1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Қайнонанинг гуноҳи

Ўн тўққиз ёшимда ота-онамнинг рози-ризолиги билан узатилдим. Унгача хаёлларим дунёсига ҳам, кўнглим оламига ҳам ҳеч ким йўламаган эди. Суҳроб акам нур бўлиб, қуёш бўлиб қалбимга кириб келди. Гўшанга тақдир йўлларимизни боғлабгина қолмай, кўнгилларимизни ҳам мангуга боғлашга эришганди. Аммо минг афсуски,  қўша қариб, бирга фарзандлар кўриш, пиру бадавлатликда болаларимизнинг дуойи жонини қилиб, кексалик роҳатини кўриш бизга насиб қилмаган экан. Турмуш қурганимизга бир йил тўлмай, бешикдаги ўғилчасини чирқиллатиб, бахтга, севгига тўймаган келинчаги - мени ташлаб Суҳроб акам чин дунёга равона бўлди. Россияга ишлагани кетган акасининг орқасидан не-не орзулар билан кулиб, соппа-соғ кетган эримни ўн беш кундан кейин акаси билан келинойиси темир тобутда олиб келишди... Телбага айланиб қолдим. На кўзимдан бир томчи ёш чиқади, на тилимга бир сўз келади. Фақат қайноғам билан овсиним кўзимга балодай кўринарди холос. Имконим бўлсаю, уларни айбдорлигини элга маълум қилиб, жазо беришларини талаб қилсам. Аммо ҳеч бир исботим, далилим йўқ эди. Дунёга келиб ота меҳрига тўймаган, катта бўлганида отаси борларга ҳавас билан қараб, армон қиладиган боламни бағримга босиб, одамлар елкасида кетаётган тобут ортидан бўзлаб қолавердим.
Суҳроб акамнинг қирқидан кейин ота-онам мени олиб кетиш учун келишди. Қайнонам ҳам негадир тил учида, келин шу ерда қолаверсин, боласига ҳам ўзимиз қарардик, деган бўлди-ю, онам қатъий туриб олганидан кейин рози бўлди. Нарсаларимни йиғиштираётганимда қайнонам бутун маҳаллага эшиттириб:
— Илоё, рўшнолик кўрмасин, қилган меҳнатларимга рози эмасман, боламнинг ўлимида янгасининг қўли бор. Бўлмаса ўн беш кунда ўлиги келармиди?! Мен у етимчани ҳеч кими йўқлигини билдирмай, бировдан кам қилмай келин қилдим. Сеп-сидирғаси, ортидан келадиган йўқламаси йўқ эди, юзига солмадим, у шарманда раҳмат ўрнига боламни ўлдиртириб юборди. Даюс ўғлим ҳам хотинининг қилмишини била туриб, ўшани измидан чиқолмайди. Боламнинг жонига қасд қилганлар паст бўлмаса, у дунёю бу дунё рози эмасман, - деб аюҳаннос солди. Ўзи шундоқ ҳам гумоним қайноғам билан овсинимдан бўлгани учун қайнонамнинг гаплари юрак-бағримни ўртаб, аламларим янгиланди. Бор овозим билан кўксимга муштлаб йиғлашга тушгандим, онам ғазаб билан қайнонамга тикилди:
— Қуда, ҳозир шу гапларнинг мавридими?! Куёвнинг умри қисқа экан, тақдирида шу ёзиқ бор экан, ҳаммамиз кўришга мажбур бўлдик. Аллоҳнинг иродаси шу экан, биз ожиз бандасининг қўлидан нима ҳам келарди?! Ҳадеб ундан-бундан гумон қилмай, билиб-билмай қилган гуноҳларингизга тавба қилинг! Мусулмон кишига бежизга мусибат юборилмайди. Бировларни айбдор қилгандан кўра, фарзандингизнинг руҳига атаб тиловат қилинг, неварангизнинг дуойи жонини қилинг, яратган Эгамдан қолганларга умр сўранг. Мусофир юртда юрган болаларингизни айбдор билиб, бекорга уларни қарғаманг. 
Гарчи онам қайнонамни койиб, унини ўчирган бўлса-да, юрагимдаги гумон ва шубҳа илонлари тобора танамга заҳрини санча бошлади. Ўйлаб ўйимга етолмасдим-ки, овсинимнинг менга қандай душманлиги бор экан?! Унга нима ёмонлик қилган эканману, қайси озорим жонига оғир ботиб охир шунчалик қасд олишга шайланган экан?! Шундай хаёллардан чарчаб, тақдиримдан, қисматимдан ёзғириб юрган пайтларимда онам ёнимга кирдилар. Ўғилчамни бироз эркалаб, суйиб ўтирдилар-да, кейин секингина гап бошладилар:
— Қизим, бироз тузукмисан? Аҳволингни тушуниб турибман. Аммо кўп куйинаверма. Аллоҳнинг қаҳри келади. Осмондан келганини ер кўтаради, Аллоҳдан келганини бандаси кўтаради, қизим. Ҳадеб ўз ёғингга ўзинг қоврилиб, қийналиб-йиғлаб ўтиргунча, болангни бағрингга бос, унга яхши тарбия бер. Бундай юришинг ҳам ўзингга, ҳам болангга, ҳам бизга яхши эмас. Болам, ўлганнинг ортидан кетиб бўлмайди. Энди ўзингни қўлга ол...
— Қандай кўтарай, ойи? Қандай чидай?! Нега овсиним билан қайноғам бунчаликка боради?! Суҳроб акам уларга нима ёмонлик қилган эди?! Акаларини ҳам, келинойиларини ҳам жуда ҳурмат қиларди. Акам суянган тоғим, деб кўп такрорларди...
— Гумонга берилма! Гумон иймондан айиради, дейишади! - Онамнинг жаҳли чиқди.
— Ойи, тушунсангиз-чи, сиз ҳамма нарсадан яхшилик излаб ўрганганингизни биламан. Аммо, тушунинг, ҳозирги ҳолат бошқа! Қайнонам Суҳроб акамнинг ўлдирилганини фақат овсинимдан биладилар. “Ўғлим ишда бўлганида у мегажин бошқа ўйнашлари билан “юриб” қўйган. Буни Суҳробим кўрган, акасига айтса, шундай мўмин-қобил, топармон-тутармон эрдан айрилиб қолмаслик учун ўғлимни ўлдиртириб юборган”, деб йиғлайдилар...
— Ўчир овозингни! Худодан қўрқ! Ўша бетавфиқ қайнонанг билан бир етимчага туҳмат қилгани Худодан қўрқсаларинг бўларди! Тавба қилдим де, тавба қилдим де! -Онамнинг ранглари ўзгариб, мени урар ҳолатда бошимга келдилар. - Аслида, ҳар нарсани билгувчи Аллоҳнинг ишларини бирор нарсага йўйиш гуноҳ, аммо мен ишонч билан шуни айтаман-ки, қайнонангнинг ўз ота-онасига қилган ёмонлиги ўзига қайтди!..
Онамнинг гапларини бўлмай, аммо ҳайрат ва қизиқиш билан уларга тикилиб туравердим.
— Қайнонанг қиз болалик пайтида ўз акасига туҳмат қилганди. “Акам номусимга тегди” деган гапни тарқатганди. Чиройли келинойисига ҳасад қилиб, уларнинг турмушини бузиш учун шу нарсани ўйлаб топганди. Ўша пайтларда акасининг бир қиз, бир ўғли бор эди. Шўрлик йигит бу гапга чидаёлмай ўзини осиб қўйган эди. Ота-онаси ўша ўғлининг дардида адойи тамом бўлишди. Мана, сенинг қайнонанг турмушга чиқди, ўғил-қиз кўрди, аммо қилган қилмишининг жавобини берди. Бу дунёда ҳамма нарсанинг жавоби бор, қизим. Ҳеч қачон бировга туҳмат қилма.
Онам шундай деб хонамдан чиқиб кетди. Мен эса адоқсиз хаёллар гирдобига тушиб, ўтирган ўрнимда чўкиб қолавердим...

Мактубни ФАРЗОНА нашрга тайёрлади

Ҳозир сайтимизда 99 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ