1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?

Зинонинг бир тури бўлмиш кўз зиноси тўғрисида эшитдим. Кўча-кўйда қизларимизнинг қай аҳволда юришлари, ойнаи жаҳондан қандай кинолар берилишию, интернетда қандай саҳифалар чиқаётганидан ҳамма яхши хабардор. Булардан сақланиш учун нима қилишимиз керак бўлади? Бунинг гуноҳи ва жазоси тўғрисида кенгроқ маълумот берсангиз. 

ЖАВОБ (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ): Сиз тилга олган мавзу ўта муҳим ва йирик муаммо бўлиб, ҳозирги кунда баъзиларнинг юз тубан кетишига асосий сабаблардан биридир. Хўш, зино нима? Дунё халқлари унга қандай қарашган? Аввало, шулар ҳақида сўз юритсак.
Зино барча халқлар тушунчасида бегона эркак ва аёлнинг никоҳсиз жинсий алоқада бўлишидир. Бу иш жамики динлар, халқлар, тузумлар, фалсафаларда ор-номуссизлик, уят, ифлослик ва разолат ҳисобланган. Чунки инсоннинг соф қалби ўз-ўзидан бу қабиҳ ишни табиатан қоралайди, ёқтирмайди.
Ҳозиргача инсоният зинони разолатларнинг каттаси деб ҳисоблаб келмоқда. Бу фикрга инсонийлик доирасидан чиққан, ҳавои нафсини ақлидан устун қўядиганларгина қарши чиқишлари мумкин. Улар одатда яширин тарзда ҳаракат қиладилар, жамоатчилик нафратидан қўрқиб юрадилар.
Халқимиз ўзини танибдики, зинони улкан гуноҳ, кечирилмас айб деб билади. Негаки, Қуръони каримда Аллоҳ таоло мусулмонларга хитоб қилиб: «Зинога яқинлашманглар, албатта у фаҳш иш ва ёмон йўлдир», деган (Исро, 32). Чунки улар зино наслу насабнинг бузилишига, оилаларнинг парчаланишига, инсоний муносабатларнинг ёмонлашувига, турли касалликларнинг тарқалишига, ахлоқнинг қулашига ва бошқа бало-офатларга сабаб эканини яхши билганлар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: «Қайси қавмда зино тарқалса, Аллоҳ таоло уларни ота-боболари билмаган касалликка мубтало қилади», деганлар.
Боболаримиз зинони хаёлларига ҳам келтиришмаган. Чунки уларнинг маҳбуб пайғамбарлари: «Зинокор зино қилганида мўминлиги қолмайди», деганлар.
Мўминлик – иймон боболаримиз учун ҳамма нарсадан устун бўлган. Улар охират азобидан қўрққанлар, шу боис бошқа гуноҳлар қатори зинога ҳам яқинлашмаганлар.
Шу билан бирга барча зинокорларга нисбатан жорий қилинган жазо чоралари ҳам қатъий бўлиб, бу нарса жамиятда зинонинг тарқалишини чеклаган. Шариат бўйича, оила қурган, никоҳда бўлган шахснинг зино қилгани исботланса, у тошбўрон қилиб ўлдирилган. Оила шарафини, эр-хотинлик ҳурматини билатуриб ҳаромга юрганлар жамиятга, инсониятга нисбатан қилган бу жиноятлари учун худди шундай жазога ҳақиқатда лойиқдурлар. Агар зинокорлар аввал никоҳланмаган бўлса, кўпчиликнинг олдида юз дарра урилган.
Кўриб турибсизки, икки турдаги жазо ҳам омма ҳузурида бўлган. Бу эса гуноҳкорларга жазо бўлиши билан бирга ўзгаларга ибрат ҳам бўлган. Одамлар бир кун келиб кўпчилик олдида шармандаи шармисор бўлишдан қўрққанлар.
Ҳукмнинг ўзиёқ ёмон ниятлилар қалбига даҳшат солган. Тажриба ҳам шуни кўрсатади. Пайғамбар алайҳиссалом вақтларида фақат икки-уч киши шундай жазога тортилганидан сўнг жамият бу балодан халос бўлган.
Ислом зинога қарши фақат қаттиқ жазо қўллаш билангина чекланиб қолмайди, балки унинг олдини олиш учун барча чораларни кўради.

1. Ҳалол йўл билан жинсий эҳтиёжини қондиришга барча шароитни яратиш. Сир эмас, Аллоҳ инсонни яратганда шаҳвоний ҳисни ҳам қўшиб яратган. Уни эса никоҳ йўли билан қондириш керак. Чунки Исломда эркак ва аёлнинг қўшилишидан асосий мақсад пок насл қолдиришдир. Қуръони карим оятлари ва кўплаб ҳадиси шарифлар мусулмонларни вақти етиб, имкони бўлиши билан оила қуришга чорлайди, оилалиларни эса оила қурувчиларга барча ёрдамларни беришга ундайди. Никоҳсиз юриш динимизда қаттиқ қораланади.
Мабодо, баъзи сабабларга кўра, оила қура олмаётган ёшлар бўлса, улар зинодан сақланиш учун рўза тутишга даъват қилинади. Зинодан сақланишнинг барча йўллари ишга солинади. Афсуски, ҳозирга келиб, бизда шу одат сусайди. Ҳали ёш, ўқиб олсин, ҳарбий хизматга бориб келсин каби турли баҳоналар билан, баъзида тўйни дабдаба билан ўтказиш учун нарса йиғиш, қалин пули тўлаш ва бошқа баҳоналар билан ўғил-қизларнинг умрини ўтказиб, зинога боришларига ҳам сабабчи бўлинмоқда. Зинога қарши курашмоқчи бўлсак, мазкур ҳолатларга эътибор бериб, керакли чоралар кўришимиз лозим.

2. Бегона эркак-аёлларнинг бир-бирларига аралашувини ман қилиш. Бу уларга бўлган ишончсизлик эмас, балки ёмонликдан сақланиш учундир. Чунки номаҳрам эркак ва аёл ёлғиз қолса, учинчилари шайтон бўлиб уларни йўлдан уриши мумкин. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом ривоят қилган ҳадисда: «Кимнинг Аллоҳга ва қиёмат кунига иймони бўлса, номаҳрам аёл билан холи қолмасин, учинчилари шайтон бўлади», дейилган.

3. Ўзга жинсга шаҳват билан қарашни ман қилиш. Аллоҳ таоло  Нур сурасида эркакларга ва аёлларга алоҳида-алоҳида хитоб қилиб, номаҳрамларга шаҳват билан қарамасликка ва авратларини беркитиб юришга фармон берган. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: «Кўзнинг зиноси назардир», дейилган.
Албатта, ҳамма бало назардан бошланади. Биринчи назар тушганда, Худодан қўрқиб ўзини тийган одам ютади. Лекин яна назар солса... Ҳар бир эркак-аёл ушбу сўзларни ёдидан чиқармаслиги ва номаҳрамларга шаҳват назари билан қарашдан ўзини тийиб юрмоғи лозим.

4. Аёлларнинг иффатли кийинишлари ва ўзларини тутишларини жорий қилиш. Бу ниҳоятда катта масала. Аллоҳ аёл кишини хотин, она бўлиши учун гўзал, латофатли (зеб-зийнатга ҳавасли) этиб яратган. Шунинг учун ҳам шариатда эркаклар учун ҳаром қилинган тилла, кумуш, ипак каби зийнат буюмлари аёлларга ҳалол қилинган. Лекин бу рухсат – ижозатлар номаҳрам эркакларнинг шаҳватини қўзғатиш, аёллар Аллоҳ берган ҳусну жамолларини кўча-кўйда, турли кўрикларда кўз-кўз қилиб, ҳаром ишларга манба бўлишлари учун берилган эмас. Улар ўз жуфти ҳалоли ҳузурида, рухсат берилган жойларда бемалол зеби-зийнатли бўлишлари мумкин, ҳатто бу лозим ҳам.

Эндиликда бу ҳикматларнинг оёғи осмондан бўлиб кетган. Баъзи аёллар номаҳрамлар эътиборини тортиш учун қўлидан келган-келмаган барча ясан-тусанни қилади, ўзида бўлмаса, қўшнисидан олиб бўлса ҳам тақинчоқ тақишга, кийим кийишга интилади. Уйда, эри ҳузурида эса бир аҳволда бўлиб юради. Бу кўплаб оилавий келишмовчиликларнинг сабабларидан биридир. Кўчада зеб-зийнатга бурканиб ўзини намойиш қилиб юрган аёлларни кўриб келган эркак уйидаги ўзига қарамаган хотинини кўриб ғалати бўлиши табиий.
Аслида эса тескариси бўлиши, аёл бегоналар кўзидан ўзини асраб, бор гўзаллигини эрига намойиш қилиши керак. Яна бир тескари ҳолат: ҳозир ёш аёллар ўзларини кўз-кўз қилишса, қари аёллар ўзларини эҳтиётлаб қисиниб-қимтиниб юрадилар. Ҳолбуки, аслида ёшлар ўзларини асраб, қарилар бир оз эркинроқ юрсалар ўринлидир.
Охирги вақтда аёлларнинг баданларини очиб юришлари нафақат зинога, балки эркакларнинг жинсий заифлигига сабаб бўлаётганини мутахассислар ташвиш билан таъкидлашмокда. Шунингдек баданни очиб юриш туфайли, айниқса, серқуёш ўлкаларда аёллар турли касалликларга чалинаётганлари ҳақида куюнаётганлар ҳам кўп. Хайриятки, бу ҳақиқатни аёлларимизнинг ўзлари ҳам тушуна бошлашди. Ўйлайманки, самараси тезда ўзини кўрсатади.
5. Жамиятда фаҳш хабарлар ва унга оид ишларни тарқатувчиларга қарши шафқатсиз кураш олиб бориш. Аллоҳ таоло Нур сурасида: «Албатта, мўминлар ичида фаҳш ишлар тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоблар бордир...», деган. (19-оят). Шариатга кўра, ҳатто эр-хотинга ҳам ўз ораларида бўлиб ўтган ишларни ўзгалар ҳузурида гапиришларига рухсат йўқ.
Ҳозир эса тўртта одам тўпланса, гап фаҳш ишлар ҳақида кетиши сир эмас. Айниқса, фосиқ ва фожирларнинг уялиш, ор қилиш ўрнига ўз «саргузаштларига» ёлғонларни қўшиб мақтанишлари одат бўлиб қолган. Боз устига, бадиий адабиёт, кино, театр, телевизор, рўзнома ва ойномалар, интернет сайтлари ҳам бундай ишга ўзларининг салмоқли «ҳисса»сини қўшмоқда. Қолаверса, турли-туман беҳаё нашрлар ва видеофилмлар дард устига чипқон бўлди.
Ҳаммамиз ор-номусли, уятли ва ғайратли бўлишимиз лозим. Ву балога қарши курашмоғимиз зарур. Истагимиз – бу йўлда ҳамма ўз қўлидан келган ёрдамини берсин.
Зинонинг гуноҳлиги, зарарлари ҳақида кенг тушунтириш ишлари олиб борилиши, зинокорларга ва уларнинг ҳомийларига қарши жиддий қонунлар ишлаб чиқилиши лозим. Ёшларнинг бу соҳадаги тарбиясини яхшилайлик.
Зинокорлик–хоҳ эркак хоҳ аёл бўлсин, зинокорни мўминлик даражасидан чиқаради. Ҳадиси шарифда, «Зино қилаётган зинокор мўмин бўлолмайди», дейилган. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони каримда шундай дейди: «Зинокор аёл ва зинокор эркакнинг икковларидан ҳар бирига юз даррадан уринг», деган (Нур, 2).
Чунки, бундай иш билан шуғулланганлар ҳам ўзининг ҳақига, ҳам бошқаларнинг ҳақига хиёнат киладиганлардир. Жамиятнинг бузилишига, никоҳсиз болалар туғилишига олиб келадиган одамлардир. Оилаларнинг бузилишига сабаб бўладиганлардир. Бунинг устига бу иш билан шуғулланувчи кишилар турли юқумли касалликларга дучор бўлади. Бошқа кишиларни ҳам шундай касалликка гирифтор қилишади. Оқибатда жамиятда касалманд одамлар кўпаяди. Хиёнат кўпаяди, ҳаром-хариш кўпаяди.
Бундай жамият эса ниҳоятда ёмон жамиятга айланади. «Қайси бир жамиятда зино тарқалса, дейдилар Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи вассаллам, ўша жамиятни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ота-боболари эшитмаган ва кўрмаган турли касалликларга мубтало қилади».
Ана шундай нарса тарқалиб кетгани сабаб, ота-бобомиз кўрмаган касалликлар ҳам тарқаляпти орамизда. Ҳеч ким эшитмаган, номини билмаган, қанақа бўлишини тушунмаган касалликлар тарқаляпти. Бунинг ҳаммаси нимадан? Бунинг ҳаммаси мана шу гуноҳ ишларнинг тарқалишидан. Одамлар шу нарсага мойил бўлиб колганлигининг оқибатидир. Демак, барчамиз бу ёмон иллатдан узоқда бўлишимиз, бунга қарши мунтазам кураш олиб боришимиз лозим (Аллоҳ билувчидир).