1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Ютуққа эришай десак...

Вақт – инсоннинг энг катта сармояси. Муваффақиятнинг сири эса ана шу сармоядан тўғри ва унумли фойдаланишда. Сўзимиз исботи учун улуғларнинг ҳаёт йўлларига ва қилган ишларига назар ташласак, кифоя. Улар ҳамма нарсада бўлганидек, вақт исрофидан сақланишган, қандай иш бўлмасин жиддийлик билан ёндошишган. Доимо изланишда, интилишда бўлишган. Биз кўпинча вақт етишмаётганидан нолиймиз. Ҳолбуки, улуғлар яшаган давр билан ҳозирги пайтнинг вақт ўлчовлари фарқ қилмайди. Демак, фарқ – ўзимизда...
Расулуллоҳ (алайҳиссалом) огоҳлантирганларидек, кишининг бир куни иккинчисига ўхшаши яхшилик аломати эмас. Шунга кўра, мусулмон одам доим изланишда бўлади, ҳар соҳада тараққий топишга интилади. Қуйида берилаётган қоидаларни ўзлаштирсак, вужудимизга ин қуриб олган турли ниқоблардаги дангасаликлар барҳам топиши мумкин. Шояд, вақтни тақсимлаш ва иш олиб бориш енгиллашса; бизга зерикарли туюлган машғулотлар неъмат эканини англаб, уларга жиддийлик ва севги билан ёндошишимизга туртки бўлса; кунларимизга ўзгача ранглар кирса.
1. Фаолиятингизни бошлаш, давом эттириш учун маълум кун ва соат (илҳом) кутиб ўтирманг. Унутманг, хизмат учун ҳар қандай жой ва вақт муносибдир.
2. Бугун қилишингиз керак бўлган иш, дарс ёки вазифани эртага қолдирманг. Зеро, ҳар куннинг ўз ташвиши ўзига етади.
3. Бир вақтда битта ишни қилинг; битта дарс ёки китоб билан машғул бўлинг, токи диққат ва қувватингиз бўлинмасин.
4. Бир ишни қилиб бўлмасингиздан, иккинчисини бошламанг. Ярим қолган иш бошланмаган ҳисобдир.
5. Машғулотингизга бутун руҳий ва жисмоний қувватингиз билан киришинг.
6. Бошлаган ишингизда қийинчиликка дуч келсангиз, уни бартараф қилмасдан давом этманг. Чунки қўрқоқлик ниқобдаги танбалликдир. Фаолиятингизга бўлган муҳаббат машаққатларни енгишдан дунёга келади.
7. Давомли ва бир маромда ишланг, ўртадаги чўзилиб кетган анаффуслар узун бўлиб кетиб, малакангизга зиён етмасин.
8. Бир ишни қилиб чарчасангиз, машғулотингизни ўзгартиринг ёки ишлаш тезлигини камайтиринг. Дам олишни баҳона қилиб, бўш ўтираверманг.
9. Фаолият унумини сарфланган вақт билан ўлчаб, “бугун шунча соат машғул бўлсам, етади”, деманг, натижага ва жараён давомида ўрганганларингизга қаранг.
10. Кўп ўйланг. Зеро, фаолият тўхтовсиз ҳаракатдан ёки ўқиб-ёзишдангина иборат эмас.
11. Ғазабланган ва асабий ҳолатда қарор қабул қилманг, кутинг, ғазабингиз босилсин.
12. Саботли, сабрли бўлинг! Тома-тома кўл бўлур, битта жойга узлуксиз тушган сув томчилари вақтлар ўтиб, тошни ҳам парчалайди.
13. Катталар тажрибасидан фойдаланинг. Синалган ишда бошқатдан тажриба қилишга уринманг.
14. Бир ишни қилишдан олдин яхшилаб ўйланг, охирги пушаймон – ўзингизга душман.
15. Муваффақиятингиз билан мағрурланманг. Ғурур келажакдаги зафарларнинг энг катта душмани эканини унутманг.

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи
тайёрлади.

Ҳозир сайтимизда 60 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ