1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ҳазрат Умарга хотинидан шикоят қилгани келган одам

Ҳазрат Умарнинг Халифалиги даврида бир одам шаддод хотинининг турли жанжаллари, бақириб-чақирувларидан шикоят қилгани келди.
Ул одам Ҳазрат Умарнинг эшиги олдига келганида қулоғига бир хотиннинг қаттиқ овози келди. Бир оз тараддудда қолди, қулоқларига ишонмади. Ишонмади, қандай ҳам ишонади! Ҳазрат Умарнинг аёли Умму Гулсум ҳожаси — эри Ҳазрат Умарга бақириб чақирмокда. Ҳазрат Умар эса ҳеч овозини чиқармас эди.
Хотинидан шикоятга келган одам ўз-ўзига шундай деди:
— Мен хотиним берган ҳузурсизликдан, хотинимнинг ёмон феълидан, менга бақириб-чақиришидан халифага шикоятга келган эдим, токи ҳузур топайин, уйимдаги жанжалдан қутулайин деб. Бу қандай тақдирки, менинг бошимдаги ғам халифанинг ҳам бошида бор экан. Яхшиси у ердан кета қолай, деди.
Ул одам қайтиб кетар экан, Ҳазрат Умар уни кўриб қолди ва:
— Нега келган эдинг, нега кетяпсан, — деди.
— Сизга хотинимдан шикоятга келган эдим. Айни бало, айни дард сизнинг ҳам бошингизда борлигини кўриб шикоятдан воз кечдим. Шунинг учун кетаётган эдим, — деб жавоб берди ул одам.
Бунинг узрига Ҳазрат Умар ул одамга бундай насиҳат қилди:
— Менга яхшилаб қулоқ сол! Оиламнинг менда баъзи ҳақлари бордир. Менга қилган хизматлари сабабли мендан бу ҳақларининг қадрини билишимни истайди. Сабр-қаноат билан қилган хизматлари ва ҳақлари ушбудир:
1. Хотиним жаҳаннам оташи билан менинг орамда бир пардадир. Кўнглим у билан роҳат топади. Ҳаромга боқмайман (яъни, у менга хотинлик вазифасини бажаради).
2. У мен учун уйимнинг бир муҳофизидир (қўриқловчиси, муҳофаза этувчисидир). Мен уйимдан чиқсам, у уйимда мол-мулкимни сақлайди, уйимнинг бекаси бўлиб қолади.
3. Кийимларимни ювиб тозалайди. Уйимнинг бошқа юмушларини бажаради. Уйимнинг тозалигини, болаларим-нинг покизалигини сабр-қаноат билан таъминлайди.
4. Болаларимни тарбиялайди. Уларга едириб-ичиради, кийдириб ясантиради.
5. У менинг овқатимни пишириб, олдимга қўяди. Шунча хизматларни ўрнига қўйиб бажариб миннат қилмайди.
Ҳазрат Умардан бу насиҳатларни эшитгандан кейин хотини устидан шикоят қилгани келган одам:
— Сенга қилинадиган бу хизматлар менга ҳам қилинади. Сен хуш кўриб унинг баъзи қусурлари, камчилигини кечирганингдан кейин мен ҳам хотиним қусурларини кечираман, — деди.

Изох ва ўгит
Эй, уйида ҳузур истаган инсон!
Барча кўргуликларимиз динимизни билмаганимиздандир. Ҳазрат Умар каби бир зотни бундай хушхулқ қилган фақат ислом динидир.
Ҳазрат Умарнинг қандай одам бўлганлигини қўлингиздаги бу китобдан ўрни келганда билиб оласиз. Ислом дини инсонни қандай баркамол этади? Ислом инсонни қандай маданий бир инсон этиб тарбиялайди?
Ҳақиқий бир мусулмон инсонларга зарар бериш ва уларни хафа қилиш эмас, ҳайвонларга ҳам зарар етказмайди, ҳайвонларни ҳам қийнамайди.
Бошимизга келадиган балолар, кўрадиган аламларимиз яхши мусулмон бўла олмаганимиздандир. Динимизни билмаймиз. Бир бола ҳам биладиган 32 фарзни билмаймиз. Ҳатто, ғусл қандай қилинади, шуни ҳам билмайдиган қарияларимиз бор.
Бўлмаса жоҳил бир эр нега хотинини қийнайди? Чунки ул эр хотин қадрини билмайди.
Шунга ўхшаш имонни билмаган жоҳил бир хотин эрига азият ва ҳузурсизлик етказишдан бўлак нима ҳам қиларди?
Жоҳил эрлар хотинларининг қадрига етмагани каби, жоҳил аёллар ҳам ҳожаларининг қадрини билмайдилар.
Бундай жуфтлардан қурилган оилаларда бир-бирларини тушуниш бўлмайди, натижада улар бир-бирларига озор берадилар. Бундай оилада ҳузур деган неъматдан асло бўлмайди.
Чунки заволли уйларда кўзёшлари тинмайди. Она ва ота жанжалидан гуноҳсиз болалар азоб чекадилар. Фарзандларининг кўзёшлари тинмоғи учун ота ва оналар ақлли инсонлар, марҳамат соҳиби бўлишлари зарурдир.
Шуни унутмайликки, уйимизда бахтли бўлишимизнинг шарти ҳамма одам ўз зиммасига тушган вазифасини яхши бажариши ва одобли бўлишидир.

Юсуф Товалийнинг
"Ҳикматлар хазинаси" китобидан

 

Ҳозир сайтимизда 846 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ