафсига тегма!» дейилганда «Фалончи ўзига яраша ҳурматга эга, бу ҳурматга зид келувчи ёки дахл қилувчи гап айтма (ёки ҳақорат қилма)», маъносини англамоқ керак.
Нафснинг турларидан бири – «нафси аммора» дейиладиким, кучли истак-хоҳишни, бошқача айтганда, баднафсликни англатади. Унинг иши фақат ёмонликка буюришдир. Яна бир маъно: «нафси бадкирдор» тарзида ишлатиладиким, буни «ёмон хулқли нафс» деб тушуниш мумкин. Яна «нафси даний»ким, ярамас, тубан нафс назарда тутилади. Яна «нафси даъби»дир, турли керакли-кераксиз орзу ҳавасларга берилавериш, хусусан, худбинлик англашилади. Беҳуда айш-ишратга берилиш эса «нафси нишоти» деб аталади. «нафс-ул амрда» – ҳақиқатда, деган маънони англатади. «Нафсул амрни айтганда» – «ҳақиқатни айтганда» демакдир. (Ҳозирги имло қоидамиз бўйича биз бу иборани бир сўз шаклда «нафсуламр» деб қўллаймиз.) Ёмон йўлга бошловчи нафсга «нафси шум», ман-манлик, кибрга эса «нафсу ҳаво» дейилади. «Нафсоният» – нафсга берилмоқдир. «Нафсга мағлуб бўлмоқ» эса ўз шаҳсиятига ўта берилмоқлик, «нафспараст» эса нафс қулидир.
Ҳайвоннинг ҳис ва ихтиёрий ҳаракатини ишга солувчи кучларнинг йиғиндиси – «нафси ҳайвоний»дир. «Ҳайвон» сўзининг луғавий маъноси «тирик» («тириклик»)дир. Шунга кўра, ҳаракатланувчи барча жонзот, кенг маънода - ҳайвондир. Демак, инсон ҳам шу ҳайвоннинг бир навъи бўлади. Аммо бизда «ҳайвон» сўзи тор маънода қўлланилади ва инсондан ўзга жонзотларни англатади.
«Нафси аммора»нинг луғавий маъноси доим буйруқ бериб турувчи нафсоний куч бўлиб, бу ибора фақат нафси буйруғи билан иш қилувчи, шахсий манфаат йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдиган кишиларнинг нафсига нисбатан қўлланади. Бу нафс кишиларни ўғрилик, зўравонлик, бузуқликка ва майпарастликка олиб боради. Аччиқланиш, ўзини катта олиб, ўзгалардан устун келишга уриниш, ўчакишиш, кек, сақлаш, бировни кўролмаслик, қурумсоқлик, жанжалкашлик, ғийбат, амални суиистеъмол қилиш, алдоқчилик – нафси амморанинг «суюкли фарзандлари»дир.
Ёши катта киши билиб ёки билмасдан нафс фармонида бўлиши мумкин. Бола эса эси киргунига қадар билмасдан нафсга бўйсунади. Унутмаслик керакки, болалик ва ёшлик кезлари нафсига ҳоким бўла олган одам солиҳ мартабасида қарийди. Ўз фарзандининг шундай оқибатини ўйлаган ва ўзлари яхши тарбия олган ота-оналар гўдакларининг йиғлаганликларига, қайсарликларига бўйсунмай, ундаги нафси аммора куртакларини йўқотишга ҳаракат қиладилар. Иймон тарбиясининг йўқлиги сабабидан бола ўз нафсига мағлуб ҳолда ўсадиган бўлса, катта ёшга етганида ҳам нафс жиҳадан гўдаклигича қолаверади. Тўғри, бирон нарсага эришиш шакли ўзгаради. Яъни энди ерга ётиб олиб «шуни олиб берасан», деб йиғламайди. Балки куч ёки турли макр-ҳийла ишлатади.
Ҳавойи нафс – яъни, нафс истаклари умр бўйи бир ҳилда бўлмайди. Бу истак болаликда бошқа, ўсмирликда янада бошқа, оила қурганда эса бутунлай ўзгача бўлади. Болаликда, айтайлик, зинога рағбат бўлмайди. Кўпроқ ўйинчоқ, ширинлик... каби истаклар чалғитади. Ўсмирликда мол-дунё, ҳашаматли уй қуриш истаги кучли бўлмайди. Тўғри, шундай ҳавас уйғонади, бироқ, бу орзу ўттиз-қирқ ёшлардаги одамдаги истак каби вужудни ларзага солувчи қудратга етмайди. Аниқроқ баён қилсак: болага ҳос илк орзу-истак «шаҳватул батн» (ошқозон истаги) дейилади. Бола сут истайди, ширинлик талаб қилиб вақтида нафси қондирилмаса, йиғлайди, жанжал қилади. Ўсмирлик чоғида «шаҳватул фарж» яъни ҳирсий туйғу бошланади. Сўнг «ҳуббул мол» ва «ҳуббул жамъил мол» – мол тўплаш орзусига гал келади. Ундан кейин «ҳуббул мақом», «ҳуббул жоҳ» – мавқе, мақом –мартаба севгиси билан банд бўлади. Ниҳоят, «ҳуббул риёсаҳ» – яъни мансабдор бўлишга интилиш ҳаётининг мазмунига айланиб қолади. Бу ҳудди асли  шарқ ҳикматининг шоир Пушкин баёнидаги «Олтин балиқча» эртагига ўхшайди. Шарқ эртагининг бу назмий баёни ғоят ибратлидир: эски кулба, тешик тоғорага кўникиб яшаётган кампир олтин балиқчадан аввал янги тоғора истайди, сўнг сарой, сўнг малика бўлишни... нафс истаклари шу қадар жўшади-ки, охири яна ўша эски тоғораси билан қолади. Фоний дунёда кўп одамлар умрининг поёни шундай тешик ва чириган тоғора билан якунланяпти.
Бу икки кўз одамзодга балодир,
Қўя берсанг тўйдим, демай оладир.
Охир бориб, тупроқ билан тўладир,
Ке қўй, дебон нафсинг тийсанг бўлмасми?
Шоир айтмоқчи, «кел, қўй», дейишга болаликда ўрганиладики, бунга ота-она, ака-опалар масъулдирлар. Эҳтимол нафсига бўйсиниб кўп гуноҳ қилганлар қиёматда ота-оналарига бу борада даъво ҳам қиларлар.
Ичдан орзулар келади: гуноҳ қилади, ёмонлик қилади. Ичдан орзулар келади, нафси аммора бандаси - инсон жамиятни остин-устун қиладиган ишлардан ҳам ўзини тўхтатолмай қолади. Бу мақомда тавбаю истиғфор билан тоат-ибодатда маҳкам турган инсон кейинги мақом – «лаввома» босқичига ўтади ва бунда бир даража юксалади. Аммо нафснинг истаги «аммора»да бўлади, фурсат топди дегунча, «аммора»га қайтишга интилаверади. «Нафс-и лаввома» - «нафси аммора»нинг муқобилидир. «Лаввома» – «доимо койиб турувчи» деган маънони англатиб, нафсини жиловлай олган, нафсини қалби ва ақлига бўйсундирган, нафс жилови қўлдан чиққудай бўлса, ўзини ўзи койиб, яна нафс устидан ғолиб чиқувчи кишилар назарда тутилади. Бундай инсонлар яшаш учун зарур нафс талабларини ҳалол йўл билан, меъёрдан оширмай қидирадилар. Нафси аммора тизгинида юрувчига қаҳру ғазаб ҳос бўлса, нафси лаввома соҳибига меҳру шавқат хос. Бири уятсизлик, сурбетлик ботқоғида яшаса, бири ҳаё, адаб шоҳсупасида умргузаронлик қилади. Бирининг байроғи – ҳалоллик, бошқасининг шиори – ҳаромийлик. Нафси аммора қуллари эл-юртнинг лаънат тошлари остида яшаса, нафси лаввома соҳибларини Ватан бошига кўтаради.
Инсон «лаввома»да ғолиб қола олса, «мулҳима»га ўтади. Бу мақомда нафс яна бир даража юқорига кўтарилса-да, ҳали ҳам ишонч йўқ. Чунки бунда ҳам у эски ҳолига интилади. Бироз тизгин бўш қўйилса, дарҳол «лаввома»га, ундан эса осонгина «аммора»га қайтаверади. «Нафс-и мулҳима»нинг луғавий маъноси «илҳомли»дир. Илҳом деганда кишига бирор сирли ҳодисанинг тўсатдан аён бўлиши тушунилади. «Нафс-и мулҳима» деганда эса кишида турли жозибали истакларни уйғотувчи куч тушунилади. Бундай нафс кўпроқ илм, ҳикмат аҳлида бўлади. «Мулҳима»даги курашда инсон нафсининг жиловини тута билса, «нафс-и мутмаинна»га ўтади ва унда ҳаловат топади. Аммо барибир уни тинч қўйишмайдики, инсон сўнгги нафасига қадар улар билан курашишга мажбур. Нафси бузуқлар, ҳақ-ҳуқуқни билмаганлар нафс асоратида жон берадилар. Ҳолбуки нафснинг асоратида қолиш кофирлар асоратида қолишдан кўра ҳавфлироқдир. Европа ўлкаларида миллионлаб мўъмин-мусулмонлар бор. У ерларда ҳар ким ибодатини ўзи хоҳлаганича қилаверади. Ҳолбуки, инсон нафсининг асири бўлиб қолса, хоҳ Каъбада бўлсин, хоҳ мунаввар Мадинада бўлсин, кофир ҳолида қолаверади. Аллоҳ асрасин!
«Мутмаинна» сўзи «ишонч ҳосил қилган», «ҳотиржам бўлган», деган маъноларни англатади. «Нафси мутмаинна» соҳибларининг нафси батамом жиловланган бўлиб, булар нафснинг ғалаёнидан қутулиб, ҳотиржам бўлган кишилардир. Бошқача қилиб айтганда, булар нафс талабларини хаёлига ҳам келтирмайдиган азиз кимсалардир. Буларга энг юксак инсоний ҳислатлар хосдир.
Тарихда ўтган валийлар, муршидларнинг юқори мақомга эришишларининг асосий омили нафсга қарши бетиним жиҳод олиб борганларидир. Улар мазкур жиҳодда ғолиб кела олганлари учун, бу ғолибликнинг ажри ўлароқ валийлик, муршидлик мартабаларига етганлар. Уларнинг айтиб ўтган сўзларига биргаликда қулоқ солиб, мағзини чақиб кўрайлик-чи:
«Энг қутурган ҳайвон ҳам пишиқ қармоқ билан илинтиришга нафсингчалик лойиқ эмас» (Ҳасан Басрий). «Нафсимнинг тарбияси ва уни даволашчалик ҳеч бир нарсанинг даволаниши менга оғир келмади. Чунки, у гоҳ мен тараф бўлар, гоҳ эса менга қарши чиқарди» (Суфён Саврий). «Эй нафс! На дунёда ҳукмдорлар билан бирга неъматланиб, кайфу сафо сура олдинг, на-да охират учун Аллоҳнинг обид бандалари билан бирга жиҳод қила билдинг. Уялмайсанми, эй нафсим!» (Абу Аббос). «Ўн икки йил нафсимни мужоҳада билан риёзат ўчоғига қўйиб, ёндирдим; мазаммат (хўрлик) сандони устига қўйиб, маломат болғаси билан урдим; тоат ва ибодат жилови билан жиловладим. Шундан сўнг бир қараб, нафсни яна ғурурида кўрдим. Тағин беш йил жаҳд айладим. Ўз заъф ва гуноҳкорлигимни кўрдим». «Ўзимни Даргоҳига арз айладим (яъни: «Аллоҳим, Сенинг даргоҳингга не бирлан эришгайлар?») Нидо эшитдимким: «Нафсингни уч талоқ қўйиб, бўшат. Ундан сўнг Бизга сўйлагил» (Боязид Бистомий). «Нафс бутун қирқ йил мендан бол истади, бермадим. Нафсимнинг шумлигидан кунда бир неча марта ойнага қарар эдим-ки, юзим қора бўлмадимикин, деб» (Сирри Сақоти). «Агар сенда нафсингдан бирон нарса қолган бўлса, озодликка эриша олмайсан» (Жунайд Бағдодий). «Шунча йиллар мужоҳада ва риёзат чексам-да, ҳеч бир нафсимнинг дастидан қутула олмадим. Нафсимга дедим-ки: «Кел, бу уйга кир. Сени ёмон ўғрилардек силтаб зиндонга солайин. Тирик қолсанг – давлат сеники, агар ўлсанг, Ҳақ йўлида ўлган бўлурсан», деб қирқ йил шундай қилдим» (Абул Ҳусайн Нурий).
Ҳазрати шайх Саҳл бин Абдуллоҳ ат-Тустарийнинг оналаридан қолган кўп моллари бор эди. Бир куни халқни чорлаб, барча молни тарқатдилар. Ҳатто ўзларига ажратганларини ҳам бериб юбордилар-да, пиёда Каъбага қараб йўл олдилар. Борар эканлар: «Эй нафс! Муфлис (камбағал) бўлдинг, ортиқ мендан истайдиган нарсанг қолмади. Агар тиласанг ҳам, бирон нима топа олмайсан», - деб ҳеч нарсани хоҳламасликка аҳд қилдилар. Шу зайлда Куфа шаҳрига келдилар. Нафс у ерда балиқ ва нон емоқликни истаб қолди. Ун тортаётган от тегирмонини кўрдилар-да: «Бу отнинг кираси бир кунда нимадир?» деб сўрадилар. «Икки дирҳам нафақаси бор», деб жавоб қилдилар. «Бугун отни қўйиб, ўрнига мени боғланг, бир кунда бир дирҳам беринг», дедилар шайх ҳазрат. Отни ечиб, ўрнига Саҳл ҳазратларини боғладилар. Кечга қадар тегирмонни юргиздилар. Ҳизмат ҳаққига бир дирҳам бердилар. Бу пулга ҳазрат шайх нон ва балиқ олдилар-да, нафсларига дедилар:
«Ҳар қачон мендан бирор нарса тиласанг, сенга лойиқ шундоқ хизматни қилгайман ва тилагингни шу суратда бажо келтиргайман». Шайх ҳазратлари шу зайлда нафсларини хўрладилар.
Аллоҳнинг валий қулларидан бири Абу Туроб Тахсабий бундай ҳикоя қиладилар:
- Нафсим жуда тансиқ ва лаззатли таомлар талаб қилмас эди. Лекин бир куни гўшт, тухум ва асал ейишни хоҳлаб қолди. Нафсимга: «Булардан воз кеча қол», дедим. Бироқ, уни қайтара олмадим. Нафсим бу таомларни зўр иштаҳа билан ейишга орзуманд эди. Юриб-юриб бир нотаниш қишлоққа бориб қолдим. Шу пайт бир одам ёқамга ёпишиб, бақира кетди: «Ўғриларнинг ичида сен ҳам бор эдинг!» Елкамни яланғоч қилиб, етмиш қамчи уришди. Етмишинчи қамчи тушар-тушмас шу қишлоқлик бир одам мени таниб қолди:
- Ахир бу Абу Туроб-ку!-деб хитоб қилди.
Мендан кечирим сўрашди, Қишлоқдагилардан бири мени уйига олиб борди. Дастурхон ёзиб, олдимга гўшт, тухум ва асал қўйди. Мен эсам нафсимга хитоб қилиб, дедим:
- Етмиш қамчидан кейин ея қол энди!
Ямон нафсинг сенинг ўтдек туташди,
Гуноҳинг бора-бора ҳаддин ошди.
Мазкур байтда ҳазрат Сўфий Оллоҳёр демоқчиларки: сенинг ёмон нафсинг иймон уйингга ёниб турган ўт каби туташди. Гуноҳни қила берганинг сайин унинг ҳисоби ҳам ошиб кетди.
Жасад қолмасдин илгари нафасдин,
Ҳаво кўп қилмағил, кечгил ҳавасдин.
Дейилмоқчики: танинг жонингдан айрилиб қолмасдан бурун нафс орзуларини кўп қилмагин. Ҳавойи тилаклардан тийилиб, тавба қилгин.
Кел, э нафс, очмағил кўз ҳар қаёна,
Йўқ эрмиш эътимод ушбу жаҳона.
Дейилмоқчики: э, нафс эгаси бўлмиш инсон, кўзларингни очиб ҳар тарафларга суқланиб боқмагил. Бу дунёни боқий, деб ишонма. Зеро, бу фоний жаҳоннинг таянчи ва бақоси йўқдир.
Эрур нафсинг димоғи турфа еллик,
Қачон эллик қилур ёлборсанг эллик.
Дейилмоқчики: нафснинг бошида кўзга кўринмас ел бордир. Бу ел сени яширин туриб йўлдан оздирур. Ел ўтнинг ёнишини ажойиб эгриликларга тортгани каби, кофир нафснинг ҳавоси, яъни ели ҳам кўринмас ҳийлалар билан оҳанрабо сингари эгриликларга тортар. Шунинг учун нафси кофирингга эрк бермагил. Уни бўш қўйсанг, эллик марта ёлборсанг-да, ўзингга эл бўлмас, ёвуз бўлур. Риёзат қалъасига кириб, бу нафс билан уришгил. Ахири ғолиб келиб, баҳодир руҳинг нафсингнинг бояги елли бошини кесиб, тахтга ўтириб ўз жойини эгаллар. Сўнгра фано филлоҳ бўлиб, боқий филлоҳда қолур.
Ўзинг паст айласанг, нафсинг забардаст,
Бошинг чайнаб солур, чун уштури маст.
Дейилмоқчики: ўзингни тубан, нафсингни юқори тутсанг, ахири бир кун келиб бу баланд нафсинг маст туя каби бошингни чайнаб хароб қилур. Яъни, эркини қўлига берган нафсинг ўзингни иймондан чиқариб, абадий тамуғлик қилур. Шундай экан, бундайин кофир нафсингга қаршилик қил.
Нафсинг оёғини машаққат ва хилофлик ипи билан кишанла. Тилаган нарсаларини асло берма. Ул шумнинг бошидан риёзат таёғини олма. Ҳамиша шу таёқ билан қийнайвер. У нафси амморани қопағон ит каби семиртирма. Нафсинг семириб туриб, юзингни ёрмасин. Қутлуғ руҳингдан ғолиб келиб, сени нобуд қилмасин. Нафс илонини уйингда кўп йиллар асрадинг ва у катта бўлгани сайин зарари кўпайди. Аммо ноумид бўлма, қўлингга таваккул қиличини ол-да, у кофир билан уришгил. Аммо аввал қалбингни риё, кибру ҳасаддан ва барча ёмон хулқлардан холи қилгил.
Агар нафсинг муродин изламаксан,
Агар саксонга етсанг, ҳамчу саксан.
Яъниким, агар сен нафсинг тилаклари йўлида ҳориб елиб юрар экансан, билгилки, ёшинг саксонда бўлса ҳам, ўзингни ит (сак) дейишдан бошқага ярамассан.
Ривоятким, от миниб кетаётган бир амир дарахт соясида ухлаб ётган кишининг оғзига кирган илонни кўриб қолди. Амир уйқуда ётган одамни дучор бўлиши мумкин бўлган балолардан қутқариш учун ҳаракат қила бошлади. Унинг елкасига бир неча қамчи урган эди, одам ўрнидан турганича қамчилаётган амирдан қоча бошлади. Амир қочиб бораётган одамни олма дарахтининг остида ушлаб олди. Дарахтдан тушиб чириган ва ҳидланган олмаларни бу одамнинг оғзига тиқиб, ейишга мажбур қилди-да:
- Эй бечора одам! Сен буларни ейишинг ва бу азобга бардош беришинг шарт, - деди.
Қўрқувдан титраётган бечора одам эса амирга мўлтиллаб қараб, ундан сўради:
- Эй амир, мен сизга нима ёмонлик қилдим? Нега менга бунчалик зулм қилмоқдасиз? Агар ҳаётимда сизга қарши бирор гуноҳ қилган бўлсам, бир қилич уринг-у қонимни тўкинг! Сизни кўрган оним нақадар бахтсиз он экан! Сизни кўрмаганлар нақадар бахтиёр эканлар! Жиноят қилмаган бир бегуноҳ инсонга бу қадар зулм қилиш адолатданми? Қаранг, бу сўзларни айтяпман-у, оғзимдан қон тупурмоқдаман. Аллоҳим, бу золим амирга Ўзинг жазо бер!
Амир унинг зорига эътибор ҳам бермай, «югур!» деб қамчилайверди. Бечора одамнинг ошқозони ириган олмаларга тўлиб, аъзойи бадани қамчи зарбларидан кўкариб кетди. Бу азоб кўнгли айниб қуса бошлагунга қадар давом этди. Мажбуран еган олмаларига қўшилиб, уйқусида ютиб юборган қора илон ҳам оғзидан ташқарига чиқди.
Бечора одам ошқозонидан чиққан бу илонни кўриб даҳшатга тушди. Ўзига ёрдам берган солиҳ амирнинг қаршисида тиз чўкди ва шундай деди:
- Амирим, сиз ҳақиқатда ҳам Жаброил алайҳиссалом каби ёрдамимга етишдингиз. Ва сиз менинг вали неъматим экансиз. Сизга кўзим тушган он қандай муборак он эмиш! Агар сиз бўлмаганингизда эди, мен аллақачон бу дунёни тарк этган бўлур эдим. Сиз менга ҳаёт бағишладингиз! Сизнинг юзингизни кўрган ёки бўлмаса тўсатдан сизнинг маҳаллангизга келиб қолганлар нақадар бахтиёрдирлар! Эй тасаннога лойиқ зот! Жоҳиллик ва ғафлат билан сизга янглиш сўзлар сўзладим. Мен афу этинг.
Бунга жавобан амир деди-ки:
- Агар у пайт мен сенинг ичингдагилардан бир парча сўзласам, қиёмат қоим бўлур эди. Қўрқув сени ҳалок қиларди. Мушук қаршисидаги сичқон каби киргани тешик топа ололмай қолардинг.
Мавлоно Румий баён қилган ривоятда ухлаб ётган инсон – ғафлат ичидаги инсондир. Унинг оғиздан ичига кирган илон эса нафси амморадир. Амир эса тарбия берувчи устоздир. Ухлаётган одамни қамчи билан уриб, ҳолдан кетгунча чоптириши риёзат ва мужоҳада - нафсга қарши жиҳоддир. Илоннинг оғиздан қайтиб чиқиши эса, инсоннинг нафси амморадан қутилишидир.
Шу ўринда «нафс» ва «руҳ»нинг ўзаро зидди ҳақида сўз юритсак, фойдадан ҳоли бўлмас. Мавлавий ҳазратлари кўпчиликка маълум афсона - Мажнуннинг Лайлога бўлган ишқи воқеасига асосланиб, руҳий оламни тараққий қилдириш фақат илоҳий ишқ орқали амалга ошишини чиройли тарзда ифода қилиб берадилар:
Мажнунга Лайлонинг сафарга чиққани ҳақида хабар келди. Шунда Мажнун туясига миниб, Лайло ўтадиган манзил томон шошилди. Яқинда болалаган туянинг кўзи эса орқада қолаётган бўталоғида эди. Шу боис Мажнун туянинг устида мизғий бошлаган он туя йўлни орқага бурди. Мажнун нима сабабдан орқага қайтганларини тушуна олмай, туяни яна кўзлаган манзил томон юришга ундади. Бундай ҳол кўп марта қайтарилди. Кечки пайт Мажнун «қанча йўл юрдим экан», деб қизиқиб қараса-ки, эрталаб йўлга чиққан жойида турган эмиш. Шунда у туяга қараб деди:
- Эй туя, сен болангга, мен эса Лайлога ошиқман. Демак, биз борадиган манзиллар бир-биридан фарқлидир. Сен менинг йўлимни тўсяпсан, мен эсам сенинг йўлингни тўсмоқдаман. Бу ҳолда биз йўлдош бўла олмаймиз. Сен фоний бир жонга, мен эса абадий бир жонга ошиқмиз. Яхшиси биз айрилайлик.
Бу ҳикояда Мажнун, яъни руҳи Аллоҳнинг ошиғидир. Туя эса «нафс»дир. Бўталоғи эса «ҳою ҳавас» деб аталадиган дунё лаззатидир. Бу ҳикояда бир-бирига қарши бўлган икки мажнун, яъни руҳ ва нафс бир нуқтада учрашганлар. Иккисининг мужодаласи тимсолий равишда баён қилинади. Ҳазрати Мавлоно бу ҳикояга оид баъзи байтларида шундай ташбеҳлар келтирадиларки, буларнинг насрий баёни будир:
Руҳ ва нафс Мажнун ва унинг туяси каби бўлиб, бири олға, иккинчиси эса орқага кетишни истайди. Мажнуннинг бир онлик(!) ғафлати туяни бўталоғи сари етаклайди. Мажнуннинг борлиғи Лайлонинг ишқ ва савдоси билан тўла бўлгани учун Мажнун вақти-вақти билан ғайри иродавий хаёлга чўмиб, ўзини унутади. Унга йўлбошчилик қиладиган ақли эса Лайлонинг савдоси билан машғулдир. Лекин туя, яъни «нафс» эҳтиёткорона ва сергак ҳолда Мажнуннинг ўзлигини унутган онда бўталоғи (ҳою ҳаваси) томон йўл оларди.
Ниҳоят Мажнун туясига қарата деди:
- Эй туя! Висолга олиб борадиган йўл бор йўғи икки қадамдан иборат эди. Сенинг макринг мени йиллар давомида висолдан узоқлаштирди. Ҳолбуки, йўл яқин, жуда яқин эди. Мен маъшуқам билан учрашувга жуда кеч қолдим. Бу суворийликдан, яъни сенинг мени ташишингдан жуда чарчадим.
Ниҳоят Мажнун жонидан тўйган ҳолда ўзини туянинг устидан ерга ташлади. Мажнун ўзини ерга шу қадар шиддат билан отди-ки, оёғи синди. Оёғига малҳам тортиб, ўзи ўзига бурканиб мисли коптокка айланди, думалай-думалай Лайло томон йўлга чиқди.
Энди бу ибратни ўз ҳаётимизга таққослаб кўрайлик: барчамиз туя устидамиз. Мағрурмиз. Аммо қай томон кетяпмиз? Лайлога ошиқяпмизми?
«Нафс кетига тушган – нафсоният манзилидагина тўхтайди, - дейдилар ҳазрат Навоий. -  Ҳеч ким ўз кўнглига ғам тиламайди ва ўз нафсини қийнашни хоҳламайди. Аммо ўзганинг азиз зотида беҳад хорлик кўрса, ўзига кичик бир қийинчилик юзланганича билмайди. Бир азиз кимсанинг шаънига ниҳоятда қаттиқ тегилганини англаса, ўзига озгина кулфат тушгандек ҳам таъсирланмайди. Барча учун ўзи ўзгадан азизроқ; ўз сўзи ўзгаларникидан маъқулроқ. Одам – оламдаги яхшиликларни ўзидан ҳеч аямайди, аммо бу яхшиликларни ўзгаларга раво кўрмайди».
Атрофингизда одамлар қандайлар? Хушомаддан роҳатланадиларми? У ҳолда нафсларига итоаткор эканлар. Ўзларини мадҳ этилишларини истайдиларми? Демак, нафсларига қул эканлар. Пуллари кўпми? Нафси учун яшаётган одам қанчалар бадавлат бўлмасин, аслида ғариб ҳисобланади. Нафсини сув каби сепган кишигина инсонларга бера олади.
Куёв тўра, сизнинг дўстларингиз шундайми? Дониш аҳли икки тоифа одамдан эҳтиёт бўлишни тавсия қиладилар: бири – қилган ишининг натижаларини ҳисобга олмайдиган, яхши билан ёмонни фарқ қилмайдиганлар. Иккинчиси – кўзларини бошқаларнинг молига тиккан, қулоқларини фисқу-фасод ва ғийбатларга ўргатган, вақтини айшу ишрат билан ўтказадиган ёмон нафсли одамлардан. Шаҳвоний нафсга берилган – нафснинг қурбони бўлади. Бу балолардан нафсни тийиш – ҳалокатдан нажот топиш демакдир. Нафси мавж ураётганлар сизни маишат завқи томон чорласа, демак, ҳалокат сари чорлабди. Сиз Ҳақ даъватига интилинг, шунда фароғат топасиз.
«Сайёднинг балиққа қармоқ ташлаши – нафс муддаоси учун, балиқнинг қармоққа илинмоғи ҳам худди шу бало учун, - дейдилар ҳазрат Навоий. - Нафс балосига учраган одамнинг ейишдан бошқа ҳунари йўқ. Худбин одам гап сотишдан бўлакка ярамайди. Уларнинг бири ҳаром овқатдан роҳатланади. Буниси эса доим ўзини мақтаб ором олади:
Ул бири луқмау навола сўзин,
Айтиб ончаки холи айлаб ўзин.
Бу ўз авсофиға муарриф ўла,
Айлабон базми анжумани тўла.
(Уларнинг бири луқма овқат ва насиба сўзини гапиравериб ўзини овутади. Буниси эса ўз қилиқларини мақтайвериб, базм ва йиғинларни тўлдиради.)
Қадим адабиёт намуналари, хусусан, «Қутадғу билиг»даги ибратли ҳикматларнинг нима учун минг йил ўтиб ҳам ўз қувватини йўқотмаётганини ўйлаб кўрмаймизми?
Ҳаво – нафс буйнин сиғув кед қотиғ,
Ўзунг ўтрў булса, топуғда тотиғ.
(Сен аввал нафс-ҳаво бўйнини қаттиқ сиққин, ана ундан кейин қилаётган ибодатингдан завқ топа оласан. )
Ҳавоқа булу берса тутқун булур,
Эт ўз орзу булса мени қул қилур.
(Ҳавога (ҳавасга) эргашгувчининг унга асир бўлиши тайин. Жисмим тилаганини топса, мени қул қилур.)
Ҳавоқа босиқма уқуш бирла кес,
Эт ўз бош кўтарса, билиг бирла бос.
(Ҳаво босқинини ақл билан тўс. Нафс исён қилиб бош кўтарса, бу ғалаённи илм йўли билан бостир.)
«Калила ва Димна» асари қадимда Барзуя ҳаким исмли фозил ўтганидан хабар беради. Барзуя етти ёшга етганида тиб илмини ўрганиш учун мактабга боради. Ҳаким бундай ёзади:
«Бу илмнинг фойдали эканини англаб, уни зўр эҳтирос билан ўргана бошладим. Кейин касалларни даволаб, бу ҳунарда шуҳрат қозондим. Шу билан бирга ҳамма одамлар сингари мен ҳам тўрт нарсани орзу қила бошладим: мол тўпламоқ, кайф сурмоқ, бошқаларнинг ҳурматига сазовор бўлмоқ ва абадий шуҳрат қозонмоқ. Шуни айтиш керак-ки, тиб илмининг бутун дунёда ҳурмати баланддир. Тиб китобларида: «Табибларнинг энг фозили беморларни пулсиз муолажа этувчилардир. Бу йўл билан улар ҳам бу дунёнинг, ҳам охиратнинг неъматларидан баҳраманд бўладилар», деб ёзилган. Деҳқоннинг уруғ сепишдан мақсади ердан ғалла ундириб, ўз ризқ-рўзини топишдир. Ҳайвонларнинг ем-ҳашаги бўлган ўт ўз-ўзидан ўсаверади.
Хуллас, қаерда соғайишига умиди бўлган касал одамни эшитсам, бориб, уни муолажа эта бошладим. Бир оздан кейин тенгқурларимнинг мол ва давлати меникидан зиёд эканини кўрдим. Нафсим устун келиб, мол-дунё тўпламоқ ҳавасига тушдим. Тўғри йўлдан озишимга сал қолди. Ўз-ўзимга дедим: «Эй нафс, сен фойда билан зарар ўртасидаги фарқни кўрмаяпсан. Ақлли одам азияти кўп, фойдаси кам бўлган нарсани орзу қиладими? Агар сен яхши от қолдириб кетиш фикрида бўлсанг, бу фоний дунёда очкўз ва хасис бўлма. Нотўғри фикрлардан қайт. Савоб орттиришга ҳаракат қил. Одамнинг ҳаёти бир-бирига зид бўлган тўрт унсурнинг қоришмасидан иборат, худди йигирилган ипга ўхшайди, унинг узоқ вақт узилмасдан тура олишига ишонч йўқ.
Одам баданининг аъзолари бир мих билан қоқилган олтин бутга ўхшайди. Мих суғуриб олинса, бут бўлакларга бўлиниб кетганидек, одамнинг бадани ҳам яшаш қобилиятини йўқотиб, парчаланиб кетади. Қариндош-уруғларинг, дўст-ошноларинг билан кўпда мағрурланма ва улар билан бирга бўлишни ортиқча ҳавас қилма. Ҳамиша уларнинг севинчлари қайғуларидан оз, ғамлари эса шодликларидан кўп бўлади. Бу ғам ва ғусса устига яна ҳижрон дарди ва айрилиқ алами ҳам инсонга ҳамроҳдир. Баъзан шундай ҳам бўлади-ки, бири ўз оиласини боқиш, хотини ва болаларини таъмин қилиш учун мол йиғиб, бойлик тўплашга мажбур бўлади ва бу йўлда ўзини қурбон қилади. Бундай одам оловга ташланган хушбўй уд ёғочига ўхшайди, унинг ҳидидан бошқалар фойдаланади, ўзи эса ёниб кул бўлади.
Яна ўз-ўзимга дедим: «Сен беморларни муолажа қилишдан қолма, «жамоат ҳакимнинг қадрини билмайди», деган гапларга қулоқ солма. Агар бирор одамни ўлим чангалидан қутқаришга муваффақ бўла олсанг, бунинг савоби ҳар нарсадан кўп эканлигини назарга ол. Узоқ давом этган оғир касаллик туфайли бола-чақаси билан ош-нонга муҳтож бўлиб қолган бир одамни муолажа этиш ва унинг саломатлигини қайтариб бериш қанчалик савоб иш эканлигини ким эътироф этмайди?»
Ўз нафсим билан олишиб, ўзимни яна тўғри йўлга сола билдим. Ҳеч нарса олмасдан сидқидил билан беморларни даволай бошладим, узоқ муддат шу иш билан машғул бўлдим. Бу хизматим эвазига ризқи рўз дарвозалари қаршимда очила берди. Шоҳлар менга бирин-кетин сарполар инъом қила бошладилар, хазина дарвозасини очиб қўйдилар. Бойликда, шону шавкатда ўз тенгдошларимдан ўзиб ҳам кетдим».
Мазкур сатрларни ўқиган биродарларимиз кўнглидан «Бу гапларни ҳозирги дўхтирлар ҳам ўқиса, ибрат олса, амал қилса эди», деган ширин орзу ўтгандир. Ҳа, баракалла. Мазкурни баён қилишдан муддао ҳам шу. Замонавий табобат аҳлида «Гиппократ қасами» деган онт бор. Ўқишни битириб, мустақил ишга ўтувчи ҳар бир ёш врач одамларга ҳалол хизмат қилишга қасамёд этади ва... афсуски, сўзларни тил учида ўқиганлари, қалбан ҳис этмаганлари учунми, кўплари бу қасамни тез орада унутадилар. Нафс деган куч бу қасамни парчалаб ташлайди. Биз муҳтарам врачларимиз номини қорага булғамоқчи эмасмиз. Ҳар бир оила уларнинг қаровига муҳтож. Ҳар бир оила уларга умид билан боқади. Жумладан, камина ҳам. Аммо... даволамасдан олдин пора талаб қиладиган врачлар ҳам борки, биз – бандалар кўриб кўрмасликка олармиз ёки кечирармиз, лекин Аллоҳ кечирмайди-да!!! Беморга шифо беришга сабабчи бўлишдек шарафга эришган ҳолда таъмагирлиги учун дўзахга ҳукм қилиниши биз бандалар учун ачинарли. Биз уларнинг барчаларини жаннат мукофоти билан тақдирланишларини истаймиз. Бироқ, бу ажр бизнинг истагимиз билан эмас, уларнинг ўз амаллари билан бўлади. Туғруқхонага келган аёлнинг бой-камбағаллигига қарамай таъма қилувчига Аллоҳдан инсоф тилаймиз. Азизлар, таъма қилманг, вазифангизни бажараверинг. Камбағал сизни дуо қилади, бойдан бирни кутаётган бўлсангиз, у ўнни ёки ундан кўпроғини ташлаб кетиши мумкин. Баъзи жарроҳлар амалиёт чоғидаёқ беморнинг узоқ яшамаслигини биладилар. Лекин ундан ҳам пул ундириб қолишдан қайтмайдилар. Буларга ҳам инсоф тилаймиз. Хуллас, барча врачларга эслатмамиз: қасамни бузганлик учун жазо мавжудлиги Қуръони каримда зикр этилган. Шу боис нафс қасамга ҳужум қилганида дадил туринг. Ўша «Гиппократ қасами»га қўшимча равишда биз юқорида зикр этган баённи ҳам ўқиб, дилингизга тугиб олинг ва амал қилинг. Шунда нажот топгувчилардан бўласиз.
«Нафс»га берилган қўшимча сифатлар кўп: «бало» деймиз, «офат» деймиз... Аслида эса бу бир хасталик. Хасталикнинг эса шифоси бор. Бу хасталикнинг Шифокори Ўзининг китобида давонинг кўплаб усулларини баён қилиб қўйибди. «Қуръон – шифодир», деб бекорга айтилмаган. Демак, шифони Китобдан излаш керак. Баъзи биродарларимиз врачнинг кўрсатмаларига тўла тўкис амал қиладилар. Ҳар олти ойда ёки йилда бир шифохонага ётиб даволанадилар ёки касалликнинг олдини олиш чораларини кўрадилар. Аллоҳ шифо берсин! Раббимиз нафс хасталигидан қутулишимиз учун йилда бир марта шифо ойини тайин қилган. Бу – Рамазон ойи. Шифо турлари – фақат камовқатлик эмас, балки, камгаплик, ғазабни тийиш, биродарини кечириш, бахилликдан қочиш, ҳатто қумурсқага ҳам озор бермаслик... Баъзилар «рўза тутсам ошқозоним оғрийди», деган сабаб билан рўза тутмайдилар. Уларни айблашга ҳуқуқимиз йўқ. Лекин заҳар сўзли одам тилини ёмон гаплардан асраса, қаери оғрийди? Бировга зулм қилмаса-чи? Мансаб илинжида биродарига туҳмат қилмай юрса ҳам бирон ери оғрийдими? Рамазон ойида барча ёмонликлардан сақланиб, ўзини имтиҳон қилиш қандай яхши ибодат! «Бир ой бировни сўкмадим, демак, яна ўн бир ой тилимдан ҳақорат учирмай юрсам ҳам бўлар экан», «Бир ой бировни ғийбат қилмадим, демак, ғийбатсиз яшаш ҳам мумкин экан», деган хулосага келиш гўзал ҳидоят йўлига ўтилганидан далолат берадики, бу йўл нажот йўлидир. Бу хусусда Суқрот ҳаким деганларким: «Одамларга муносиб иш – ўз нафсини қўлга олиб, қайси иш ўзига лойиқ эканини англаб, унга амал қилишдир. Шундай қилса, унинг иши саранжом бўлади. Ҳамма гўзал хислатларнинг яхшироғи ҳалол касб билан молу-дунё ҳосил айлашдир. Агар сизларга қаҳру-ғазаб ғалаба қилса, ёмон сўзлар сўзлашдан тилингизни, бошқаларга озор беришдан қўлингизни сақланг».
Айрим мамлакатларда Рамазон ойида бозорларда арзончилик бошланади. Аҳли савдо сотаётган молларидан камроқ фойда олиб, кўпроқ савобга етишмоқ чораларини излайдилар. Бизда эса... афсус, шу ойда янада бойиб олишга ҳаракат қилинади. Нон, гўшт, гурунч, мева-сабзавот... айримларининг нархи икки баравар ошириладики, ажабланасан киши. Бу сотувчи биродарларимизга инсоф тилашдан ўзга чорамиз йўқ. Билиб қўйсинларким, Рамазон ойида топган моддий фойдангиз бир ҳафтага, ёки бир ойга етар, пул дегани қўлнинг кири – адо бўлади. Аммо муборак ойда кирланган қалбнинг тоза бўлиши қийинроқ кечади. Бу ойда тўпланган савоб бойлиги эса ҳеч озаймайди ва қиёматда асқотади.
Тилимизда «қорин бандаси», «нафс бандаси» деган ибораларни учратиб турамиз. Одам фақат ва фақат Аллоҳга бандалик қилиши шарт бўлгани ҳолда ўз нафсига топиниши ачинарлидир. Имом Ғаззолий ҳазратлари дейдиларким: «Инсонларнинг кўзидан ғафлат нарсалари олиб ташланса, ҳақиқатларга басират кўзи билан боқсалар, афсуски, бир қанчалари ўз нафсини бутга айлантириб сиғинаётганларини кўрадилар. Бу бутнинг қаршисида шайтон қўл қовуштириб «Буюр! Сенинг амрингни бажаришга шайман», деб турар экан».
Ҳа, айнан шундай, атрофимиздаги кимдир, эҳтимол яқин қариндошимиз ёки дўстимиз ёки қўшнимиз пулга сиғинади ёки мансабга сиғинади... Биз эса томошабин бўлиб қараб тураверамиз. Ажабки, ўша биродаримиз тасодифан дарёга чўкаётган бўлса, қутқаришга шошиламиз. Ахир нафс бутига сиғиниши бундан ҳам баттар фожиа-ку? «Одамнинг кўнгли тирик бўлмас, токи нафси ўлмагунча, кимки нафсига ҳоким бўлмаса, оқибат хорланур», деганларидек, қачонгача ўлик кўнгилларга бефарқ қараймиз?
Нақл қилурларким, ҳазрати шайх Абу Абдуллоҳ Хафиф (қ.с.) зовиясига (хонақоҳ, узлатга чекиниш жойи) бир мусофир дарвиш келди. Кўрдилар-ки, дарвишнинг хирқаси қора, бош ёпинчиғи ҳам қора, нимаики кийган бўлса, барчаси қора! Абу Абдуллоҳ анча вақт фикрга толдилар. Ғайратландилар ва сўрадилар:
- Эй дарвиш! Нечун буткул қора кийдинг?
- Илоҳимни ўлдирдим, шунинг учун қора киюрман, - деди дарвиш.
Абу Абдуллоҳ ҳазратлари амр этдилар, дарвишни судраб, ташқарига чиқардилар, ҳайдаб юбордилар. Дарвиш яна келди, ўлтирди. Шайх яна амр этдилар, яна ташқарига чиқардилар. Зоҳир ва ботин асло ўзгармади. Яна келди. Зовияга келиб ўлтирди. Етмиш марта ҳайдаб чиқардилар. Зоҳир ва ботин асло ўзгармади ва яна боягидек келиб, ўлтирди. Бу гал шайх ҳазратлари туриб, дарвишнинг кўзларидан ўпдилар.
- Бу даъвониким, сен қилурсан, ростгўй экансан, - дедилар.
Энди ул дарвишнинг «илоҳимни ўлдирдим» демакдин муроди – «нафсимни ўлдирдим» демоқчи эди. Нединки, ҳар кимки нафсига топинса – сиғинса, ўз нафсини ўзига худо қилиб олган бўлур. Бу хусусда Аллоҳ Ўз расулига хитобан марҳамат этади: «Ҳавои нафсини ўзига «илоҳ» қилиб олган ва Аллоҳ уни билган ҳолида йўлдан оздириб, қулоқ ва кўнглини муҳрлаб, кўз олдига парда тортиб қўйган кимсани кўрганмисиз? Бас, уни Аллоҳ йўлдан оздирганидан сўнг ким ҳидоят қила олгай? Ахир, эслатма-ибрат олмайсизларми?» (Жосия сурасидан). «Хабар беринг-ки, ким ҳавойи нафсларини илоҳ қилиб олган бўлса, сиз унинг устидан вакил-қўриқчи бўлурмисиз?»
-Икки бармоғингнинг учини икки кўзингга қўй. Бу дунёдан бирор нарсани кўряпсанми?-дейдилар мавлавий ҳазратлари. - Агар кўрмаётган бўлсанг, бу «олам йўқ» деган маънони билдирмайди. Кўрмаслик гуноҳ, унинг камчилиги эса нафснинг икки бармоғидан келмоқда... Сен аввало бармоқларингни кўзларингдан узоқлаштир. Ундан кейин истаган томонга қара. Инсон кўздан иборатдир. Қолгани жасоратдир. Фақат яхшиликни кўрганга «кўз» дейдилар.
Бу ҳикматни ўқигач, баъзан ўйланасан киши: адаш йўлдаги баъзи танишларимиз учун бармоқларни кўздан олмоқлик фурсати етмадими? Улуғлардан биридан «Бу мақомга қандай етишдингиз?» деб сўрашганларида «Илон пўстидан шилинганидек, мен ҳам ўз нафсимдан ажралганман», деганлар. Адаш йўлдагилар нафс пўстини қачон ташларкинлар? Нафсларини парвариш қилиш билангина овора бўлиб қаерга етишмоқ истайдилар?

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 102 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ