1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Силаи раҳм

Қариндош-уруғ билан чиройли муомалада бўлиш “силаи раҳм”, дейилади.
Силаи раҳм Аллоҳ таолога маҳбуб амал бўлиб, бунинг учун Роббимиз томонидан кўплаб савоблар ваъда қилинган. Қуръони каримнинг бир неча ўринларида силаи раҳмга амр қилиниб, бунинг фазилатли иш экани баён қилинган. Жумладан, ояти каримада шундай дейилади:
“Ота-оналарга эса яхшилик қилингизлар! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамро-ҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)!”. (Нисо, 36-оят)


Бошқа ўринда шундай дейилади:
“Ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш)дан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир”. (Нисо, 1-оят)
Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, силаи раҳм қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин”. (Имом Бухорий ривояти)
Бошқа бир ҳадисда шундай дейилган:
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу хабар цилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни ризқида кенглик қилиб берилиши ёки ажали кечга сурилиши хурсанд қилса, силаи раҳм қилсин”, дедилар”. (Имом Бухорий ривояти)
Силаи раҳмдан мақсад қариндош-уруғ билан очиқ юз билан кўришиш, уларнинг ғамига ҳам, хурсандчилигига ҳам шерик бўлиш ва қай бирларига кўмак керак бўлса, рухсат берилган тарзда ёрдам беришдир.
Лекин, силаи раҳм борасида қуйидаги кўрсатмаларни доимо ёдда тутиш лозим:
1. Баъзи одамлар силаи раҳмга ҳаддан ортиқ киришиб кетганидан қариндош-уруғчилик йўлида гуноҳ иш қилишдан ҳам тап тортмайдилар. Шуниси ачинарлики, мазкур гуноҳ амалларини силаи раҳмнинг бир бўлаги, деб ҳисоблайдилар. Бунга, қариндош-уруғчиликка берилиб бирор гуноҳ ишда шерик бўлиш ёки қариндошини ношаръий тарзда ҳимоясига олиш, муносиб бўлмаган қариндошини мансабга тайинлаш кабилар мисол бўлади. Шуни асло унутмаслик лозимки, бу ишларнинг ҳеч бири жоиз эмас. Силаи раҳмдан қариндош-уруғчиликни ўйлаб ёки уларга мурувват қилиб гуноҳ ишларни қилиш мақсад қилинмаган. Шу боис, бирор кишининг яқинлари ундан ношаръий ишни бажариш учун ёрдам сўрасалар, юмшоқлик билан уларга узр айтиш зарур.
2. Силаи раҳм Аллоҳ таоло розилиги умидида бажарилиши шарти билан савобли амалга айланади. Агар, у қуруқ расмиятчилик учун қилинса, фазилат ҳосил бўлиши амри маҳолдир. Масалан, баъзида “агар қариндош-уруғинг билан борди-келди қилмасанг, гапиравериб, ҳамманинг олдида изза қиладилар”, деб таъна-дашномдан қочиш мақсадида силаи раҳм қилинади. Бунда киши расмиятчиликни жойига қўйиш мақсадида бу ишларни ўзи хоҳламасдан бажаради. Бундай ишлардан фикрни буриб, фақат Аллоҳ таоло розилигини кўзлаб, қариндошлар билан чин дилдан силаи раҳм қилмоқ лозим.
3. Юқорида айтганимиздек, силаи раҳмдан Аллоҳ таоло ризолиги мақсад қилиниши лозим. Шунинг учун, қилинган силаи раҳм учун жавоб кутиш мумкин эмас. Балки, қилган хайрли ишига жавоб бўлмаган такдирда ҳам, силаи раҳм қилишда бардавом бўлиши лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларида Аллоҳ йўлидаги ва риёкорона қилинган силаи раҳм орасидаги фарқ аниқ очиб берилган.
Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Урнига-ўрин адо қилувчи силаи раҳм қилувчи эмас. Балки, силаи раҳм узилса уни боғлайдиган киши (ҳақиқий) силаи раҳм қилувчидир”, дедилар”. (Имом Бухорий ривояти)
Абу Айюб розияллоҳу анцудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Энг афзал садақа — ғазаб чиқиб турган қариндошига садақа қилишдир”, дедилар. (Табароний ривояти)
Қариндошлари яхши муомалада бўлмаса ҳам уларга яхши муносабатда бўлиш силаи раҳмнинг энг юқори чўққиси ҳисобланиб, бунинг учун чексиз ажру савоб ваъда қилинган. Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу деди: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга арз қилиб: “Ё Расулуллоҳ! Менинг бир неча қариндошларим бор. Уларга силаи раҳм қиламан, лекин улар менинг ҳаққимни ўрнига қўймайдилар. Уларга чиройли муомала қиламан, улар эса менга ёмон муомала қиладилар. Мен уларга, ўзаро муносабатларда сабрли бўлишимга қарамай, мен билан жанжаллашадилар”, деди. У зот: “Агар воқеа шундай бўлса, бас, сен уларга иссиқ чўғни едирмоқдасан ва Аллоҳ таоло томонидан сенга доимо бир мададкор бўлади”, дедилар. (Имом Муслим ривояти) Яъни, улар ўз амаллари билан дўзахни сотиб олибдилар, улар сенга бирор шикаст етказа олмайдилар. Аллоҳ таолонинг Узи уларга қарши сенга ёрдам беради.

Муҳаммад Тақий Усмонийнинг
"Енгил амаллар"китобидан

Ҳозир сайтимизда 519 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ