1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Muslima.Uz

Автобусдаги «катта»лар...

Кузатувчанлик яхшида, кўп нарсаларни билиб оласан. Айниқса, тарбияга, одобга чақириб ўзлари шунга муҳтожликларини ҳам. Автобусдаги кузатувларим: «Ёшлар катталарга жой бермай кўйди, салом бермайди» каби гап-сўзларни бир пулга чиқарди. Келинг, айни шу мавзуга «Автобусдаги «катта»ларга...» тўхталсак.


Бир йўналишдаги автобусга чиқаверсанг, ҳайдовчи, чиптачилардан тортиб доимий йўловчилар ҳам таниш бўлиб кетаркан. Қизиқ воқеаларга гувоҳ бўлавераркансан киши. Шундай кунларнинг бирида бир опамиз автобусга олд эшикдан чиқди. Юз кўринишидан зиёли инсонга ўхшарди. Ўрта ёшлардаги болани олдига келиб: «Тур ёшларнинг жойи орқада. Олдига катталар ўтиришади», — деб ўрнидан турғазиб юборди. Орадан бир неча кун ўтгач, айни шу опамиз автобусга озгина кеч қолгани учун орқа эшикдан чиқишга мажбур бўлди. Тақдир чарҳпалагини қарангки, камина ҳам ортда турардим. Бояги аёл шундоққина ёнидаги қизга юзланиб: «Тур ёшларни жойи олдида. Орқага катталар ўтиришади», — деб қолса-да. Бунга нима дейсиз?

Шу мавзу устида ишлаётганимни бир танишимга айтсам қаердадир эшитган, ё ўқиган воқеани сўзлаб берди. Уни сизларга илиндим:

Кунларнинг бирида автобусга ёши 30-35лар атрофидаги аёл кўлида юклари билан чиқади. Қараса ҳамма жойлар банд. Битта ўриндиқдан ташқари барча жойларда ёши катталар ўрнашиб олишган. Ўша ўриндиқда ўтирган қиз эса жимгина ойнадан қараб кетарди. Аёл эса қизнинг жой бермагани учун ранжиди ва баланд овозда: «Ёшларда инсоф қолмади. Бундоқ катталарга жой берай дейишмайди», — деди киноя билан. Қиз бирданига аёлга қаради. Лекин жой бермади. Аёл бунга янада тутақиб: «Ўзининг онаси, отаси автобусга чиққанда ҳам шундай қилишса керакда», — деди. Қизнинг кўзидан ёш томчилари сизиб чиқарди. Аммо «мана сенга» дегандай ойнадан кўз узмай кетаверарди. Аёл яна кўп гапларни айтди. Шу тариқа навбатдаги бекатда автобус тўхтади. Бир йигит чопиб чиқдида, бояги қизни авайлаб кўтарди. Қиз ногирон экан. У аёлнинг ёнига келганда: «Опажон, агар ногирон бўлмаганимда бутун умр автобусда тик туриб катталарга жой берардим. Мени кечиринг жой бермаганим учун», — кўзида ёш ила гапирди қиз. Аёл қилган ишидан уялди, Йўловчилар эса унга ачиниб қараб турардилар...

Бу ҳикояни эшитганимда ғалати аҳволга тушиб қолдим. Ўша ҳолатдаги қизни, аёлни кўз олдимга келтирдим. Янада кузатувчанлигимни оширдим. Бу фойда бериб яна бир воқеага дуч келдим:

Автобусга чикдим. Бу пайтда одам оз бўлиб кўп жойлар бўш бўларди. Бунинг устига анча толиққандим. Бир оз тин олиб, ўйлаб олиш учун ўриндиққа ўтирдим. Озгинадан кейин нуроний отахон чиқди. Қўлида қўлтиқ-таёқ бор эди. Эшикка яқинлигим учун жой бўшатдим. Аммо улар ўтирмаслигини айтиб миннатдорчилик билдирди. Орадан сал фурсат ўтиб ёши каттароқ аёл келиб, отахонга: «Ёшларда инсоф қолмаган. Юринг, мен сизга жой бераман», дея менга ғалати қараб қўйди. Хижолат бўлиб кетдим. Буни кўрган отахон «Ўтирмайман дедимми ўтирмайман!» — деб оёқтираб туриб олди. Отахон манзилига етиб тушиб кетди, менга эса ҳамма еб қўйгудай қараб қолди. Улар жой бўшатганимни, чол ўзи ўтирмаганини билишмасди. Шу тариқа аранг манзилимга етиб. бордим.

Ҳа, айтганча, қизиқ бир ҳолатни айтиш ёдимдан кўтарилибди. Автобусда энг кўп учрайдиган воқеа ёшлар ўтирган жойнинг тепасига катталар келиб туриб олишидир. Ҳатто бўш ўриндиқлар бўлсада. Бунга неча минг марталаб гувоҳ бўлганман. Нимага бундай қилишларига ҳеч тушунолмайман. Мен катталарни айблаб, ёшларни тарафини олмоқчи эмасман. Шунчаки кузатувларим натижасида чиқарган хулосаларимни ўртоқлашдим холос. Ҳали бунданда қизиқроқ мавзуларда баҳслашамиз. Айни шу мавзу юзасидан фикрларингизни, хулосаларингиз ва албатта ибратли воқеа, ҳикояларингизни кутиб қоламиз.

Абдували ҚУРБОНОВ

Ҳозир сайтимизда 90 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ