Сайт бўлимлари
«Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
Мен хориждагиларнинг яшаш тарзига, улардаги қулайликларга роса ҳавас қиламан. Холодильник, кондиционер, кир ювадиган машина, микроволновка. Айниқса шу охиргиси – овқатни тез иситадиган микротўлқинли печка менга роса ёқади.
Нимани солманг, биз зумда иситиб берса. Сутни тошириб юбормасдан қайнатса. Хатто ўғлим ҳам ишлатишни билиб олган, холодильникдан муздек сок олиб ичса гап эшитишдан қўрқиб, уни микроволновкада иситади ва шундан кейин истеъмол қилади. Буни кўрган укам ҳар келганида ўғлимни масхара қилади: «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!». «Нега унақа деяпсан?» деб сўрасам, жавоб беради «Қаранг, ҳамма шароити бор! Бунақада ўғлингиз ялқов бўлмай, бошқа ким бўлсин!»
Чиндан ҳам, балки укамнинг истеҳзосида жон бордир. Балки ўша машҳур мультфильмдаги гаплар ҳозирги авлодга тўғри келар, балки фарзандларимизга яхши шароит яратиб берамиз деб, уларни чиндан ҳам «буюк ялқовларга» айлантириб қўяётгандирмиз! Микроволновка балки бизга дангасаликни ўргатаётгандир?
Ўша микроволновкани ихтиро қилган ғарбнинг ҳаёт тарзига назар ташлайлик. Газеталардаги «тез озиш» ёки «тез семириш» ҳақидаги эълонлар, тез тайёрланадиган махсус овқатлар ёки кўчалардаги тез пишадиган гамбургер тамаддихоналари… Буларнинг олдида, рости, овқатни бир неча дақиқада иситиб берадиган микроволновкалар ҳам кўп меҳнат талаб қиладиган матохга ўхшаб кўринади.
Масалан наркоман, ароқхўр ёки кашанда бўлиб кетган ва бу дарддан қийналаётганларни олиб қарайлик. Нимага улар бу дарддан қутила олишмаяпти? Ўша «яхши шароит» сабабмасмикан ҳаммасига? Ҳаётнинг бошқа нуқталарида осон ечимга («тез озиш» ва «овқатни тез иситиш»га) ўрганиб қолганлар алкоголизм ва наркоманияда ҳам ўз-ўзидан тез ечим ахтаришади. Хумор тутиши билан, иродани ишга солиб даволаниш, ойлаб қийналишга дангасалик қилиб, ўша балонинг навбатдагисини истеъмол қилишади. Мана сизга «микроволновка»нинг оқибати!
Микроволновка туфайли уйимиздаги ишларнинг осон бажарилиши бизни бошқа нарсаларда ҳам осонлик талаб қилиш, осонликнинг кетидан қувиб чинакам ялқовлар, дангасларга айланишга олиб бораётгандир? Масалан, фолбинга борувчилар, мунажжимлар башоратига ишонадиганларни қаранг. Ўз муаммосини бошқа йўл билан ечишга дангасалик қилиб, осон йўл излаш эмасми бу? Фоҳишага бораётганлар уйланишга дангасалик қилаётган, фоиз эвазига пул бераётганлар эса шу пулни меҳнат билан кўпайтиришга эринаётган эмасмикан? Битта сутни бир зумда иситамиз деб микроволновкани ихтиро қилиб, шунинг натижасида инсониятни ҳамма нарсадан осон ечим излашга ўргатмаяпмизми? Микроволновкани деб ўзимизни балки чиндан ҳам бошқа балоларга дучор қилиб қўяётгандирмиз? Нимага ҳозир ҳар хил лотерея ўйинлари кўпайиб кетди? Бир қизиқчи «Юз сўмингиз бир зумда юз миллионга айланишини хоҳлайсизми» деб реклама қилаётган бу ҳаром иллат ҳам ўша «микроволновка»нинг оқибатидир балки? Ғийбат қилиш касаллиги-чи? Бориб ҳақиқатни билиб келиш ёки ғийбат қилинаётган одамнинг ўзини топиб гапиришни кутишдан дангасалик қилиш эмасмикан? Овқатни тез иситишга ўрганган одам бошқа нарсаларда ҳам тезликка интилмаслигига, секин ва узоқ давом этадиган ишлардан дангасалик қилмаслигига ким кафолат бера олади?!
Кўряпсизми, яхши нарсада дангасаликка интилиш бошқа ёмон нарсаларнинг сабаб бўлишига ҳам олиб келяпти.
Биласиз, ғарб дангасалик билан фахрланади. Уларнинг таълимотига кўра Худо ҳам олти кун ер ва осмонларни яратиб, еттинчи кун дангасалик қилган – дам олган. Шунинг оқибатида бутун ғарб жамияти якшанба куни дам олишга, бекорчилик билан кун ўтказишга ўрганиб қолишди. Аммо бизда дангасалик ижобий ҳислат сифатида қаралиши тўғримкан? Нимага унда Қуръонда мунофиқлар дангасалик сифати билан таърифланади-ю, ҳадис китобларининг ҳаммасида «Дангасаликдан сақланиш учун Аллоҳдан мадад сўраш» мавзусига алоҳида бўлим ажратилган?
Тўғри, Аллоҳ бизга бажара олмасак ҳам, ниятимиз учун ният қилинган ишнинг тўлиқ савобини беради. Аммо фақат ният билан дангасалик қилиб уйда ўтираверишимиз ва ҳамма нарсанинг осон йўлини излашимиз мана шу микротўлқинли печка олиб келган «осонликка интилиш»нинг натижаси эмасмикан?
Тўғри, микроволновка фойдали нарса, тез ҳаракат қилиш ҳам ёмон демоқчи эмасман! Мусо алайҳиссаломга Аллоҳ Тур тоғига келишни буюрганида, у зот шошмасдан боргани йўқ, ўзбекча қилиб айтганда, «оёғини қўлига олиб» чопқиллаб борди. Ҳатто қавмидан анча илгарилаб ҳам кетди. Аллоҳнинг «Қавмингдан мунча илгарилаб кетдинг, эй Мусо» деган саволига Мусо алайҳиссалом «Улар ана – изимдан келурлар. Мен эса сен рози бўлишинг учун сенинг олдингга шошдим, Парвардигорим!» деб жавоб қайтарди. Бу иш Аллоҳни хурсанд қилганидан унинг васфи Қуръонда ҳам ҳикоя қилинган (Тоҳа, 83-84).
Менимча, муаммо микроволновкада эмас, асосий муаммо – микроволновка тежаб берган вақтимизнинг нималарга сарфланаётганида.
Ўтган йили қизиқчи Зокир Очилдиев Хитой пойтахти Пекинда меҳмон бўлганида, мендан таржима ишларида ёрдамлашиб юборишни сўради. Уларни кутиб олдим, қўлимдан келганича ёрдамлашдим. Кейин қайтиш арафасида машҳур қизиқчимиз мендан маслаҳат сўради: «Сиз ҳар ҳолда шу ердасиз, биласиз нима бор, нима йўқлигини, онамга қанақа совға олиб кетсам бўлади?». Мен «микроволновка» деб жавоб қайтардим. Зокир Очилдиев ё билмаганга солди, ё ростдан билмади, хуллас, «Нима у, микроволновка?» деб сўради. Мен тушунтира бошладим «Овқатни иситиб беради, токка тиқиб қўйсангиз бас, жуда фойдали нарса!». Шунда қизиқчимиз айтган гаплар ҳалигача ёдимдан кўтарилмайди: «Мен у нарсани қишлоққа олиб кетмоқчиман, у ерда ток деган нарсанинг ўзи муаммо-ку, микроволновкага йўл бўлсин…»
Балки шуниси ҳам тўғридир, микроволновкасиз яшаш балки овқатни иситиш учун бироз кўпроқ вақт талаб қилар, аммо бу микроволновка билан овқатни бир зумда иситиб, тежалган вақтни беҳуда ишларга сарфлашдан минг марта афзал. Энг муҳими, овқатни иситишда қийинчиликдан эринмадикми, бас, энди бошқа ишларда ҳам бизни ҳеч нарса тўхтатиб қола олмайди.
Аваз Бердиқулов
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 93 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар