1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

"Модница" кампирлар

 

 

 

Кимнинг чеҳраси офтобдай балқади? Юзларидан нур томади? Қайси одамда иймон сифатлари  ёғилиб туради? Ажин чизиқлари узоқ-узоқ йиллардан, зил-замбил йўллардан сўзлайдиган кимнинг юзи?

—Албатта, қари, кекса ёш кимсанинг,- дейди, биров.

— Тўғри-да! «Қариси бор уйнинг париси бор» деб бежизга айтишмаган,- қувватлайди бошқаси.

— Йўқ, -дейди бир қайсар одам.- Ҳамма ҳам кексайган билан нуроний, фариштали бўлиб қолмайди. Мен шундай суратли одамларни кўрганман: улар дунёда кўп яшашган-у, аммо дунё кўришмаган. Тевараклари тор. Қариб-қартайган бўлсалар ҳам ҳаёт дарсини уқишмаган. Инчунин, юзлари қуёшдай балқмайди, аксинча совуқ рафторларидан ёвқур булутларнинг қутқуси томчилаб туради. Бундайлардан ҳамма ҳайиқади. Улар ўзларидан ҳайиққан одамларни «Ҳамма мени ҳурмат қилади» деб ўйлашади ва ўзларининг бу ўйловларидан керилиб, мақтаниб юришади.

Ана шунақа. Қайсар одамнинг фалсафаси ҳам худди ўзидай тош-метин. Эшитганларидан кўра кўрганларига кўпроқ ишонади бу одам. Чапланган жилони ёқтирмайди у. Ҳар рангни ўз жилосида қадрлайди. Инчунин:

— Фариштали одамнинг олдида,- дейди у яна,- беихтиёр таъзим қиласан, қўлинг кўксингга боради. Беихтиёр эгиласан унинг қошида. Қилаётган ҳурматларинг етмиш икки томирингдан беихтиёр оқиб келади. Бундай одамларнинг сўзлари ҳикмат, кўз қарашлари насиҳатдан иборат. Улар ишшаймайди, ним табассум билан боқади. Ярашиқли либос кияди.

«Афсус, деган экан қайси бир дониш, дунё ўзгармоқда, шунга қараб одамларнинг руҳи ҳам». Аммо бу ўзгаришлар, «оммавий маданият», ғарбона (ғарибона!) ҳаётга интилиш, «замонавий»лик ёшларни ўз домига тортгани етмагандай, кексаларимизга ҳам  салбий таъсирини кўрсатяпти. Кекса ёшли онахонларимизнинг кияётган кийимларини, пардозини кўрсангиз энсангиз қотиб, тишларингиз ғижирлаб кетади.

- Ишдан борсам,-дейди бир дугонам фиғони ошиб. - Пардоз воситаларим сочилиб-ёйилиб турибди. Ҳайрон бўлдим: шахсий нарсаларимга биров тегмасди. Боз устига бу уйда мен ва қайнонамдан бошқа аёл йўқ. «А-а-а!- дедим ўзимча, қайнона-ойижонимнинг ёш бўлгилари келиб қолибди-да. Йўқ, адашмабман. Бир маҳал ана шу алфозда хунобим чиқиб ўтирсам, дарвозадан қайнонам кириб келдилар. Вой, дугонажон, ишон! Оғзим ланг очилиб қолди! Қани энди ер ёрилсаю, ерга кириб кетсам. Ахир кўча-куйда мингта таниш: айтгандир, бири бўлмаса, бири- «Фалончининг қайнонасининг томи кетиб қолибди» деб. Ишонсанг эгниларидаги кўйлак нақ мана бу ердан,- у шундай дея сонининг тиззасидан бир қарич тепа қисмини кўрсата туриб сўзида давом этди.- Ёқа вофшим йўқ! Бужмайиб, чизиқ тортилгандай сўлиб қолган кўкракларини ка-а-атта очиқ. Беллари таранг тортилган алламбало кўйлак кийволган. Афт-ангорларига аямай бўёқ чаплабдилар. Кап-катта одам ёшига ярашиқли кийиниб- бўянса-да. Яна ёшлардан ёзғиришади. Аслида айб ўзларида, ўзларига номуносиб ҳатти-ҳаракатлар билан ёшларга «ибрат» бўлишади. Ўзимни босиб туролмадим: «Вой ойижон, шу аҳволда қаердан келяпсиз», десам, қайнонам бир ўқрайди-да, «гапимиз бор эди бугун. Аҳволимга нима қипти?! Тилингиз бурро-ку келинпошша», деди қаҳр-ғазабини кўзидан ёғдириб…

Унинг гапларини эшита туриб саратон кунларининг бирида  автомаршруткада ўзимнинг ҳам ғашимни келтирган ҳолатни эсладим. Кўринишидан элликлардан ошган бир аёл сузилиб ўтирибди. Эгнидаги кийимларини кўрсангиз борми, ДАҲШАТ! Комбинзонми бир нима дейиладиган, тепаси кўкраккача, пасти тиззагача бўлган алламбало кийиб олган. Қўллари, кўкраклари, бўйнию оёқлари шунақанги бужмайган, хунук аҳволдаки, кўзи тушган одам бир сесканиб тушишиши аниқ. Яна денг, баданида майда-майда оқ доғчалар ҳам бор экан. Ҳалиги нусханинг шундоқ рўпарасига ўтиришимга тўғри келди. Туғилганидан бери юз-кўзига бўёқ чаплайди чоғи, афт-ангоридаги узун-қисқа чизиқлардан башараси поезд рельсига ўхшаб кетади. Яна шу ҳолига қовоғию кўзининг халта бўлиб ётган пастини «гулзор»га тўхшатиб безаб-бежаб қўйибди. Лаб, таниқли қизиқчимиз айтганидек, «ғунча»(!), кампиршо сузилиб-нозланиб ўтирибдилар. Гўёки ўн саккиз ёшларига қайтганлару, бу «тароват»лари билан оламни «нур»га тўлдиряптилар. Башараям башарахон! Афт-ангорию эт-устихони шунақанги жирканчки, кўзларимнинг қарғишига қолмай деб ундан юз бурсам, бўйним қийшайиб оғрийди, тўғримга қарайман десам… рўпарамда қари урғочи шайтон ярим яланғоч ҳолда турибди… Ўзбек эмасдир у, дейсизми? Кечирасиз, мен ҳам афт-башарасидаги бўёғию кийган кийимидан ўзбекмасдиров, деган хаёлга борган эдим. (Аслида миллатдошларимиз орасида ҳам унақалар анчани ташкил этади!) Лекин телефонда ким биландир ўзбекча гаплашиб, нима овқат тайёрлаш ҳақида буюртма берганидан билдимки, ўзимиздан экан. Таассуфки, ўзбек экан! Гарчи ўзим хоҳламасам-да, унга тикилган куйи яна қишлоғимнинг кексаларини, раҳматли бувижонимни эсладим. Мақтаниш эмасу, бувим нафақат маҳалламиздаги, балки мен билган бувиларнинг ичида энг чиройлиги, энг фаришталиги эдилар. Юзлари оппоқ, тиниқ, кенг ўралган оқ рўмол ичида ҳуснлари ярқирраб, чеҳраларига янада нуронийлик, тароват бағишларди. Етмишдан ошиб омонатларини топширган бувимнинг юзларида битта ҳам ажин йўқ эди! Сизга ёлғондир аммо, Худога рост, умри далада ўтган, айни навқирон ёшлиги уруш йилларига тўғри келиб, кўргани меҳнату ранж, топгани изтироб бўлган, фарзанд доғидан кўнгли садпора бувимнинг юзида ажин тугул, биттагина кўз илғамас нуқта кўринмасди. Улар ғам-ташвишни кўнглига олмаган, изтироб чекмаган, дейсизми? Адашасиз! Бувим раҳматлининг кўзлари кулиб, юраги қон йиғлаб турарди. Бу ўткинчи дунёнинг ҳамма синовларига кўкрак тутганлардан эди, раҳматли. Яхшилаб ўйласам, бувим ва унинг замонасидаги кексаларнинг юз-кўзидаги нур, ҳусн— уларнинг ёмон назар ва номаҳрамларнинг ҳирс билан тикилишларига дуч келмаганларидан экан! Бизга ўхшаб сонларини, кўкракларини, бўйнию елкаларини очиб, тирсиллама тангу тор кийимларни киймагани учун ҳам улардан фаришта қочмаган экан. Қолаверса, ўша пайтнинг кексаларидаям, ёшларидаям ҳасад бўлмаган, кибр бўлмаган. «Нега бунда бор менда йўқ, нега бу яхши кийинади мен кийинолмайман, нега фалончида иккита машина бор, менда битта» ва ҳоказо каби шайтоний ўйлар оромимизни туну кун ўғирлагани касофатига ёшимизга нисбатан катта кўриняпмизми, тез қарияпмизми деган ўйлар ҳам миямга қуйилади баъзида. Момою боболаримизнинг бизга ўхшаб ётганида ҳам-турганида ҳам дунё орзу-ҳаваслари эс-ҳушини банд қилиб, телбага ўхшатиб қўймагани учун кексайганида юзида файзу иймон билан қариган эканми, деб ўйланиб қоламан. Хуллас, ҳозирги кексаларнинг ҳам қандайдир, турқи, кийиниши, гап-сўзи одамга ёқмайди-да.

Билиб турибман, гапларим сизга маъқул келмаяпти. «Атрофдагиларга ҳам қараш керак-ку, ёнингдагилар қўша-қўша иморатлар, сўнгги русумдаги машиналар, зебу зийнату кийим бошларини кўз-кўз қилиб турганда, мен индамай қисиниб қимтиниб юрайми», деб энсангиз қотяпти. Йўқ, биродарим, қисиниб-қимтиниб юринг, демоқчи эмасмиз. Камбағалликдан, қашшоқликдан Ўзи асрасин! Фақат бундоқ мулоҳаза билан, кимлигингизни, қайси миллат вакили эканингизни унутмай, ўзлигингиз, аслингиздан чекинмай юринг, демоқчимиз холос. Шахсингизни тасдиқловчи ҳужжатингизда миллатингиз ўзбеклиги кўрсатилганини инобатга олмаганда, афт-ангорингизу юриш-туришингиз, кийинишингиз, ҳаттоки гап-сўзингиз, феъл-атворингиздан ҳам ўзбек эканлигингизни билиш мушкул бўлиб қоляпти.

Атрофга мулоҳазали назар соладиган бўлсак, одоб, андиша, ҳуснихулқ, деган нарсалар ёшлар тугул, ҳатто кексалар учун ҳам ёт тушунчага айланиб бораётгани ҳар қандай миллат тақдирини ўзининг тақдирига дахлдор, деб билгувчи одамнинг кўнглига оғриқ солади. Кўчада етаклашиб юрган она-қизларга қараб, опа-сингил, деб ўйлайсиз. Чунки она деганлари ҳам фасонликда қизидан ўзса ўзадики, ортда қолмайди. Энди ўзингиз бир ўйлаб кўринг, бир парча матони эгнига илволган, юз-кўзи болаларнинг расм дафтаридай бўялган она, қандай қилиб қизидан сипо, камтарлик билан кийинишни, тирноқ ўстириш гуноҳ эканинию, ҳар хил кимёвий воситалар юз терисига салбий таъсир кўрсатиб, эрта қаришга олиб келиши ҳақида гапириши мумкин?! Халқимизда, қуш уясида кўрганини қилади, деган нақл бор. Эътибор беряпсизми, «кўрганини» дейиляпти, «эшитганини» эмас! Бола кўнгли шунақа, кўрган нарсасини ўзлаштириб олади. Катталардан кузатганларини ўрганиб кетаверади. Сиз ёшингизга, кўринишингизга, миллатингизга хос бўлмаган кийимларни кийсангиз-да, фарзандингиздан очиқ кийимларни, майкаю шортик киймасликни талаб қилсангиз…

Биз ўзбеклар шарқона одоб-ахлоқ тамойиллари асосида тарбияланганмиз. Нафақат гап-сўзимиз билан, балки амалларимиз билан ҳам фарзандларимизга ўрнак бўлишимиз даркор.

Журналистика факультетини эндигина тамомлаган жиянимни етаклаб хусусий нашрлардан бирига бордим. Ижодий гуруҳ директорининг хонасидаги тамаки тутини нафасимизни қайтариб, томоғимизни бўғиб қўйди. Директор хоним енгию ёқаси йўқ кўйлакда бармоқларига сигарета қистириб олиб, тамаки буруқситяпти. Олдидаги кулдон тўлиб қолган. Иш столи устида пиво бутилкаси, ярим ичилган шиша идишда ичимлик. Нима мақсадда келганимизни эшитиб, аввал кўзларини суздилар, сўнг тавозеъ билан ёш ижодкорга насиҳат қила бошладилар. Чамаси бирор соатча ўша ерда ўтириб кашанда газетчи опанинг ваъзларини тинглашга мажбур бўлдик. Ташқарига чиққанимиздан кейин жияним лабини буриб, энсасини қотирди:

— Мен ишсиз қолиб кетган тақдиримда ҳам бунинг газетасида ишламайман. Сафсатабознинг насиҳатлари ортиқча тағин. Аввал ўзига боқсин у. Уялмай-нетмай аёл бўла туриб сигарета чекяпти. Кийиб олган уст- боши-чи! Унинг эри борми ўзи?!.. 

Биз ёшлардан нолиймиз, улардан ўпкалаймиз, норозичилигимизни достон қилиб айюҳаннос соламиз. Аммо-лекин улар ибратни кимдан оляпти, ёшларимизга қандай ўрнак кўрсатяпмиз, деб ўйлаб кўрмаймиз. Тўғриси, ўшанда биз иш излаб борган хусусий нашр директори жиянимга ижодкор учун, қиз бола, аёл киши учун ҳаётда асқотадиган маслаҳатларни берди, касб одоби, журналистнинг хулқи борасида хўп қулоққа ёқадиган гапларни гапирганди. Аммо кийган кийимларию қилиб ўтирган иши ёшларга насиҳат қилиш, ёш ижодкорларга журналистиканинг касб одоби ҳақида «қўшиқ куйлаш» уларга эмаслигидан далолат эди.

Таниқли ижодкорлардан бири билан бола тарбияси, ҳозирги ёшларнинг одоб-ахлоқи, маънавияти ҳақида суҳбатлашиб қолганимда, улар, «бола бизники, унинг тарбияси, маънавияти, одобу ахлоқи бизнинг обрўйимиз, шаънимиз. Шундай экан, фарзандларимиз феълида қусур сезсак уни ўзимиз тузатмоғимиз керак. Четдан биров келиб бизга боламизни тарбиялаб, айбини тузатиб кетмайди» деган эдилар. Бу фикр ҳам ўз ўрнида тўғри. Аммо айтмоқчиманки, ёшларни тарбиялаш, уларни тўғри йўлга солиш учун авваломбор, катталарнинг ўзи тарбияланган бўлиши даркор. Нима дедингиз?

 

БАҲОР

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 77 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ