1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Фарзандга жинсий тарбияни очиқ баён қилиш

Кўп ота-она ва мураббийлар тез-тез ушбу саволларни беради. Фарзандга беихтиёр таъсирини кўрсата бошлаётган балоғат ёши аломатларини қай тарзда тушунтириш лозим? Уларга жинсий аъзоларнинг вазифаларини, қиз болаларга ҳомиладорлик, бола парваришлаш ва оналик вазифаларини сўзлаш мумкинми? Ўспиринларга жинсий қўшилиш одоблари, уйланиш арафасидаги вазифалар, оталик масъулиятларини очиқ ва равшан айтиш жоизми? Хуллас, шу маънодаги саволлар талайгина.
Баъзан кўпчилик бундай саволларга жавоб беришда ожизлик қилади. Шу боис бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида бу ҳақда шариатимиз ҳукмларини баён қилишни лозим топдик. Яқин келажакда оила қуриб, ота ва онадек шарафли бурч соҳиб ва соҳибалари бўладиган ўғил-қизларга бу борадаги шаръий ҳукмларни очиқ айтиш нафақат жоиз, балки ҳар бир ота-она зиммасига вожиб бўлади. Фақат уларнинг ёшига катта эътибор қаратиш лозим.
Кўп оятлар ўз жуфти билан жинсий қўшилиш ҳалоллиги ва бошқа бегоналар билан эса тақиқланганини очиқ баён қилади:
«Улар авратларини (ҳаромдан) сақловчилар. Илло, ўз жуфти ҳалоллари ва қўл остидагилар (чўрилар) бундан мустаснодир. Бас, албатта, улар маломат қилинувчи эмаслар. Бас, кимки шундан ўзгани (ҳаром қилган нарсани) истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошувчидирлар» (Мўъминун, 5-7).

«Сизларга рўза кечасида хотинларингиз билан қовушиш ҳалол қилинди...» (Бақара, 187).
«Сиздан ҳайз тўғрисида сўрамоқдалар. Айтинг: “У (эр ва хотин учун) азиятдир. Бас, ҳайз пайтида хотинларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича, уларга яқинлашмангиз! Покланганларидан кейин уларга Аллоҳ буюрган равишда келаверингиз (қовушаверингиз)» (Бақара, 222).
«Хотинларингиз сизлар учун зироатгоҳдир. Бас, зироатгоҳингизга хоҳлаган жиҳатингиздан келаверингиз...» (Бақара, 223).
Қуйидаги оятлар инсон асли нимадан яратилгани, сўнг она қорнида қай ҳолатда бўлишидан хабар беради: «Қасамки, Биз инсонни (одамни) лойнинг сарасидан яратдик. Сўнгра уни (инсон наслини, аввало) мустаҳкам қароргоҳ (бачадон)даги маний қилдик» (Мўъминун, 12-13).
«Дарҳақиқат, Биз инсонни имтиҳон қилиб, (оталик ва оналик сувларидан) аралаш бир нутфадан яратдик. Бас, уни эшитувчи ва кўрувчи қилиб қўйдик» (Инсон, 2).

Қуйидаги оятда эса ҳомиладорлик жараёни ўз-ўзидан эмас, балки машаққат эвазига бўлиши ва туғилажак болани эмизиш муддати очиқ баён қилинмоқда: «Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга бу-юрдик. Онаси уни (қорнида) қийналиб кўтариб юр-ган ва уни қийналиб туққандир. Унга ҳомиладорлик ва уни (сутдан) ажратиш (муддати) ўттиз ойдир...» (Аҳқоф,15).

Қуйидаги оят зино зарарли, ҳалокатли эканини яна бир бор таъкидлаб келмоқда: «Зинога яқинлашмангиз! Чунки у фаҳш ва ёмон йўлдир» (Исро, 32).
Навбатдаги оят аёллар қолиб, эркак киши эркаклар билан жинсий алоқа қилишидек тубанликни, ахлоқсизликни қоралаб келади: «Лутни ҳам (пайғамбар қилиб юбордик). Ўз қавмига айтди: “Шундай (ёмон) фаҳш ишни қиласизми? Сизлардан олдин бутун оламда ҳеч ким уни қилмаган эди. Сизлар хотинлар қолиб, шаҳват билан (нафсни қондириш учун) эркакларга “келасиз”. Ҳа, сизлар исрофгар қавмдирсизлар» (Аъроф, 80-81).

Аллоҳ таоло ушбу масалалар ва уларнинг ҳикматла-рини инсонга таълим бериш мақсадида очиқ ва равшан баён этмоқда. Демак, бу каби масалаларни балоғат ёшига етган фарзандга динимиз таълим берганидек ўргатиб бориш зарур. Аммо фарзанд бундай оятларни ва уларнинг ҳукмларини қандай тушунади? Албатта, ота-она бу қоидаларнинг асл моҳиятини ва ундан кўзланган мақсадларни англатиши керак. Бунинг учун эса таълим берувчи муаллим ёки ота-она бундай тарбиявий ҳукм оятларни мукаммал ўрганиши зарур. Бу борада Қуръони карим илмидан хабардор бўлган олимларга мурожаат қилиши ва бу ҳақда ёзилган китобларни қунт ила ўқиб-ўрганиши шарт. Чунки ҳар бир мусулмон Аллоҳ таоло-нинг улуғ Каломини ўқиб-ўрганиб, тафаккур қилиши ҳақида Раббимиз бундай марҳамат қилади:

«(Эй Муҳаммад! Ушбу Қуръон) оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма олишлари учун Биз Сизга нозил қилган муборак Китобдир» (Сод, 29).

Бу оятлардан маълум бўладики, ҳар бир мусулмон Аллоҳнинг улуғ каломини нафақат ўқиши, балки илоҳий хукмларни чуқур уқиб, уларни ҳаётига татбиқ этиши шартдир.

Шундагина ёшларимиз ўзларини Аллоҳ таоло яратганини, У зот доимо кўриб, кузатиб туришини чуқур ҳис қилади. Оддий бир нутфадан поғонама-поғона ривожланиб, инсон шаклу шамойилига келганини билиб, имони янада зиёда бўлади. Ҳақиқий мусулмонга хос ҳаёт кечириб, ўз Раббиси ҳузуридаги ҳақларини, жамият ва атрофдаги инсонлар олдидаги бурчларини чин кўнгилдан адо қилади. Шунда ҳар бир йигит-қиз ўз ҳақ-ҳуқуқларидан тўғри маънода фойдаланиб, турли иллатларнинг олди олинади.

Шунинг баробарида ота-боболаримиз қўллаб келган, диний ва миллий қадриятлар уйғунлашган тарбия услубларини қўллаш қатъий талаб этилади. Натижада, фарзанд ҳалолликка бутун вужуди билан талпинадиган, ҳаром деб аталмиш жирканч уммонга қадам ташлаш тугул, ўгирилиб ҳам қарамайдиган гўзал маданият соҳибига айланади. Бу маданият шарму ҳаёдан узоқ бўлганларнинг “маданият”ларидан фарқли ўлароқ, инсонни том маънода камолотга етаклайди. Шу боис барча ёшу қари, аёлу эркак бу маданиятдан бирдек баҳраманд бўлиши бениҳоя зарурдир.

Хулоса қиладиган бўлсак, фарзандга жинсий тарбия масалаларини очиқ ўргатиб боришдан мурод, аввало уларни бу ёшларида нималар жоиз-у, нималар мумкин эмаслигидан хабардор этишдир. Шу билан бирга, ҳар бир йигит-қиз оила қуришдан асл мақсад нималиги, бунинг учун эса жинсий ҳаёт зарурлиги ва унинг ўзига яраша қоидаларини ҳам билиши лозим.

Аммо бу каби масалаларни сингдиришда, айтиб ўтилганидек, фарзандларнинг ёшларига катта эътибор бериш лозим. Дейлик, 9-12 ёш оралиғидаги болага бу тушунчалар сингдирилмайди. 14-16 ёш орасидаги ўспиринларга бу мавзудаги рухсат ва тақиқ, ҳалол ва ҳаром тушунчалари бериб борилса, 16-18 ёш оралиғидаги йигит, қизларга эр-хотинлик одобу қоидалари мукаммал тарзда етказилиши, тушунтирилиши жуда муҳим. Қиз болаларга, албатта, бу тарбияни оналари ёки бошқа қариндош аёллар етказишади.

"Оилада фарзанд тарбияси", муфтий Усмонхон Алимов

Ҳозир сайтимизда 849 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ