Хотин эрнинг қандай юмушларини бажариши шарт?

  • Печать

Аёл кишининг эрининг таомини тайёрламасликка, кийимларини ювиб бермасликка ҳаққи борми? Ҳатто боласига энага топиб беришни талаб қилишга ҳам ҳаққи борми? Агар аёл шу ишларни эридан талаб қилса, гуноҳкор бўлмайдими? Умуман, оилада аёлнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳақида тўлиқроқ  маълумот берсангиз.

ЖАВОБ: Аёлнинг эрига нисбатан риоя қиладиган одоблари ҳам бор. Хотинлик одобларининг асосийлари ушбулардир:
1. Муслима аёл Аллоҳ таолога маъсият бўлмаган барча нарсада эрининг розилигини топишга ҳаракат қилади.
Умму Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бир хотин ўлсаю эри ундан рози бўлса, у жаннатга киради», дедилар» (Имом Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган).
2. Ҳаётдаги энг гўзал фазилат қаноатдир. Рисоладаги хотин ўзини бу фазилат билан зийнатлаши даркор. Турли ҳою ҳавас, зеб-зийнат талаб қилиб, эрни қийин аҳволга солиш яхши эмас. Авваллари момоларимиз ризқ-рўз топиш учун жўнаб кетаётган эрларига: «Ҳаром касб қилманг. Аллоҳдан қўрқинг. Биз очлик-ночорликка чидаймиз, лекин дўзахнинг азобига чидай олаймиз», дер эканлар.
3. Эрга ихлос билан хизмат қилиш ҳам аёлларнинг юксак одобларидан биридир.
Улуғ имомлардан бири Жаъфар Содиқ: «Битта солиҳа аёл ўз эрига етти кун хизмат қилса, Аллоҳ унинг қаршисидаги дўзахнинг етти эшигини ёпади ва жаннатнинг саккиз эшигини очади», деган эдилар.
4. Хотин оилада чиройли амалларга одатланмоғи лозим. Қуръон ўқиш, китоблар билан танишиб туриш, ахборотлардан хабардор бўлиш, ҳақиқатни ҳимоя қилиш шулар жумласидандир. Чунки оқила ва маърифатли аёл ҳамиша эъзозда, эътиборда бўлади.
5. Уйнинг содда, саранжом-саришта бўлиши ҳам асосан хотин кишига боғлиқ. Уйнинг зийнати нақш-нигори аёлларда эмас, балки саришталик, тотувлик ва меҳр-муҳаббатда эканини ҳеч қачон унутмаслик керак.
6. Хотин киши эрининг виждонига айланиб, уни гуноҳ, ёмон ишлардан қайтариб, савоб ишларга ундаб туради. Бундай хотинлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин банда Аллоҳга бўлган иймондан сўнг эришган энг яхши нарса солиҳа хотин бўлиб, унга қараса, хурсанд қилади ва Аллоҳнинг амрини бажаришда ёрдам беради», деб мақтаган аёллар қаторига киради.
7. У эрига енгил пайтда ҳам, оғир пайтда ҳам яқин киши, дардкаш, маслаҳатчи бўлади. Уни сабр-чидамга даъват қилади, тушкун кунларида кўнглини чўктирмай доимо олдинга интилишга ундайди.
8. Аёл эрининг яқин ёрдамчиси, ишончли кишиси бўлиб, ҳамма нарсаларни тартибга солиб туради. Унинг қилмоқчи бўлган ишларига ҳурмат билан қараб, ваъда ва учрашувларини ўз вақтида ўтказишга ёрдам бериб турса, бу ҳолат доимо эрни уйга боғлайди. Чунки у бу ерда роҳат-фароғат топади, ҳузур кўради.
9. Аёл эр ҳузурида ширинсухан, хушмуомала бўлиш билан бирга тоза, чиройли кийинган, зийнатланган ҳолда бўлиш керак. Чунки бу нарса эр қалбига хурсандчилик, руҳига сокинлик киритади, қалбига қувонч бағишлайди
10. Рисоладаги хотин эрининг олдида ҳам, ортидан ҳам обрўйини, молини сақлайди, шарафини муҳофаза қилади (Аллоҳ билувчидир).