1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Кимнинг розилиги муҳимроқ?

Бир дугонам аразлаб, дугонасиникига кетиб қолди. Вақт ўтиб кўчада эрини кўриб қолди ва эри уйига олиб кетди. Эр-хотин ярашиб олишди, лекин бу иш аёлнинг ота-онасига ёқмади ва қиздан қаттиқ хафа бўлиб: «Ёки бизни танла, ё эрингни», дейишди. Куёв бола яхши одам. Ажралиб кетишга арзигулик иш ҳам бўлмаган, қизнинг ота-онаси бир оз ҳурматталаб, холос. Ота-онасиникига улардан хабар олиш учун боришса, уйга қўйишмайди ва: «Сендан рози эмасмиз», дейишади. Аёлнинг эри эса: «Эр рози – Худо рози, сенга менинг розилигим устун туради» дейди. Аёлнинг опа-сингиллари ҳам юз ўгиришди. Охири аёл йиғлаб: «Кимни танлай: эримними ёки онамни?» деб сўрайди мендан. Мен жавоб бера олмайман. шу масалада фикрингизни билмоқчийдик.

ЖАВОБ:  Ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг итоатида бўлишга жуда кўп тарғиб қилинади. Уларнинг фарзанддаги ҳақлари ўта юқори даражага қўйилади. Аммо ҳамма нарсанинг чегараси бўлганидек, ота-онага яхшилик ва итоат қилишнинг ҳам маълум чегараси бор.
 Муовия ибн Раййондан ривоят қилинади: «У бир кишининг Атодан “Бир одамнинг онаси ва хотини бор, она хотинини талоқ қилишидан бошқага рози бўлмаслиги” ҳақида сўраганини эшитди. Шунда у: «Онаси ҳақида Аллоҳга тақво қилсин ва унга силаи раҳм қилаверсин», деди. «Хотинини қўйиб юборадими?» деди. «Йўқ», деди Ато. Шунда ҳалиги одам: «Онаси шундан бошқага рози бўлмаяпти», деди. «Уни Аллоҳ рози қилмасин! Хотини қўлида. Талоқ қилса ҳам танглик йўқ. Тутиб қолса ҳам танглик йўқ», деди».
Демак, бу ердаги гаплардан маълум бўладики, ота-она Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган нарсани буюришса, қилмаслик керак бўлади. Талоқ ҳам худди шундай нарса. Агар талоқ тушса, Раҳмоннинг Арши ларзага келади, дейилади. Шунинг учун бу ривоят она боласига хотинини талоқ қилишни қаттиқ талаб қилса ҳам бунга рухсат йўқлигининг далили сифатида келтирилди.
Аллоҳнинг амрига, диннинг таълимотига қаралса, ота-онанинг ҳақлари жуда улуғ. Бу ҳақиқатни ҳар бир мусулмон, ким бўлишидан қатъи назар, яхши билади. Шу билан бирга, ота-онанинг ҳаққини қўлдан келганича адо этишга ҳаракат қилади.
Аммо дунёдаги барча махлуқотларга оид нарсаларнинг чегараси бўлгани каби ота-она ҳаққининг ҳам чегараси бор. Аллоҳнинг амрига зид бўлганда банданинг хоҳиши рад қилинади. Холиққа маъсият бўладиган нарсада махлуққа итоат қилинмайди.
Ислом таълимотида иложи борича оилани мустаҳкамлашга амр қилинган. Бошқа бировнинг, агар ўша биров ота-она бўлса ҳам, хоҳишига биноан оилани бузишга рухсат йўқ. Бу ҳақиқатни барча уламолар ўзларининг қадимги ва янги китобларида таъкидлашган.
Муҳаммад ибн Муфлиҳ ибн Муҳаммад Мақдисийнинг «Ал-Одобуш Шаръийя» китобида бу маънода алоҳида фасл бор. Унда жумладан қуйидагилар айтилади: «Хотинини талоқ қилишда ота-онага итоат қилиш вожиб бўлмайди. Агар отаси унга хотинини талоқ қилишни амр қилса, ижобат қилмайди. Буни асҳобларимизнинг кўпи зикр қилган».
Шайх Тақиюддийн онаси хотинини талоқ қилишга амр қилган киши ҳақида «Унинг учун хотинини талоқ қилиш ҳалол бўлмайди. У онасига яхшилик қилаверади. Хотинини талоқ қилиш онасига яхшилик қилишдан эмас», деган.
Ҳозирги фиқҳий китобларда ҳам худди шу маънодаги ҳукмлар келган. Худди шу маънодаги гаплар қизини мажбурлаб ажратиб олишга уринадиган ота-оналар ҳақида ҳам айтилади. Шариатнинг ҳукми шу бўлганидан кейин ота-оналар инсоф қилишлари ва ўз фарзандларининг оиласини бузишни ўзларига эп кўрмасликлари керак.
«Бир киши имом Аҳмаддан: «Отам хотинимни талоқ қилишимга буюрмоқда», деди. «Уни талоқ қилма!» деди имом. «Умар розияллоҳу анҳу ўғли Абдуллоҳга хотинини талоқ қилишни амр қилган эмасми?» деди. «Отанг Умар розияллоҳу анҳудек бўлганда сен ҳам қиласан», деди. Яъни, отанг Умарга ўхшаб ҳақ ва адолатни, ҳавойи нафсга эргашмасликни биладиган даражага етмагунча хотинингни талоқ қилмай тур» («Мавсуъа Фиқҳийя», 80-жуз, 71-72-бетлар).
Ҳумайддан ривоят қилинади: «Ҳасанга: «Онаси бир кишини  хотинини талоқ қилишга амр этди?» дейилди. Шунда Ҳасан: «Талоқ онага яхшилик қилиш ишларидан эмас», деди». Одамлар тарафидан Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳга: бир одамнинг онаси хотинингни талоқ қиласан, деб туриб олса, нима қилади, дейилган экан. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтибдилар: «Хотинини талоқ қилиш онага яхшилик бўладиган ишлардан эмас». Яъни, онанинг хурсандчилиги учун қилинадиган иш эмас. Бу, онаси хотинингни талоқ қиласан, деб туриб олса, талоқ қилиш керак эмас, дегани. Онасининг бу талаби нотўғри талаб, ношаръий талаб. Уни қилмаса, боласи гуноҳкор бўлмайди, дегани.
Дугонангиз тўғри қилган. Эр-хотин сабр билан ота-онасининг кўнглини топишга ҳаракат қилишаверсинлар. Аллоҳ хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлиб кетади (Аллоҳ билувчидир).