1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Экрандаги ғунажин

 ЭҲТИРОСНИНГ ИСЁНИ ёхуд “таъқиқланган ширин мева”нинг аччиқ касофатлари

2012 йил 14 декабр. АҚШ, Ньютаун
Маҳаллий вақт билан соат 9.30. New York Times маълумотларига кўра, 911 хизматига биринчи қўнғироқ бўлди. АҚШнинг Коннектикут штатидаги Сэнди Хук бошланғич мактабида 20 ёшли Адам Ланза қонли отишмани содир этди. Оқибатда 26 киши ҳалок бўлди, уларнинг 20 нафари ёш болалар. Ҳалок бўлганларнинг орасида жиноятчининг онаси - Нэнси Ланза ҳам бор эди. У шу мактабда тарбиячи бўлиб ишларди.
27 минг аҳоли яшайдиган Ньютаун шаҳарчасида рўй берган отишма шу қадар даҳшатли эдики, ёрдамга келганларнинг ўзларига ҳам тиббий ва руҳий ёрдам кўрсатишга тўғри келди. Отишмага соат 10.30 га бориб барҳам берилган. Бу сўнгги йилларда Коннектикутда рўй берган иккинчи воқеа эди...

Орадан бир ой ўтди: Мактабда яна икки отишма
2013 йил, январ. АҚШ. Дастлаб Миссури штатидаги Сент-Луис шаҳрида номаълум шахс бизнес-мактабга қарата ўқ узган. Бир кишини яралаган жиноятчи, кейин ўз жонига қасд қилмоқчи бўлиб, кўкрак қисмига ўт очган. Ҳар иккаласи оғир аҳволда касалхонага олиб кетилди. Орадан бир неча соат ўтиб, Кетукки штатидаги Хазард шаҳрида жойлашган коллеж автомобиль тўхташ жойида икки киши отишма қурбони бўлган, яна бири жароҳатланган. Полиция икки нафар гумондор шасхни қўлга олган.
Ана шундай мудҳиш воқеалар рўй бераётган дамларда Нью-Йорк губернатори қурол сақлаш ва сотиш назоратини кучайтиришга қаратилган қонунни имзолади...

ИХТИРО
Альфред Нобель динамитни ихтиро қилганида тоғ кончилари меҳнатини енгиллаштиришни ният қилган бўлса-да, бу янгилик бир кун келиб инсониятга мусибатлар келтиришини хаёлидан ҳам ўтказмаганди... Ядровий реакцияларнинг мислсиз куч-қудратини кашф этган олимлар ҳам ушбу ихтиро асосида яратилган қуроллар инсониятга фақат кулфат олиб келишини тасаввур этмаган бўлса керак.

УЧ РАҚАМ
Бугунги кунда дунё аҳолисининг 18 фоизини ёшлар ташкил этади. Уларнинг 85 фоизи ривожланаётган мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади.
Гарвард университетининг тиббиёт факультетида олиб борилган тадқиқотларга кўра, бола ўн саккиз ёшга етгунча телетасвирда 180 000 марта зўравонлик саҳнасини томоша қилади...

НАФСНИНГ ТУҒИЛИШИ
Одам алайҳиссалом айтилган вазифани бажармай иродавий хатога йўл қўйдилар. Нафсни уйғотган шайтон васвасаси Одам Ато ва Момо Ҳавонинг жаннатдан Ерга туширилишларига сабаб бўлди. Одам алайҳиссаломнинг катта ўғиллари Қобил ўз укаси Ҳобилни ўлдирди. «Нафси уни биродарини ўлдиришни яхши кўрсатди. Бас, уни ўлдирди. Шу сабабдан зиёнкорлардан бўлди» (Моида сурасидан)
Бу фоний дунёдаги дастлабки қотиллик акадаги нафс ғолиб келган дамда содир этилди. (islom.uz сайтидан)

«Сайёднинг балиққа қармоқ ташлаши – нафс муддаоси учун, балиқнинг қармоққа илинмоғи ҳам худди шу бало учун.” (Ҳазрат Навоий)

ИНҚИРОЗ
БМТ маълумотларига кўра, 2011 йилда 75 миллион нафарга яқин ёш йигит-қиз ўз иш жойидан айрилган, 900 миллион нафар ёш эса тўйиб овқат емаган, 100 миллиондан ортиқ ўсмир мактабга қатнаш имкониятидан маҳрум. Энг даҳшатлиси, йилнинг ҳар кунида ҳали балоғат ёшига етмаганларнинг 2000 нафардан зиёди ВИЧ вирусини юқтирган. Айрим мамлакатларда эрта никоҳдан ўтиш ҳолатларининг ортиб бораётгани аёллар ва болалар ўлимининг кўпайишига олиб келди. Шунингдек, ҳар йили ер юзида 10 миллион нафар қиз 18 ёшга тўлмай турмушга узатилаётган бўлса, 16 миллион нафар ўсмир қиз оналар қаторига қўшилмоқда.

ҚОТИЛЛАР ОНАДАН ҚОТИЛ БЎЛИБ ТУҒИЛМАЙДИ
Гапнинг индаллосига ўтсак. Бугун битта хонада ўтириб, бир неча дақиқада бутун дунё бўйлаб истаганча ахборот тарқатиш, давлатлараро чегараларни бартараф қилиб, визаларни кераксиз матоҳга айлантириш ва дунёнинг исталган нуқтасидаги исталган киши билан алоқа ўрнатиш мумкин. Аммо ижтимоий ҳаётимизга кириб келадиган ҳар бир ижобий нарса ўз ортидан бир қатор салбий оқибатларни етаклаб келиши ҳам бор гап.
Масалан, дунёни ўргимчак тўридек ўраб олган биргина интернет тармоғида турли хилдаги бузғунчи, террорчилик, порнографик сайтларнинг ҳам борлиги кўпчиликка аён. Тадқиқотларга кўра, дунёда интернет фойдаланувчилари кўпайгани сайин руҳий оғиш ҳолати аниқ кузатилаётган ёки шунга алоқаси бўлган қаттиқ мойиллик асосидаги касалликлар билан шифокорга мурожаат қилаётганлар сони ортиб бормоқда. Асосан, қотиллар ва зўравонликка мойил кимсалар ҳам шулар орасидан чиқиши ҳақидаги фикрлар олға сурилмоқда.

«Энг янги компьютер ўз тезлиги билан инсоний муносабатларга тақлид қилиши мумкин холос, бироқ коммуникатор охир-оқибат яна ўша эски муаммога: нимани гапириш ва қандай гапириш муаммосига дуч келади» (Эдуард Мюрроу).

БОЛТАНИНГ СОПИ КИМДА?
Адибларимиздан бири “Болта ҳунарманднинг қўлида санъат қуроли, ўтинчининг қўлида меҳнат қуроли, жаллоднинг қўлида ўлим қуроли” деганди.
Статистикага кўра, глобал тармоқдаги маълумотларнинг атиги ўн фоизигина ҳаққоний, холис маълумотлар ҳисобланиб, қолган 90 фоизи маънавий таҳдидларга хизмат қиладиган, одамларни йўлдан оздирадиган, айтиш жоиз бўлса, чиркин маълумотлардир. Ачинарлиси, ҳар куни кимдир бу ердаги ёлғонларга туртиляпти, қоқиляпти ва бундай оғриқли муаммолар ўзимизда ҳам тез-тез қулоққа чалиняпти.

ПОРНОГРАФИЯ НИМА?
Остготу вестготларнинг ойболталари ёхуд ҳуннларнинг узун камон ўқлари ва бошқа ваҳший(варвар)ларнинг ҳамлалари тиз чўктира олмаган, аммо бузуқлик туфайли тобора таназзулга юз тутиб бораётган Римда Цезарь Тибериус ўз нафсини қондириш учун Миср папирусларига чизилган шаҳвоний расмларни сотиб оларди. Бу порнографиянинг дастлабки маҳсуллари эди. Бугун эса барчаси ўзгарган...
“Интернетдаги савдогарлар фаҳшдан катта даромад олишмоқда, шу орада катталар ва ёшлар порно қарамликка мубтало бўлишмоқда, бу эса ичкилик ёки қимордан кам бўлмаган хавфдир” (Жен Лару, Оила тадқиқоти кенгашининг (Family Research Council  FRC) ҳуқуқий масалалар бўйича бош директори).

ТИББИЙ ХУЛОСА
Кўп ҳолларда эркаклар чалинадиган порнография балоси бугун эпидемия даражасига келди. Аммо, шундай бўлсада, негадир кўпинча бу муаммо ҳақида сукут сақланади. Замонавий неврология миянинг ўта таъсирчан жисм эканини исботлаган. Турли саҳналарни кўриш оқибатида одам алданиш (иллюзия) ҳиссини ҳосил қилади. Нормал руҳий соғлом одамда бу очиқ саҳналар фақат жирканишдан бошқа ҳиссиётни уйғотмайди.
Британиялик шифокорлар кўп йиллик тадқиқотлар натижасида, эркакларнинг порнографик фильмларни кўп кўриши, жинсий қувватида (потенция) муаммолар келтириб чиқишини аниқладилар. Шунингдек, 25 ёшдан 45 ёшгача бўлган бир неча минг кўнгиллилар иштирок этган тадқиқотда эротик фильмларни кўрадиган эркакларда простата касалига мубтало бўлиш эҳтимоли бошқаларга қараганда икки баробарга ошиши аниқланган.

ДИҚҚАТ!
БМТ маълумотларига кўра, ҳозирда Интернет тармоғида болалар порнографиясини тарғиб қилаётган сайтларнинг сони 4 миллиондан ортиқ. Ким учундир эрмак, ким учундир даромадли бизнесга айланган бу жиноят, афсуски, бизнинг юртимизга ҳам кириб келмоқда. Хоҳлаган одам уйида ёки интернет-кафеда ўтириб, бундай сайтларни истаганча томоша қилиши, "завқ" олиши мумкин. Аммо...

ҲАЛОКАТ
Тадқиқотларга кўра, порнография беозор вақт ўтказиш воситаси эмас. Психологларнинг айтишича, уятсиз расм ва киноларни кўриш ҳатто катталарнинг ҳам фикрлаши ва идрокини ўзгартириб юборади. Ҳали шаклланиб улгурмаган бола дунёқарашида эса порно ҳақиқий тўнтариш ясайди. У вояга етиши, оила қуриши ва келажак ҳақида қайғуриши керак. Тўғри, масаланинг бу тарзда олиб чиқилиши айримлар учун эриш туюлар. Лекин биламизки, бир учқундан пайдо бўлган ёнғиннинг фожиаси қандай аянчли. Кичик бир тешикча туфайли катта кема ғарқ бўлиши мумкин. Йўғон қозиқ учи ёки игна ҳам кўзни кўр қилгани каби ёмон бўлган кичик бир зарра кишида тўпланиб, бора-бора уни ҳалок қилиши муқаррар.
“Ҳозирги вақтда ахлоқсизликни маданият деб билиш ва аксинча, асл маънавий қадриятларни менсимасдан, эскилик сарқити деб қараш билан боғлиқ ҳолатлар бугунги тараққиётга, инсон ҳаёти, оила муқаддаслиги ва ёшлар тарбиясига катта хавф солмоқда ва кўпчилик бутун жаҳонда бамисоли бало-қазодек тарқалиб бораётган бундай хуружларга қарши курашиш нақадар муҳим эканини англаб етмоқда”. (Ислом Каримов «Юксак маънавият – енгилмас куч» асаридан)

“ТЕЗ ЁРДАМ”
Глобаллашув. Ўтган асрнинг 70-80 йилларида тор доирадаги адабиётларда пайдо бўлган бу атама бугун кишилар ўртасида оддий мулоқот мавзуига айланди. Истаймизми йўқми, бугун халқаро майдонда ўз ўрни, сўзига эга бўлган юртимиз ҳам бу жараёндан ташқарида эмас ва унинг қатор ижобий хусусиятлари ҳам борлигини инкор этиб бўлмайди, аммо...
“Оммавий маданият” деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик ғояларини тарқатаётган, халқларнинг неча минг асрлик маънавий негизларини қўпоришга қаратилган таҳдидлар соғлом одамни ташвишга солмай қўймайди. Бундай вазиятда ҳозирги куннинг ҳаёт тарзига айланган порносаноат ҳам кимларнингдек олдида беозордек кўринар. Айнан ўшаларга зудлик билан “тез ёрдам” чақириш зарур.
«Миллатлар ахлоқи билан миллат бўлади, ахлоқи кетса, миллат ҳам кетади» (Шоир Аҳмад Шавқий, Миср)

Сарвар САФАРОВ тайёрлади

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ