1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Сабрли бўл, келинчак

 

 

 

Майсарахон қизини сўроқлаб келган совчиларни унча хушламай қабул қилди. Одатий салом-алигу ҳол сўрашлардан кейин, совчиларнинг башанг кийиниб, бармоқлари бўйнию қулоқларини тиллага “ўраб юборган” аёл беписандлик билан тўрт томонга кўз ташлаб, таманно билан гап бошлади:
- Энди-и-и-и, оповси, қизингизнинг ишқи ўғлимга тушиб қопти. Бу боланинг ақли нимага ҳам етарди, шу қиздан бошқаси керак эмас, деб оёқ тираб олган-да... Шунга уйингизга келиб ўтирибмиз-да, энди.- Иззат-нафси камситилган Майсарахоннинг жаҳли чиқиб, қошлари пир-пир учди-ю, ҳарқалай меҳмоннинг ҳурмати тишини тишига қўйиб жавоб берди:
- Болаларга қўйиб берсангиз нималарни хоҳламайди?! Сиз ўғлингизга тушунтиринг, мен буёқдан қизнинг танобини  тортайин. Бўлди, масала ҳал. Бунинг учун овора бўлиб келиб ўтиришингиз шарт эмас эди.
- Йўқ, оповси, сиз айтган гапларни айтиб бўлдик-да. Натижа чиқмади. Манучеҳримга гап кор қилмади. Қизингиздан бошқага уйланмасмиш. Ҳатто ўзимни ўлдираман ҳам деди, астоғфуруллоҳ.. Энди оповси, гапни кўпайтирмай нон ушатсак. Мен тўйни тезроқ ўтказиб товарга кетишим керак. – Сатанг совчининг бу гапи Майсарахоннинг дамиқиб турган жаҳлининг отилиб кетишига асос бўлди:
- Сиз бизни ким деб ўйлаяпсиз?! Мен турмуш ўртоғимдан сўроқсиз бир иш қилмайман! Бизнинг оиламизда расм-русум бошқача! Сиз бунақанги “дангалчи”лигингизни ўз уйингизда қиласиз, хўпми?!  Қани омин, оллоҳу акбар. Мени узатадиган қизим йўқ. Ўз уйимга келиб, мени ерга урадиганлар билан асло қуда-анда тутинмайман!- Майсарахон гап тамом, ана дарвоза дегандек,  жаҳл билан юзига фотиҳа тортиб, дастурхон четини қайтариб қўйди. Башанг совчи, “ҳа,савил” деб лабини буриб, хайр-маъзурни ҳам нася қилганча кўчага йўналди, унга ҳамроҳлик қилган аёллар эса, узрхоҳлик билан Майсарахонга омонлик тилаб чиқишди. Меҳмонлар дарвозага етар-етмас, Майсарахон қизининг хонасига чопиб, уни қарғашга тушди:
- Қиз ўлгур, нималар қилиб юрибсан-а?! Ана “севиб қолган” йигитингникидан совчи ҳам келди. Ўзи бир ори йўқ бозорчи-ю, савлатига ўламанми?! Биласанми, ўша “ошиғ”ингнинг онаси сени нималар деб ерга урди, “мен қизингизни келин қилмоқчи эмасман. Аммо уни ишқи ўғлимга тушибди, шунинг учун ўғлим қизингизга уйланадиган бўлиб турибди” деди. Ўл бу кунингдан! Сени кимлар келин қилмайди-а?! Шу ҳуснинг, шу туришингда манаман деган ақлли, одобли йигитлар сенга зор юрган бир пайтда, қаердаги бир бозорчининг ўғли билан топишдингми?! Кошкийди ўша чайқовчилар қадрингга етганида ҳам майли, дердим. Вой дод, қиз ўстириб шунга муносиб кўрилдимми?!..- Майсарахон алам ва жаҳлдан  уёқдан буёққа юрар, тинмай ўзини, қизини қарғар, ҳозиргина уйидан чиқиб кетган Зулфия сатангни беордан олиб, шармандага, чайқовчидан тортиб шаллақига ўхшатар, азбаройи иззат нафси қаттиқ оғриганидан қизининг сочларини юлишга шай эди.  Яхшиям, ҳовлида қайнонаси Зиёда аянинг овози эшитилиб, аёл югургилаб ташқарига чиқди:
- Ассалому алайкум, аяжон. Тузукмисиз, яхши келяпсизми?
- Ваалайкум салом, шукр мен дурустман. Ўзларинг тинч ўтирибсизларми? Қани, меҳмонларинг келмадими? Жамшиджонни юборган экансиз, кеча шомда “катта ая, эртага уйимизга ўтаркансиз, аям айтдилар. Меҳмон келишармиш”, деганига келаётган жойим эди, қизим.- Қайнонасининг бу гапидан тўлиб турган Майсарахон, йиғлаб юбордию, қўли билан оғзини тўсиб, аяни ичкарига таклиф қилди.
- Вой ўлмасам, тинчликми, келин?! Гапирсангиз-чи бундоқ, юрагимни чиқариб юбормасдан.
- Келиб кетишди...- Майсарахон хиққиллаганча, аранг гапирганди, аянинг жаҳли чиқди:
- Э, бўлди-е, бундоқ тушунтириброқ гапиринг-да, одамни кўп диққат қилмасдан. Нима бўлди?!
- Қизингизни ёқтиргани Зулфия сатангни ўғли экан ая. Совчи бўлиб келганми ё бошқа мақсадда келганми, хуллас бизни, Мадинани обдон ерга урди. Мени жаҳлим чиқиб, уни ҳайдаб юбордим. Аяжон, мен шу ниятда қиз ўстирганмидим?!- Бўлган воқеани оқизмай-томизмай қайнонасига гапириб берган Майсарахон, хўрсиниб-хўрсиниб йиғлай бошлади.
- Бўлди қилинг!- Қайнона энсаси қотганини билдириб, қошларини чимирди. Мадинабону қани? Чақиринг, олдимга кирсин! – Майсарахон индамай қизини олиб чиқди.
- Ассалому алайкум, бувижон.- Йиғидан кўзлари шишинқираб, қизариб-бўғриқиб кетган Мадина бувисини кўриб, ўпкаси тўлганча ўзини унинг қучоғига отди.
- Ваалайкум салом, бувинг ўргулсин. Тузукмисан, она қизим. Пошшо қизим, парча қизим, тилло қизим.- Мадина бувиси эркалагани сари батарроқ хўрлиги келиб, йиғлаб юборди.
- Нега йиғлайсан, Бону қизим, Ой қизим? Ким хафа қилди сени?
- ...
- Менга қара, бувинг қоқиндиқ, сен шу арзимас гапларга кўз ёши қилиб, енгилиб ўтирибсанми, ойпарчам? Эҳ-ҳе, ҳали ҳаётда не-не синовлар, машшаққату паст-баландлар бор, қизим. Катта аянгни бу оқарган сочлари, ажин тушган юзлари не-не кунларга гувоҳ бўлмади, дейсан. Сочимдаги  оқ толалар, юзимдаги чизиқлар, ҳаётимда учраган ҳар бир синовларнинг муҳри, хотираси, тасаддуқ бўлай. Сен бўлсанг дарровдан кўз ёши қилиб ўтирибсан-а?.. Сенга айтгандимку, ошиқни ёр қилдинг, кўз ёшни дарё қилдинг, деган гап бор. Ёқтирган йигитинг билан турмуш қуришни, у билан бирга ҳаёт шавқ-завқини, ўнқир-чўнқирини бирга татишни ихтиёр этдингми, энди бу йўлдаги бор аламу ситамларга, синову машаққатларга тек туришинг керак, болам.  Яшашнинг мақсад-моҳияти ҳам шунда. Қани, бундоқ қўлинггга қара-чи, беш бармоғинг ҳам баравар эканми?- Мадина секингина бувисининг қучоғидан сирғалиб, қўлларига қаради-да, ерга қараган куйи бошини қимирлатди.
- Ана, кўрдингми, одамзод ҳам худди шундай. Худойим ҳар бир бандасини ўзига лойиғигача ақлу тафаккур берган, фаҳму фаросат берган. Кимларгадир, илм, ақл, заковат бергану давлат бермаган. Яна бировга мол-дунё, бойлик бергану фаҳму фаросатдан қисган. Яна кимнидир фарзанддан,  бошқа бировни соғликдан, кимнидир бахтдан кам қилган.  Одамлар билан бирга яшаганингдан кейин, уларнинг камчилигини, заифлигини тўғри қабул қилиш керак, оппоғим. Энди, сенга қайнона бўлмиш ҳақида кўп эшитганман. – “Қайнона” сўзини эшитиб, Майсарахоннинг кўзлари катта-катта очилди. У Зулфия сатангни иккинчи марта остонасидан киргизмаслика аҳд қилганди. Башарти, қайнонаси улар билан қуда бўлишни хохладими, Майсарахон ҳеч нарса қилолмайди. Чунки, ҳали Зиёда аянинг фарзандлари хонадонида онанинг битта гапи иккита бўлмаган. – Бироз бойликпарасат, дунёга ўчроқ. Аммо ўзи хўп яхши аёл. Онасини жуда яхши танирдим, андишали, покдомон хотин эди, раҳматли. Зулфияхонлар етимликда ўсди, ҳамма тўкин-сочин яшаган пайтда улар бурда нонни аранг топиб ейишди. Жўжабирдай саккиз бола бир онасининг фаррошлик қилби топган пулига кун кўришарди, у замонлар ҳозиргидек косибу ҳунармандларга шароит йўқ эди, қизим. Манучеҳр акангни бувиси- менинг ўртоғим, бекитиқча уйида бир нималар тикиб, бозорга опчиқиб сотарди. Неча марта мелисалар ушлаб, бояқишнинг нарсаларини қайтариб бермаган. Ана шундай қийинчиликда ўсгани учунми, Зулфияхон пулга меҳрини кўпроқ бериб қўйди-да. Шунинг учун болам, йиғига зўр бермай ўзинг ҳал қил, бир қарорга кел. Ёш бола эмассан, яқинда йигирмага тўласан. Оқ-қорани, яхши-ёмонни ажрата оласан, ҳаёт сеники, эртага сен улар билан бир хонадонда яшайсан. Бизга сен бахтли, хотиржам бўлиб, борган жойингда тошдай жилмас бўлсанг бўлгани. Уларни ойда, йилда бир маърака-мавридларда кўрмасак, кўрмаймиз ҳам. Шунинг учун ой қизим, яхшилаб ўйлаб кўр. Ўша йигитга, эртага турмушнинг мушти оғирлик қилганида жуфтинг сенга суянч бўлишига, ҳар қандай мушкулот қаршисида сени қўллаб қувватлашига ишонасанми? Аввал шуни аниқлаб ол. Биз эса, сенинг жавобингни кутамиз.- Бувисининг меҳр билан айтган гаплари, мулойимлик тагидаги танбеҳидан ўзига тегишли хулосага келган, Мадина маъюсгина жилмайиб, Зиёда аяни икки юзидан ўпиб қўйди:
- Катта аяжон, ман Манучеҳр акам билан яна бир марта гаплашиб олай, ундан кейин жавобимни айтаман, майлими?- Ая боши билан тасдиқ маъносини бергач, қиз одоб билан аяси ва бувисини холи қолдирди.
- Қизим, сизга неча маротаба айтганман, боланинг ҳаётига ота-она жавобгар, аммо бу дегани фарзандининг тақдирига, ҳаётига хўжайинлик, дахл қилиш ҳақини бермайди-да.  Қиз бояқишни қарғаб, уриб-сўкиш билан синовлар олдида қўрқиб қоладиган қилиб қўясиз-ку! Фарзандни  ўз ҳолига ҳам ташлаб қўймаслик керак, аммо бунчалик зулм қилиб фикрини чалғитиб ҳам қўймаслик керак.
- Ёш-да булар, ая, ҳали нимани билади...- Майсарахон хижолатлик билан ғудраниб қўйди.
- Ҳа, булар ёш. Лекин  ҳеч нимани билмайди, деб ҳаётига ҳадеб аралашаверсангиз, танбал бўлиб қолади, деяпман-ку. Мўрт, бесабр қилиб тарбиялаяпти ҳозирги ота-оналар фарзандларини. Ана шунинг оқибатида оилага, никоҳга нисбатан юзаки қарашяпти ёшлар. Ажрашишлар, тирик етимлар... Буларнинг ҳаммасига сабаб ота-оналар болаларининг ҳаётига дахл қилиши, уларни синовларга, қийинчиликларга тик қарайдиган қилиб тарбияламаганида, қизим. Бундай олганда, ҳозир мен ҳам Мадина бонуга сиз айтган гапларни гапирдим. Аммо тагдор қилиб, мулойимлик билан тушунтирдим. Ўша йигитни танласа ўзини келажакда нималар кутиб турган бўлиши мумкинлигини гапирдим.  Мана тушунди. Энди ўзи қарор қабул қилади.- Майсарахон бошини эгганча ўй суриб қолди...
*                         *                           *
Овозаси оламни тутгулик тўй бўлиб ўтди. Ёлғиз ўғлимни уйлантиряпман, деб икки гапнинг бирида писанда қилаётган Зулфияхон қуда томоннинг сарполарини менсимайгина бир четга ташлаб қўйди. Қудағай аёлнинг бунақанги қилиқларидан оғринган Майсарахонни қайнонаси пасайтириб турди:
- Қизинг тушган маҳалланинг итига ҳам салом бер, деган нақл бор, келин болам. Сабр қилинг, чиданг. Йигирма йил бағрингда униб-ўсган  болангни бегона бир хонадонга, ўзгача тартиб-қоидали “давлат”га юбориш машаққат. Қизингизнинг бахти учун қулоғингизни кар, кўзингизни кўр қиласиз.  Шундай қилаверинг, кейин менга раҳмат айтасиз...
Тўйдан кейин Мадина янги муҳитга кўникиши мушкул кечди. Уларникида ҳамиша дадасининг айтгани айтган эди, куёвиникида қайнонасининг чизган чизиғидан ҳеч ким бир қадам жилолмайди. Ҳатто қайнотаси ҳам. Одоб- андиша, ўзаро ҳурмат, катталарга, оиланинг эркагига эҳтиром билан муносабатда бўлиш керак, деган ақида остида тарбияланган келинчагини ёнида уйидаги ҳолатдан хижолат тортган Манучеҳргина, бирор иш бажаришидан олдин дадасига маслаҳат солар, агар шуни ҳам аяси кўриб қолса, балан товушда ўзиникини айтиб маъқулларди. Камига келин бўлиб тушган хонадонида Мадинани қайнонаси ҳам келин сифатида қадрламас, қачон қараманг, келинчакни жойи ошхонада куймаланиб юрган хизматкорнинг ёнида эди. Ҳатто тўйларидан икки ой ўтиб, бадавлатга хонадонга узатилган қайнсинглисининг тўйига ҳам Мадинанинг оила аъзоларидан ҳеч ким айтилмади. Кечқурун ҳамма ресторанга тўй оқшомига кетди, Мадина эса қайнонасининг буйруғи билан хизматкор иккови  бажарилиши керак бўлган юмушларга андармон бўлди. Бунақанги камситишлардан оғринганда, Мадинанинг кўз ўнгида меҳрибон бувисининг мунис чеҳраси намоён бўлиб, қулоқлари остида унинг ўгитлари жарангларди: “Сабр қилган одамгина бахтга, саодат ва ҳурматга муносиб кўрилади. Бекорга, сабрнинг таги сариқ олтин, дейилмайди, қизим...  ” Келинчак бувисига, яқинларига бахтли бўлишга ваъда берганини эслаб, яна кучли муҳаббат, шижоат билан келинлик юмушларига киришар, қайнонасининг ҳар бир буйруғини , “хўп бўлади аяжон!” деган бувиси ўргатган “ҳикматли сўз” билан қарши оларди.
Орадан маълум  вақт ўтиб Мадина эгизак ўғилли бўлди. Зулфияхон, келинини “Ҳасан-Ҳусанларимнинг аяси”, деб мақтайдиган, тўю маъракаларда, элнинг издиҳомида қўғирчоқдай ясантириб олиб юрадиган бўлди. Шундай иқболли кунларида Мадинахон, ортда қолган чеккан изтироблари, камситилганларини эслаб кулимсираб қўяди: “Раҳмат сизга бувижон! Бу кунларим сизнинг насиҳатларингизга амал қилганим эвазига нур сочяпти!..”

Рухшона ФАРРУХ

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 35 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ