Сайт бўлимлари
Етим қолган оқибат
- Подробности
- Бўлим: Қариндошлар
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Инсон ёлғизликда бахт ва ҳаловат топмайди. У ҳамиша жамият, ундаги мавжудот ва предметлар билан бирга узвий алоқада бўлади ҳамда ана шу муомала-муносабат самараси ўлароқ кишилик жамиятида ўз ўрнига эга бўлади. Инсонни атроф билан яқинроқ боғлаб турадиган риштанинг асосини қариндош-уруғчилик, ака-ука, опа-сингил, умуман ўзаро яқинлик муносабатлари ташкил этади. Ҳақли бир мулоҳаза уйғонади: бугунги кун жигарларининг ўзаро муомала –муносабати, оға-инилик алоқалари, умуман қондошлик ришталар қандай ва у шарқона одоб мезонлари, диний тарбия ҳамда жамиятимиздаги маълум ёзилган ва ёзилмаган қонунларига нечоғли мос келади? Бугунги мулоҳазалар шу хусусда.
Одамлар тилида “оқибат йўқолиб бормоқда”, “ака-ука, опа- сингил бир-бирининг андишасини қилмайди”, “кунлар ойга, ойлар йилларга уланади ҳамки, жигарларим мендан хабар олмайди” ёки “фалончилар отасининг қазосидан кейин бутун қозихонаю миршабхоналарни додга келтириб, мерос талашиб юришибди” деган гаплар борган сари кўп айланадиган бўлди. Баъзан шундай гап-сўзларга ўзимиз ҳам лаб қўйиб, аралашган бўламиз. Аммо ҳеч биримиз бундоқ мулоҳаза қилмаймизки, ўша одамлар орасида ўзимиз ҳам бормиз. Хўш, одамлар орасидан меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат-иззатнинг йўқолаётганига нима сабаб бўлмоқда? Шунчаки назар ташлаганда ҳаммаси жойида, жигарларнинг оқибати ўз ўрнида тургандек кўринади. Бироқ қон-қариндошчилик муносабатларига яқиндан разм солганда
Узилаётган ришталар хўрсиниғи кўнгилга оғриқ солади.
— Бундан қирқ беш йилча аввал дадамнинг катта акаси бутунлай Ўзбекистондан чиқиб кетган эди,- дейди кўзларида ёш билан андижонлик мухлисамиз, таҳририятга кириб келаркан.- Ҳатто онаси – бувим вафот этганида ҳам бегоналардек “Уч оши” маъракасига етиб келди ва бир тиловатдан кейин орқасига қайтиб кетганди. Бу ўн беш-ўн олти йил аввалги гап. Ундан кейин дадам қазо қилдилар, уларнинг таъзияларига келмади. Мен бир воқеани аччиқ изтироб билан хотирлайман. Ўшанда чамаси 6-7 яшар қизча эдим, йўқ бўлиб кетган амаким пайдо бўлиб келиб, касал ётган дадамни уриб, болаларинг билан уйдан чиқиб кет, деб дағ-даға қилганди. Мен қаттиқ қўрққанимдан, йиғлаганча кўчага отилиб, қўшниларимизни чақириб келгандим. Хуллас, амаким меҳр- оқибат деган нарсаларни тамоман ҳушидан олиб ташлаган киши эди. Яқинда бошқа амакиларим ва келинойиларим оғзидаги шов-шувдан ҳалиги юртбезор амакимнинг қайтаётгани ҳақида эшитиб қолдик. Катта амакимнинг аёли атайлаб бизга эшиттириб, “қайнимиз қайтсалар, дадамиздан қолган уйда яшайдилар-да. Бошқа қаерга борардилар. Энди қаридим, ўзга юртларда сарсон-саргардон юрмайман, ўз тупроғимда кўмилай, деётувдилар. Менимча, ота ҳовлини сотиб, уларга шаҳардан бошпана олиб беришимиз керак” дейди гўёки ўзини оила бошлиғи ҳисоблаб. Ичимдан зил кетдим. Бу қанақаси ахир, дадам кенжа ўғил бўлганликлари учун бобомнинг ҳовли-жойларида ўз ўзидан биз яшаётгандик, қолаверса онам тул аёл, укам ҳали лицей талабаси бўлса, аллапайтлар юртини, қари онасини ташлаб кетган, уларнинг қабрига бир кетмон тупроқ ташламаган одам келиб, бева келини билан унинг болаларини уйдан чиқраса?! Боз устига хориждаги амакимнинг ҳам аёли ўтиб қолган, у ҳам тул экан. Майли, келинойимку аёллигига борган, нима қилиб бўлса ҳам овсини-онамга зарба беришни ўйлаган бўлиши мумкин, аммо амаким-чи, у қаерга қараяпти? Наҳотки, амаким хотинининг биз етим жигарлари ва укасининг бева аёли устидан ўқиётган ҳукмига эътироз билдира олмади? Ўйлаганим сари юрагимга изтиороб тўлади. Ҳар кеча дадам раҳматли тушимга кирадилар, мен амакиларимиздан кўраётган озорларимизни уларга айтиб йиғлармишман. Хуллас, жигарчилик, қариндош-уруғчилик ришталарининг бу қадар мўртлашиб кетгани сабабини нимадан излашга ҳайронман...
Биродар, бу қизнинг аҳволотини сизга кўрсатиб беришга каминанинг қалами ожизлик қилади. Тўғриси, мухлисамизнинг изтиробларидан бохабар бўлган жамоадошларимизнинг ҳам кўзига ёш келди. Аллоҳ таоло одамзодни барча мавжудотлар ичра азизу мукаррам қилиб яратган. Лекин нима учундир инсон феълидаги нуқсонлар билан ўзини ана шу азизликдан мосуво этади.
Ҳар бир ташаббус тагида инсонинг ўзига хос манфаати ётади. Хўш, мухлисамизнинг қариндошлари бундан бир неча йил аввал юртини ташлаб кетган укаларининг келиши муносабати билан қазо қилган жигарларининг аҳли оиласини чирқиратишдан нима топиш илинжида эканлар? Улар иниларининг орқасида қолганларни қақшатиш билан арвоҳни норизо қилаётганларни мулоҳаза қилармиканлар? Ҳар қандай ишнинг — хоҳ у яхши бўлсин, хоҳи ёмон ёлғон дунёда ҳам, чин дунёда ҳам жавоби муқаррар. Аслида бир-биримизга қанча яхшилик ва раҳм-шафқат қилсак, Аллоҳнинг раҳмати бизларга шунчалик яқин бўлади. Зеро, У марҳамат қилиб айтади:
“...Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир”. Биз тоат- ибодат қиламиз, эҳсону худойилар қиламиз, Аллоҳнинг марҳаматидан, унинг фазлу карамидан умидвор бўламизу, унга хуш ёқадиган, хайрли амалларни бажармаймиз.
Дадамнинг руҳи безовта бўлди
- дейди яна бир ҳамкасб синглимиз амакиларидан оғриниб.- Дадам биз ёшлигимизда вафот этганлар. Онам турмушнинг минг бир чиғириғида бизни қийналмай, эсон-омон ўтишимизни истаб меҳнат қилдилар, машаққат чекдилар. Ўқишимиз, илм олишимиз учун қўлларидан келганча имкон яратиб бердилар. Айрим ота-онали тўкислардан кўра тарбиямиз, маълумотимиз ҳавас қиларли. Аммо баъзида моддий эҳтиёжмандлик кўп қатори бизни ҳам ташвишга қўйиб туради. Айниқса мен тўлов-шартнома асосида ўқиганим учун оиламиз моддий танқисликда қоларди. Хуллас, учинчи курсда контракт пулини тўлашга қурбимиз етмай, банкдан таълим кредити олдим. Амакимнинг ўғли ўша банкда ишлайди. Ундан менга теккан ёрдам, ҳужжатларни қандай расмийлаштиришу кредитнинг бир йили учун кафиллик ваколати бўлди. Мен қонунда белгиланган тартибда таълим кредитини олдим. Таҳсил тугади, ишга жойлашдим, ишлаяпман. Давлатдан олган қарзимни узишга ҳаракат қиляпман. Яқинда қарзимнинг фоизини тўлаш керак экану, менинг пластик карточкамда етарлича пул йўқ эди. Шунда ҳалиги амакимнинг ўғлига, “ўзи арзимаган эллик минг сўм пул экан, ҳозир карточкамда пул йўқ эди. Сиз бериб туринг, ойлигимни олган заҳотим сизга бераман” дегандим. Бу гап амаким билан келинойимнинг қулоғига қайдан етган, билмайману, бир пайт амакимнинг аёли важоҳат билан менга қўнғироқ қиляпти: “Менинг ўғлим қачонгача сизларни боқади?! Сизларнинг дастингиздан бизга тинчлик борми? Топганига шерик чиқаверасизлар, контракт пулингни тўлагани етмагандай, энди унинг фоизини ҳам ўғлимга тўлаттиряпсанми?! Сенларда инсоф борми ўзи?!..” Ўзимни йиғидан тийиб туролмадим. Ахир мен банкдан таълим кредети олиб ўқиганман, амакимнинг ўғли банкда ишламаган тақдирда ҳам, амалдаги қонунларга асосан хоҳлаган банкдан қарз олиб, шартнома пулини тўлаш ҳуқуқига эга эдимку. Наҳотки, бир йилга кафолат берганини шунчалик катта ёрдам деб ўйласа? Қолаверса, мен таълим кредити олган бўлсам, улардан бир сўм пул чиқмаган, фақат фоизини тўлаш учун маошгача қарз сўрагандим, холос. Шунча гап-сўзлари етмагандек, келинойим маҳаллада учраган-кўрганларига, мени айтиб, “биздан беш миллион қарзи бор, унинг ўқишига биз пул тўладик” деб аюҳаннос солибдилар... Эҳ, дадажоним тирик бўлганларида биз шундай қийналмасдик, келинойим кўнглимни оғритмасди, деб тонггача йиғлаб чиқдим. Саҳарга яқин дадам тушимга кирибдилар. Жуда ҳам ғамгин эканлар. Амакимларнинг уйини кўрсатиб, мен уёққа энди ҳеч қачон бормайман, дермишлар. Уйғониб тушимнинг таъбирини мулоҳаза қилдим. Менимча, келинойим арвоҳни ранжитибдилар...
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Қариндошга ҳаққини бер! Мискинга ва кўчада қолганга ҳам. Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма!” (Исро сураси, 26- оят). Биз яхшиликдан, ризқу насибамизнинг кенг бўлишлигидан умидвор бўла туриб, юқоридаги сўзларга амал қиляпмизми? Қон-қариндошимизнинг, жигарларимизнинг мол-мулкимизда ҳаққи борлигини англаб, эҳсонимизнинг, хайру саховатимизнинг аввалини жигарларимизга илиняпмизми? Ёинки бевақт вафот этган биродаримизнинг фарзанди эҳтиёжманд бўлиб қолганида энг биринчилардан бўлиб ёрдам қўлини чўзяпмизми? Афсуски теграмизда шу саволлар айлганида, аксариятимиз ё лабимизни буриб четга юз ўгирамиз ё оғир тин оламиз, ёки (сал виждонли бўлсак!) хижолатдан бошимизни эгиб оламиз.
Яхши инсонмисиз?
Яхши кўрган молидан қариндош-уруғларга, боқувчисидан ажраб қолган етимларга, яъни, боқувчисиз қолган, балоғат ёшига етмаган ёш болаларга; мискинларга, яъни, еб-ичиш ва яшаш учун етарли маблағи, даромади йўқ кишиларга, тиланчиларга, яъни, ўзида яшаш учун моддий имконияти йўқлигидан мажбур бўлиб бошқалардан моддий ёрдам сўраганларга ҳеч оғринмай бериб юборган киши ҳақида яхшилик қилувчи яхши инсон, дейилиши далолат қилинган муқаддас битикларда. Мулоҳаза қилинг, юртдош, биз ҳақимизда ҳам яхши инсон, солиҳ яхшилик қилгувчи дейишлари учун арзирли нимадир қилганмизми?..
— Дадамнинг вафотларига ўн беш йилча бўлиб қолди, -дейди таниш қиз ғамга ботиб.- Раҳматли ҳаёт бўлганларида бу йили олтмиш бирга тўлардилар. Эссиз, дадам ўтиб қолганларидан кейин биз озмунча қийналмадик. Амакимларим хотинига қўшилиб бизни оғринтирганида, “дадам ўлмасалар эди, биз бунча қийналмаслик” дейман. Ҳаёт машаққатлари онамни ҳам толиқтириб юборди. Ҳозир уларнинг юраклари касал. Ҳеч қачон қийналмасинлар, ўксинмасинлар деб опаларим билан икки кўзимиз онамда. Тўғриси, бирозгина эҳтиёжмандмиз. Мен талабаман, укам талаба. Опаларим узатилган, ўз тирикчилиги билан машғул. Камхаржроқ бўлсакда, шу пайтгача амакиларимнинг эшигига бориб пулга зориқиб қолганимизни айтмаганмиз. Айтишнинг ҳам фойдаси йўқ. Яқинда онам бетоб бўлиб касалхонага тушдилар. Ҳеч кимни касалхонага тушгулик қилмасин экан, дори-дармон, касалхона харажатларига бор- будимизни сарфладик. Шукр, онам тузалиб, соғайиб бошимизга қайтдилар. Ҳеч қандай давлатнинг, мол- дунёнинг бизга кераги йўқ. Онам ҳеч қачон оғримасалар, бетоб бўлмасалар бўлди. Хуллас, онам касалхонадан чиққан кунлари катта амаким билан келинойим иккинчи маротаба ҳаж зиёратидан қайтгани муносабати билан эҳсон зиёфати уюштиришди. Эҳсонга ҳам мискин, муҳтож кишилар эмас, шаҳарнинг казо-казо ўзига тўқ, бадавлат кишилари таклиф этилди. Иккиталаб қўчқорлар сўйилди, меҳмонларга ноз-неъматлар тортилди. Онам касалхонадан энди чиққанлари учун шовқин- суронда ўзимни уринтирмай деб бормай, мени юборгандилар. Дастурхондаги отига тилим келишмайдиган ноз-неъматларни кўриб юрагим энтикди. Онам касал, уларга қувват бўладиган таомлар едириш керак. Аммо афсуски иқтисодий шароитимиз бундай харажатларни кўтаролмайди. Эҳсоннинг аввалидан охиригача шундай хаёлларга ғарқ бўлиб ўтирдим. Қайтаётганимизда амакимнинг келини қўлимга онамга аталган тугунчани бераётиб, “акангиз дадамларга, шунча пул сарфлаб эҳсон қилишнинг нима кераги бор? Ахир эҳсон оёғимизнинг остида – келинойим бир ойдан ошиқ касалхонада даволаниб чиқдилар. Касалхона харажатлари, дори-уколлар ҳозир анча-мунча одамнинг суягини синдиради. Эҳсоннинг пулини уларга берайлик, деса гапи шамолда учиб кетди. Ҳеч кимнинг қулоғига илинмабди” дегандай гап қилди. Хўрлигим келди, майли, эҳсон қилишни ният қилишибди экан, даргоҳида қабул бўлсин, аммо биз касалхона харажатлари учун анча-мунча қарзга ботгандик. Агар ёрдам қилишса, биз ўша ўзига тўқ одамлардан кўра кам дуо қилмасдикку...
Жигарлари, қон-қариндошлари, айниқса бевақт дунёдан ўтган биродарининг аҳли оиласига саховат қилиш — юксак инсоний фазилатдир. Фақат юксак инсоний фазилатлар соҳибигина мазкур тоифадаги кишиларга холис ёрдам беради. Аммо, таассуфки бундайлар орамизда бармоқ билан санарли ва улар тобора камайиб кетмоқда.
Ўтганларнинг ортида қолганлар қайсидир маънода уларнинг омонатларидир. Омонатни асраб- авайлаш, унга хиёнат қилмаслик эса омонатдорнинг ҳам Аллоҳ ва ҳам бандаси олдидаги масъулиятли бурчи. Шундай тақдирли замондошим, сиз омонатни асраб билаяпсизмикан? Бир куни виждонингиз сўроғи қаршисида забун қолмасликка ишончингиз комилми? Фикримизча, бундай мулоҳазаларни мушоҳада қилишингиз фурсати аллақачон келган...
Умида АЗИЗ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 76 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар