Мезбоннинг ҳурмати учун рўзани очиш

  • Печать

Кишининг рўзаси нафл рўза бўлса, мезбон ифтордан олдин рўзасини очишини илтимос қилса, очиши мумкин. Бу тўғрида бир қанча ҳадислар мавжуд.

Биринчи: «Агар бирорталарингиз таом (зиёфат)га таклиф қилинса, ижобат қилсин (яъни таклиф қилинган жойга борсин). Таомдан егиси келса, есин ва агар ейишни хоҳламаса тийилиши (емасдан ўтириши) мумкин».[1]

Иккинчи: «Нафл рўза тутган киши ўша ерда бўлиб қолса, хоҳласа рўзасини тўлиқ қилиб тутиб қўйиши, хоҳласа рўзасини (ифтордан олдин) очиши мумкин».[2]

Учинчи: Оиша (р.а) ривоят қилади:
 «Бир куни Расулуллоҳ (с.а.в) олдимга кириб: «(Ейиш учун) Бирор нарсанг борми?»,- дедилар. «Йўқ»,- дедим. «Ундай бўлса, мен (бугун) рўзадорман»,- дедилар. Кейин бошқа бир куни яна олдимга кириб келдилар. Менга ҳайс[3] ҳадя қилинган эди. Расулуллоҳ (с.а.в) ҳайсни яхши кўрганлари учун озгинасини олиб қўйган эдим. Шунда мен: «Эй Аллоҳнинг элчиси, бизга ҳайс ҳадя қилинган эди. Шундан сизга ҳам олиб қўйган эдим»,- дедим. «Олиб кел. Бугун кунни рўза билан бошлаган эдим»,- дедилар. Кейин ундан едилар ва: «Ихтиёрий рўза бу бир кишининг ўз молидан қилган садақаси кабидир. Хоҳласа беради, хоҳламаса ўзида олиб қолади»,- дедилар».[4]

[1] Муслим, Аҳмад ва бошқалар ривояти.
[2] Насоий «ал-Кубро» номли асарида, Байҳақий ва Ҳоким ривояти, саҳиҳ.
[3] Хурмо, ёғ, пишлоқ қўшиб тайёрланган таом
[4] Насоий ривояти, саҳиҳ.