1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Мақолалар

Рўза боби (1-қисм)

Савол: Аёл киши одат кунларида рўза тутса бўладими?
Жавоб: Ҳайз ва нифос чоғида рўза тутиш жоиз эмас, кейинчалик қазосини тутиб беради.
«Рўзанинг адоси тўғри бўлишининг шартларидан: ҳайз ва нифосдан пок бўлишдир. Зеро, улардан пок бўлиш саҳобаи киромларнинг ижмоъси билан рўзанинг адоси тўғри бўлиши учун шартдир» («Бадойиъус Санойиъ»).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиснинг далили билан ҳайз ва нифос кўрган аёллар рўзанинг қазосини тутиб, намознинг қазосини ўқимайдилар.
«Бизга ўша ҳолат етганда рўзанинг қазосини тутишга буюрилар эдик, намознинг қазосини ўқишга эса буюрилмас эдик» («Мароҳил фалоҳ»).
Савол: Аёл киши рўзадор ҳолида одат қони келиб қолса, нима қилади?
Жавоб: Ўз-ўзидан рўзаси очилиб кетади ва зиммасига қазосини тутиб бериш лозим бўлади.
«Ҳайз ва нифос рўзани фосид қилади. Рўзанинг қазосини вожиб қилади, каффоротни эмас» («Фатавои Ҳиндия»),
Савол: Рўзани тўлиқ тутиш мақсадида дори истеъмол қилиб, одат қонини кечиктирса бўладими?
Жавоб: Одатий қон келмагунча аёл киши пок саналади ва рўза тутиши жоиз. Қонни тўхтатиб туриш-турмаслик борасида шаръан қайтариқ йўқ. Бу иш аёл кишининг соғлиғига зарар қилмаса, жоиз, зарар қилса, жоиз эмас.
«Қон ташкарига чикиб, кўринсагина унга тааллуқли ҳукм собит бўлади. Бу бизнинг асхобларимиз мазхабининг зохири ҳамда барча машойихларимизнинг фикридир. Фатво шунга кўра берилган» («Фатавои Ҳиндия»).
Савол: Каффорот рўзасини тутаётган аёл ҳайз кўриб қолса нима килади?
Жавоб: Қасддан рўзасини очиб қўйгани боис икки ой каффоротини тутаётган аёл орада ҳайз кўриб қолса, каффоротни қайтадан бошлаши шарт эмас. Узрлари кетгач, давом эттириб кетаверади.
«Каффорот рўзасини тутаётган эркак ёки аёл қайсидир узр туфайли икки ой ичида бирор кун рўзасини очиб юборса, қайтадан бошлайди. Ҳайз кўриш бундан мустаснодир (нифос эса мустасно эмас)» («Раддул мухтор»)
Савол: Рамазон ойида ҳайз ва нифоси тўхтаган аёл куннинг қолган қисмида ўзини еб-ичишдан тўхтатиб туриши вожибми?
Жавоб: Рамазон кунларида субҳи содиқдан кейин ҳайз ва нифоси тўхтаган аёл куннинг қолган қисмида ўзини еб-ичишдан тўхтатиб, рўзадорга ўхшаб туриши мустаҳаб саналади.
«Субҳи содиқ кирганидан кейин ҳайз ва нифосдан пок бўлган аёлга сахих кавлга кўра (куннинг қолганида) еб-ичишдан тўхтаб туриши вожиб саналади. Бир қавлда мустаҳаб саналади, дейилган» («Мароҳил фалоҳ»).
Савол: Ҳайз, нифос кўрган аёл рўза тутиши жоизми?
Жавоб: Бу ҳолатда рўза тутиш, ёлғизлигида рўзадор каби еб-ичишдан ўзини тўхтатиб туриш харом саналади. Одамлар орасида эса ўзини еб-ичишдан тийиб, рўзадорга ўхшатиб туриши Рамазон ойига бўлган ҳурмати саналади.
«Ҳайз ва нифос ҳолатида ўзини еб-ичишдан тийиб туриш харом хисобланади. Чунки бу ҳолатда рўза тутиш ҳаромдир ва ҳаромга ўхшатиш хам ҳаром саналади» («Мароҳил фалоҳ»).
Савол: Субҳи содикдан кейин ҳайз қони тўхташ эҳтимоли бор бўлган аёл саҳарлик қилиб, рўзани ният қилса бўладими?
Жавоб: Йўқ, мумкин эмас. Аёл кишининг рўзаси рўза бўлиши учун субҳи содикдан олдин ҳайздан пок бўлган бўлиши лозимдир.
«Рўзанинг адо бўлиш шартларидан бири: ҳайз ва нифосдан пок бўлишдир. Зеро, улардан пок бўлиш саҳобаи киромларнинг ижмоъси билан рўзанинг адоси тўғри бўлиши учун шартдир» («Бадойиъус Санойиъ»).
Савол: Субҳи содикдан олдин ҳайз қони тўхтаган аёл ғусл қилмасдан ҳам рўза тутса бўладими?
Жавоб: Ҳайз қони субҳи содиққача ғусл қилса бўладиган микдор вақтда тўхтаса, гарчи ғусл қилмасада, рўза тутиши лозим бўлади. Ҳайз қони субҳи содиққача ғусл қилса, улгурмайдиган микдор вақтда тўхтаса, рўза тутиши лозим бўлмайди.
«Рамазон ойида субҳи содиққача ғуслгина қилиб олса бўладиган вақтда аёлнинг ҳайз қони тўхтаса, ўша куннинг рўзасини тутиши лозим бўлади» («Раддул мухтор»).
Савол: Нафл рўза тутаётган пайтда ҳайз келиб қолса, пок бўлгач, қазосини тутадими?
Жавоб: Агар Рамазон ойининг фарз рўзаси чоғида ҳайз келса, рўзаси бузилади, пок бўлгач, қазоси лозим бўлади. Шунингдек, нафл рўзаларга киришганда ҳам ҳайз кўриб қолса, пок бўлгач, ўша нафл рўзанинг қазоси лозим бўлади.
«Агар нафл намоз ёки рўзага киришса (ҳайз кўриб қолса), пок бўлгач, уларнинг қазосини адо қилади» («Имдодус саилийн»).
«Нафл рўзани тутишга киришгач ҳайз кўриб қолса, эҳтиётан унинг зиммасига қазоси лозим бўлади. «Зоҳирийя»да ҳам шундай келтирилган» («Фатавои Ҳиндия»).
Савол: Биринчи бор ҳайз кўраётган қиз рўзадорлигида ҳайз келиб қолса ёки кофир эди, мусулмон бўлса, ўша кунги рўзанинг қазосини тутадими?
Жавоб: Уша кун рўзасининг қазоси зиммасига лозим бўлмайди. Чунки у рўза тутишни бошлаганида рўза унга ҳали лозим бўлмаган эди.
«Рамазон ойида гўдак балоғатга етса, кофир мусулмон бўлса, куннинг қолган қисмида ўзларини еб-ичишдан тийиб турадилар. Иккиси рўза тутган бўлиб, рўзаларини очиб юборган бўлсалар ҳам, зиммаларига қазо лозим бўлмайди. Қолган кунларнинг рўзаси зиммаларига лозим бўлади» («Шарҳул бидоя»).
Савол: Рўзадор аёл қасддан рўзасини очиб юбориб, сўнг ҳайз кўриб қолса, зиммасига қазо ва каффорот лозим бўладими?
Жавоб: Рўзадор аёл қасддан рўзасини очиб юбориб, кун ботгунча ҳайз кўриб қолса, қазо лозим бўлиб, каффорот зиммасидан соқит бўлади. Шунингдек, касал бўлиб қолса ҳам.
«Рўзадор аёл қасддан оғзини очиб юборганидан сўнг ўша куни ҳайз кўриб қолса ёки бемор бўлиб қолса, зиммасига қазо лозим бўлиб, каффорот вожиб бўлмайди» («Фатавои Ҳиндия»).
Савол: Рўзадор аёл бугун ҳайз кўрадиган куним, деб қасддан рўзасини очиб юборса-ю, ўша куни ҳайз кўрмаса, зиммасига каффорот лозим бўладими?
Жавоб: Шундай гумонда рўзасини очиб юборса, зиммасига қазо ҳам, каффорот ҳам лозим бўлади.
«Рўзадор аёл бугун ҳайз кўрадиган куним, деган ўй билан қасддан оғзини очиб юборса, сўнг ўша куни ҳайз кўрмаса, зоҳир қавлга биноан зиммасига каффорот лозим бўлади. «Зоҳирийя»да ҳам шундай келтирилган» («Фатавои Ҳиндия»).
Савол: Бир аёл «Кетма-кет бир ҳафта рўза тутаман», деб назр қилса, бир-икки кун ўтгач, ҳайз кўриб қолса, ҳайздан пок бўлгач, қолганини тутиб берадими ёки янгитдан бошлайдими?
Жавоб: Пок бўлгач, қайтадан бир ҳафта рўза тутиб беради.
«Кимки кетма-кет рўза тутишни ният қилса-ю, ўша кунларнинг ўртасида рўзасини очиб юборса ёки аёл киши ҳайз кўриб қолса, қайтадан рўза ту-тадилар. «Сирожул Ваҳҳож» китобида хам шундай келтирилган» («Фатавои Ҳиндия»).
Савол: Бир аёл бир йил рўза тутишни назр қилса, ҳайз кунларида қолдирган рўзалари зиммасига лозим бўладими?
Жавоб: Зиммасига бир йиллик рўзани вожиб қилган аёл ҳайз кўрган кунларидаги рўзаларнинг қазосини кейинги йилда тутиб беради.
«Бир йил рўза тутишни зиммасига лозим қилган аёл ҳайз кўрган кунларининг қазосини тутиб беради. Чунки ўша йили аёл ҳайз кўришдан қолиши ва ҳайзсиз бўлиши мумкин. Шунинг учун бир йилни зиммасига вожиб қилиши дуруст бўлди» («Фатавои Ҳиндия»).
Савол: Аёл киши қолдирган рўзаларининг қазоларини кетма-кет тутиши зарурми?
Жавоб: Агар соғлиғи кўтарса, кетма-кет тутгани афзалдир. Саломатлиги кўтармаса, қачон имкон топса, тутаверади.
«Рамазоннинг қазосини тутишда зиммасидан тезроқ соқит қилиш учун кетма-кет тутгани афзалдир» («Фатавои Ҳиндия»).
Савол: Балоғатга етгандан бошлаб рўза тутмаган, кейинчалик рўза тутишни бошлаган аёл қолдирган рўзаларининг фидяларини бериши лозимми?
Жавоб: Бу ўринда тутишга қодир бўла туриб, фидясини бериш жоиз эмас.
Намоз ва рўза вақтида бажарилиши лозим бўлган, Аллоҳ таоло тарафидан бандаларига фарз қилинган, қолаверса, қиёмат куни биринчи бўлиб сўраладиган амаллардир. Шундай экан, бу амалларни ўз вақтида адо этиш, вақтида адо қилмаган бўлса, қазосини адо этиттт, буни ҳам адо қилмаса, вафотидан олдин яқинларига фидясини беришни васият қилиши, яқинлари эса марҳумнинг намоз ва рўзаси қазоларининг фидясини беришлари фарздир.
Марҳум васият қилмаган бўлса ҳам, яқинлари унинг қазолари фидясини фақир-мискинларга берсалар, эҳсон ўз ўрнида қилинган бўлади, маййит ҳам намоз ва рўзасининг қарзларидан қутулган бўлади.
«Зиммасида Рамазоннинг қазолари бор киши вафот этар чоғида қазоларининг фидясини тўлашни васият қилган бўлса, яқинлари унинг тарафидан ҳар кун учун бир мискинни тўйдирадилар... Ҳанафийлар наздида марҳум фидя тўлашга васият қилиши зарурдир. Шофеъийлар наздида эса васият қилмасада, яқинлари унинг фидясини тўлашлари лозим. Закотнинг ҳукми ҳам шу кабидир».
Савол: Ҳайз кўриши туфайли Рамазоннинг қазоси ва каффоротини тутаётган аёл субҳи содиққача ният қилолмай қолса нима қилади?
Жавоб: Рамазоннинг қазоси ва каффоротини тутаётган киши субҳи содиқ кирмасидан олдин рўза тутишни ният қилиши шарт. Агар ният қилолмай, субҳи содикдан кейин ният қилса, нияти эътиборли бўлмайди. Шунинг учун саҳарликка туролмай қолишидан қўрққан киши қуёш ботганидан кейин «Эртанги куннинг қазо ва каффоротини тутишни ният қилдим» деса, кифоя қилади. Саҳарликка турганда эса саҳарлик қилгач, ниятини янгилаб олаверади.
«Қазо ва каффоротнинг шарти - кечаси ният қилинган бўлиши хамда (қазо ёки каффоротлиги) тайин қилинган бўлишидир».
«Зиммасида Рамазоннинг қазолари бор киши вафот этар чоғида қазоларининг фидясини тўлашни васият қилган бўлса, яқинлари унинг тарафидан ҳар кун учун бир мискинни тўйдирадилар... Ҳанафийлар наздида марҳум фидя тўлашга васият қилиши зарурдир. Шофеъийлар наздида эса васият қилмаса-да, яқинлари унинг фидясини тўлашлари лозим. Закотнинг ҳукми ҳам шу кабидир».
Савол: Ҳайз кўриши туфайли Рамазоннинг қазоси ва каффоротини тутаётган аёл субҳи содиққача ният қилолмай қолса нима қилади?
Жавоб: Рамазоннинг қазоси ва каффоротини тутаётган киши субҳи содиқ кирмасидан олдин рўза тутишни ният қилиши шарт. Агар ният қилолмай, субҳи содикдан кейин ният қилса, нияти эътиборли бўлмайди. Шунинг учун саҳарликка туролмай қолишидан қўрққан киши қуёш ботганидан кейин «Эртанги куннинг қазо ва каффоротини тутишни ният қилдим» деса, кифоя қилади. Саҳарликка турганда эса саҳарлик қилгач, ниятини янгилаб олаверади.
«Қазо ва каффоротнинг шарти - кечаси ният қилинган бўлиши хамда (қазо ёки каффоротлиги) тайин қилинган бўлишидир».
«Рўзанинг (Рамазоннинг фарз рўзасидан кейинги) иккинчи тури - казо ва каффорот каби зиммада собит бўлган амаллар бўлиб, улар фақатгина кечаси ният қилиш билан жоиз бўлади» («Шарҳул бидоя»),
«Агар «Иншааллоҳ таоло, эртага рўза тутаман» деса, нияти дуруст бўлади. Бу гап саҳиҳ қавлдир. «Зоҳирийяда» ҳам шундай келтирилган» («Фатавои Ҳиндия»).
Савол: Кўп йиғлагани боис кўз ёшлари оғзига кириб кетган рўзадор аёлнинг рўзаси бузиладими?
Жавоб: Агар кирган кўз ёши бир-икки томчи бўлса, рўза очилмайди. Ундан кўпрок бўлса, кўз ёшининг таъмини ҳис қилиб, оғизда тўпланиб, сўлаклари билан бирга ютиб юборилса, рўзаси очилади. Бадандан чиққан тер ҳам шундай.
«Оғизга кирган кўз ёши бир-икки томчи ёки шунга ўхшаш оз бўлса, рўза очилмайди. Ундан кўпроқ бўлса, ҳатто кўз ёши оғизда тўпланиб, унинг таъмини ҳис қилиб, сўлаклари билан бирга ютиб юборса, рўзаси очилади. Шунингдек, бадандан чиққан тер ҳам» («Фатавои Ҳиндия»).
Савол: Ўша куни ҳайз кўриши эҳтимоли бор рўзадор аёл рўзасини кун охиригача етказиш мақсадида фаржига бирор нарса киргизиб олиши дурустми?
Жавоб: Бундай қилиши жоиз. Лекин агар киргизадиган нарсасини бутунлай киргизиб олса, рўзаси очилади. Агар бир тарафини ташқарида қолдириб, бошқа тарафини ичкарига киргизиб олса, рўзаси бузилмайди.
«Аёл фаржига пахтани бутунлай киргизиб олса, рўзаси бузилади. Агар бир тарафи ташқи фаржида қолса, бузилмайди» («Раддул мухтор»).
Савол: Субҳи содиқ кирмасидан олдин пок бўлиб қоларман, деган ўйда ўша куннинг рўзасини ният қилиб олган ҳоиза аёл субҳи содикдан кейин пок бўлса, нияти дуруст бўладими?
Жавоб: Нияти дуруст бўлмайди. Чунки бу аёл рўза вақтининг озгина бир бўлагида ҳоиза эди (яъни субҳи содиқ кирган вақтда).
Савол: Ҳоиза аёл пок бўлгач, вафот этса, тута олмай қолган рўзаларининг ҳукми нима бўлади?
Жавоб: Ҳоиза ҳайздан кейин ҳайз кўрган муддатича (масалан, бир ҳафта ҳайз кўриб, сўнг бир ҳафта) пок бўлса, ёки мусофир киши сафардан қайтгач, мусофирлиги муддатича муқим бўлса, ёхуд бемор одам соғайгач, беморлик муддатича соғлом бўлса, ўша ҳайз кўрганда, мусофирлигида, касаллигида қолдирган кунларича рўза зиммасига вожиб бўлади.
Агар вафоти яқинлашиб, қолдирган кунларича яшамаса, ўша яшаган кунларининг рўзасигина вожиб бўлади ва шу кунларнинг фидясини васият қилиши вожиб бўлади. Агар пок бўлганидан кейин бир кун ҳам яшамаса, зиммасига ҳеч нарса вожиб бўлмайди.
Аммо мисол учун, ўн кун ҳоиза бўлган аёл икки кунгина пок бўлса, ўн кун мусофир бўлган киши уч кун муқим бўлса, бир ой касал бўлган одам беш кун соғлом бўлса, сўнг вафот этса, зиммасига пок, муқим, саломат бўлган кунларининг миқдорича қазолар вожиб бўлади. Қазони адо қила олмаса, фидясини васият қилиши лозим бўлади.
«...Сизлардан бирор ким бемор ёки мусофир бўлса, бас, саноғини бошқа кунларда тутадир...» (Бакара сураси, 184-оят).
Савол: Ёшлигидан рўза тутмай, ёши бир жойга борганда тута бошлаган аёл қолдирган рўзаларини нима қилади?
Жавоб: «Балоғатга етгандан бошлаб қолдирган рўзаларининг барчасини ҳисоблайди. Уларнинг қазоларини адо қилишни бошлайди. Агар рўзани адо қилишга соғлиғи етмаса, ҳар бир куннинг рўзаси учун ярим соъдан (1900 грамм) буғдой ёки унинг қийматини фақир, мискинларга беради. Ҳаммасини бирдан берса ҳам, бир кишига берса ҳам, кўпчиликка бўлиб берса ҳам, оз-оздан бўлиб берса ҳам жоиз» («Зубдатул фиқҳ»).
Савол: Эмизикли, рўзадор аёл рўзаси туфайли сути камайса ёки тўхтаб қолса, рўзани тарк қилса бўладими?
Жавоб: Агар бола сут ўрнини босадиган нарсаларни истеъмол қилаверса ёки бошқа аёл сутини эмаверса, онанинг рўзани тарк қилиши жоиз эмас. Агар бундай шароит топилмаса, рўза тутишни кейинроққа қолдирса бўлади.
«Ҳомиладор ё эмизикли аёллар ўз жонларига ёки болаларига хавф сезсалар, рўзани қазо қиладилар. Уларга каффорот вожиб бўлмайди. «Хулоса»да ҳам шундай келтирилган» («Фатавои Ҳиндия»),
Савол: Аёл киши қолдирган рўзаларини кетма-кет тутиб бериши лозимми?
Жавоб: Узри сабабли қолдирилган рўзанинг қазоси фарз, имкон қадар тезроқ тутиши лозим. Лекин кетма-кет бўлиши шарт эмас.
«Фуқаҳоларнинг кўпчилиги қазо рўзани орада қолдирмасдан, кетма-кет тутишнинг мустаҳаб экан-лигига иттифоқ қилганлар. Лекин бу нарса шарт қилинмайди».
Савол: Аёл кишининг қазо рўзалари жуда ҳам кўпайиб кетса, тавба қилиб, истиғфор айтиши кифоя қиладими?
Жавоб: Бепарво ва дангасалиги туфайли қолдирган рўзалари зиммасида вожиб бўлиб тураверади. Уларни адо қилиш фарздир. Тавба, истиғфор билан кечиктирганлик гуноҳи кечирилади. Лекин зиммасидаги барча қазо рўзаларини тутиб бериши зарурдир. Қолдирган рўзаларига умри етарли бўлмаса, қодир бўлганча қазо рўзаларини тутиб, қолганига фидя тўлашни васият қилиши лозимдир.
«Қодир бўлганларича қолдирган рўзаларининг қазоларини тутиш фарз бўлади. Фидя тўламайдилар, қазонинг кетма-кет бўлиши шарт эмас» («Рад-дул мухтор»).
«(Бемор, ҳайз ва нифос кўрган аёллар каби узрли кишилар) узрлари кетгандан кейин вафот этсалар, соғайганидан сўнг ёки ҳайз ва нифоси тўхтаганидан сўнг неча кун яшаган бўлсалар, ўшанча кун рўзасининг фидясини васият қилишлари зиммаларига лозим бўлади».
Савол: Рўзадор аёл лабига бўёқ суртса бўладими?
Жавоб: «Рўзадор ҳолатда лаб ташқи аъзо ҳисобланади. Шундай экан, унга лаб бўёқ суртиш билан рўза очилмайди» («Китабул фатаво», Холид Сайфуллоҳ Раҳмоний).
«Субҳи содиқ кирганидан кейин ҳайз ва нифосдан пок бўлган аёлга саҳиҳ қавлга кўра (куннинг қолганида) еб-ичишдан тўхтаб туриши вожиб са-налади. Бир қавлда мустаҳаб саналади, дейилган» («Мароҳил фалоҳ»).
Савол: Аёл киши рўзадор ҳолатида гинеколог текширувидан ўтса бўладими?
Жавоб: Аёл кишининг жинсий аъзосига намланган ҳолдаги бирор нарса кирса, бу билан унинг рўзаси очилади.
«Рўзадор аёл олд ёки орт жинсий аъзосига қуруқ бармоғини киргизиши билан рўзаси очилмайди, ҳўл бармоғини киргизиши билан эса рўзаси очилади. Шунингдек, қуруқ бармоғининг хаммасини ёки баъзи қисмини киргизса, сўнг ташқарига чиқариб, яна қайта киргизса ҳам рўза очилади. Агар олд жинсий аъзосига қуруқ пахта ёки шу каби воситаларни киргизса ва унинг бир учи ташқарида қолса, рўзаси очилмайди. Бутунлай ичкарига киргизиб юборса, рўзаси очилади» («Раддул мухтор»).
Савол: Аёл киши қомати баробаридаги сувни кечиб ўтиши натижасида рўзаси очиладими?
Жавоб: Одатий йўллардан ичкарига сув киргани аник бўлмаса, рўзаси очилмайди.
Савол: Аёл киши рўзадорлигида касаллиги туфайли жинсий аъзосига бирор нарса киргизиб олиши билан рўзаси очиладими?
Жавоб: «Ичкарига нарса киргани боис рўзаси очилади. Агар субҳи содиқдан аввал ёки ифторликдан кейин жинсий аъзосига даволаниш мақсадида бирор нарса қўйса ва рўзадор ҳолатида ҳам у билан юрса, рўзаси очилмайди. Орқа жинсий аъзосига киргизилган давонинг хам ҳукми шундай» («Имдодул фатаво»).

Пошшохон Эшонхон қизининг
"Аёл-мўтабар зот" китобидан