Сайт бўлимлари
Эрининг яқинларига эшик ёпган аёл
- Подробности
- Бўлим: Қариндошлар
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Инсонни жамият билан узвий боғлайдиган ришталар жуда кўп ва турличадир. Буларнинг ичида энг кучлиси — қон ва насаб қариндошлиги. Яқин қариндош-уруғлар ўртасидаги алоқа ҳам мана шу ришталардан бири ҳисобланади. Инсон бу риштага суянади, ундан куч ва қувват олади. Ҳаёт йўлидаги муаммоларини ечишда унга таянади. Қариндош уруғчилик ришталари мустаҳкам, кишилар қон-қариндошларининг ҳурмат-иззатини ўрнига қўйиб, жигарчилик ришталарини узмасалар, ҳаётлари тинч ва осойишта кечади.
Таассуфки бугунга келиб оқибат, андиша туйғуларининг бироз униқиб қолгани ҳисобига қариндош -уруғчилик ришталари ҳам дарз кетяпти. Ака-ука, опа-сингилнинг уйига фақат тўй-маъракалар баҳонасида бегоналар сингари борилмаса, бошқа пайт бориб хабар олиш йўқ. Бу борада қиз қариндошлар-ку меҳр – оқибатни ўрнига қўйишга астойдил уринишади. Аммо ўғил жигарларнинг оқибатсизлиги кўнгилга оғриқ солади. Бугунги мулоҳазаларимиз шу хусусда.
Келининг айниса, ўғлингдан кўр,
деган гап бор халқда. Тафаккур қилинса бу истеҳзоли иборанинг тагзамирида анчайин ҳақиқат мавжуд. Ўғил жигарларнинг оға-инисига бемеҳрлиги уйлангач яна-да аниқроқ кўрина бошлайди. Кўпчилик бу ҳолга келинни айбдор қилади. Аммо аслида ким айбдорлиги эса ҳолатга теранроқ нигоҳ билан қараганларга аён бўлади. Ҳеч эътибор берганмисиз, ўғил уйланса, дарров ўзгариб қолади. Қариндош-уруғ тугул, ҳатто ўз ота-онаси, жигарларига ҳам аввалги муносабатидан кескин фарқлайдиган муомалага ўтади. Хўш нега? Ҳозирча бу саволни қўя туриб, таҳририятимизга келган мана бу мактубга эътиборингизни жалб этсак.
“... Оилада тўрт қиз, бир ўғил ўсдик,- деб салом-аликдан кейин мактубини давом эттиради қўқонлик муштарийимиз Насима Абдувоҳидова.- Оиламизнинг кенжатой фарзанди ўғил бўлганига ота-онам роса суюниб, нима топсалар унга илинардилар. Укам эсини таний бошлагач сандиқ олиб, келинга атаб сарпо йиға бошладилвр. Биз тўрт опа-сингил укамни еру кўкка ишонмай, катта қилдик, шу укам ўқисин, касбу кор эгалласа, эрта бир кун ҳаммамизга яхши бўлади, деб ўзимиз ўқимай, далада қуёш қизиғида ишлаб укамни ўқитдик. Вақти соати келиб уйлантирдик. Кун чиқса ҳам укамга, ой чиқса ҳам укамга дердик. Кун келиб ота-онамнинг вақти қазоси етиб, аввал онам, сўнгра отам омонатларини топширдилар. Отамнинг “уч ош”лари ўтиб, укам билан келиннинг бизга муносабати кескин ўзгариб қолганидан опа-сингиллар ҳайрон қолдик. Келин қовоқ ўядиган, укам эса бизни хушламайдиган бўлди. Бундай ўзгаришнинг сабабини чамаласам, улар, опаларимиз энди меросдан ҳақ талаб қилишади, деган хаёлга боришган чоғи. Бизнинг эса бундай тубанликка бориш, етти ухлаб тушимизга ҳам кирмаганди. Хуллас аввал укам, кейин келин қовоқ ўйди бизга. Шунда ҳам биз қиз жигарлар биттагина укамизнинг эркалиги-да, деб аввалги муносабатимизни ҳеч ҳам ўзгартирмадик. Отамнинг маъракаларини ўтказиб, улардан тез-тез хабар олиб турдик. Отамнинг биринчи ҳайитларини мен ўтказадиган бўлиб укамникига, тўғрироғи ўзим катта бўлган, болалигим ўтган уйга бордим. Келинимиз хушламайгина қарши олди. Бироз мулзам бўлиб мақсадимни айтгандим:
— Опа, ўша куни биз бир ёққа кетмоқчи бўлиб тургандикда, хафа бўлмасангиз бошқа сафар худойи қиларсиз. Ёки уйингизда ўтказаверинг, ахир сиз ҳам фарзандсизку, бу ерда ўтди нимаю, сизникида ўтди нима,- деб тап тортмай кўзимга қараб тураверди. Ҳеч нима деёлмадим. Кўнглим ўксиб, уйга кела-келгунимча йиғлай йиғлай келдим. Ахир ўша уй бизнинг ҳам маконимиз, болалигимиз, ота-онамиз билан боғлиқ хотираларимиз муҳрланган гўша-ку. Нега энди туғилиб ўсган уйимизда ҳатто отамизнинг маъракасини ўтказишга ҳам ҳақсиз бўлиб қолдик?.. Шундан бери укамнинг уйига боргим келмайди. Ота-онамни, болалигимиз ўтган уйни қўмсасам, маҳалламиз бошига бориб узоқдан уйимизга қараб юм-юм ёш тўкаман. Ҳаёт шу экан-да. Начора, бизни деб укамнинг тинчи бузилмаса бўлгани... ”
Мактуб муаллифининг изтироблари айни кундаги ҳаётий ҳақиқатни далолат этади. Чиндан ҳам ота-она қазосидан кейин, уйнинг норасмий “эга”лари — келинлар томонидан эрнинг яқинларига эшик ёпилади.
Эркак жигарларини қадрласа...
Орифжон Жумаев, 32 ёш, иқтисодчи, Бухоро вилояти:
— Қаердадир шундай гап ўқигандим: "Аввал ўзингни бир нарсага ўргатасан. Бу сенга одатга айланиб қолади. Кейин эса характер бўлиб қолади ва наслинга ўтади". Бу яхши иш бўлса ҳам, ёмон иш бўлса ҳам. Аёллар ҳам шундай. Янги келинлик пайти сипо бўлади, куёвнинг қариндош-уруғларига ҳурмат билан қарайди. Кейин вақт ўтгани сари ўзгара бошлайди.
Лекин нима бўлганда ҳам бу борада ҳамма масъулият эркакка тушяпти. Ўзбек аёлларига бу нарса туғма феълга айланиб қолган. Ҳеч кайси эркак хотинига айтмайдику, яқинларим келса рўйхуш берма деб, тўғрими? Хотинининг қариндош-уруғи, яқинларини ҳурмат қилишини истаган эркак, аввало ўзи қондошларини қадрлаши шарт!
Қолаверса, қиз болани туғилганидан тарбиялаш керак. Қиз болага бўлажак оила бекаси, аёл, она деб қараш керак. Ўғилни эса эркак, ота тарбиялаши керак. Шундагина ҳақиқий эркак бўлиб улғаяди. Хотинининг гапига кириб ўз оға- иниларидан ажралмайди. Уйининг эшиги ҳам ҳамма вақт жигарлари учун очиқ туради...
Манзура Раҳимова, Шайхонтоҳур туманидаги 39- умумий ўрта таълим мактаби она тили ва адабиёти ўқитувчиси:
— Афсуски, сиз назарда тутган аёллар орамизда анчани ташкил қилади. Улар ўзлари тутган йўл билан ўз келажакларини барбод этаётганларини англаб етармикинлар?.. Ундайларга қарата, бу дунё қайтар дунё. Бугун кимгадир қилганингиз албатта эртага ўзингизга қайтади. Ёки болаларингизга қайтиши мумкин. Ҳозир сиз қилаётган ишингизни болаларингиз ҳам кўриб турибди. Бу ишингизни билан сиз нафақат эрингизни яқинларидан ажратаяпсиз, балки болаларингизга ҳам ўргатаяпсиз. Эртага сиз ҳам ўтиб кетганингиздан кейин болаларингиз бир-бири билан юз кўрмас, тескари бўлиб кетишини хоҳламасангиз бу ишингизни қилманг. Сизни бу оилага не умидлар билан наслимнинг давомчиси деб қабул қилишган, жигарларни бир-биридан ажратишга эмас. Зеро, эт билан тирноқни ажратиб бўлмайди. Бу мол-мулк кимлардан қолиб кетмаган, сиздан ҳам, биздан ҳам қолади. Ўтганларнинг руҳини безовта қилманг, ўзингизнинг ҳам хотиржамлигингизни бузманг, дегим келади. Майли-да, дунё деворига ким нима отса, кун келиб ўша нарса ўзига қайтади...
Акром МАЛИК, Ўзму талабаси: — Аёл кишига бахтини эрининг оиласидан топиши тақдир қилинган, унга бошқа ҳеч қанақасига бахт бўлмайди. Ўзини эрига, оиласига бағишламаган аёл асло шодлик таъмини тотмайди. Қиз бола ўз уйидан чиқдими, тили билан, қўли билан ўзга оилани забт этсин, агар хоҳласа аёл тушган жойининг маликаси бўла олади, фақат айтганимдек, хоҳласа... Афсус, буни ҳамма аёллар хоҳламайдилар-да, шунинг учун эрининг уруғларига эшик ёпади... Аёл - жаннатнинг ифори, агар унда нафосат бўлмаса, бу фазилатдан бебаҳра қолади. Демак, аёл нафосат билан, ақл билан, нафақат эрини, балки, қайнота, қайнона, қайни эгачи, қайнисингиллари, қайнука-ю қайниоғаларнинг ҳам меҳрибонига айланиши мумкин. Минг вовайлоки, эр ва эрининг қариндошлари ўртасини бузмаса касал бўладиган аёллар бор! Улар иблиснинг лашкаридир! Аллоҳ сақласин! Эр киши зардали бўлса, хотин пардали бўлади, агар хотин унинг уруғларига эшик ёпса, биринчи тарсаки эрга аталади, атала бўлгани учун! Шул боис, аввало эр ўзи қаттиққўл ва бир сўзли, мард бўлсин, кейин аёлларимизга Аллоҳ инсоф берсин! Файласуфлардан бири шундай деган эди: "Комила аёллар юздан, мингдан бир чиқади, лекин ўша бир нафари минг комил эрдан устун!" Бу бежиз эмас, чунки аёл киши... эркакдан кўра минг карра кўпроқ ўзи билан курашади, шу сабабдан Худо инсоф берсин, покиза ва нафис қалбларини нурлантирсин деб астойдил истаймиз...
Хуршида Эшонова, журналист, Андижон шаҳри:
— Турмуш мушти ҳар турли сабабларга кўра бошимизга гурзидай тушади. Шу важлардан бири қариндош- уруғ муносабатлардаги салбиятлардир. Борди- келдилар ҳар доим ҳам бизга хотиржамлик ваъда қилмайди. Тўй-марака, меҳмондорчиликлардан сўнг қулоққа чалинадиган "Топганингиз қариндошларингиздан ортмайди" ёки "Қариндошлар олдида тилимни қисдинг" ёхуд "Уруғларингиз дастидан дод" каби иддаолар кўпчиликка нотаниш эмас. Айрим аёлларнинг бунақанги дийдиёлари эрни қариндошлардан, қариндошларни эса эркакдан узоқлаштиради. Лекин чуқурроқ мулоҳаза қилинса, эркак кишининг қариндош- уруғларига аёлининг эшик ёпиши, ота-онасининг қазосидан кейин жигарларнинг туғилиб ўсган уйига келишга безиллаб қолишига асосий айбдор —эркак киши! Агар эркак ўз қадрини биладиган, заковатли бўлса, бугун эрининг қариндошларини беҳурмат қилган, жигарларига рўйхушлик бермаган, яқинларига эшик ёпган аёл эртага унинг ўзини ҳам беқадру беҳурмат қилишини англаса ҳеч қачон хотинига ҳаддан ортиқ эрк бериб юбормайди...
Дилфуза Каримбекова, шифокор, Тошкент шаҳри:
— Дадамлар ота ҳовлиларини кичик амакимга ташлаб, алоҳида ҳовли –жой қилиб чиққанлар. Болалигимдан бери эсласам, бобомларникига борадиган бўлсак, албатта кўча эшикдан қайтиб келамиз-да. Келинойим —амакимнинг аёли ҳар гаплашганда, ё бирор жойда кўришиб қолганимизда, “вой бир келсаларингиз-чи, ҳеч келмайсизлар” деб ўзини ранжиган қилиб кўрсатади. Борганимизда албатта уйда бўлмайдилар! Ёки гапни айлантириб, дарвозанинг ёнида олиб ўтирадилар... Худди, “нега келдинг? Сендан бошқа ташвишим йўқми!?” дегандек. Нега одамлар бунчаликка боришади, ҳеч тушунмайман. Ота уйига эга чиққан ўғил ота-онасининг яқинлари, ака-ука, опа-синглиси эшикдан кириб келганда, жилмайиб чиқиши, бир пиёла чой тутиб, уларнинг иззатини қилиши ҳам фарз, ҳам қарз-ку!..
Гувоҳи бўлганингиздек, суҳбатдошларимиз эрининг қариндош-уруғлари билан муносабати яхши бўлмаган аёлнинг феълидаги нуқсонга эркакни айбдор деб ҳисоблашяпти. Ҳатто эркакларнинг ўзи ҳам. Жигарларига меҳри бўлмаган кишида одамийлик ҳисси ҳам бўлмайди.
Ундайлардан яхшилик кутилмайди.
Қариндошлик ришталарини узиш энг катта гуноҳлардан ва ёмон ишлардан бўлиб, бемеҳрлик, тошбағрлик ва ҳиссиётсизлик деб билинади. Бундай кимсадан бирон бир яхшилик кутилмайди, ундан раҳм-шафқат умид қилинмайди. Зеро, ўз яқинларига яхшилик қилмаса, бегоналардан бутунлай четда бўлади. Унинг қалби ўз туғишганларига нисбатан тошбағир бўлса, бошқаларга эса янада қаттиқ ва бемеҳр бўлади. Бемеҳрлик, қалб қатиқлиги эса кишини хору зор қилади. Ахир инсоннинг бошида яхши –ёмон, оғир-енгил кунлар, қувончли-қайғули дамлар бўлади. Бундай пайтда, албатта жигарларнинг ўрни билинади. Ҳеч кимга меҳр кўрсатмайдиган, қариндош-уруғи, дўсту биродари билан борди-келдини йиғиштириб қўйган ўз қобиғидан нарига чиқолмайдиган кимсалар, кун келиб бир дилдошга муҳтож бўлиши муқаррар. Инсон ҳеч қачон жамиятдан айро ҳолда яшай олмайди. Буни ҳеч биримиз унутмаслигимиз даркор.
Эрининг яқинларига эшик ёпган аёл... Жуда хунук эшитилади а?.. Қулоғингизга кирган заҳоти, юрагингиз музлаб қолади гўё. Эрининг жигарларига, ҳозир у эгалик қилаётган хонадонда туғилиб- ўсган, болалигининг беғубор хотиралари қолганларга эшик ёпган аёл, кун келиб ўзига бахт, хотиржамлик ва жаннат саодатининг эшиги бериклишини ўйламаса керак. Агар қилмишларининг оқибати ўзига оғир бўлишини англаб етадиган даражада оқила бўлганида бошқача йўл тутармиди?..
Агар сизда ҳам мавзуга оид мулоҳазалар бўлса, алабатта бизга ёзиб юборинг.
Умида АЗИЗ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 45 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар