Сайт бўлимлари
Ўзгарган тўйлар
Инсон ҳар бир қилаётган ишида ўзи, оиласи, халқи, юрти, дини манфаатлари учун хизмат қилишини олдига мақсад қилиб қўйиши ёки аксинча, унинг маънавияти даражасини кўрсатади.
Назаримда бугунги кунда тўй, маърака маросимлар нима мақсадда ва ким учун қилинади, деган савол жавобсиз қолаётганга ўхшайди. Ҳар бир иши, ҳатти ҳаракати орқали ўзини ёки имкониятларини кўз-кўз қилиш ниятида бўлган шахс бу дунё қулига айланади. Дунё эса жуда қисқа ва бевафодур.
Никоҳ тўйи ўтказишдан асосий мақсад янги пайдо бўлган оилани яқин атрофга эълон қилиш, оила хурсандчилигини яқин инсонлар билан баҳам кўриш бўлса, ихчамгина файзли маросимлар сабаб қудалар бир-бири билан танишса, келин-куёв иккинчи томон яқин қариндошлари, яқин дўстлари билан танишиб улгурса. Умрида бир икки бор кўрган инсонларни ҳам тўйга таклиф этилмаса. Ҳар қандай катта маросим иштирокчилари кўпи билан юз кишигача борса. Таклиф этилмай хафа бўлгани, Сизни ҳам маросимларга таклиф қилмай қўяқолсин. Бу фожеа эмас. Дидсиз, исрофгарчилик билан, хўжакўрсинга, риё аралашиб ҳеч кимга фойдаси тегмаган, қарз ҳисобига ёки бир умр йиғилган маблағ эвазига қилинган маросимнинг фожеадан фарқи йўқ.
Инсон ҳаёти давомида билиб-билмай ўзига ибрат бўладиган одамга эргашиб яшайди. Аслида на ислом динига, на халқ урф-одатларига алоқаси бўлмаган баъзи одатлардан қутулишда ибрат усули жуда катта фойда беради. Яъни, кўпчилик ўқимишли, зиёли, нисбатан ўзига тўқ, обрўли, пулдор, оилаларга (инсонларга) тақлид қилиш йўлидан боради.
Оз бўлса-да бугун ўз салоҳиятидан фойдаланиб, бемаъни таъна-дашномлардан Аллоҳнинг буюрганини юқори қўйган инсонлар ибрат бўлиб, ҳаёт мураккабликларидан, кераксиз дилозорликлардан, фойдасиз, зарарли одатлардан воз кечиб, ихчам тўй маросимлар ўтказишмоқда. Ана шундай ишларни кўпроқ тарғиб қилишни таклиф этаман.
Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида Тошкент шаҳрида бўладиган никоҳ туйларидаги ЗАГС тўйлари, қиз ошига куёв жўралари билан таклиф қилиниши, «суннат тўйи» дабдабалари авжига чиққан эди.
Мустақил ҳаётимнинг бошиданоқ (уйланганимда) ЗАГС тўйи, қиз ошига бориш каби хўжакўрсинликлардан воз кечдим.
1990 йили ўғиллик бўлдим. Суннат тўйи кечқурунги базмлари авжида эди. Баъзиларнинг устимдан кулишига қарамай, ҳидоят йўлига кира бошлаганим сабаб, ақиқа оши билан кифояландим. Бугунги кунга келиб аксарият хонадонларда юқоридаги хўжакўрсинликлар барҳам топди. Шундай хайрли ишларни бошловчилари қаторида ибрат бўлганимга Яратганга шукуроналар айтаман.
2003-2005 йиллари икки қизларимизни турмушга бердик. Қудалар билан келишиб, қалин, тўй, қўй деган нарсаларни олмадик. «Чарлар» йўқ. «Қуда чақириқ» — 8-10 кишидан иборат оилавий танишув билан кифояландик.
Қизларимизга қўқонлик хожи она тикиб берган оппоқ жуда чиройли миллий келин кўйлакларини олиб бердик. Шу кунларда ҳам кийиб юришибди. Ҳамманинг ҳаваси келади. Ушбу либосда қизларимиз Қодирий таърифидаги Кумушни ортда қолдирди.
Фарзандларимизни ҳар кимдан қолган ярим ялонғоч ижарадаги кийимларга ҳавас билан қаратмаган оиламизни ҳидоят йўлига бошлаган Яратган Эгамга беадад шукроналар қилдик. Барча тўй харажатлари, жумладан ҳайит, бешик тўйи харажатлари бугунги кун орзу ҳаваслари ва имкониятларимизни (ўртача тўйларнинг) учдан бири даражасида ўтказдик.
Миллатимиз шаънига доғ бўлаётган қалин, сут пули, қўй каби бемаъни тушунчаларга барҳам берилишини жуда орзу қиламан.
Қисқартиришлар эвазига қудалар келишиб мебелни ҳамкорликда олдик. Тўйдан кейин қизларимизни олий маълумот олишига имконият яратилиши, никоҳ шартларидан бири сифатида келишиб олдик. Шу каби ибратли маросимлар кам эмас.
Ибратли воқеа
2003 йили катта қизимни турмушга бериш жараёнида бир оғриқли воқеа бўлиб ўтди. Тенгқурларим орасида биринчилар қаторида тўй бошлашим кўпчиликка қизиқ кўринди. Тўй ўтказиш тартиби кўп маротаба тенгдош улфатлар орасида музокараларга, баҳсли мунозараларга сабаб бўлди. Ичкиликсиз тўй бўлмаслиги баҳонасида каминанинг иродаси синалиши керак эди.
Узоқ чўзилган баҳс якунида кўпчилик ўзлари ичкилик олиб келиб маишат қилмоқчи бўлишганида, албатта жуда қатъий жавоб ва огоҳлантириш олишди. Шунга қарамай «сабзи тўғрар» маросимида ўз фикрларида қолган икки акамиз бир яшик ичимлик олиб келишди. Лекин тўйхонага катта уламолар ташриф буюришди. Буни кўрган акаларимиз ўзлари учун олиб келган «совғаларини» машиналарида қолдиришга мажбур бўлишди. Уламолар ўз чақириқларида ароқнинг ҳаромлиги, бир бора ичган одамнинг қирқ кунгача иймони ўз ихтиёрида бўлмаслиги хақида эслатиб ўтишди. Назаримда файзли маросим бўлиб ўтди. Юқоридаги акаларимиз маросимдан чиқиб, кафега кириб, ширакайф ҳолда уйларига тарқалишган. Улардан бири йўл-йўлакай ота ҳовлисига кирган. Маҳаллада ўша куни чироқ бўлмаган. Ярим кеча. Дарвоза очилгач, машина фаралари ҳовлини ёритиб юборган. Дарвоза рўпарасида дарахтда осилиб турган одамни кўрган акамиз эс-ҳушини йўқотган. Дўстимизнинг укаси ўзини осган бўлиб чиқди. Дарахтдан укасини ола туриб тушириб юборган. Йигитнинг кайфда бўлиши яна бир бор панд берган. Тўғри, бир инсоннинг куни битган, лекин ачинарлиси ибрат оладиган одам топилмади. Ибрат ола билиш ҳам киши салоҳиятини белгилайди.
Абдужамшид Сайёр
* * *
Оддий мухлис фикри
Тўйлар мавзуси олдин телевидениеда қанча кўрсатилган, барибир бефойда. ўзбегимнинг тўйини ёмонлаш эмас, уни анча қисқартирилган ҳолатда ўтказган инсонларни кўрсатиб бериши керак. Чунки биз қилганнинг кетидан эргашишга ўрганиб қолганмиз. Агар бирон бир каттароқ одам тўйга нимадир янгилик киритса, оғзимиздан мақтовлар тушмайди, албатта ўшани ўзимизда ҳам қўллаймиз. Агар ҳудди бу янгиликни оддий инсон қўлласа, ё ғийбатга кўмамиз, ёки уялтиришдан ҳам тонмаймиз. Мен ўзбекаларнинг тўйига берилаётган таклифларни ҳаво шарига ўхшатаман. Қайси қисми сиқилса, бошқа жойи шишиб қолади. Масалан, кимдир «тўйга 5000 эмас, 1000 $ сарф қилгин-да, 4000 $ га иккита қуда гаплашиб, келин-куёвга керакли уй жиҳозлари ёки бўлмаса квартира олиб беришсин» дейди. Ахир бунинг ҳеч қандай фарқи қолмайди-ку қийин тўйдан! Ёки бўлмаса ҳозирда заГс маросимлари олиб ташлангани билан ўрнига «келин салом» дегани чиққан-ку. Маслаҳатим: тўйда баъзи одатларнинг ўрнига бошқа одатни қўйиш керак эмас. Балки умуман ортиқча одатни олиб ташлаш керак.
Ҳабибулла Икромов
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 885 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар