1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Собиқ директоримдан миннатдорман

Ишхонамизда раҳбарлар алмашиниши ҳақида гап бошландию бошбошдоқлик, бир-бирига яширин-ошкора «совуқ» уруш эълон қилиниши, ҳасадгўйлик авж олиб кетди. Бу борада аёлларни-ку хотинфеъллигига боради, десам, эркаклар аёл ҳамкасбларга «намуна» бўлди.
Аввалига юқори бошқарма орамиздан сал бундайроқ одамни топиб директор вазифасини бажарувчи қилиб қўйди. Шундан кейин сал бўлса-да, тартиб-интизом ўрнатилса керак, деган ўйга боргандим. «И.о.» жанобларининг ўзлари тутган йўл ҳаммасидан ошиб тушганини кўриб, яна дамим ичимга тушиб кетди. Ҳали бу омонат курсида ўзларининг қачонгача ишлаши номаълум бўлган акамиз, кўзларига ёмон кўринган одам борки, бўйнига аллақанча айбини қўйиб ишдан бўшатиб юборишни бошлади. Агар ходим вақтида ишхонада бўлса, хизматини аъло даржада бажарадиган бўлса, у бечора ўз-ўзидан «сокращение»га тушиб ишдан четлатиладиган бўлди. Қисқаси, икки ой мобайнида ишхонамиз ағдар-тўнтар бўлиб кетдики, камина бош ҳисобчининг бошига ҳам  мағзава тўкила бошлади. Даставвал, мен банк ва молия орасида бўзчининг мокисидек қатнаб юрган пайтимда, ишга келмаяпти, деб вақтинчалик директор жаноблари навбатдан ташқари йиғилиш чақириб, «масалам»ни кўрибдилар ва унга кўра, «ўз ишимга масъулиятсизлигим» сабабли менга бир ҳафта муҳлат ичида ишдан бўшаш шартини қўйишибди. Ишчиларнинг ойлик маошини пластик карточкаларга тушириб, солиқ ва ушланмаларни тўлаб бир аҳволда хонамга кириб келсам, ёрдамчим тўлиб-тошиб мажлис «қарор»ини етказди. Ҳайрон бўлдим. Қанақасига ишимга масъулиятсизлик қилибман?! Иш пайтида шахсий ишларим билан шуғулланмаган, вазифамга кирадиган мажбуриятларни бажариш билан банд бўлсам. Бу нимаси экан?! «И.О.» аканинг олдига кириб, бу вазиятга ойдинлик киритишларини сўрамоқчи бўлганимда, бошқармадан бир гуруҳ вакиллар келиб, мутлақо бошқа одамни — бир опахонни  директор қилиб тайинлашди. Ана ундан кейин ҳалиги аканинг сояси ҳам ишхонада кўринмади. Энди асаббузарлик ва дилхираликлардан нарироқ тинчгина ишларман, деб ўйлаб юрганимда, директор ўринбосари менга қарши «совуқ уруш» эълон қилди. Билишимча, ўринбосарнинг жияни иқтисодчи экану ёлчитиб бирор жойда ишлолмаётган экан. Қисқаси, улар менинг ўрнимни кўзлаган экан. Кунда бири устимдан арзнома кўтариб директор опага киради. Ҳар куни эрта тонгдан опа хонасига чақириб олиб, менга «тарбиявий соат» ўтади. Охири шундай даражага бордики, эрталаб ишга боргим келмас, ишхонамдагиларни кўрсам кўнглим озар даражада бошимга оғриқ кирадиган бўлди. Хотиним ақлли, мулоҳазали аёл. У анчадан бери менга ўзининг бизнес режасини гапириб, тадбиркорликни йўлга қўйишимиз ҳақида гапирарди. Ишдан зерикиб қийналиб юрганимда ҳам у жонимга оро кирди:
— Агар айтганимни қилсангиз, иккимиз ҳам ишли бўламиз, бошқаларга ҳам иш топамиз ва  ўзимизга хон, ўзимизга султон бўлиб ишлаймиз. Биласиз, мен ҳам бировга бўйсуниб ишлашни ёқтирмайман. Менга қолса, раҳбар бўлсаму бошқаларни ишлатсам. Келинг, менинг режам асосида бизнес лойиҳа ишлаб чиқамиз...
Рафиқам ниҳоятда дадил, тутган жойини кесадиган аёл. Унинг журъатига, шижоатига қойил қолиб, узоқдан севиб, минг бир тўсиқларни енгиб ўтиб уйланганман. Шунча пайт у айтаётган режа ҳақида ўйласам юрагим орқага тортиб кетарди. Аммо ишимда тирноқ тагидан кир ахтариб, оёғимдан чалишга шай турган ғаламисларнинг тилини тишлатиш учун ҳам унга ён босдим. Бир ҳафта мобайнида бизнес-лойиҳамизнинг хомаки режасини туздик. Унга кўра, майдони жиҳатдан кичик шаҳарчани эслатадиган маҳалламиздан бўш ер  олиб, боғ ва боғ ўртасида кўп қаватли, шинам бино қурилиши керак эди. Бинода тикувчилик ва кондитерлик цехи, аёллар учун саломатлик ва гўзаллик хонаси, дорихона, кичик тиббиёт хонаси, келин кўйлаклари ва гўзаллик салони, савдо дўкони, тўйхона, интернет ва компьютер зали, дам олиш хоналари, спорт зали ва  ёш болали ходимлар ҳамда мижозлар учун болалар хонаси фаолият кўрсатиши керак эди. Хотинимнинг лойиҳасини кўриб, тўғриси чўчиб кетдим. Бунга ҳазилакам маблағ ва вақт кетадими?! Қолаверса, қишлоқ жойида бу каби бизнеслар ўзини оқлаши мумкинми? Яна орқага тисарилмоқчи эдим, «Маликайи Дилором»имдан хижолат бўлдим тўғриси. Нима бўлса бўлар, деб таваккалига иш кўра бошладим…
Бошида анча қийинчиликларга, машаққатларга дуч келдик. Ҳаттоки, бошлаган ишимиздан хабар топганлар устимиздан роса кулишди ҳам. Уч йил деганда маҳалламиз чеккасида атрофи мўъжазгина боғ билан ўралган, ҳовлисидаги мармар ҳовуз осмонни қучиб турган бино барпо бўлди. Мен молиявий ишларни назорат қиламан ва ҳужжатлар, давлат идораларига кириб-чиқишни ўз бўйнимга олганман. Хотиним иш бошқарувчи. Аввал қариндош-уруғларни иш билан таъминладик. Узоқ йиллар ўқитувчилик қилиб пенсияга чиққан онам болалар хонасига мудира бўладиган бўлди. Катта укам интернет ва компьютер залига қарайдиган, синглим билан кичик укам тиббиёт хонасида иш бошлади. Турли ўқув марказларида ўқиб уйда бекор ўтирган маҳалламизнинг қизу жувонлари тикувчилик ва ширинликлар цехини гуллата бошлашди. Қолган ўринлар ҳам шу тахлит банд этилгач, бошлаган ишимдан кўзим қувнаб, яшариб кетдим!
Ўтган йилни яхшигина даромад билан якунладик. Бир йиллик иш фаолиятимизда бутун туманимиз аҳолисига хизмат кўрсатиб, меҳнатимиз, хизматимиз оғиздан оғизга кўчди. Энди қўшни туманлардан ҳам мижозлар келишяпти. қайси куни ишхонадаги фисқу фасод гапларга учиб, иғво тарқатувчиларни қўллаб мени ишдан бўшаб кетишимга сабаб бўлган опа — собиқ ишхонамнинг директори ҳам марказимиз хизматидан фойдаланишга келган экан. Зарур ҳужжатларни хотинимга имзолатиш учун олиб келаётиб, дарвоза олдида кўриб қолдим. Мени сўнгги русумдаги «Ласетти»дан тушганимни кўриб ранги оқариб кетди... Нима бўлганда ҳам ундан миннатдорман…

Фарзона тайёрлади

Ҳозир сайтимизда 167 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ