1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Жинсий ожизлик

Жинсий ожизлик араб тилида «анийн» дейилади ва аёлни истамайдиган эркакка ва эркакни истамайдиган аёлга нисбатан ишлатилади. Шаръий истилоҳда эса, жинсий олати бўлса ҳам, аёлларга яқинлик қила олмайдиган ёки жувонга яқинлик қилиб, бокирага яқинлик қила олмайдиган, баъзи аёлга яқинлик қилиб, бошқасига қила олмайдиган эркак «анийн» дейилади.
Бу ожизлик унинг яратилишидаги заифлик, қари бўлганлиги ёки сеҳрланган бўлиши оқибатида вужудга келиши мумкин. Ана шундай одам уйланганидан кейин айби зоҳир бўлганда қандай ҳукмлар бўлишини қуйида келадиган матнлар орқали ўрганамиз.
Эр яқинлик қила олмаганига иқрор бўлса, ҳоким унга бир қамарий сана муҳлат беради. Рамазон ва аёлнинг ҳайз кунлари ҳам ҳисоб. Икковидан бирининг беморлик муддати бунга кирмайди. Агар ўша йил давомида аёлга етиша олмаса ва аёл талаб қилса, ораларини ажратиб қўяди. Шунда бир боин талоқ тушади.
Жинсий ожизлиги учун хотинга жинсий яқинлик қила олмаган ҳолатда эрга шариат ҳукми бўйича бир йил муддат берилади. Чунки жинсий ожизлик ўта нозик хасталикдир. Унга даво топиш ҳам осон эмас. Фақат вақт ўтиши билан, хотиржамлик асосида бир натижага эришиш мумкин.
Ҳар кимнинг мизожи ҳар хил бўлади. Баъзи эркаклар жинсий маънода ёзда яхши қўзғалсалар, баъзилари қишда яхши қўзғаладилар. Бир йил муддат беришда эса, тўрт фаслнинг тўлиқ ўтишига имкон берилган бўлади.
Шундан сўнг ҳам жинсий ожизлик давом этаверса, аёлга ажрим ҳаққи берилади. Жинсий қониқиш ҳаққи адо этилмаганидан кейин, аёл мазкур ҳаққа эга бўлади.
Жинсий ожиз киши учун бир йил муддат бериш ҳукуматга бу масала арз қилинган кундан бошлаб бўлади. Аммо, эр бир марта бўлса ҳам жинсий алоқага яраган бўлса, ожиз ҳисобланмайди.
Шунга биноан, унга хотини билан ажрашиш ва маҳрни бериш ҳақида ҳамда шунга ўхшаш бошқа ишларда мажбурловчи ҳукм қилинмайди. Хотин ажрашишни хоҳласа, қозига арз қилиб, хулуъ йўли билан ажрашади.
Агар хилвати саҳиҳа бўлган бўлса, аёл тўлиқ маҳрга ҳақли ва идда вожиб бўлади.
Ораларида жинсий яқинлик бўлмаганлиги бу нарсаларга таъсир қилмайди. Холи қолишнинг ўзи маҳр ва иддани вожиб қилади.
Агар иккови ихтилоф қилишса, аёл жувон ёки бокиралиги эътиборидан аёллар назар солишади. Агар «жувон экан» дейишса, эр қасам ичади.
Жинсий алоқа бўлган ёки бўлмаганлиги ҳақида масала кўтарилганда эр ва аёл ихтилофга тушдилар. Эр «Бўлган» дейди, аёл эса «Бўлгани йўқ», дейди. Бундай ҳолатда тажрибали аёллар хотиннинг жувон ёки қиз эканлигини маълум услублар ила аниқлайдилар. Мисол учун, улар: «Аёл жувон экан», дедилар. Бунда эр ўз гапининг тасдиғи учун, яъни хотинига жинсий яқинлик қилгани ҳақидаги гапда ростгўй эканлигининг исботи учун қасам ичиши лозим бўлади.
Биринчи ҳолатда аёл аслида жувон эди. У: «Эр менга яқинлик қила олмади», деган даъво ила ундан ажрамоқчи. Эр эса буни инкор қилмоқда. Қоида бўйича, инкор қилган одам қасам ичади.
Иккинчи ҳолатда аёл бокира эди. Аммо текширувда жувон чиқди. Шу билан бирга, «Эр менга яқинлаша олмади» деган даъвони қилмоқда. Аммо, аёлларнинг уни жувон деганлари эр унга яқинлашганлигига ҳужжат бўла олмайди. Чунки, қизлик пардаси сакраш, йиқилиш ва шунга ўхшаш бошқа сабаблар билан кетган бўлиши ҳам мумкин. Шу боисдан эр ўз гапини тасдиқлаш учун қасам ичиши лозим бўлади.
Агар эр қасам ичса, хотиннинг ҳаққи ботил бўлади.
Яъни, мазкур икки ҳолатда эр қасам ичса, хотиннинг ажрашиш ҳаққи ботил бўлади.
Агар қасам ичишдан бош тортса ёки аёллар «Хотин бокира экан», дейишса, эрга бир йил муҳлат берилади.
Берилган муҳлатдан кейин ҳам ихтилоф қилишса, худди аввалгига ўхшаш тақсим бўлади. Эрнинг қасам ичиши ила аёлнинг ҳаққи аввалги марта ботил бўлгани каби ботил бўлади.
Шунингдек, аёл муҳлатдан кейин эрни ихтиёр қилса ҳам, ҳаққи ботил бўлади. Аввалги ҳолатда муҳлат берилган бўлса, бу ҳолатда аёлга ихтиёр берилади.
Яъни, маълум муҳлат берилгандан кейин яна ихтилоф пайдо бўлиб, масала қайтадан аввалги вазиятга келса, ихтиёр аёлга берилади. Хоҳласа, мазкур эр билан яшашда давом этади, хоҳласа, ажрашиб кетади.
Ахта ҳам муҳлат берилишида жинсий ожизга ўхшайди.
«Ахта» деганда мояклари ишдан чиққан одам кўзда тутилади. Бу ҳолат қай услуб ила пайдо бўлганининг фарқи йўқ.
Олати кесилган (эр) аёлнинг талабига биноан дарҳол ажратилади.
Чунки, муҳлат беришдан фойда йўқ. Бундай одамнинг жинсий яқинликка қодир бўлишидан умид йўқ. Юқорида зикр қилинган айблардан бошқа ҳолатларда:
Икковларидан бирига бошқасининг айби сабабидан ихтиёр берилади.
Ҳанафий мазҳаби бўйича, жиннилик, мохов, пес, аёлнинг фаржида ўсимта бўлиши ҳолатларида никоҳ бузилмайди.
Эркакнинг талоқ қилиш ҳаққи бўлганлиги учун унга бу каби ҳолатларда ажрашишни талаб қилиш ҳаққи берилмаган. Аёлда талоқ ҳаққи бўлмаганлиги учун унга мазкур ажрашишни қози орқали талаб қилиш ҳаққи берилган.
Айб туфайли эр-хотин орасини ажратиш масаласини атрофлича ва чуқур ўрганиб чиққан уламоларимиз хулоса тарийқасида қуйидагиларни айтганлар:
Айблар қовуша олиш ёки олмаслик жиҳатидан иккига бўлинади:
1. Қовушишдан манъ қиладиган айблар.
Бунга эркакдаги олати кесилганлик, жинсий ожизлик, бичилганлик, аёлнинг жинсий аъзосида без, ўсимта каби тўсиқ бўлиши каби омиллар.
2. Қовушишни манъ қилмайдиган айблар.
Бунга нафрат қўзғовчи ва юқадиган пес, мохов, сил ва жиннилик каби касалликлар киради.
Умумий қилиб олганда эса, эр-хотинда ажрашишга сабаб бўладиган айблар учга бўлинади:
1. Эркакнинг жинсий ҳолатига хос айблар.
Жинсий олатнинг кесилган бўлиши, ишламаслиги, бичилган бўлиши ёки қарилик ва бошқа беморликлар туфайли жинсий алоқага қодир бўлмаслик.
2. Аёлнинг жинсий ҳолатига оид айблар.
Фаржнинг йўли тўсиқ бўлиши.
Фаржда суяк ёки без бўлиб, жинсий алоқага монеълик қилиши.
Фаржда лаззатни ман қилувчи нарса бўлиши ёки ёмон ҳид чиқарадиган бўлиши ва бошқа шунга ўхшаш айблар.
3. Эркак ва аёллар учун муштарак бўлган айблар.
Жиннилик, пес, мохов, пешобни тута олмаслик, хунасалик каби айблар шу жумлага киради.
Айбга биноан ажратиш ҳақида фиқҳий мазҳаблар турли ҳолатларга қараб, турлича ҳукмлар чиқарганлар.
Улар, ҳолатга қараб, алоҳида-алоҳида ўрганилади ва шундан кейин охирги хулосага келинади.
Лекин айб туфайли ажратишга оид умумий шартлар бор.
1. Ажрашни талаб қилаётган томон никоҳ аҳди тузилаётган пайтда айбдан бехабар бўлиши шарт. Агар ўша вақтда у айбни билган бўлса, ажрашиш ҳақидаги талаб ҳаққига эга бўлмайди. Чунки, айбни билиб туриб, никоҳга рози бўлиш айбга ҳам рози бўлиш аломатидир.
2. Ақди никоҳдан кейин ҳам айбга рози бўлмаган бўлиши шарт. Аввал айбни билмаган бўлса ҳам, ақди никоҳдан кейин айбни билиб туриб, рози бўлган бўлса, ажрашишни талаб қилиш ҳаққидан маҳрум бўлади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Ҳозир сайтимизда 19 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ