1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ишсизларнинг ишсизлиги ростан ҳам ишсизликданми?

Бугунги кунда ишсизлик муаммоси ҳақида жуда кўп гапириляпти. Тўртта одам бир ерга йиғилиб қолса, «об-ҳаво», «нарх-наво»дан сўнг гап, албатта, кўча-кўйда ўзига муносиб иш топа олмай тентираб юрган ишсизларга бориб тақалади. Айниқса, бола-чақали, аҳли оиласини нафақа билан таъминлаши зарур бўлган эркак кишилар «кўнгилдагидек» иш йўқлигини айтиб нолишади. Хўш, «кўнгилдагидек» иш ўзи қанақа бўлиши керак? «Ойлиги фалон сўм, шанба, якшанба куни дам, ҳар ой мукофот пуллари, қўшимча имтиёзлар…» Шундайми? Албатта, ҳар ким ҳам бундай ишда ишлашни хоҳлайди. Лекин бу даражага етиш учун ҳам анча-мунча босқичдан ўтиш керак бўлади-ку! Ишсизликдан нолиётганлар кўпинча мана шу жиҳатни унутиб қўйишяпти.

...Ёшликдан бирга катта бўлган бир дўстим бор. Мактабни битириб, уйланиб, оила қурибди ҳамки, шу дўстимни бирор тайинли жойда ишлаганини эслолмайман. Улфатдаги жўрабошимизнинг таъбири билан айтганда, унга «бир ҳафтада беш кун оддих, икки кун дам». Ҳар гал дўстлар билан учрашганимизда, гапдан-гап чиқиб, ким қаерда нима иш билан машғуллигига бориб тақалса, унинг сўзлари доим бир хил бўлади: «Бир жойдан иш чиқувди. Бориб бир-икки кун ишладим… Ёқмади…Ўти ундоқ, бўти бундоқ» ва ҳоказо.

Яқинда шу дўстим фарзандли бўлди. «Бола-чақани боқишга сарф-харажат кўп кетади», деб ҳалиги жўрабошимиз бир фирмага дистрибюторликка ишга олиб кириб қўйди. Энди яхши жойга жойлашди, ишлаб кетар, деб ўйласак, йўқ, бир ҳафтага қолмай, у ердан ҳам кетиб қолибди. «Ҳа?» десак, дўконма-дўкон юриб, сотувчиларга мол тарқатиб юришга «уялибди». Кун бўйи хотинининг олдида оёқ узатиб, телевизор кўриб ётишдан уялмаган одам, ҳалол меҳнат қилиб, пул топишдан уялибди!

Диққат билан атрофга назар ташласак, бугунги кунда ана шу дўстимга ўхшаган «ишсизлар» ниҳоятда кўплигига гувоҳ бўламиз. Ўз-ўзидан табиий бир савол туғилади: ишсизларнинг кўпайишига «ишсизлик муаммоси» сабабчими ёки «ишсизлик муаммо»сининг пайдо бўлишига юқоридагидек ишсизлар айбдорми?

Ушбу саволга жавоб топиш учун, келинг, масаланинг моҳиятига бир назар солайлик. Бу дунёда ҳар ким ҳам роҳат-фароғатда, мўл-кўлчиликда яшашни истайди. Ана шу тўкин-сочин ҳаётга эришиш учун инсон биринчи навбатда ўзидаги «ишсизлик» иллатига, аниқроғи, ялқовлик ва дангасаликка барҳам бериши керак бўлади!

Қуйида эътиборингизга ушбу иллатдан қутилишга ёрдам берадиган баъзи тавсияларни келтириб ўтмоқчимиз.

Саҳаррезлик

Ризқи кенг бўлишини истаган инсон саҳар турмоқни одат қилиши зарур. Мўътабар манбалардаги маълумотларда айтилишича, бандаларнинг кундалик ризқи айнан саҳарда тақсимланар экан. Демак, ким шу пайтда дуога қўл очиб турган бўлса, албатта, Аллоҳ Таоло унинг насибасини бутун қилиб беради. Сахийлиги билан машҳур бўлган бир банданинг олдига бориб бирор нарса илтимос қилсангиз, ҳожатингизни чиқаради-ю, бутун Оламларнинг Роббиси бўлган Аллоҳ қўлингизни қуруқ қайтарардими?

Дангасалик инсониятнинг энг катта душманларидан бири бўлса, саҳаррезлик унга қарши энг кучли қуролдир.

«Ким саҳар бедордир, толе анга ёрдир» — бу улуғларнинг сўзлари. Улуғларнинг сўзлари эса ҳамиша нажот йўли бўлиб келган.

Сабр

Сабр боши аччиқ, охири ширин мевадир. Унинг ширин жойига етиш учун албатта, аччиқ томонини тишлаш керак. Ҳа, қўрқмасдан тишлаш керак. Бирор янги ишга жойлашсангиз, ундаги сиз кутмаган машаққатларни кўриб дарров «кетаман»га тушиб қолманг. Сабр қилинг. Агар шундай қилмасангиз, нафсингиздаги ялқовликка баҳона топишга кўмаклашиб юборган бўласиз. «Генерал бўлишни орзу қилмайдиган аскар йўқ!» деган машҳур иборани жуда яхши биласиз. Лекин ҳар бир генерал ҳам юқори даражага етгунча аскарликнинг барча қийинчиликларига сабр қилиб, ҳар куни карам шўрва ичганини, офицерлардан дакки эшитиб, «наряд» турганини, ошхонада идиш-товоқ ювиб, ҳожатхона тозалаганларини унутманг! Сиз ҳам ишга энди жойлашган пайтингизда оддий аскар мақомида бўласиз. Агар ўз касбингизнинг «генерали» бўлмоқни ният қилган бўлсангиз, бугунча «карам шўрва»га сабр қилиб туринг.

Муҳсин бўлиш

«Муҳсин» сўзи луғатда бирор ишни чиройли тарзда, мукаммал равишда бажаришга айтилади. Албатта, қўл учида бажарилган ишга қўл учида ҳақ тўланади. Бир бой айтган ишини бажариб келса ҳам доим хизматкорини урушаверар экан. «Нега ундай қиласиз?» деб сўрашибди бир куни бойдан. «Бу хизматкорим нуқул айтганимни бажаради. Нима десам шуни қилиб келади», деб жавоб берибди бой. «Айтганингизни бажарса яхши-ку», деб ҳайрон бўлишибди одамлар. «Ҳамма гап шунда-да. У фақат айтганимни бажаради. Ўзи ақлини ишлатиб айтмаган ёки айтишни унутган ишларимни қилмайди», деган экан бой.

Муҳсин бўлиш топширилган вазифани ортиғи билан бажариш дегани.

Агар сиз ишсизлик муаммосига дуч келишни истамасангиз, ҳар бир ишда муҳсин бўлинг. Зеро, муҳсинлик мўминларга хос сифатдир.

Юқоридаги маслаҳатлар ишсизлик муаммосидан қутулиш учун келтирилган оддий бир ТАВСИЯЛАР эди, холос. Тавсияларни бажариш ёки бажармаслик ҳар кимнинг ўзига ҳавола. Ҳар ҳолда турли хил баҳоналар тўқигандан кўра ҳаракат қилиб кўрган яхши-ку. Нима дейсиз?

Ёқубжон Бобожонов

Ҳозир сайтимизда 69 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ