1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

«ЎРМОН ҲАЁТИ»

Бу ҳаммага маълум оддий гап: ўрмонда қайси ҳайвон кучли бўлса, иложининг борича ўзига нисбатан кучсизроғини янчиб ташлайди, ўзига нисбатан кучлисидан эса қочади. Ҳар бир ҳайвон кечаю кундуз мана шу курашнинг ичида бўлади. Бир томондан, ўзининг жониии сақлаш, иккинчи томондан. бошқа бир жонни ўзига емиш озуқа қилиш — ягона қонун. Махлуқот пайдо қилингандан бери шу қонун қоида амал қилади. Собиқ мустабид тузум даврида кишиларимизнинг онгига «Капитализм мамлакатларида «Инсон - инсонга бўри» деган умумий қоида ҳукм қилади», деб сингдиришарди. Бошқача айтганда, «Ўрмон қонуни». Ким бўлса ҳам ўзидан кучсизларни эзиб роҳатланади, ўзидан кучлиларга ем бўлиб қолмаслик учун чоралар излайди.
Бугунга келиб кўрдикки, жаҳондаги мамлакатларнинг деярли барчасида «Инсон - инсонга бўри» қоидаси, «Ўрмон қонуни» роста-камига амал қилар экан. Кимдир ўзининг бойлиги ва пули билан, кимдир одам ва оламқирар қуроли билан, кимдир ўзига тегишли аскари ёки мафияси билан «ўрмонда» устун бўлиш учун, бошқаларга ҳукм ўтказиш учун, кўпайиб кетса нима қилишини ўзи ҳам билмай қоладиган бойликка - ўзидан олдингиларга вафо қилмаган, ўзига ҳам вафо қилмаслигини биладиган, ўзидан кейин ҳам кимларгадир қолиб кетадиган бойликка кўпроқ эга бўлиш учуп кечаю кундуз тўғридан-тўғри машваратлар ташкил қилиш йўли билан, телефон ҳамда интернет воситасида жанг қилиб ётибди. Хаммаси эришадиган натижа тахминан бир хил: чўтга ташланган-да қанчадир миллион ёки миллиардни ташкил этадиган доллар ($) ёки евро О, тишидан тирноғигача қуролланган ёлланма ёки содиқ-носодиқ замонавий, шиддатли сурбет йигитлар, атрофини гирдикапалак бўлиб ўраб турадиган жисман чиройли, лекин маънан бузуқ, тамъагир аёллар, жамланганда нечадир гектардан иборат бўладиган, бир қанча иморатлардан таркиб топган истиқомат манзиллари ва ниҳоят — шунчалик қудрат эгаси бўлишига қарамасдан топиб келишга қодир бўлган шармандали ёхуд обрўли, совуқ ва нақд ЎЛИМ! Бошқа йўл йўқ. Бу ерда тузилган узун жумладаги катта ҳарфларда ёзилган сўзгача зикр этилган, босиб ўтилиши мум-кин бўлган жараён насия: кимгадир насиб қилади, кимгадир йўқ, аммо ўша сўз — ЎЛИМгина нақд. Аммо шунда ҳам «Ўрмон қонуни» амал қилиб, ўша инсон қайсидир бошқа кучлироқ ўрмондошининг чангалида нобуд бўлган бўлиши эҳтимоли сақланиб қолаверади. Агар ўша инсон шу нақд - ЎЛИМни эсдан чиқармай, ўзининг ожиз, оддий банда эканлигини ҳис қилиб ҳаракат қилса, балки кўпроқ нарсага эришиши мумкин бўларди. Шунда унинг душманларидан қўра дуогўйлари, тарафдор дўстлари кўпроқ бўларли. Балки шунда у шарафлироқ ўлим топар, балки келажакда олдинда турган савол жавоб енгилроқ ўтиши учун умид қилиш имкониятига эга бўлармиди?!

Юқорида келтирилган мисоллар «Ўрмон қонуни»нинг умумийроқ тафсилоти бўлиб, у ўрмонда шер, йўлбарс, қоплон, лоақал, бўри бўлишга интилганларнинг мисолидир. Уларнинг кураши ҳам, босқичма-босқич муваффақияти ҳам, ғалабаси ҳам, ва, бахтга қарши, мағлубияти ҳам катта ва улкан бўлади. Отахон шоир Абдулла Ориповнинг «Югур, бизнесмен» шеърида узоқ хорижлик бизнесмен номидан айтиладиган якуний гап бор, юқорида зикр қилинган курашнинг ичидагилар ҳам худди шундай фикрлашга маҳкум:
Биз бир лаҳза тинсак, чўкиб кетамиз.
Яъни курашдан тўхташнинг, дам олишнинг сира иложи йўқ.
Энди ўрмондаги тулки мисол яшайдиганларнинг мисолини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Чунки ҳаёт тулкисиз қизиқ эмас. Улар жуда катта орзу ҳаваслар қилса ҳам, шошмай, балки ҳолларига қараб кун ўтказадилар. Улар шерга ўзига яраша, йўлбарсга ўзига яраша, қоплонга ўзига яраша ва бўрига ҳам, албатта, ўзига яраша муомала қиладилар. Кескин қарши чиқишдан сақланишади-ю, бироқ пайт пойлаб юришади. Дилларида катта луқмага иштаҳа қилишса ҳам, қўлга кирган кичик луқмагада вақтинча қаноат қилиб кетаверишади. Уларнинг муваффақияти катта бўлмаслиги мумкин, лекин мағлубияти ёки фожиаси ҳам унчалик катта бўлмайди.

Мазкур қонуннинг хусусий жиҳатлари сифатида яна баъзи нарсаларни кўрсатиш мумкин. Бу эркакларнинг аёлларга, аёлларнинг эркакларга тузоқ қўйишларидир. Бунда кўпинча бегуноҳ хотин-қизлар, айрим ҳолларда эса, йигитлар ҳам тузоққа тушиб қолишаётгани сир эмас. Бу қуйидагича амалга оширилади: аввал халқ оммасида аста-секин орсизликка, рашксизликка, ҳаёсизликка лоқайдлик юзага келтирилади, яъни бу каби иллатларга пойдевор қўйилади, кейин-кейин одамлар бу иллатларни айб санамай қолишади, ҳаттоки, ўша иллатлар маданият ҳисобланиб, бу нарсаларга қаршилик қилганларни тушунмаганлар, маданиятсизлар қаторида санаб қолишади. Шундан сўнг эса бемалол хоҳлаган кишининг аёли ёки қизига бир баҳонаи сабаб билан, баъзан эса ҳеч қандай баҳонасиз гул бериш орқали севги изҳор қилиб, йўлдан уриши мумкин бўлади. Бу ҳаракат бир неча бор такрорлангач, аёл мақтовлардан эриб кетиши, ўзининг жуфти ҳалолини ёмон кўриб қолиши ски унга хиёнат қилиши эҳтимоли кўпаяди. Натижа: ёш, бой, гўзал, хушхулқ ва содда аёллар, қизлар худди ўрмондаги ҳимоясиз жайронларга ўхшаб жирканч ниятлиларга қурбон бўлишади. Бошқача айтганда, яна ўша «Ўрмон қонуни»нинг ижроси. Хайриятки, бизда бунақа воқеа ҳодисалар кўп учрамайди. Лекин кам кам бўлса ҳам, учраб туради.

Бу ёзилганлардан мурод «Ўрмон қонуни»ини тўхтатишга уриниш эмас, асло. Чунки уни тўхтатиб бўлмайди. Чунки уни тўхтатиш учун инсониятга имконият берилмаган. Бу ёзилганлардан мурод — бизнинг умумий ВАТАНИМИЗда ҳозирча озгина бўлса ҳам сақланиб турган одамийлик қадриятларини янада кўпайтириш учун рағбат ҳосил қилиш. «Бирники мингга, мингники туманга» мақолини яна эслаш фойдадан холи бўлмайди.

Бахтиёр Муҳаммадамин Абдураҳим ўғли

Ҳозир сайтимизда 27 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ