Сайт бўлимлари
Бозор муносабатлари: харидор инжиқ сотувчи қўполми?
- Подробности
- Бўлим: Муносабат
- Чиққан санаси: 29 Август 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида муомала маданияти, мижоз ва хизматчи муносабатлари катта аҳамият касб этади. Аммо афсуски, кўпчилик сотувчи ва хизмат кўрсатувчилар буни ҳис этмайдилар…
Бу гал айни мавзу хусусида мулоҳаза юритишга жазм қилдик.
Кўпчилик савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотларида фаолият кўрсатадиганларга маълумот шарт эмас деб ҳисоблайди. Аслида-чи,
Сотувчига маълумот шартми?
Савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ишчи ходимларининг муомаласи, хизмат кўрсатиши ҳамма вақт ҳам бизни қониқтирмайди. Ваҳоланки, мижоз – истеъмолчи. Ўз ўрнида унинг ҳуқуқларимиз маълум меъёрий ҳужжатлар билан кафолатланади. Эътироз ва шикоятлари ўрганилиб, истеъмолчининг даъвоси қониқтирилиши шарт. Аммо кўп ҳолларда ўзбекчиликка йўйиладиган андиша сабаблими мижозлар эътирозини тилга чиқармайди. Жамоатчилик билан мунтазам алоқада бўладиганларда муомала маданияти юксак даражада бўлиши шарт. Негаки, кишининг руҳияти фаолиятига таъсир кўрсатиши исботини топган ҳақиқат. Таассуфки, сотувчи ва хизмат кўрсатувчиларнинг ҳаммаси мижоз билан мулоқотда маданиятли, хушмуомала эмас.
— Харид учун кирган дўкон ё хизмат кўрсатиш шаҳобчасида рисоладигидек муносабатда бўлишмаса, жаҳлим чиқади, ҳатто ўзимга зарур нарса бўлса ҳам ўша дўкондан харид қилмайман,- дейди ҳамшаҳримиз Манзура Раҳимова.- Кўзларини чақчайтириб, хўмрайиб, худди текинга бирор нарса бериб юбораётгандек қўрс муомала қилаётган сотувчининг дағаллиги кайфиятимга салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам дўкон ёки бозордан эҳтиёжимга зарур нарса харид қилмоқчи бўлсам, аввало сотувчига эътибор бераман. Чеҳрасида жилмайиш борми, салом-алиги қандай, харидорга эътибори, муносабати қанақа, хуллас шунга ўхшаган кимлар учундир майда-чуйда бўлиб туюладиган нарсаларга аҳамият қаратаман. Фикримча, сотувчи ва хизмат кўрсатиш шоҳобчаларида ишлайдиганлар ҳам маълумотга бўлишлари керак. Айниқса, бу соҳада хизмат қиладиганлар муомала-мулоқот маданиятини пухта ўзлаштиришлари иш унумига ҳам, бизнеси ривожланишига ҳам яхшигина асқотади...
— Хорижий давлатларда сотувчилар ва хизмат кўрсатиш шоҳобчалари хизмачиларининг юқори савиядаги муомаласи, хулқига ҳавас қилади киши,- дейди ҳамкасбимиз Равшан Маҳмудов.- Ҳиндистонда ўқиган кезларимиз сотувчилар, хизмат кўрстиш шоҳобчалари хизматчиларининг мижоз билан мулоқотини кўриб ҳайрон қолганмиз. Бозор, супермаркет ё оддий кичкина дўконга кирган харидорни ҳинд сотувчилари хушмуомалалик билан, жилмайиб қарши олишади ва юмшоқ ўриндиққа ўтирғизиб, қаҳва таклиф қилишади. Харидор сотувчига харид қилмоқчи бўлган нарсасини айтса бўлди, эпчиллик билан сўралаган нарсани ҳар хил ранглисидан тортиб, катта –кичигигача қалаштириб ташлаб, ўша буюмнинг мақтовини оширишади. Сотиб олмоқчи бўлган нарсанинг нархи ё сифати харидорга маъқул келмаган тақдирда ҳам, ҳинд сотувчилари хафа бўлмайдилар. Аксинча, жилмайганча ўша товардан яна қайси дўконларда сотилишини ҳам уқтириб қўйишади...
Бозор ё дўконларимизда харид мақсадида юрганимизда сотувчиларнинг хўмрайиб (худди харидорларга текинга мол тарқатаётгандек!) саломга алик олмай, бирор нарсани нархини сўраганимизда “оласизми? Сотиб олсангиз кўрсатаман”, “Сотволадиган бўлсангиз қўлингизга олиб кўринг!” деган дағдағаларига кўникиб қолганмиз. Баъзида эътибор берамиз, баъзида эса йўқ. Афсусланарли жойи шундаки, бундай салбий иллатлар жамоатчилик орасида одатий ҳолга айланди! Сотувчи ва харидор ўртасидаги қўпол муносабат ва дағал муомаладан ҳайратланмай қўйдик!..
— Хизмат сафарлари билан тез-тез хорижий давлатларда бўлиб тураман. Қайси давлатга борган бўлсам, ўша юртнинг сотувчи ва хизмат кўрсатиш шаҳобчаларида фаолият кўрсатувчи хизматчиларнинг муомаласи, маданияти ва хулқига, мижоз ва хизматчи ўртасидаги муносабатга ҳавас қилганман,- дейди Республика об-ҳавони кузатиш Бошқармаси етакчи муҳандиси Гавҳархон Мамажонова.- Айниқса, Япония давлатида сотувчи, умуман, мижозларга хизмат кўрсатувчилар танлашда алоҳида эътибор қаратилар экан. Кўпчилик билан доимий мулоқотда бўладиган соҳа вакиллари ҳисобланган сотувчилар ва хизмат кўрсатиш шоҳобчалари хизматчилари махсус шарт ва синовлардан ўтсагина, ишга қабул қилинади. Ишга олингач албатта уларга махсус фанлардан сабоқлар берилиб, имтиҳон қилинади. Японияда супермаркет ёки кичик дўконга кирсангиз албатта сотувчилар таъзим билан ўз тилида салом бериб харидорни қарши олишади. Бу япон сотувчилари учун ўзгармас одатга айланган. Шунингдек, японлар тўловларни икки қўли билан хиёл таъзимда қабул қилади ва қайтимларни ҳам худди шу тарзда қайтаришади. Дўкон ё супермаркетни тарк этаётган харидор билан чиройли тилаклар тилаб, “харидингиз учун раҳмат” деган илтифотни унутмай хайрлашишади. Бразилия ва Исроил давлатларида ҳам мижоз ва хизмат кўрсатувчи ўртасидаги муомала-мулоқотдан мамнун бўлгандим. Хитойликларнинг ҳам муомаласи, мижозга хизмат кўрсатиши юқорида тилга олинган давлатлардан қолишмайди. Таъкидлаш жоизки, хитойлар харидорни қуруқ қўйиб юборишмайди. Сотувчидан бирор нарсанинг нархини сўрасангиз, ҳеч эринмай ўша буюм ёки озиқ-овқат маҳсулотининг мақтовини оширади. Хитойда бўлганимизда пойафзал олиш учун бозорга кирдим. Сотувчи аёл инглиз тилини билмас экан. Мен хитой тилини билмайман. Амаллаб унга мақсадимни тушунтирдим. Сотувчи мен олмоқчи бўлган пойафзалнинг нархини юан (хитой валютаси)да айтди. Унга ёнимдаги пул Ақш доллар эканини айтгандим, аёл зудлик билан сал нарироқда савдо қилаётган эрини чақирди. Сотувчининг эри мени бошлашиб бозор ичидаги банкка олиб борди. Банк иш вақти тугагани учун ёпилган экан, мен эриниб, майли, ўша пойафзални бошқа сафар олишимни айтгандим, хитой савдогари қўярда қўймай мени шаҳардаги бошқа банк шоҳобчасига олиб борди ва у ерда валютани алмаштириб, бозорга қайтиб ўша пойафзални сотиб олдим. Ўшанда хитойлик сотувчиларнинг харидорга муносабатини кўриб, тўғриси ҳайратда қолгандим. Қолаверса, хорижий давлатларда дўконларда ҳам, супермаркет, бозорларда, ҳатто, маиший хизмат кўрсатиш шоҳобчалари ва овқатланиш мажмуаларида ҳам пластик карточкалар орқали тўловларни амалга ошириш ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди. Секин-асталик билан ўзимизда ҳам бу муаммолар ечимини топяпти. Лекин ҳанузгача айрим ҳолларда мижоз ва хизматчи ўртасидаги мулоқот оғриқли нуқталигича турибди...
“Ҳе, проезднойингга...”
Бир қараганда жуда жўн аммо баҳсталаб бўлган хизмат кўрсатувчи ва мижоз орасидаги ўзаро мулоқот хусусида гап кетар экан, жамоат транспортларида фаолият кўрсатувчи ишчи- хизматчилар ҳақида ҳам икки оғиз гапириш жоиз.
Кўпчилигимиз ҳар куни иш, ўқиш ё бирор юмуш билан албатта кўчага чиқамиз ва умумий транспортлар хизматидан фойдаланамиз. Афсуски, айрим ҳолларда эрта тонгда яхши кайфиятда ёки ишдан ҳориб-чарчаб кўчага чиққанимизда жамоат транспортлари ҳайдовчилари ва кондукторларнинг дағал муомаласи, бақириб-қичқиришлари оқибатида асаблар таранг тортилади, кайфиятимиз бузилади. Бу хусусда ҳаддан ортиқ гапирилганига қарамай, барибир аҳвол ҳеч ўзгармаяпти. Кечки пайт ишдан чиқиб жамоадошим билан автобусга чиқдик. Автобус ўрнидан жилиб икки қадам юриб-юрмасидан кондуктор жаноблари “Так, здесь”, “Қани бу ёқдан чиққанлар” деб автобус оралаб юра бошладилар. Йўловчилар бир-бир ойлик йўл чиптасини кўрсатган эди, у жанобнинг жаҳллари чиқди ва нималардир деб ғудраниб қўйдилар.
— Яхшиям, дераза томонга ўтирволган экансиз,- деди автобусдан тушар эканмиз шеригим кулгидан аранг тийилиб, - сўкинганини эшитиб жанжаллашиб кетардингиз.
— Шундоғам гап билан узиб олмаганимга ўкиняпман. Биз ойлик чиптани текинга олмаганмиз-ку. Давлат транспортида назоратчи экан-да, унинг хусусий машинасига чиқмагандикку!- дедим жаҳлим чиқиб. Бунақа ҳолатга кунда неча марта автобусга чиқсак, шунча марта гувоҳ бўламиз. Ойлик йўл чиптасидан фойдаланувчи йўловчилар гўёки ҳайдовчи ва чипта назоратчиларининг душмани. Жамоат транспорти- автобус уларга катта энасининг маҳрига тушганда!..
Тағин ҳар бекатда автобус тўхтаб- юрганида бақириб-чақириб, “Қани йўлдан чиққанлар”, “Қани билетга тўлаб юборамиз”, “Йўл ҳақини тўлаб юборинглар-чи!” деб уёқдан буёққа ўтиб, тиқилинчда йўловчиларнинг шундоқ ҳам таранг тортилиб турган асабини эговлашлари ортиқча!
— Ҳадеб асабга тегиб уёқдан буёққа ўтишмаса ҳам ўша йўл кирани тўлаб қўямиз-ку, -дейди кекса ёшли йўловчилардан бири.- Етти юз сўм пулни бермай қолиб ҳали ҳеч ким бой бўлмаган, жамоат транспортидан фойдаланяпмизми, албатта пулини тўлаймиз, одамларда озгина бўлса ҳам виждон бордир? Шу етти юз сўмни бермай тушиб кетмас, тиқилинч бўлмаса ҳам майли, тўрт-беш бекат оралиғида йўл ҳақини йиғса ҳам майли эди. Бу нимаси энди, ҳар бекатда кишининг ғашига тегадиган овозда бақириб-чақириб салон оралаб юриш...
— Ҳар хил йўловчилар бор-да,- дейди юқоридаги эътирозларимизга жавобан 91-йўналишли Юнусобод тумани 15-даҳаси ва Кўкча майдони оралиғида қатновчи автобус назоратчиси.- Бир куни бир аёл боласини етаклаб автобусга чиқди. Чипта олишини айтсам, “ҳозир олдим” дейди ўзини боласига саргардон қилиб. Чиптасини текширсам, бизнинг йўналишимиз эмас, рақамлари ҳам тўғри келмади. Гапиргандим шолғомдек қизариб йўл ҳақини тўлади. Шунинг учун ҳам ҳар бир бекатдан чиққан йўловчилар билан ҳисоб-китоб қиламиз...
Миллат кўзгуси
Хизмат кўрсатиш шоҳобчалари ва савдо дўконларида хизматчилари мижоз билан мулоқот қилиш учун ҳам етарличи малака ва кўникмага эга бўлиш ҳақида яхшигина ўйлаб олишлари мавриди аллақачон келган. Негаки, айнан бозор, дўконлар, хизмат кўрсатиш шоҳобчалари юртнинг кўзгуси! Ҳар бир ўлкага келадиган меҳмонлар дастлаб бозор, дўкон ёки хизмат кўрсатиш шоҳобчалари хизматчилари билан мулоқотда бўлади. Демак, элнинг ким эканлигини, қандай тарбия кўргани ва маънавий даражасини кўрсатадиганлар — сотувчи ва хизмат кўрсатувчилар. Бу соҳа вакилларининг муомаласи, юртимизга келган меҳмонларнинг ўзбек миллати ҳақидаги тасаввурини уйғотади. Биргина жилмайиш, мулойим муомала ва тўлиқ салом бериш билан миллат маънавиятини, одоб – ахлоқини намойиш этиш имконига эга кишиларга эътиборсизлик ярашмайди!
“Бухороликларни яхши кўраман”
— Мен бухороликларни жуда ҳам яхши кўраман,- деган эди водийга кетаётганимизда бизга ҳамроҳлик қилган фарғоналик йўловчи аёл.- Ўтган йили баҳорда қариндош-уруғ, болалар, келин-куёвларимиз билан Бухорога саёҳатга бордик. Шаҳарга кириб борганимизда тунги 10лар чамаси эди. Биринчи бор боришимиз эмасми, орамиздан ҳеч ким йўлни билмайди. Қўнишиш учун меҳмонхона керак. Катта йўл бўйидаги бекат ёнида савдо дўкони бор экан. Ўша дўконга кириб, сотувчидан шаҳардаги бирор меҳмонхонанинг манзилини беришини сўрадик. Сотувчи йигит шаҳрига илк бор келганимизни эшитиб “Сизларни ўзим бирор меҳмонхонага олиб бориб жойлаштираман. Бу пайтда манзилни айтганим билан топиб олишларингиз қийини бўлади” деб, бизга йўлбошловчилик қилиб меҳмонхонага олиб борди, жойлаштирди. Телефон рақамларини қолдириб, сафар давомида бирор нима керак бўлса ё муаммо пайдо бўлса, унг қўнғироқ қилишимизни таъкиддлади. Бир ҳафта давомида Бухоро шаҳрида бўлиб, бухороликларнинг хушмуомалалиги, бозор - дўконларида ишлайдиганларнинг чеҳрасидан табассум аримаслигини кўриб уларга эҳтиромим ошди. Чиндан ҳам сайёҳлар шаҳри Бухоройи Шариф халқи меҳмонларга олий даражада мезбонлик қила олишларига ишонч ҳосил қилдик сафар мобайнида...
Яхши сўз ҳам садақа...
Яхши сўз бирла ҳожат аҳлин сўр
Бермасанг яхши тўъмадан нафақа.
Не учунким, Расул қавли билан:
Яхши сўз бордур, уйлакум, садақа.
Яъни: Одамларга яхши таом беролмасанг ҳам, яхши сўз билан аҳволини сўра, Зеро Пайғамбар (сав) таъбири билан айтганда, яхши сўз — садақа ҳукмида,- дейдилар Алишер Навоий ҳазратлари.
Дарҳақиқат, ширин сўз, гўзал муомала кишининг қандай тарбия кўрганлиги, маънавиятининг нечоғлигини кўрсатиш билан бирга, унинг муомаласидан баҳраманд бўлганларнинг кўнглини хушнуд этади. Кўнгил ободлигидан хотиржамлик туйиш эса чин инсоний фазилатдир. Қолаверса, ҳузурингизга келган мижознинг кўнглини топа билиш- сизнинг фойдангиз. Ахир, сиз яхши кишиларга хизмат кўрсатиш билан даромад топишни мақсад қилмаганмидингиз?..
Умида АЗИЗ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 39 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар