Набийнинг (с.а.в.) «Ҳажжатул вадоъ»да қилган васиятлари

  • Печать

Набий (с.а.в.) видолашув ҳажидаги хутбаларида шу сўзларни айтганлар: «Огоҳ бўлингларки, сизлар учун аёлларингиз устида ҳақ бор ва аёлларингиз учун сизларнинг устингизда ҳақ бор. Бас, сизларнинг улар устидаги ҳаққингиз – ўрнингизга сиз ёқтирмайдиганларни киргизмасликлари ва уйингизга сиз ёқтирмайдиганга рухсат бермасликлари. Огоҳ бўлингки, уларнинг сизлар устиларингиздаги ҳаққи уларга кийинишларида ва таомларида эҳсон қилишингиз» (Имом Муслим ва Ибн Можа ва Термизийлар ривоятлари).

Ислом аёлга эри ёқтирмайдиган бирорта одамни уйига киришга рухсат беришни ҳаром қилди. Чунки бу нарса эр­хотин орасида адоват туғдириб, шубҳа­гумонларларга замин бўлади. Баъзан эр, хотинининг амакиси ёки тоғасининг ўғлига ўхшаш қариндошларининг юриш­туришидан гумонда бўлиши ва шу сабабли уйига унинг киришини истамаслиги мумкин. Ўзининг ё аёлининг баъзи қариндошлари турмушини бузишидан қўрқса, ундайларга киришни ман қилишга ҳаққи бор. Шу пайтда аёл эрига итоат қилиши лозим бўлади. Агар уйда хотин эри ёқтирмайдиган душманини ҳурмат қилаётганини кўрса, кўнглига оғир ботиб ғазаб қўзғайди. Шоир айтганидек: 

Душманимла меҳрибонсан, сўнг истайсан дўстлигим,

Аҳмоқликдир сенга тамға, англолмассан нелигин.

Эрнинг аёли устидаги ҳақларидан яна бири: – уй ишларини бошқариш, яъни овқат пишириш, ювиш, тозалаш кабилардир. Улар ҳамма даврда урф­одат бўлиб, у ҳақда улуғ кўрсатмалар келган, чунки ҳаёт ўзаро ёрдам ва бардамликсиз давом этмайди:

 «(Эй мўминлар), сизлар яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз» (Моида сураси, 2).

Эркак уйдан ташқарида аёли ва фарзандларининг саодати ва эҳтиёжларини ўйлаб, озиқ­овқат ва кийим­кечак олиб келиш учун ишлайди­тирикчилик қилади. Аёл эса уйда овқат пишириш, идиш­товоқ, кир ювиш ва умуман уйни саодат масканига айлантириш учун уй ишлари билан шуғулланади.

Эркак уйдан ташқаридаги ишларни,  аёл киши эса уй ичидаги ишларни бошқаради. Шу тариқа ҳаёт ўзаро бир­бирини тушуниш ва ўзаро ёрдам асосида тикланади.

Баъзи фақиҳлар никоҳ ақди фақатгина эр­хотинлик турмуши, жасадий роҳат ва жинсий шаҳватни қондириш учун ёки уй хизматини қилдириш учун эмас, эркак уйга ходим тайинлаб қўйиши шарт, деб айтишади. Аммо саҳиҳ хабарларда келишича, Набийнинг (с.а.в.) аёллари ҳам, қизлари ҳам уй хизматида бўлишган. Уйда қилиниши керак бўлган нарсани барчасини қилишган, Набий (с.а.в.) ҳам, саййида Оишанинг (р.а.)  сўзларидан келгандек, аёлларига ёрдам бериб турганлар. Оишадан (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг уйда нима иш қилишлари ҳақида сўраганларида айтганлар: «Аҳлларининг хизматида бўлиб, қачон намоз вақти бўлиб қолса, намозга чиқиб кетардилар» (Бухорий ривояти).

Имом Аҳмад Оишадан (р.а.) ривоят қилишларича, у кишидан: «Набий (с.а.в.) уйларида нима билан машғул бўлар эдилар?» деб сўрашди. Оиша (р.а.): «Кийимларини тикар, наъл (орқаси кесик, шиппаккка ўхшаш оёқ кийим)ларини тузатар ва эркаклар уйда қиладиган ишларни қилар эдилар», деб жавоб берганлар (Имом Аҳмад ривоятлари).

Аёлнинг уйда ишлаши зарурлигига далиллар 

Қуйида сизларга аёлнинг уйда ишлаши зарурлиги, эрининг ҳаёт қийинчиликларини кўтаришда ёрдам бериш, эр­хотин орасидаги саодатнинг давомий бўлишни таъминлаши ва бунинг натижасида уй низом ва тартиб асосида тикланишига асар ва ривоятлардан далиллар келтириб берамиз.

Бухорий ва Муслимлар Асмо бинту Абу Бакр Сиддиқдан (р.а.) ривоят қилишган, айтадилар: «Менга Зубайр уйландилар ва у кишининг бирорта ҳам моли ёки қули йўқ эди. Фақат бир дона оти бор эди. Шу отларига емини бериб, боқиб юрардим. Унинг охурига дон эзиб, хашак солиб, ем бериб, сув ичирардим. Челагини тешиб, ун элаб, хамир қорар эдим, лекин ҳеч чиройли қилиб нон ёпа олмасдим. Шунинг учун менга ансорларнинг қизлари нон ёпиб беришарди. Улар содиқ, яхши аёллар эди. Яна Зубайрнинг – Расулуллоҳ (с.а.в.) мен учун ажратиб берган ерларига дон экардим, лекин шу хизматларимнинг ҳеч қайсиси менга от боқишчалик оғир эмасди... То отам Абу Бакр менга хизматчи юбормагунларича от боқишдан қутилмадим. Менга хизматчи юбориб қулликдан озод қилгандек бўлдилар». (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Али (р.а.) ривоят қиладилар: «У киши Ибн Аъбадга айтдилар: «Сенга ўзим ва Фотима бинту Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳақида сўзлаб берайми? Фотима (р.а.) у зотнинг (с.а.в.) аҳллари ичида энг суюклилари бўлиб у мен билан яшарди». Кўпинча у кичик тегирмончада ун чиқарар эди, қўл тегирмон унинг қўлини қадоқ қилди. Мешда сув таширди, меш елкасига ботиб, изини қолдирди. Уй супуриб кийимлари чанг бўлиб кетарди. Кунлардан бир кун Набийнинг (с.а.в.) ҳузурларига хизматчилар келиб қолишди. Унга: «Бориб отангдан битта хизматчи сўраб келмайсанми?» дедим. Отаси олдиларига борса, суҳбатлашаётган одамлар бор экан. Эртасига ўзлари келиб қолдилар ва қизларига: «Нима ҳожатинг бор эди?» дедилар. У жим турган эди, мен: «Эй Расулуллоҳ, мен сизга айтиб бераман, қўл тегирмонда ун чиқарганди, қўли қадоқ бўлди, сув кўтариб меш ташиганди, бўйнини из қилиб ташлади. Шунга ходимлар келиб қолганида, олдингизга бориб, уни бу қийинчиликлардан қутқариш учун бир ходим сўраб келишга буюргандим», деб айтдим. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: «Аллоҳга тақво қил, эй Фотима! Раббингнинг фарзларини адо эт, аҳли оиланг ишларини қил ва тўшагингга борганингда ўттиз уч марта тасбеҳ, ўттиз уч марта ҳамд ва ўттиз тўрт марта такбир айт, шу билан юзта бўлади. Мана шу нарсалар сенга ходимдан кўра яхшироқдир» Шунда Фотима: «Аллоҳдан ва Унинг расулидан розиман», деди. Шундай қилиб, Расулуллоҳ қизларига ходим бермадилар» (Буни Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизийлар ривоятлари). Энди айтинг-чи, Расулуллоҳ (с.а.в.) қизларига меҳрибон бўлганмилар ё шафқатсиз? Ахир Фотима онамиз ул зот аҳлларининг суюклироғи эмасмиди?