Ўтиб борар моҳи Рамазон (Танловга)

  • Печать

 Наҳот ўтиб борар моҳи Рамазон,
Кимлар ажр олди, ким эса сарсон,
Бир ўтинч юракда айланар ҳар он,
Тушларимга киринг, ё Расулуллоҳ!

Иймоннинг лаззатин айтиб ўтсангиз,
Розиман бир лаҳза келиб кетсангиз,
Гуноҳкор қўлимдан маҳкам тутсангиз,
Тушларимга киринг, ё Расулуллоҳ!

Мукаммал бўлсайди қалбимда иймон,
Мен осий умматга ўргатинг Қуръон.
«Шафоат вожиб», деб берсангиз инъом,
Тушларимга киринг, ё Расулуллоҳ!

Мана пойлаб туриб келмоқда Қадр,
Саттор Роббим айбим қилмоқда сатр.
Ўргатинг Қадрнинг маъноси надир,
Тушларимга киринг, ё Расулуллоҳ!

Ўша кечаларни кутмоқда юрак.
Сизла учрашмоқлик энг олий тилак,
Лекин кутмоқ учун сабрлар керак,
Тушларимга киринг, ё Расулуллоҳ!

Муборак қўлингиз ўпиб йиғласам,
Панду насиҳатлар олсам, тингласам,
Зора Рамазонда ўзим ўнгласам,
Тушларимга киринг, ё Расулуллоҳ!

Бибинисо Сатторова (Танловга)