1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Аёлни аёлдан яшатиш керак!

Яратган ўзи суйган бандасигагина кўнглидаги инсон билан умргузаронлик қилиш саодатини насиб этади. Устоз Қутлибека Раҳимбоева ва Миразиз Аъзам ана шу бахтга мушарраф бўлган жуфтлардан. Шахсий ҳаётда ҳам, ижодда ҳам бир-бирларини қувватлаб, ардоқлаб яшаётган бу икки ижодкорнинг ҳаётий тажрибалари билан яқиндан танишиш мақсадида истеъдодли таржимон, шоир Миразиз Аъзам ва Ўзбекистонда  хизмат кўрсатган маданият ходими, “Шуҳрат” медали соҳибаси Қутлибека Раҳимбоеваларнинг хонадонида бўлдик.

 ОТА ТАРБИЯСИДА ГАП КЎП

— Никоҳ билан бунёд бўладиган оила бир умрлик фидойи меҳнат билан қуриладиган қалъага, қўрғонга ўхшайди. Бу масалада бир кун, икки кун меҳнат қилиб, «Мана, бўлди энди», деб ташлаб қўйиб бўлмайди. Оилам мустаҳкам бўлсин десанг, қалбингда бир умрга етадиган меҳр-муҳаббатинг, бир умрга етадиган сабр-бардошинг, танангда куч-қувватинг бўлиши керак. Меҳрсизлик, лоқайдлик, дангасалик — оилани ёғоч қуртидай ич-ичидан емирадиган иллатлар, — дейдилар устоз  Қутлибека  ая Раҳимбоева. — Хонадон хотиржам, оила мустаҳкам бўлмоғи учун эркак ва аёл бирдек масъул. Аёл хонадон покизалиги, меҳмоннавозлик санъати, фарзандларнинг ширин еб-ичиб, тоза кийиниши учун масъул ҳисобланса, эркак рўзғорнинг бут бўлиши, ўғил-қизларнинг ор-номуси, чиройли одоби, ҳаётда ўз ўрниларини топиши учун жавобгар. Аксарият давраларда «тарбия учун она-  масъул», деган гаплар қулоққа чалиниб қолади. «Онаси яхшининг бари яхши», дейишади. Эҳтимол, қай ўринларда бу фикр ҳам ўзини оқлар, лекин оилада отанинг ўрни баланд бўлса, жайдари тилда айтсак, отанинг айтгани айтган бўлса, албатта, гап оталик вазифаларини тушунадиган, ҳамиятли эркаклар ҳақида кетяпти, ўша оилада муаммо камроқ бўлади. Бежизга бировнинг, айниқса, қиз боланинг нуқсони ҳақида гап кетса: «Ота тарбиясини олмаган-да, нима дейсиз…»   деб қўйишмайди.
Устознинг мулоҳазаларида жон бор. Ота масъулиятини унутмаган, она отани қадрлаган хонадонда улғайган фарзандларнинг юриш-туришида, одобу ахлоқида нуқсон сезмайди киши. Башарти, шундай оила болаларининг бирортаси билиб-билмай қалтис қадам ташлаб қўйса ҳам, дарров хатоларини тўғрилаб, ўзини ўнглашга киришади. Қолаверса, ота тарбиясини кўрмаган, отанинг ўрни, ҳурмати бўлмаган хонадонда улғайган ўғил-қизларнинг катта ҳаётда йўлини топиб кетиши мушкул. Кўча-кўйда беҳаё оҳанжамалар қилиб юрган қизлар, шаллақи хотинлару мардлик ўзанидан узоқлашган йигитларни кўриб қолганингда, беихтиёр, ўша хонадондаги маънавий муҳитни англаб етади киши.

АЁЛ— ЭРКАКНИНГ ОРИ...

— Аёллар юзидан чекинаётган назокат, аёллик ибосининг тобора емирилаётганига  кўникиб қолмаяпмизмикин, — деб сўраймиз устоздан.
Қутлибека  ая бироз оғринган кўйи ўйга толдилар ва мулоҳазали оҳангда шундай дедилар:
— Аёл — эркакнинг орияти, номуси. Оиланинг синчи. Аёл ўз ихтиёри билан адашмайди. Аёл тўқликка шўхлик қилиб ахлоқий таназзулга тушмайди. Аёл хато қилади, лекин унинг илк хато қадамига кимдир сабабчи бўлади. Агар қиз бола  уйидан илк бор кўкрагини очиб, чиқаётганда отаси, оғаси ё маҳалланинг ориятли йигитлари (бунга уларнинг маънавий ҳуқуқи бўлиши керак, биринчи галда, ўзлари ориятли бўлиши шарт) унинг йўлини кесса ёки аёл биринчи бор эркакча сўкинганда бозорда ёнма-ён турган эркакда уни уялтирадиган ҳайбат бўлса, аёллардаги  назокат ҳам, латофат ҳам сақланади... Тирикчилик кўйида дағал ишларни қилаётган аёл ўз ишининг бир қисмига айланади. Гиёҳванд модда сотдими, унинг ичига жиноят руҳи киради. Ароқ сотдими, шайтон киради ичига. Аёлларини латофатли, назокатли ҳаётга ошно қилиб қўйган қай эркакнинг аёлидан ибо, ҳаё кўтарилибди?! Аёлни аёлдай яшатиш керак. Бу гапим — аёлни зар-зеварга, ипакка буркаб, қази-қарта билан боқиш керак деганим эмас! Унга бекорга «гулим», «ойим», дея мурожаат қилишмайди шоир боболаримиз. Уларни гулдай севиш, гулдай меҳр бериш керак! “Аёлда аёлга хос фазилатларни чеклаб, эркаклик хислатларини кучайтириш унга зиён етказиш демакдир”, деган эди француз адиби Ж.Ж.Руссо. Мен аёлни қоралаганларни ёмон кўраман. Аёл бу дунёга она бўлиш учун, эркакка ҳарорат бахш этиш учун келган. Аёл бўлмаса севги, ширин дард, куйиш бўлмайди. Соғинч, висол орзуси бўлмайди. Аёлларга аёллик учун имкон берилса, у ҳеч қачон ҳеч кимнинг юзини ерга қаратмайди...

“ШОИРЛАР ЮЛДУЗ ЧЎҚИЙДИ”

Икки ижодкордан ташкил топган хонадонга разм солиб, англаганимиз шу бўлди-ки, устозларнинг икковилари ҳам меҳнаткаш одамлар. Ҳалол меҳнат билан ризқ топишади. Ҳеч кимга ҳасад қилишмайди. Эътиқоди, меҳнати билан юксалган одамларга ҳаваси баланд. Кимдир уларнинг кўмагига эҳтиёжманд бўлса, қўлидан келганича, қўллашади. Дўстларини қадрлаб, субутсизлар, яхши еб-ичиш учун инсоний ғурурини ерга уриб яшаётганларга ачинишади. Бир сўз билан айтганда, Аллоҳ уларга насиб этган саодатдан сурурланиб яшаётган бахтли оила. Жуфтликнинг ўзаро ҳурмат-эҳтиромлари, бир-бирларини сўзсиз тушунишларига ҳавас қилади киши. Устоз ҳамкасбларимизнинг ҳаёт йўллари ҳам бир текисда равон кечганмикин? Боз устига икковлари ҳам ижодкор. Ижодкор аҳлининг табиати, кўнгли нозик бўлади. Рўзғор ташвишларини енгиб ўтиш қийин кечмаганмикин? Хаёлимиздан кечган ўйларни тилимизга кўчириб, хонадон соҳибларига юзланамиз.
— Яшаш ўзи, маълум маънода, машаққатлардан иборат. Албатта, бизнинг бу яшаётган кунларимизга шукронамиз кўп. Чунки биз истиқлолдан аввалги ҳаётда ҳам яшаганмиз. Камситилишлар, ноҳақликларни кўрганмиз. Ўз тилимиз, ўз бойлигимиз, ўз қадриятларимизга эгалик қилолмай иложсизлик исканжасидаги кунлар олдида бугунги юришимиз, хон юриш, хоразмча лаҳжада ифодаласам. Иккала ижодкорнинг бир хонадонда яшашининг осон ва қийин тарафлари бор. Осони шуки, иккови ҳам кўпроқ маънавий дунё кишиси. Турк шоири айтмоқчи: яхшиям, шоирлар нон емайди, юлдуз чўқийди. Демоқчимизки, кўнглимиз тўқ бўлса, рўзғорнинг унча-мунча кам-ози билинмайди, — дейдилар кулимсираб Қутлибека ая.
Шу орада суҳбат аввалидан аяни қувватлаб келаётган устоз Миразиз Аъзам гап бошладилар:
— Биз бир-биримизга маънавий жиҳатдан ҳам ҳамроҳмиз. Нега йиғлаб, нега кулаётганимиз бир-биримизга тушунарли. Қийин томони шундаки, икковимизга ҳам вақт етмайди. Оддий инсоний муносабатлар, бор-кел, туғилган кун ўтказиш, яна қандайдир нарсалар ортиқча туюлади. Шуларга вақт сарфлагимиз келмай сиқиламиз. Фақат ижод билан яшаётган, ўзини тўлалигича ижодга бағишлай олган қаламкашларга ҳавас қиламиз. Лекин ўзимиз бундай қила олмаймиз. Бир пайтда ҳам шоир, ҳам инсон, ҳам ўзбек бўлиб яшашга кучимиз етмай қолган лаҳзаларда қийналамиз...
— Домлангиз ўз эътиқодларида жуда собит инсон, курашчан, — дейдилар устоз турмуш ўртоқлари Миразиз Аъзам ҳақида ҳаяжон билан, кўзларида ёш билан гапира туриб. — Бировнинг ҳақига хиёнат қилмайдилар, бировга ҳам ҳақларини бермасликка ҳаракат қилади, меҳнаткаш.  Кунига, албатта, ўн-ўн беш саҳифа китоб ўқийдилар. Ўз ишларига ҳам, оилада ҳам масъулиятни биринчи ўринга қўядилар.
—Аянгизнинг болаларимиз, келинларимиз, набираларимизга меҳрибонлигини, қўли ва феълининг очиқлигини қадрлайман, — дейдилар, устоз Миразиз Аъзам Қутлибека аянинг қандайдир юмуш билан ташқарига чиққанларидан фойдаланиб. — Топганини дўсту ёр, қўни-қўшниларига илинади.
Устозларнинг ҳар иккилари ҳам бир-бирлари ҳақида гапирганларида ўпкалари тўлиб, кўзларида ёш айланади. Бу — шукроналик ёшлари. Шундай инсон билан тақдири қўшилганига, умр соҳиллари туташгани учун севинч ёшлари.

“ҲАММА ГАП ЎЗИМИЗДА!”

Бир-бирини юксак меҳр-муҳаббат билан ардоқлаган, турмуш ўртоғининг кечинмаларини нигоҳлари орқали англай олганлар чинакам бахт таъмини туйишади. Бахт насимлари эсаётган хонадонда улғайган фарзандлар эса оиласига, жамиятга нафи тегадиган инсон бўлиб шаклланади.  Таассуфки, аксарият оилалардаги тушунмовчилик, келишмовчилик ва ота-онанинг маънавий дунёси ғариб бўлгани сабабдан болаларнинг одобу ахлоқи ҳаминқадар бўлиб қоляпти.  Айрим ота-оналар фарзанд тарбияси деганда фақат моддиятни тушунишяпти. Кўча-кўйда бешарм қилиқларни қилиб, беҳаё бепарда гапларни ҳаммага эшиттириб гапираётган қизлар, нуқсида тепки изи бор ҳатто европа ёшлари кийишга ор қиладиган, тор кийимларни кийиб юрган йигитларни кўрганда юрак зирқирайди. Булар-ку ҳали ёш, ўзига маъқул кўринган иш орқасида турган иллатни пайқамайди, аммо катталарнинг — ота-она, бобо-буви, ўқитувчи, маҳалладошларнинг кўзи қаёқда экан, деган оғриқли саволга жавоб берадиган мард топилмайди. Бола тарбиясининг асл ўзаги нима ўзи?
— Биз халқдан ўтказиб бирорта доно гап айтолмаймиз. «Қуш уясида кўрганини қилади», деган гап бор, —  дея фарзанд тарбияси ҳақида гап бошладилар устоз. — Уя деганда фақат оила эмас, маҳалла, қўни-қўшни, умуман, инсон яшаётган, дейлик, бола катта бўлаётган муҳит ҳам назарда тутилади. Дейлик, болага телевизор, радио, газета, ҳатто, ота-онаси ҳам:
— Пора — ҳаром. Пора олган одам ҳаромхўр бўлади. Порахўрнинг икки дунёси куяди, ҳалол бўл! — дея тарбия беради. Лекин ўқиш жойида устози:
— Барибир сизлар кўнгилдагидек реферат ёза олмайсиз. Яхшиси, уч минг сўмдан йиғиб беринглар, ўзим тайёрини олиб келиб бераман, — дейди.
Хўш, бола қайси тарбияни олади? Панд-насиҳатними? Кўрганиними? Албатта, кўрганини. Болани тарбиялашдан аввал ўзимиз тарбияланган бўлишимиз керак. Ўзимиз тўғри, ахлоқли, илм, ҳунарга меҳрли бўлсак, болалардан қўрқмасак ҳам бўлади. Ҳамма иллат-ўзимизда! Шу ўринда яна бир гап,  сиз ҳамма болаларнинг тарбияси бузилиб кетяпти экан, деб чўчиманг! Олим, совриндор, чемпион болалар қаердан чиқяпти? Ёш болалар ўртасида шахмат мусобақасида дона сураётган етти, саккиз, тўққиз ёш болаларни кўринг! Ёш математиклар, ёш физиклар, ҳатто, экологлар… Судралиб юрса, замон уни аравасидан ирғитиб ташлайди. Шундай экан, яшайман деса, бола ҳам яхшилик курашига киради. Жамиятимизда бу кайфият аллақачон бошланган».
Дарҳақиқат, устозларимизнинг мулоҳазалари ўринли. Фақат бизни хавотирга солгани бошқа, яъниким, гўзал хулқли, маънавияти бой, одоби дилни хушнуд қиладиган ёшлар қанча кўп бўлмасин, оздай, тарбиясида нуқсони борлар кам бўлса-да кўпдай туюлаверади. 

“БИР ЭМАС, БИЗ, ДЕНГ!”

Замонамиз баъзи оилаларидаги маънавий муҳит, ота- бола, она-қиз, жигарлар орасидаги меҳр-муҳаббат, бир хонадонда яшовчиларнинг  ўзаро муносабатлари ҳақида эшитганда, кўрганда кўнгилга оғриқ тушади. Гўёки қондош қариндош эмас, етти ёт бегонага ўхшайди. Шукрки, атрофимизда иқбол чироғи ҳамиша ёниб турган хонадонлар  ҳам оз эмас. 
— Бугунги кун оиласи, замонамиз жуфтларининг маънавий қиёфасидан кўнглингиз тўладими? — деб сўраймиз устозларимиздан.
— Оилаларимизда қандай яхши анъаналар пайдо бўлди, — деб қвониб-энтикиб гап бошладилар Қутлибека ая. — Масалан оилавий тадбиркорлик. Кўпчилик хонадонларда майда-чуйда ташвишлар билан ўралашмай, оиладаги ҳар бир киши ўз «мен»ини юзага чиқариш учун қатъий ҳаракат қилишяпти. Тарихга, санъатга қизиқиш…
— Шунингдек, яна янгича одатлар давр тўлқинида юзага чиқяпти, — деб суҳбатга аралашдилар устоз Миразиз Аъзам. — Молпарастлик, худбинлик, ўзига бино қўйиш, юзакилик, яъни, бўлса бўлар, бўлмаса йўқ, менга деса дунёни сув босмайдими, тарзидаги кайфият… Демак, кўнглимизни тўлдирадиганлар қаторида ғашга тегадиганлари ҳам бор. Лекин мен жамиятнинг, баъзи замондошларимизнинг устидан мағзава ағдариш фикридан йироқман. Ҳар бир иллат ҳақида ўйлаётганда иккинчи тарафда ўзимиз туришимиз керак. Биз зўр бўлганда, бу иллатларга йўл қуйилмасди, деб ўйлаш керак. Жамиятдаги қувонч ҳам, ташвиш ҳам унда яшаётган инсонларнинг юраги устидан ўтади. Аҳамият беряпсизми, «БИЗ», бир эмас!..»
Фидоий устозларимиз хонадонида кечган суҳбатимиз узоқ давом этди. Бахтиёр жуфтликнинг ҳар сўзида ҳикмат, ҳар гапида ибрат маъносини уқиб, бир олам таассуротлар билан қайтдик.

Умида АЗИЗ суҳбатлашди

Ҳозир сайтимизда 36 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ