1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Хайрли «қасос»

 

 

 

«Карвон бехатар бўлмас», деганларидек, оилаларда гоҳо «тўлқин-пўртаналар, довул ва зилзилалар» ҳам бўлиб туради. Тўсатдан бирор нарса сабаб бўлиб эр-хотиннинг муросалари келишмай қолади. Уришиб қолишади. Бир-бирларига  муҳаббатлари сусайгандай бўлади. Рашк ҳужумга ўтади. Кўнгил шишасини синдирадиган ёмон гап оғиздан чиқиб кетади. Ишдан ё кўчадан хуноби ошиб келган эр (ёки хотин) аламини шеригидан олади. Эр «қилиқ» чиқариб, бошқа бир аёлга кўнгил қўяди ёки уйланиб олади.
Оилаларда ҳамиша чиқиб турадиган кўнгилсизликлар, можароларнинг сабаби кўп. Ана шундай ҳолларда эр ва хотин қандай йўл тутиши керак? Масалан, нонига кундош шериклик қилаётганини сезиб қолган аёл нима қилиши зарур?
Баъзи аёллар бундай ҳолларда нима қилиб бўлса ҳам эрларини ўша «ёсуман» тузоғидан ажратиб олиш пайига тушишади. Улар бирга яшаётган хонадонга бориб, уриш-жанжални қизитишади, кундошининг «адабини беришади», эрини элга шарманда қилишади. Бунга ҳам қаноат қилмай, эрини ҳар қадамда таъқиб қилади, унга нисбатан тўнини тескари кийиб олади, ҳатто у билан гаплашишни ҳам истамайди, болаларини унга қарши қайрайди.
Бу билан у қанчалик асабидан ажраётгани, соғлиғини йўқотаётгани, қариндош-уруғлар ўртасида обрўсини тўкаётгани билан ҳам иши бўлмайди. Лекин шунча йўқотишдан кейин ҳам эр иккинчи хотинидан ажрашай демайди, аксинча кўз очиб кўрган хотинининг қилмишларидан дили ранжиб, ундан кўнгли қолади. Баъзан эса сўнгги қадамни қўйишга ҳам мажбур бўлиб қолади.
Бошқалари эса бундай пайтларда ҳиссиётга, шайтоний васвасаларга бўйсунмай, ақл билан иш тутишади. Энг аввало, бу иш жиноят ёки гуноҳ бўлмаганидан кундош «фожиаси»га кўнишади, сабр қилишади. Бордию бунга чидай олишмаса,  эрларидан бу қилмишининг сабабларини сўраб, таҳлил қилишади. Чунки, «эркак уйида йўқ нарсани кўчадан излайди», деган нақл бор. Эҳтимол, аёл эрига етарли эътибор, муҳаббат кўрсата олмагандир? Балки  бирор қилиғи, тутими эрига ёқмай қолгандир? Ёки тўйдан кейин ўзига қарамай қўйгани, пардоз-андозни эсдан чиқариб юборгани эрининг кўнглини совутиб қўйгандир? Нима бўлганда ҳам сабаблар таҳлилидан сўнг камчиликни тузатишга, сабр ва тадбирлар билан эрини «уйга қайтариш»га ҳаракат қилади.  
Наманганлик Насибахон К. исмли жувоннинг ҳикоясидан: «Ота-онамдан эрта етим қолганим учун мени тоғам тарбия қилдилар. Ўн еттига тўлишим билан тагли-тугли бир хонадонга узатишди. Қийинчилик-йўқчилик ичида катта бўлганим учун тушган жойимга канадай ёпишдим. Қайнотам беш йилча бурун ўтган эканлар. Қайнонам касалманд эдилар, эримдан ташқари бир ўғил ва бир қизлари бор эди. Биргалашиб яшай бошладик. Хизматни дўндириб турибман. Оиладагилар билан аҳилмиз. Эримнинг хулқлари яхши эдию, аммо ишёқмас, сал эрка, ҳавойироқ эдилар. Аввал ялиндим, йўлга солмоқчи бўлдим, атрофдагиларни ибрат қилиб кўрсатдим. Қаёқда? Авваллари ул-булга куйманиб, пул топиб турардилар. Тўйимиздан олти ой ўтгач, диванни бутунлай «ижара»га олдилар. Эртадан-кечгача телевизор олдидан кетмайдилар. Ора-сира укаларидан ё оналаридан пул «униб» қолса, чойхонага чиқиб улфатлар билан ош қилишади.
Бирин-кетин икки фарзандли бўлдик. «Кўпайишсак, боланинг меҳри ишлашга мажбурлаб юборса керак» деб ўйлаган эдим. Шунда ҳам ўзгармадилар. Қарасам, икки болам билан оч қолиб кетадиганман. Шартта тижоратни бошлаб юбордим. Аввалига озгина сармоя билан совун, порошок, тиш пастаси сотиб юрдим. Кейинроқ сармоям кўпайиб Қўқонга, Қорасувга  қатнай бошладим. Чорсудан кичикроқ жой тегди, ишим юришиб, қўлимга пул кирди.
Худди ўша кунларда эрим йўқолиб қолдилар. Уёқ-буёққа даракладим. Уйдан телевизор, у кишининг кўча кийимлари ғойиб бўлганини сезиб, кўнглимга шубҳа тушди. Адашмаган эканман. Эшитсам, Давлатобод туманидаги битта танноз хотинга илакишиб қолиб, ўшаникига кириб кетибдилар. Телевизор ҳам у киши билан кундошимникига «кўчибди».
Уч кунгача не аҳволга тушганимни ўзиму ёлғиз Худо билади. «Ғам тўйдиради», деганларидай бир ярим сутка оғзимга увоқ солмабман. Юрсам ҳам, ўтирсам ҳам номард эрим кўз олдимга келаверади. Қайси гуноҳим учун Худо мени бундай жазолади, деб савол бераман ўзимга. Шайтон «Ҳозир бориб ўша манжалақини сочини юлиб, қонига белаб кел», деб турибди. Аммо ниятимдан қайтдим. Кўпчилик ўртасида эркак кишининг обрўси тўкилиб, юзи шувут бўлмасин, деб ўйладим.
Кейин ўзимни қўлга олдим. «Сабр қилай-чи, Худо бир йўл кўрсатар», деб ўзимни меҳнатга урдим. Эрта чиқиб кетиб, шомда қайтаман. Ҳафтада бир марта бошқа шаҳарларга товарга қатнайман. Уйга келгач, қайнонамга, болаларга қарайман. Қайниним ва қайнсинглимнинг овқатини тайёрлайман, кирини юваман, йиртиқ-ямоғини қиламан. Оиладагиларнинг эримнинг қилиғидан афсусланмай, одатий ҳолдай муносабатда бўлишлари юрагимни тирнаса ҳам, ҳеч нарса бўлмагандай аламимни ишдан олавердим.
Бу орада қайнонам вафот этдилар. Қайнинимнинг топиши яхши бўлмагани учун у кишини ўзим кўмдим, маъракаларини эл қатори ўтказдим. Эрим таъзия куни бир-икки соат одамларнинг кўзига ўралашиб юрдилару кейин яна ғойиб бўлдилар. Қайнонамнинг қирқлари чиқиши билан қайнсинглимга совчи кела бошлади. Маъқул жойи чиқувди, уни турмушга узатдим. Сепию, тўй харажатлари яна зиммамга тушди. Миқ этмадим. Маҳалла-кўйдагилар, қўни-қўшнилар вазиятни тушуниб, ёнимга киришди.
Орадан бир йил ўтиб, қайнинимни ҳам уйладик. Тўққиз ойча янги келин-куёвни болаларимга қўшиб боқишимга тўғри келди. «Эримдан нима кўрдиму сан нима қилиб берардинг», дегандай баъзи кунлари жаҳлим чиқиб юрди. Аммо буям Худо йўлига бир эҳсон-да, деб ўзимни овутаман. Охири қайниним маҳалла-кўйдан уялдими ё виждони қийналдими, ҳарқалай қайнотасига қарашли квартирага кўчиб кетди. Олти сотих ҳовлида шўппайиб ўзим қолдим.
Кунлар шу зайлда ўтаверди.  Меҳнатдан аламимни оламан. Туриб-туриб эримнинг қилмиши вужудимга ўт ёқсаям, ҳеч нарса бўлмагандай ўзимни овутаман. «Осмон йироқ, ер қаттиқ» эди. Қўшниларим мендаги бардошни, сабрни кўриб: «Сиз одам фарзанди эмассиз, тошдан ясалгансиз» деб «тасалли» бериб қўйишади. Кўнглимни кўтаришади. Бу орада болаларим ҳам катта бўлиб, биринчи синфга чиқишди. Аммо дадалари бирор марта кўргани келмас, аҳволимиз билан қизиқмас эдилар. Аммо ҳали булар ҳолваси экан…
Бир куни шомдан кейин ишдан келсам, лабини памилдоридай қизартириб олган семизгина хотин фартуғимни тутиб олиб ошхонада куйманиб юрибди. Юрагим «шиғ» этди, «ҳойнаҳой кундошим шу бўлса керак», деб ўйладим. Қизиқ, у бизникида нима қилиб юрибди? Шу пайт ичкари уйдан қайнсинглим билан эрим чиқиб келишди. Мени кўриб, бир талмовсираб олишди. Кейин асосий мақсадга ўтишди: эмишки, эрим иккинчи хотинининг квартирасини сотиб, уйимизга кўчиб келармиш. Ҳовлини иккига бўлиб, ўртадан девор олишар эмиш. Мен болаларим билан ярмида бемалол яшайверармишман. Агар ғиринг-пиринг дейдиган бўлсам, умуман шундан ҳам маҳрум бўлармишман.
Ҳозир қўлимга болтани олиб, ҳаммасини қувиб кўчага чиқариб қўйгим ҳам келди. Яна ўзимни босиб олдим. «Нима бўлса ҳам кўз очиб кўрган эрим, ҳозир шайтон йўлдан уриб турибди, бир кун ўзларига келсалар ҳали қилмишларидан уялиб қоладилар, сабр қилаверай-чи», деб яна ўзимни босдим. Уйдан ҳайдашса, икки болам билан кимникига сиғаман, деб ўйладим.
Хулласи, ҳовлида икки кундош яшай бошладик. «Севишганлар»нинг иккови ҳам ҳеч қанақа иш қилмас, пул ҳам топмас, топиб келганимга шерик бўлиб ўтиришар эди. Ҳай, Худонинг бу синови ҳам бор экан-да, деб жонни жабборга бериб ишлайвердим. Шу кунгача уч кишининг рўзғори зиммамда бўлса, энди беш киши учун харажат қилар эдим.
Шу алпозда бир ойга чидадим. Мен индамаганим билан маҳалла-кўй, қариндошлар воқеадан хабар топишиб, эримни ўртага олишибди. Роса гап билан тузлашибди. Бир куни ишдан келсам, эрим кундошим билан кетиб бўлишибди. Аммо кетиш чоғида яқинда сотиб олган янги телевизоримни, тилла тақинчоқларимни, болаларимнинг тўйига атаб қўйган тоза матоларимни ҳам гумдон қилиб кетишибди. «Шу билан қутилиб тинчисам бўлди», деб ўзимни овутиб қолавердим.
Томошанинг каттаси кейин бошланди. Тирикчиликлари қийинлашиб қолганми, эрим тез-тез пул сўраб келишни ўрганиб олдилар. Аввалига раҳмим келиб оз-моз бериб турдим. Бир куни мияда бир нарса чақиб қолди: «тўхта, сан берган пулга кундошингни боқадими, керак бўлса, ўзлари ишлаб топишсин». Пул бермай қўйганимдан жаҳли чиққан эрим менга ўхшаб тижоратга киришдилар. Растамиздан жой олиб, савдони бошлаб юбордилар.
Бу орада менинг ишим анча ўнгланиб қолган, қўлимда каттагина сармоя тўпланган эди. Энди товар учун бошқа шаҳарларга бормай ҳам қўйганман: шерикларга пул бериб юбораман, ҳамкасбларнинг раҳми келганидан менга ҳам мол қўшиб олиб келишади. Эримнинг рўзғорлари яхши эмаслигини, пул тополмаётганлари учун кундошим билан муроса бўлмаётганини ҳам сезиб юрибман. Лекин асло сир бой бермайман. Хўжайинимнинг эса олдимга келиб узр сўрашга ориятлари йўл қўймаётган эди.
Ана шундай кунларнинг бирида  хўжайиндан яхшигина «ўч» олиб, оилага қайтариш вақти етиб келганини тушуниб етдим. Икки-уч кун бунинг режасини тузиб, нима қилишимни белгилаб олдим. Бир ҳамкасбим билан олдиндан келишиб қўйдим. У хўжайиним савдо қилаётган раста олдига янги «Нексия»си билан келиб турадиган, мен эса у кишининг шундоққина кўз ўнгида шерикнинг машинасига чиқиб кетадиган бўлдим. Ўша куни келинлик давримдан буён унутилиб кетган ишим – пардоз-андозни жойига қўйдим. Энг чиройли кийимларимни кийдим. Елкамга сумкамни осиб, товус юриш билан эрим савдо қилаётган жойдан ўтдим-да, ҳамкасбимнинг машинасига ўтирдим. Ҳатто у кишига томонга қараб ҳам қўймадим.
Мўлжалга бехато урган эканмиз. Ўша куни икки чақиримча юрганимиздан сўнг машинадан тушиб қолиб, чала қолган анча-мунча ишларимни битирдим. Кечга яқин уйга келсам, хўжайин икки ўғлимизни ёнларига олиб, қовоқларини уюб ўтирибдилар. «Анави одамнинг машинасида қаёққа кетдинг», деб сўрадилар. «Сизнинг нима ишингиз бор, шунча йилдан буён менинг қаёққа кетаётганим уёқда турсин, ҳатто қандай кун кўраётганим билан ҳам қизиқмас эдингиз-ку», дедим бамайлихотир. «Никоҳдаги эринг бўлгандан кейин сўрашга ҳаққим бордир», дедилар қизишиб. «Мен бирор марта сизнинг қаёқларда, кимлар билан юрганингизни сўрамадим-ку», дедим яна у кишининг жиғига тегиб. Хулласи, шу куни анча-мунча қизаришиб олдик, ўртадаги гина-кудуратларни тўкиб солдик.
Охири хўжайиним оёғимга йиқилиб, узр сўрадилар. Қадримга етмаганлари, болаларни тирик етим қилганларини айтиб, ҳатто бироз кўз ёши ҳам тўкиб олдилар. Тавбалари астойдил эканига шубҳам йўқ эди. Шундай бўлса ҳам анчагача ён бермай турдим. Етти йиллик қийноқ-азобларимнинг, хўрликларимнинг қасосини олаётган эдим. Майли, сал оиланинг қадрига етадиган бўладилар, деб ўйладим. Шундан буён яна биргамиз. Ҳозир бутун тижоратимни у кишига топшириб қўйганман, ўзим болалар тарбияси билан машғулман. Яқинда янги «Дамас» машинаси ҳам сотиб олдик.
Баъзан ўй суриб кетаман: бўлаётган ишлар тушимми-ўнгимми, дейман. Агар ўшанда кундошимникига бориб, жанжални қизитганимда, эримни шарманда қилганимда ҳозир юзларига қандоқ қарар эдим. Яхшиямки, шайтоннинг сўзига кирмаганим, баъзиларнинг ўргатганига кўнмаганим! Эримнинг қилмишларига, Худонинг синовига сабр қилганимнинг лаззатли мевасини бугун тотиб турганимдан суюнаман».

 

 

 

«Эр - подшоҳ, хотин - вазир»

 

 

 

Бу кеча ёки олдинги кун айтилган гап эмас. Демак, унга амал қилинса, яхши бўлиши умид қилинади. Амал қилинмаса, қандайдир меъёр бузилиши юзага келади. Чунки бу мақолнинг асли Қуръони каримдан олинган, яъни Илоҳий тартиб. Чор атрофга қарасак, кўпинча бу мақолнинг тескариси бўлаётганининг гувоҳи бўламиз. Бахт саодат ва барака ҳам шунга яраша камроқ бўлаётганга ўхшайди, гўё. Чунки аёл эридан қолишмай, оиладаги тартиб-интизом бир маромда кетишига халақит қилгандан кейин ўз-ўзидан бошбошдоқлик, икки ҳокимиятчилик юзага келади: оиланинг обрўси кетади, фарзандлар тарбияси йўлдан чиқиши хавфи пайдо бўлади, файз-барака кетади, ҳатто, баъзида яхши ният билан қурилган оиланинг ўзи ҳам парчаланиб кетади. Шунинг учун улар ўртасида «меники тўғри» деб гап талашиш эмас, фақат яхши маслаҳат билан оила тебратиш тарзи барқарор бўлгани маъқул. Икки тараф ҳам қўлидан келганича сабр ва босикдикни ўз жойига қўйишса, бир умрлик оила қўрғони мус-таҳкамлигича сақланаверади.
Лекин... Атрофга разм солинса, «Эр — подшоҳ, хотин — вазир» кенгашига асосланган оилавий бошқарув института унча яхши ишламаётганга ўхшайди. Чунки ҳар бир ёш жувон ёки қизнинг, ҳар бир бўз йигитнинг орқасида оила деган ижтимоий ҳукумат туради. Улар инкубатордан кўпаймаганлиги, вокзал ёки кўчада яшамаслиги аниқ.
Тунов куни кўчада ёшгина укасини ўйнатиб юрган ўн икки-ўн уч ёшлар чамасидаги узбек қизига кўзим тушди, қўлида сигарет, чекиб кетяпти. Ҳайрон қоласиз: у қандай оилада катта бўляпти, унинг эртаси, индинги куни нима бўлади, олдида етаклаб юрган укачасининг келажаги қандай бўлади? Ундай қизлар кўпайиб кетса, нима чора кўриш мумкин?
Ота-оналар қизларини сўнгги қўнғироқ, битирув кечаси, туғилган кун каби тантаналарга, тўйларга елкалари, сонлари очиқ ҳолда юборишяпти, шунчаки орзу ҳавас деб. Майли биров билан ишимиз йўқ. Бироқ фарзандлар ҳозирги кунда, яъни ёшлик фаслида ота-онанинг айтганини қилади, эртага эса уларни кўчадан қайтариб бўлмай қолади, ёки «Йўқ, мен шундай кийинишни хоҳлайман; мен дискотекага боришни истайман; мен фалони билан севишиб қолдим, билмасдан ҳомилали бўлиб қолдим, энди унга турмушга чиқишга мажбурман!», ёки «Дадажон, аяжон, мен фалони қиз билан шўхлик қилиб қўйган эдим, у ҳомиладор бўлиб қолди, менга ўша қизни олиб бермасангиз бўлмайди», каби гапларни эшитиш оғир бўлиши аниқ-ку»! Худо сақласин бундай ҳолга тушиб қолишдан!

Кўчада, боғларда, жамоат жойларида уялмасдан ўпишиб турган ўзбек йигит қизлари оила тарбиясини олмаганлигидан шу даражага етишиб турибди. Уларнинг ҳар бири аввалдан ўз ҳолича бу ҳаёсиз ҳаракатлар учун «тайёргарлик» кўрган бўлади. Барибир, энг олдинги «пойдевор» оила қўрғонидаги лоқайдликдан бошланади. Ё оилада беҳаё киноларга бемалол томоша қилиш шароити бор (кабелли телевидение бўлса ҳам, DVD плеер ёки компьютер бўлса ҳам, беҳаё газета журнал, китоблар бўлса ҳам, фарқи йўқ, натижа бир-биридан бадтар бўлаверади), ё бундан олдин кимлар биландир ўпишиб, қучоқлашиб анча-мунча тажриба орттирган бўлади-ю, эндиги навбатда кимнидир чув тушириб тузоғига илинтириши лозим бўлади, пировард натижада юз пардалари йиртилгач, бу ўпишиб турган жуфтлик аъзолари ўзининг «одамлар кўзича тортинмасдан сурбетлик қилиш» санъатини намойиш қилароқ, ўз оғушида турган шеригини келажакда расво қилиш учун «тадбиркорлик» қилаётган бўлиб чиқади. Чунки «Кўр кўрни қоронғида ҳам топаверади» деган халқ мақоли бекорга айтилмаган. Бинобарин, ўзи ифлослик ботқоғига ботиб бўлгандан кейин кимни бўлса ҳам ботқоққа тортишга мажбур бўлиб қолади, чунки бошқа йўл йўқ, бўлар иш бўлган, ётиб қолгунча отиб қолиш керак, акс ҳолда ботқокда ўзи ёлғиз «чириб кетиши»га тўғри келади. «Бирники мингга, мингники туманга» мақоли шу ерда ҳам амал қилади, яъни шу тариқа ифлослар кўпайгандан кўпайиб кетади. Бошқасини айтмаган тақдирда ҳам, ундайларнинг ЭЛ КЎЗИДА қўйиб турган томошаси яна кимларгадир яхшигина «мактаб» вазифасини ўташи аниқ. Бу «мактаб»га ҳаваси кетган ёшлар ҳам шу йўлдан юришлари мумкин бўлади. Охир оқибат жамият маънавий ва моддий зарар кўради. Энг ачинарлиси - бу зарарнинг товон тўловчисини топишнинг иложи бўлмайди. Бундай боши берк кўчага кириб қолмасликнкнг ягона йўли - кенг жамоатчилик сергак туриб ҳаракат қилиш, ҳар бир оилада кунига ҳеч бўлмаганда ўн-ўн беш дақиқа фарзандлар билан юзма юз туриб мулоқотда бўлиш орқали жидду жаҳд қилиш-дир. «Эр - подшоҳ, хотин - вазир» мақолига риоят қилинса, ҳар ҳолда бир ёқадан бош чиқариш имкони бўлади. Бу осон иш эмас. Лекин обдон ҳаракат қилинса, қийин ҳам эмас. Хоҳиш ва ният бўлса, ҳаммаси ўз йўлига тушиб кетаверади. Биздан ҳаракат бўлса бас, Худой таолодан баракат ёғилаверади. Бу шубҳасиз.

Мавриди келганда айтиб ўтмасак, бўлмайди, ҳозирги кунда мактабдан тортиб коллеж лицейлару университет, институтларнинг каттаю кичик ўқитувчилари ўз талаба ва ўқувчиларига мурожаат қилганларида «ўғлим», «қизим», «синглим» каби сўзлар билан гапиришга ҳам малолланиб қолишган. Чунки беадаблик ва беҳаёлик кучайиб кетяпти. Улар учун яхшиси — ўқувчи ва талабаларнинг фамилияси ёки исмини айтиб чақириш. Шунинг учун оилада ҳамда жамиятда тарбия ишларига кун тартибидаги биринчи масала деб қаралмаса бўлмайдиганга ўхшаб қолди. Лекин «Оққан дарё оқмай қолмас». Умидимиз катта.

 

 

 

Асаб бузишга арзимайди

 

 

 

Бугунги кунингиз жуда оғир кечди. Эрталабданоқ ишингиз қовушмай, кечгача табиатингиз тирриқ, юрагингиз сиқиқ юрдингиз. Ҳаммаси аёлингизнинг «Эртага катта қудангизнинг туғилган куни экан, шунга бирор арзирли совға топиб келсангиз», дейишидан бошланди. Аввалига «Нима бало, қудам бир йилда уч марта туғилган кунини нишонлайдими?» деб хунобингиз ошди. Кейин «ёнингизда ҳемири ҳам йўқлигини, маошгача ҳали саккиз кун борлигини» айтдингизу балога қолдингиз. Аёлингиз хонадонни бошига кўтариб бобиллай кетди: «Ҳов эркак,  қачон бошқа одамларга ўхшаб бирор марта айтган нарсамни баҳона топмай муҳайё қилгансиз? Сизга турмушга чиқибман-ки, шу дийдиё! Бу гал ҳам именинага аммамнинг бузоғига ўхшаб сўппайиб, қўлингизни бурнингизга тиқиб бормоқчимисиз? Аммо ман сизга ўхшаб бунақа шармандаликка чидолмайман, ерри остидан бўлса ҳам совға топиб келасиз. Агар «ман эркак эмасман, қўлимдан келмайди» десангиз, манави халатимни кийиб уйда ўтиринг, ман ўзим бозорга чиқиб, ҳаммасини уддалайман».
Аламингиздан эшикни қарсиллатиб ёпиб, ишга жўнавордингиз. Аёлингизнинг ортингиздан: «Ҳай, ишдан қайтишда ўғлингизнинг мактабига ҳам учраб келинг, яна ремонтга пул сўрашмоқчи шекилли?» деб саннаб қолганини эшитмаганликка олдингиз. Йўлак эшигини жаҳл билан очувдингиз, ноқулай ҳаракатдан кўйлагингизнинг битта тугмаси «чирт» узилиб кетди. Уни ердан олиб чўнтакка солдингизу асабингиз баттар таранглашди.
Тиқилинч автобусда бир барзангининг оёғини бехос босиб олувдингиз, гурзидай муштини бурнингиз тагида ўйнатиб: «Ҳей ипирисқи, кўзингга қарсанг ўласанми, ё бир ҳушёр торттириб қўяйми», деб ўдағайлаганидан дамингиз ичига тушиб кетди. Бунинг устига эрталабданоқ ичволиб, ҳаммаёққа саримсоқпиёз ва ароқ ҳидини бурқситаётган бир ароқхўр тинмай ёнингизга суйкалиб, ҳиқичоқ аралаш аллақандай қўшиқни хиргойи қилар, асабингизни баттар ўйнар эди.
Ишхонангизда сизни бундан ҳам каттароқ кўнгилсизликлар кутиб турган экан. Бугунга бир неча юмушни режалаб келган эдингиз, аммо ҳаммаси чиппакка кетди: марказдан текширувчилар бор экан, бошлиқ  ходимларга ҳисоботларни зудлик билан тайёрлаб туриш ҳақида топшириқ берибди. Энди ишга киришмоқчи бўлувдингиз, сейфнинг калити эрталаб алмаштирган шимингизда қолиб кетибди. «Уф, ҳали уйга ҳам бориб келиш керак».
Энди жўнайман деб турганингизда, телефон жиринглайди, гўшакда яна аёлингизнинг «ёқимли» овози: «Ҳай, дадаси, икки киши келиб, электрни ўчирамиз, деяпти, уч ойдан буён тўламас эканмиз, бирор жойга яширган пулингиз бўлса айтинг, тўлаб қўяй». Жаҳл билан гўшакни ташлаб турсангиз, бошлиқ ҳузурига чақириб қолади: «Мулла Икром, ғизиллаб бозорга бориб келсангиз, кеннойингиз бугун ўртоқлариникига ўтиришга бормоқчи экан». Қани, унга рад жавоби бериб ёки баҳона топиб кўринг-чи, беш йил аввалги хатойингизни ҳам юзга солиб шарманда қилиб ташлайди.
Бу орада ҳамкасбларингиз билан кеча ким кимни ғийбат қилгани хусусидаги даҳанаки жанглар ҳам, кимдир папиросни гул тувагига ташлагани учун фаррош томонидан сизга дашном берилгани ҳам, вилоятда яшайдиган  укангизнинг қарзга ботиб қолгани, иложи бўлса жиндай ёрдамлашиб юбориш ҳақида телефон орқали қилган илтимоси ҳам кайфиятингизни чоғ қилмагани аниқ.
Хулласи, сиз яшаётган дунёнинг бунақа «адолатсизлиги»дан, ташвишларнинг кўпайиб кетганидан, бугунга мўлжалланган қанчалаб ишларингизнинг битмай қолганидан, одамларнинг худбинларча  иззат-нафсингизу вақтингиз билан ҳам,  истагингизу бошингизга кетма-кет тушаётган мушкулотларингиз билан ҳам ҳисоблашмасликларидан ўн марта тутаб, юз марта ёниб оласиз…
Нега инсонларнинг дунё ҳаётидаги кунлари худди сизнинг бугунги ҳолатингиз каби ғавғо-муаммоларга тўла кечади? Нега яшаш бунчалик оғир, машаққатли, нурсиз? Нега қувончли, бахтли, дамлар жуда кам, бунинг устига ниҳоятда қисқа? Ҳамманинг бошида ҳам сизникидай ташвиш, ғам кўпми ёки фақат сиз шунақа «омадсиз», бебахт одаммисиз? Унда нима қилиш, қандай йўл тутиш керак? Қандай қилиб фароғатли, осойишта ҳаёт кечириш, руҳий хотиржамликни қўлга киритиш мумкин?
Шуни комил ишонч билан айтиш мумкинки, ҳар бир инсон, у бой ёки камбағал бўладими, оддий деҳқон ёки катта амалдор бўладими, эр ёки аёл бўладими, ҳамма ҳар куни, йўқса   кунора ё ҳафтада ана шундай кўнгилсизликларни, «бебахт» кунларни албатта бошидан кечиради. Улардан қутулиш учун, дунё кўзга ана шундай зулмат кўринмаслиги учун ҳар бир инсон ўзича йўл ахтаради: биров бунинг сабабларини ўрганишга уринади, биров фолбинга чопади, бошқаси ҳар бир кунини газетларда чоп этиладиган мунажжимлар «башорати»га солиштириб чиқади. Яна бири эса буларнинг ҳаммасини буюк бир Зот бошқариб-кузатиб турганини англаб, ҳамма ишини Унга ҳавола этади.
Инсон яралишига кўра ҳаётда жуда нотавон, сал қийинчилик ёки йўқчиликка чидамайдиган бетоқат, бесабр, ҳеч нарсадан қониқмайдиган махлуқ саналади. Ана шу хислати туфайли ҳаётида таскин, ором топа олмайди. Хотиржам яшашни орзу қиладию аммо буни катта мол-дунё орқали қўлга киритаман, деб болаларча фикр юритади. Минг машаққат билан мол-дунё топганида аллақачон хотиржамлиги ва оромини бой берганини тушуниб қолади. Қалби осойиш топишини истайдию аммо бунинг асл сабабларини бошқа иш ва машғулотлардан ахтаради. Фақат сокин нафсгина руҳий хотиржамлик келтиришини билгани ҳолда нафсининг васвасаларига, фитналарига учиб, орзу-ҳавасга зўр беради.
Мактабда ўқиб юрганимизда устозларимиз «Ҳали шунақанги замонлар келадики, фан-техника тараққиёти энг юксак даражага етиб, машиналар инсонларнинг оғирини енгил қилади, барча ишлар техника зиммасига юкланиб, инсоннинг мацнавий камолоти учун катта имкониятлар очилади, одамлар ортиқча жон койитмай тўкин, хотиржам ҳаёт кечирадиган бўлади», деб овутишган эди. Уларнинг юксак тараққиёт ҳақидаги гаплари асосан тўғри чиқди.
Аммо закий муаллимларимиз бир нарсада хато қилишган экан: ҳаётнинг фаровонлашуви,  тўкинлашиши ҳам одамларга руҳий фароғат, қалб хотиржамлигини бера олмади. Тараққиётда энг юқори даражага эришган илғор мамлакатлардаги миллионлаб кишилар ҳам бугун асло хотиржам эмас, оромини, ҳаловатини йўқотган.
Яқин ўтмишимизга мурожаат қиладиган бўлсак, хонадондан бир киши бирор касб-ҳунар, масалан, деҳқончилик, боғбонлик, косиблик, хаттотлик ёки бошқа нарса билан шуғулланар, унинг топгани бутун оиланинг бир йиллик харажатларига етарди. Ҳатто ортиб қолиб, яқинлар орасидаги муҳтожларга ёрдам ҳам қилинар эди. Чунки у пайтларда нафслар бугунгидай ҳакалак отмаган, орзу-ҳаваслар ҳозиргидай чўққисига чиқмаган эди. Кўпчиликнинг бор маишати нон-сув ва оби-ёвғондан, кийими бир сидирға яктак-чопондан иборат эди.
Аммо бугунги кунда оиладаги ҳамма, эр ҳам, хотин ҳам, ҳатто болаларгача тирикчилик ғамида елиб-югуради, эртадан-кечгача тиним билмайди. Илм ёки китоб мутолаасига вақт йўқ. Ота-онадан хабар олишга имкон топилмайди. Бола тарбияси ҳақида бош қотиришга фурсат етмайди. Ҳатто овқатланиш ҳам йўл устида, тик турган ҳолда кечади.
Хотиржам яшаш учун мол-дунё топиляпти, «дунё топиб олай, кейин мазза қилиб хотиржам ҳаёт кечираман» деб орзулар қилиняпти. Аммо бир шоир айтганидай, «Бир тоғдан ошиб ўтсак, сўнгги чўққи шу, деймиз, кейинги тоғ тизмасин кўриб унда не деймиз?».
Ҳозирга келиб бу ҳолатни ҳамма чуқур ҳис этиб турибди. Буни бутун дунёдаги жамиятлар ҳам тан олишга мажбур бўляпти. Фан-техниканинг юксак ривожига қарамай, дунё янги, йигирма биринчи асрда ҳам чинакам бахтли-осойишта ҳаётга эриша олмади: урушлар, мустамлакачилик фитналари, маданият ва мафкураларнинг глобаллашуви, зулм-ваҳшийликлар, жиноятчилик ва фаҳшнинг  авж олиши, ўз жонига қасд қилишлар, бедаво касалликларнинг кўпайиши, ахлоқий тушунчаларнинг поймол бўлиши каби фожиалар аср кишиларини тобора ғамгин-изтиробли, эртанги кунидан умидсиз қилиб боряпти. Инсоният учун энг тансиқ бўлган сокин нафс, осойишта ҳаёт, руҳий хотиржамлик эса орзулигича қолиб келмоқда.  
Атрофингизга бир боқинг: қўшнингиз, ҳамкасбингиз, қариндошингиз эрта тонгдан тирикчилик ғамида кўчага отланди. Одамлар автобус-троллейбусларни тўлдириб, машиналарини  елдириб ишга, юмушга шошяпти. Ҳамманинг миясида ишлаш, пул топиш, яхши яшаш, рўзғорини бут қилиш режалари.  Ҳамманинг калласида «манави ишимни битирсам, анави ерга учрасам, шунда хотиржам бўламан, буни топсам, унга эришсам, шунда ҳаётим осойишта, бир маромда ўтади» деган хаёллар.
Аммо бугунга режалаган юмушлар битмайди, чаласи эртага, индинга, келаси ойга ва йилга қолади. Кўпинча бир юмуш ўз ортидан яна қанча юмушларни эргаштириб келади. Бир ташвиш устига яна ўнта ташвиш қўшилади. Эркин Воҳидовнинг «Учи тугук дастрўмол» шецрида айтилганидай, юмушларимиз асло тугай демайди, уларни эсдан чиқармаслик учун дастрўмолимиз учига тугадиган тугунларимиз кўпаяверади. Охири ўша ишларимизни ҳам битирамиз, дунёнинг ҳамма жиҳозларини қўлга киритамиз, орзулаган олий мақсадларимизга ҳам эришамиз. Аммо биз орзиқиб кутган хотиржамлик, ором, руҳий сакинат келай демайди, думини тутқазмайди.
Унда нима қилиш лозим? Ташвишлар тугамас экан, деб уйга кириб бошни ўраб ётиб олиш керакми? Ёки таскин ва осойишта турмуш кечиришнинг қандайдир биз билмаган сирлари, ҳаётий тажрибалар асосида топилган ечимлари борми? Қандай қилиб хотиржам, ҳеч нарсанинг ташвишини қилмай, бирор нарсадан хавотирланмай, жон ҳовучламай ҳаёт кечириш мумкин? Келинг,  шу ҳақда суҳбатлашайлик, кўрган-билганларимизни ўртоқлашайлик, тажрибаларимизни баҳам кўрайлик.

Аҳмад Муҳаммад

 

 

 

Меҳмондўстлик ҳамда меҳмон кутиш ва меҳмонга бориш одоблари

 

 

 

Меҳмондўстлик ҳамда меҳмон кутиш ва меҳмонга бориш одоблари Меҳмон деб аслида, бошпана, егулик ва ичгулик билан таъминлашингиз учун уйингизга мусофир ҳолда вақтинча нозил бўлувчи кишига айтилади.

Зиёфат, яъни меҳмоннавозлик ва меҳмон кутиш олийжаноб хулқлардан бўлиб, фозил кишилар бу нарсага қадим-қадимдан бери амал қилиб келадилар.  Халқимиз меҳмондўстлиги, меҳмоннавозлиги билан шуҳрат қозонган. Бирор ўзбек хонадони, оиласи йўқки, меҳмонни хурсандчилик билан кутиб олмаган, уйидаги бор неъматларни дастурхонга келтириб тўкмаган бўлса. “Меҳмон – отангдан улуғ”, “Меҳмон келар эшикдан, ризқи кирар тешикдан”,  “Меҳмон олдида ҳатто мушугингни пишт дема” каби мақол ва ҳикматлар бежизга айтилмаган.

Пайғамбарлар отаси Иброҳим Халилуллоҳ кишилик тарихида биринчи бўлиб меҳмоннавозлик асосларини ҳаётга татбиқ қилганлар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло марҳамат қилиб бундай дейди:

هَلْ أَتَاكَ حَدِيثُ ضَيْفِ إِبْرَاهِيمَ الْمُكْرَمِينَ إِذْ دَخَلُوا عَلَيْهِ فَقَالُوا سَلَامًا قَالَ سَلَامٌ قَوْمٌ مُنْكَرُونَ فَرَاغَ إِلَى أَهْلِهِ فَجَاءَ بِعِجْلٍ سَمِينٍ فَقَرَّبَهُ إِلَيْهِمْ قَالَ أَلَا تَأْكُلُونَ فَأَوْجَسَ مِنْهُمْ خِيفَةً قَالُوا لَا تَخَفْ وَبَشَّرُوهُ بِغُلَامٍ عَلِيمٍ

яъни: “(Эй, Муҳаммад!) Сизга Иброҳимнинг азиз меҳмонлари ҳақидаги хабар келдими? Ўшанда улар (Иброҳим) ҳузурига кириб: «Салом!» –дейишганда, у ҳам: «Салом! (Булар) нотаниш қавм-ку!» – деди.
Сўнгра у аста оиласи олдига чиқиб, бир семиз бузоқни (сўйиб, пишириб) келтирди. Уни уларга яқин қилиб, «(Таомдан) емайсизми?» – деди
(Лекин овқатга қўл чўзишмагач) улардан хавфсирай бошлади. (Шунда) улар: «Қўрқмагин! (Биз фаришталар таом емаймиз)», – дедилар ва (Иброҳимга) бир доно ўғил (туғилиши) хушхабарини бердилар”. (Зориёт сураси)

Иброҳим (алайҳиссалом) чиройли меҳмон кутишда, ҳусни зиёфатда зарбул-масал этилганлар. Ривоятларда келишича, у киши уйларига қўққисдан бирор меҳмон келишига интиқ бўлиб яшардилар, ва бирор кун ҳам меҳмонсиз таомланмас эдилар. Агар хонадонларига меҳмон келиши узилиб қолса, бу ҳолатдан маҳзун бўлардилар. Шу сабаб ҳам ул зотни меҳмонларнинг отаси, деб аташарди. Шунингдек, у кишининг уйида тўртта эшик бўлиб, қайси эшикдан бирор меҳмон кириб келаркин, дея қараб ўтирар эдилар.

Кўплаб шарафли ҳадисларда меҳмонни иззат қилишга тарғиб ва ташвиқ қилинган. Жумладан, Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда бундай марҳамат қилинади:

من كان يؤمن بالله واليوم الآخر فليكرم ضيفه ومن كان يؤمن بالله واليوم الآخر فليصل رحمه ومن كان يؤمن بالله واليوم الآخر فليقل خيرا أو ليصمت

Яъни: “Кимки, Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, бас, меҳмонини иззат-икром қилсин. Кимки, Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, қариндош уруғлар билан силаи раҳм қилсин.  Кимки, Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, яхшиликдан сўйласин, ёки жим турсин”. (Муттафақун алайҳ)

Ушбу ҳадис меҳмонни иззату икром қилишга гўзал равишда тарғиб қилади. Унга кўра, ўзини комил иймонлилардан деб ҳисоблаган ҳар бир киши меҳмонини икром қилмоғи лозим. Акс ҳолда иймони ҳали комил бўлмаган ҳисобланади. Ҳадис замирида шундай маънолар ҳам ётадики, меҳмонни икром қилиш иймоний хислатлар сирасидан экан. Демак, меҳмонни икром қилганлиги учун киши дунёю охиратда ажру савобларга эга бўлади. Меҳмонни иззат қилиш яхши ишлар, маъруф ишлар қаторига киради. Набиййи Муҳтарам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз ҳадисларида وكل معروف صدقة   яъни “ҳар бир маъруф иш садақа (яъни савоб)дир”, дея марҳамат қилганлар. Демак, меҳмон кутган инсон бу иш учун ажру савобларга эга бўлар экан. Шу боис, ҳам халқимизда қадимдан: “Меҳмон атойи Худо” деган нақл мавжуд. 

Меҳмонни икром қилиш боби жуда кенг бўлиб, у кўплаб ишларни ўз ичига олади. Жумладан, меҳмон ташриф буюрганда, уй соҳиби қандай аҳволда бўлишидан қатъи назар, меҳмонни очиқ чеҳра ва шодлик билан кутиб олмоғи керак. Бу вақтда уй эгаси қандайдир бошқа ишларни режалаштириб турган бўлса ҳам уларни кечиктириб, меҳмонга ҳурмат кўрсатиш билан овора бўлиши мақсадга мувофиқ ишдир.

Шунингдек, меҳмонларнинг  ҳолатларига қараб ҳам икром қилиш ҳар хил бўлиши мумкин. Зеро, Ойиша онамиздан ривоят қилинган бир ҳадисда: “أنزلوا الناس منازلهم” (анзилун-нааса манаазилаҳум) “одамларни ўз ўринларига туширинг, яъни кишиларни мақом-мартабаларига монанд муомала қилинг”, дея марҳамат қилинган. Бу сўзни асло одамларни бой-камбағалга ажратиш маъносида тушунмаслик лозим. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурига бирон қабиланинг оқсоқоли келса, уни ўзига ярашадиган иззат икром билан кутиб олардилар. Бошқа юртлар катталарига мактуб ёзмоқчи бўлганларида, ўша вақтда ташқи оламда урф бўлганлиги учун мактубга алоҳида муҳр босган ҳолда юборишни маъқул кўрганлар.

Хуллас, меҳмонни икром қилишда ҳам кишиларнинг мавқеъларига ва урф-одатга қараб иш тутиш айни муддаодир. Баъзан уйингизга қавмнинг обрўли кишиларидан, олиму фозиллардан бўлган меҳмонлар ташриф буюриши мумкин. Шундай одамларни ўзига муносиб тарзда кутиб олинади. Бордию, хонадонингизга ота-онангиз ташриф буюришса, уларни ҳам алоҳида эҳтимом билан кутиб олмоқ лозим. Хуллас, ҳар доим ҳам келавермайдиган ноёб меҳмонларни, кунда шунда бўлган жиян ёки укаларингизга кўрсатган икромингиздан ўзгачароқ бир иззат билан кутиб олиш керак бўлади.

Абу Шурайҳ ал-Хузоъий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар:

من كان يؤمن بالله واليوم الآخر فليكرم ضيفه جائزته, قالوا وما جائزته يا رسول الله ؟ قال: يومه وليلته والضيافة ثلاثة أيام فما كان وراء ذلك فهو صدقة                    

Маъноси: “Аллоҳга ва Охират Кунига иймони бор одам меҳмонига унинг мукофотини иззат-икром билан тақдим қилсин”. - Унинг мукофоти нима, Ё Расулаллоҳ, дейишди. Меҳмонннинг мукофоти бир кеча ва кундузидир, дедилар Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)- “зиёфат эса уч кун бўлади, ундан ортиғи мезбон томонидан садақадир”. (муттафақун алайҳи)

Бу шарафли ҳадисдан тушунмизки, меҳмонни бир кеча-кундуз давомида аъло даражада иззат қилинади. Бу унинг мукофот ҳаққидир. Қолган икки кунида ҳам меҳмонни икром қилиш мезбон зиммасида вожиб. Ундан кейин ҳам икромда давом этса, бу мустаҳаб амал бўлиб, бунинг учун қўшимча ажр олади.

Меҳмондустлик ажойиб ҳислат бўлиб, одамлар ўртасидаги дўстлик, биродарлик ришталарини мустаҳкамлашга ҳизмат қилади.

Ўзбек халқи «Меҳмонхонанг тор бўлса ҳам меҳру дилинг кенг бўлсин», дейишади.

Меҳмон эҳтиёж юзасидан келган бўлса, уни ортиқча саволлар билан қийнамай, буни айтишига имкон бериш керак. Гапларини диққат билан тинглагач, уни хижолатга қўймай, сўраганини беришга ёки илтимосини бажаришга ҳаракат қилинг. Баъзида келган меҳмон юзини сидириб, ўз муддаосини айтишга журъат қилолмаслиги мумкин. Шундай ҳолатда сезгирлик ва фаросатни ишга солиб, унинг дилидагини топа билиш фозил одамларнинг хислати.  

Қадимги арабларда олийжанобликнинг шундай бир кўриниши бор экан: Муҳтожроқ киши бадавлат одамларни зиёрат қилганда, ҳалиги бадавлат киши, ҳол-аҳвол сўрагандан сўнг, хизмат(?), дея келиш сабабини сўрарди. Шунда зиёратга келган муҳтож киши: “Сизга салом бергани ва карамли юзингизни зиёрат қилгани келдим”, дер эди. Шунинг ўзида бадавлат мезбон ташриф буюрган киши ёрдамга муҳтожлиги англар ва у ҳеч нарса сўрамаса, ҳам унга эҳсон ва мурувват қиларди.  

- Меҳмон келганда пайсалга солмай дастурхон тузанг ва уйдаги энг яхши неъматларни дастурхонга тортинг.

Бироз чой ичиб, тамадди қилгандан сўнг, ундан нима ейишини, кўнгли нима тусаётганини сўраш яхши иш. Агар унинг истак ва хоҳишига қараб нарса тайёрланса, хурсандчилиги зиёда бўлади. Бироқ меҳмондан: «Бирор нарса ейсизми, бирор нарса олиб чиқайми?» деб сўраш ёмон одатдир. Шунинг учун сўрамасдан уйда борини олиб чиқиб, меҳмон олдига қўйиш керак.

Мезбон лаззатли ва латиф таомни меҳмонига илинади, ўзи бундайроғини ейди. Агар таом оз бўлса ёки меҳмоннинг очлиги сезилса, ўзи камроқ еб, меҳмонга кўпроқ қолдиради. Уйда нима яхши таом, мева-чева ва бошқа неъматлар бўлса, аввало меҳмонга тортилади.

- Меҳмонни овқатланиш учун ортиқча мажбурламанг. Баъзилар меҳмонни шу қадар тўхтовсиз равишда таомга зўрлашадики, ҳатто урушишгача боришади. Ҳамма нарса меъёрида бўлсин. Егулик кетидан егулик кираверса, меҳмон ҳар кирган идишни пок-покиза бўшатадиган даражада ея олмаслиги мумкин. Агар бу ишга зўрланса, унинг саломатлигига путур етади. Иззат-икром зулмга айланиб қолмасин.

- Ширин суҳбат қуриб, оила аъзолари билан яқиндан таништиринг.

Меҳмоннинг ўзи дастурхонни йиғиш таклифини бермагунча дастурхон йиғманг.

Меҳмонга чақирганда шахсан учрашиб, ёки телефон орқали айтилади. Ҳеч бўлмаса, телефон орқали айтиш имконияти бўла туриб, меҳмонни кимдир орқали чорлаш чиройли муомала тарзидан эмас. Бу – таклиф этилган инсонга нисбатан ҳурматсизликдир. Шунингдек, бирон кишини меҳмонга чақирмоқчи бўлсангиз, унинг вақтини суриштириб, зиёфатни унга маъқул келган вақтга тўғриланг.

Меҳмон кутишга тайёргарлик кўраётганда, хоналарнинг озодалигига алоҳида эътибор беринг. Жумладан, ваннахонага тоза сочиқ, янги совун, атир  ва ҳоказолардан қўйинг. Бошқа майда-чуйдаларгача қараб чиқинг. Меҳмоннинг кўзи дорда осилган ич кийим, чақалоқларнинг иштонлари ва ҳоказоларга тушиб қолмайдиган бўлсин.

- Мехмонлар белгиланган вақтдан эрта келиб қолиши мумкинлигини инобатга олиб, ярим соатлар олдин чиройли кийиниб, уларни кутишга тайёр бўлиб туринг.

- Меҳмонлар олдида аёлингиз ёки болаларингизга бақириб, уларни урушиб, асабийлашманг. Бу меҳмонни қувиш билан баробар.

Таом тановул қилинаётганда меҳмоннинг ейиш суръатига қараб, секин-секин тановул қилинг. Ундан аввал тугатиб қўйманг. Шунингдек, меҳмонга таомни келтиргач, у билан бирга тановул қилинг. Бир меҳмон: «Меҳмон учун мезбоннинг тўқлигидан кўра зарарлироқ нарса йўқ», дея ҳазиллашган экан. Чунки меҳмоннинг олдига овқат олиб келинса-ю, мезбон овқат еб, тўйиб олган бўлса, меҳмон билан бирга ейишолмайди, натижада меҳмон уялиб, бемалол овқатлана олмаслиги мумкин.

Меҳмон асосий таомни тановул қилиб, бироз ҳордиқ чиқариб, нафасини ростлаб олгач, фарзандларингизни ими-жимида чақириб, уларни меҳмонга таништиринг. Фарзандларингизни чиройли кийинтиришни унутманг.

Агар янги уйга кўчган бўлсангиз, ёки анчадан бери шундай янги қурилган кўркам хонадонда истиқомат қилаётган бўлсангиз ва уйингизга биринчи марта кимдир меҳмон бўлиб келган бўлса, вақт топиб унга хоналарни кўрсатиб сайр қилдиринг. Эҳтимол, меҳмонингиз уйингизни томоша қилгиси келар, лекин буни очиқ айтишга ийманиши мумкин. Албатта, ётоқхона ва аёллар ўтирган хоналар кўрсатилмайди.

Агар бир жамоани меҳмонга чақирсангиз, улар озчилик бўлса бирга ўтирсангиз зарар қилмайди. Чунки уларга дастурхон устида хизмат қилиб туриш керак бўлади. Бордию улар кўпчилик бўлса, ташқарида хизмат қилиб турган маъқул.

Зиёфат сўнгида меҳмонни эшикдан ташқарига кузатиб чиқиш, унинг ташрифидан бениҳоя хурсанд бўлганлигини изҳор қилиш ва яна ташриф буюришини сўраб қолиш ҳам меҳмоннавозлик қонун қоидалари сирасига киради. Шунингдек, меҳмонни бирон танишининг машинасида манзилига элтиб қўйиш ёки ҳеч бўлмаганда кўчадаги машинага ўтқазиб юбориш ҳам жуда яхши иш.

Хонамиз дўстлар оёғидин топар нури зиё,
Уй – фонус, меҳмон шамъу мен эсам парвонамен.
Меҳмон ҳар қанча турса, хизматин айлай бажо,
Кетса меҳмон мен мисоли мажнуни девонамен.


Аввалдан белгилаб чақириладиган меҳмондорчилик ҳам ҳар хил бўлади. Меҳмонга чақириш мусуломонлар ўртасида меҳр-оқибатни шакллантирадиган, қалбларни бир-бирига яқин қиладиган фазилатли амаллардандир. Гоҳида мезбон сизнинг ёлғиз ўзингизни ёки оилавий равишда меҳмонга чақириши мумкин. Бу сиз билан оилангизга кўрстатилган юксак эҳтиром. Шундай ҳолатларда агар чўнтагингиз кўтарса, меҳмонга чақираётган хонадон эгасига қандайдир совға, ширинлик ва ҳоказо харид қилсангиз нур устига нур бўлади. Бу унинг эҳтиромига кичик бир рамзий жавоб бўлиб хизмат қилади.

Меҳмонга боришнинг, меҳмон бўлишнинг ҳам ўзига яраша одоб ва маданиятлари мавжуд. Аввало бирон узрли сабаб бўлмаса ёки шаръий монеълик бўлмаса, чақирилган жойга албатта бориш даркор. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўплаб ҳадисларида меҳмонга чақирганда бориш мусулмонларнинг бир-бирлари устидаги ҳақларидан эканини уқтириб: “وإذا دعاك فأجبه” (Ва изаа даъаака фа-ажибҳу) яъни “Биродаринг сени меҳмонга чорласа, бас, унга ижобат эт”, деб буюрганлар.Чақирилган жойга бормасангиз, дўстингизни ранжитган бўласиз, жамият муносабатларига раҳна соласиз. 

Меҳмон мезбон кўрсатган ўринга ўтиради. Бордию меҳмон ўзбошимчалик билан жой танласа, эҳтимол мезбоннинг аҳли аёли кўринадиган жойга ўтириб қолиши мумкин. Бу эса мезбонга азият етказади. Агар зиёфатда ёши улуғ одамлар ҳам ўтиришган бўлса, улардан аввал таомга қўл узатмаслик лозим. Ёши улуғларни ҳурмат қилиш динимиз талабидир. Меҳмоннинг овқат келадиган томонга ҳадеб ўгирилавериши ҳам яхши эмас.

Меҳмонга борган киши ўз одобини сақлаган ҳолда ўтириши лозим. Мезбон чой, овқат ва ҳоказо келтиргани чиқиб кетиши билан ҳали уни, ҳали буни ушлаб томоша қилиш, дарров телевизорни ёқиб, у каналдан бу каналга олиш ёки мезбоннинг уй телефонидан ёхуд стол устидаги қўл телефонидан берухсат фойдаланиш меҳмон бўлиш одобига зиддир. Лекин, китоб ва ҳоказоларни кўриш бундан мустасно. Қисқаси, ҳали ўртада унс ва илиқлик пайдо бўлиб улгурмасдан бурун меҳмон ўзини ўз уйидагидек ҳис қилиб юбормаслиги керак.

Лекин ўта тортинчоқлик, ўта сертакаллуфлик, ўта камгаплик ҳам ярашмайди. Аввало инсон қайси жойда ўзини қандай тутишни ҳам уддалай билиши керак. Фақат ёлғиз бир киши ёки камчилик чақирилган зиёфат бўлса, демак бу мезбоннинг чақирилган кишиларга алоҳида ҳурмат ва эҳтироми борлигидан далолат қилади. Бунда ҳадеб тортинавермасдан, мезбон билан яқиндан суҳбатлашиш мақсадга мувофиқ.

Меҳмонлар олдига тортиладиган нарсалардан зиёфат давомида баҳраманд бўлиш жоиз. Дастурхон устидаги нарсаларни мезбон рухсатисиз уйга олиб кетиш мумкин эмас. Чунки, дастурхонга қўйилган нарсаларнинг барчаси ҳам меҳмоннинг мулки ҳисобланмайди. Ейилгандан ортгани уй эгасининг мулкида қолаверади.

Меҳмондорчиликка бой ёки камбағал эканига қарамасдан бориш керак. Агар нафл рўза тутган киши меҳмондорчиликка чақирилса, рўзасини маълум қилади, агар мезбон  “бормасанг бўлмайди” деб туриб олса, боради. Зиёфатга борганида овқатланмай ўтириши мезбон ва бошқаларга малол келмаса, овқат емагани маъқул, агар малол кўрса, нафл рўзасини очиб, бошқа куни қазосини тутиб беради.

Агар бир киши меҳмонга чақирилган бўлса, у зиёфат эгасининг изнисиз бошқа бир одамни бошлаб бориши нотўғри иш ҳисобланади. Чунки, зиёфат маълум сонли кишилар учун мўлжаллаб тайёрланган бўлиши мумкин. Мезбон мўлжаллаган сондан ортиқча одам борса, мезбон ноқулай аҳвода қолиши мумкин. Бордию, шундай бўлиб қолса, яъни чақирилмаган одам бошлаб борилса, бу ҳақда мезбондан аввалдан рухсат олиш ёки уйига борганда ҳолатни тушунтириб, изн сўраш лозим бўлади. Бордию, мезбон нариги одамни меҳмон қилишга рози бўлмаса, бундан хафа бўлинмайди.

Саҳобаи киромлардан бири Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга бир неча кишини меҳмонга чақиради. Улар зиёфат соҳибининг уйига йўл олишар экан, бошқа бир чақирилмаган инсон ҳам уларнинг ортидан эргашиб боради. Мезбон уйига етиб боришганда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мана бу киши чақирилмаган эди, лекин ортимиздан эргашиб келди агар рухсат берсанг киради, бўлмаса ортига қайтиб кетади”, дедилар. Шунда хонадон соҳиби: Албатта рухсат бераман. У ҳам уйга кирсин, дея ҳалиги кишини ҳам меҳмон қилади. Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, чақирилмаган меҳмон мезбон изни билан зиёфатга қўшилар экан. Чақирилмаган меҳмон деганда кутилмаган меҳмонни тушунмаслик керак. Чақирилмаган меҳмон деганда, бирор жойда хос зиёфат бўлаётганини билиб, чақиримаса ҳам борган ёки бошлаб борилган кишига айтилади. Меҳмоннинг ҳурмати учун чақирилмаган меҳмонни ҳам икром қилиш мақсадга мувофиқдир.

Бирор кишининг хонадонида меҳмон бўлаётган киши мезбонни қийин аҳволга солиб қўядиган даражада кўп муддат қолиб кетмаслиги керак. Меҳмоннинг иззати уч кун. Бундан оширмасликка ҳаракат қилиш керак.

Имом Муслим ривоят қилган бир ҳадисда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай марҳамат қилганлар:

لا يحل لمسلم أن يقيم عند أخيه حتى يؤثمه قالوا يا رسول الله وكيف يؤثمه قال: يقيم عنده ولا شيء له يقريه به

Маъноси: “Мусулмон киши ўз биродарининг хонадонида уни гуноҳга қўядиган даражада узоқ муддат меҳмон бўлиб турмасин. Саҳобалар: Ё Расулаллоҳ, қандай қилиб, уни гуноҳга қўяди, деб сўрашди. Шунда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу сўзни изоҳлаб: “биродарининг ҳузурида уни меҳмон қилишга ҳеч нарсаси қолмагунча туради, (ана шунда уни гуноҳга қўйган бўлади)”, дедилар.

Маҳмуд Қошғарий айтади: “Бефаҳм меҳмон уй эгасини хижолатга қўяди”.

Бир улуғ кишини меҳмонга чақиришганида: “Таклифингни уч шарт билангина қабул қиламан. Биринчиси – бозордан атайлаб нарса сотиб олмайсан. Иккинчиси – уйингда борини яширмай олдимга қўясан. Учинчиси – аёл ва болаларингнинг ҳақини менга едирмайсан”, деган экан.

Меҳмонга борган одам мезбон томонидан тортиқ қилинган таомларни танқид қилмасдан, халқ тили билан айтганда палтақам ўқимасдан тановул қилиши лозим. Гарчи, таом унинг нозик таъбига мос равишда, аъло даражада пиширилмаган бўлса ҳам мезбоннинг кўнглига ҳар хил фикр келиб қолмаслиги учун буни билдирмасликка ҳаракат қилади.

Меҳмон мезбонни турли юмуш ва илтимослар билан қийнаб қўймаслиги лозим.

Меҳмон зиёфат сўнгида хонадон соҳибининг ҳаққига хайрли дуолар қилади. (Меҳмондорчилик учун миннатдорлик изҳор қилади ва “Ассалому алайкум”, дея хайрлашади).  Бу борада бизларга Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) энг гўзал намунадирлар. Ул зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзларини таомлантириб, зиёфат берганларни чиройли дуолар билан мукофотлар эдилар. Жумладан шундай дуоларни ўқирдилар:

أللهم أطعم من أطعمني واسق من سقاني (Аллоҳумма атъим ман атъаманий, васқи ман сақоний )Маъноси: “Эй Аллоҳ, мени таомлантирган кишиларни Сен ҳам таомлантиргин, мени сув билан суғорган кишиларни сен ҳам сероб қилгин!”.

Ушбу ҳадис катта маъноларни ўз ичига олади Аллоҳнинг таомлантириши ва суғориши бу дунёда бўлиши ҳам мумкин ва охиратда жаннатда бўлиши ҳам мумкин.

Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда шундай хабар берилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Саъд ибн Убоданикига меҳмон бўлиб келдилар. У нон ва ёғ келтирди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) улардан тановул қилдилар ва:

“أفطر عندكم الصائمون وأكل طعامكم الأبرار وصلت عليكم الملائكة”

(Афтара индакуму-с-соимувн ва акала тоаъмакумул-аброр ва соллат алайкумул-малоика) дея дуо қилдилар. Бу дуонинг мазмуни шундай: “Хонадонингизда рўзадорлар оғиз очсин, таомингизни яхшилар есин ва сизларга фаришталар саловот айтиб, ҳақингизга дуо ва истиғфор айтсин!”. (Абу Довуд ва бошқалар ривояти)

Жобир (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Бир куни АбулҲайсам ибн Тийҳон исмли киши Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва у кишининг асҳоблари учун зиёфат уюштирди. Таомланиб бўлишгач, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) асҳобларига қараб: “أثيبوا أخاكم” (Асийбуу ахокум) яъни “биродарингизни тақдирланг, (ажрини беринг)”, дедилар. Саҳобалар: Ё Расулаллоҳ, унинг ажри қандай бўлади, деб сўрашди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дедилар: “Киши биродарининг уйига кириб, унинг таомидан еса, сувидан ичса, сўнгра унинг ҳаққига дуо қилса, ана шу унинг мукофоти ва ажри бўлади”.

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзларини меҳмон қилган кишининг ҳаққига мана бундай дуо ҳам қилардилар:

اللهم بارك لهم فيما رزقتهم واغفر لهم وارحمهم 

Маъноси: “Эй Аллоҳ, бу хонадон аҳлининг ризқига барака бер, уларнинг гуноҳларини мағфират қил ва уларга раҳм айла!” (Муслим ривояти)

Меҳмоннинг икроми борасида бир ибратли ҳикоят:

Ҳикоя қилишларича, бир пайтлар уч юз асирни амир Мўъмин ибн Зоиднинг олдига келтиришди. Амир асирларнинг барини ўлимга ҳукм қилди. Шу пайт асирлар орасидан бир йигит отилиб чиқди-да, амирга: “Эй амирим, сизни Худога топширдик, айтинг, ўлимимиз олдидан сув беришсин, деди. Амир асирларга сув беришни мулозимларига амр қилди. Шунда ўша йигит яна ўрнидан туриб, амирга қуллуқ қилди ва: “Эй улуғ амир, бугун энди сизнинг меҳмонингиз бўлдик, меҳмонга  мурувват ва иззат-икром кўрсатиш эса мезбоннинг бурчи. Сиз бурчингизга содиқ бўлинг”, деди. “рост сўзладинг, йигит”, деди амир ва барча асирларни озод қилиб юборди.

Тошкент шаҳари "Шайх Зайниддин" жомеъ масжиди имоми хотиби Одилхон Исмоилов

 

 

 

Кўча тасодифларга тўла... ми?

 

 

 

Бир куни эрта тонгда бир юмуш билан кўчага чиқдим. Бекатда машина кутиб турсам, «Жигули»сини миниб, маҳалладошим келиб қолди. Мени ва бекатда турган яна бир кишини машинасига таклиф қилди. Миннатдор бўлиб чиқиб олдик. Бир чақиримча юрилгач, асосий кўча билан кесишувчи чорраҳага яқинлашдик. Нариги  йўлдан унча катта бўлмаган тезликда «Нексия» машинаси келар эди. Қоидага кўра маҳалладошим йўл бериб, уни ўтказиб юбориши керак. Лекин бундай бўлмади. Бизнинг «ҳай-ҳай»лашимизга қарамай, у катта тезликда чорраҳадан ўтиб кетмоқчи бўлди ва тўғри бориб «Нексия»нинг ён томонига қарсиллатиб солди.
Ҳаммаси кўз-очиб юмгунчалик фурсатда содир бўлган эди. Иккови ҳайдовчи машинадан тушиб, фалокат кўламини чамалашди, ҳақиқат талашиб, бироз ғижиллашишди. Суҳбат асносида шу нарса ойдинлашдики, иккала ҳайдовчи ҳам норози кайфиятда рулга ўтиришган. Маҳалладошимнинг кекса отаси қариндошникидаги тўйга олиб боришини илтимос қилган. Кеча ишдан кеч қайтган ва уйқуга унча тўймаган ўғилга бу илтимос малол келган. «Нексия» эса раҳбарий ташкилотлардан бирига қарашли хизмат машинаси бўлиб, бошлиқ пойтахтдан келган меҳмонни мусофирхонага жойлагач, ҳайдовчига унинг нонуштасига иссиқ патир ва қаймоқ олиб келишни буюрган. Ороми бузилган ҳайдовчи «каллаи саҳарлаб иссиқ нону қаймоққа бало борми», деб тўнғиллаганича рулга ўтирган. «Тасодиф»ни қарангки, бирорта зоғ ҳам бўлмаган кимсасиз йўлда икки норози ҳайдовчи тўқнашиб туришибди-да! Маҳалладошим умуман «Нексия»ни кўрмаганига қасам ичар, нариги ҳайдовчи эса «Мен «Жигули»ни кўргандим, чорраҳада тўхтаса керак» деган хаёлда ҳатто секинламабман ҳам» ўзини оқлар эди…
Ўша кунги бу кўнгилсиз воқеадан бир неча хулоса чиқариш мумкин. Илк хулоса шу бўладики, инсон эртанги куни уёқда турсин, бир соатдан сўнг, бир дақиқадан кейин, ҳатто бир сониядан сўнг бошига нима келишини билмайди. Агар билганида бирорта машина тугул, ҳатто йўловчи бўлмаган кимсасиз кенг кўчада икки машина асло тўқнашмаган бўлур эди.
Иккинчидан, ҳар икки ҳайдовчи ҳам норози кайфиятда, ғазабини жиловлай олмаган ҳолда бўлган ва уларнинг бу «исёни» албатта жазосиз қолмаган. Учинчидан, русларнинг «кўча тасодифларга тўла» деган ҳикматига қарши ўлароқ, ҳамма «тасодиф»нинг ортида биз англамайдиган ва кўра билмайдиган ҳикмат, илоҳий ирода яширинган бўлади. Бу ҳолатни тушунмаган, тан олмаган одам ҳаётда қийналаверади, «омади чопавермайди», иши чаппасига кетаверади.
Айрим кишилар бошларига иш тушса ҳамма нарсадан нажот ахтаришадию, аммо ташвиш-балони юборган ва унинг ечимини ҳам берадиган Зотдан ёрдам кутишмайди. «Оила» илмий-амалий Маркази мацлумотларига кўра, 2005 йил шаҳар ва қишлоқ аҳолиси ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, «Ҳаётингизда чигал муаммоларга дуч келиб қолсангиз, кимга мурожаат қиласиз?» деб савол берилганида: шаҳар аҳолисининг 36,4 фоизи, қишлоқ аҳолисининг 33,2 фоизи ота-онасига, тегишли тарзда 14,3–26,7 фоизи турмуш ўртоғига, 11,5–9,2 фоизи адвокатга, 12,3–19,1 фоизи маҳаллага, 7,3–4,6 фоизи ҳокимият органларига, 5,7–3,0 фоизи дўстларига мурожаат қилишини, қолганлари эса ҳеч кимдан ёрдам кутмаслигини билдирган. Демак, бундан айрим инсонлар барча сабабларни келтириб чиқарувчи буюк Зотдан мадад кутишни ва сўрашни унутиб қўйишмаганмикин, деган хулоса келиб чиқади.
Юқоридаги рақамлардан кўриниб турибдики, кўпчилик дунёдаги ҳар бир иш, махлуқотларнинг ҳар бир ҳаракати, содир бўладиган барча воқеа-ҳодисалар тақдири азал ҳукмига биноан содир бўлишини, борлиқдаги ҳамма нарсани қудратли Тангри бошқариб туришини унча англаб етмайди. Агар инсонлар бунга жиндай тафаккур кўзи, ибрат назари билан қарашганида барча воқеа-ҳодисалар аллақандай «тасодиф» маҳсули эмас, ғоят дақиқ ўлчов-мезонларга бўйсунган илоҳий амр туфайли рўй беришини тушунган бўлишар эди.
Содир бўлиши тақдирингизга ёзиб қўйилган ҳодисани, бошингизга келадиган балони, амалга ошиши шарт бўлган ишни  Эгасидан ўзга ҳеч ким тўхтатиб қололмайди.  Инсон қанчалик қудратли ёки бадавлат бўлмасин, мушкулотининг чорасини тополмайди.
Гоҳида бирор ишни бошламоқчи бўлсангиз, бирор жойга отланаётганингизда ёхуд кимдир бир сабаб билан ҳузурига чорласа, ҳеч юрагингиз чопмайди. Худди қандайдир кўринмас бир куч сизни бу ниятдан қайтармоқчи бўлаётганга ўхшайверади. Шу ишни амалга оширмаслик учун баҳоналар топа бошлайсиз. «Сира оёғим тортмаяпти-да» деб зорланасиз. Ҳеч нарсага парво қилмай ўша ишга киришсангиз, худди атайи қилингандай у албатта рўёбга чиқмайди. Бу ҳам майли-куя, оқибати сиз учун кўнгилсиз тугаши ҳам мумкин. Сафарга чиқсангиз, нимадир сабаб билан ярим йўлингиздан қайтасиз ёки бирор кўнгилсиз воқеага дучор бўласиз. Сиз истамаган киши билан учрашув ҳам сизга бирор яхшилик ёки тасалли келтирмайди.
Бундай ҳолатларда нима қилиш лозим? Шу ишга оёғингиз тортмадими, кўнглингиз чопмадими, иложи бўлса ундан қайтинг. Агар бу қийин бўлса, сал кейинроққа суринг. Чунки сизни тутиб қолаётган нарса эҳтимол Аллоҳнинг кўринмас фаришталари  «қулоғингизга шивирлаб», сиз учун хайрли бўлмаган ишдан сизни қайтармоқчи бўлаётганидир? Ёки Унинг ўзи сизни катта бир фалокатдан, нохуш оқибатдан асраб қолиш учун қалбингизга илоҳий туйғу солгандир?
Ҳар ҳолда дунёда ҳеч бир нарса бесабаб, беамр бўлмагани учун ички туйғуларнинг айтганига қулоқ солиб туриш  керак бўлади. Ҳаётда ана шундай пайтларда бепарволик ёки ҳафсаласизлик орқасидан «бор-э, нима бўлса бўлар» қабилида иш тутиб қўйиб, кейин пушаймонлик заҳрини ичиб, надомат тиғига учраб юрганларни кўп кўрдик.
Аммо бу ишда ғулуга кетиш, ҳаддан ошириб юбориш ва шумланишлар ёмон оқибатлар, афсус-надоматлар, кўнгилсиз натижаларга олиб бориши мумкин. Ҳамма ишдан, ҳар бир ҳолатдан ҳадиксирайверсангиз, ҳеч бир ишга юрагингиз чопмаса, катта ва хайрли ишларни бой берган, умрингизни бесамар ўтказиб юборган бўласиз. Бацзилар ана шундай шумланишлар туфайли ҳуркак, лоқайд, тортинчоқ ва фаолликдан қочадиган одамларга айланиб қолишади.
Мулоҳаза учун эцтиборингизни яна бир фикрга қаратмоқчимиз: яхши биласизки, инсонлар касал бўлишдан ниҳоятда қўрқишади. Касал бўлмаслик учун турли парҳезлар, дармондорилар ахтаришади, бадантарбия, спорт, қуёш ва сув муолажалари каби тадбирларни ўйлаб топишади. Лекин барибир бир куни хасталикка чалинишади. Кўрган барча чоралари йўққа  чиқиб қолаверади. Қаҳва зарар қилдимикин, гўштни кўп еганимиз сабаб бўлдимикин, ҳаводаги микроб туфайлимикин, экологиянинг бузилгани касаллик чиқардимикин, елвизакда турганимиз оқибатимикин, дегандай ўнлаб баҳона-сабабларни топишгани ҳам фойда бермайди.
Улар оддий бир ҳақиқатни тушунишмайди, тушунишса ҳам тан олишмайди. Касал бўлиш инсоннинг тақдирига ёзилганми, у хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам барибир хасталикка чалинади. Бежизга халқимиз «Дардни бергувчи ҳам, олгувчи ҳам Худонинг ўзи» деган ҳикматни айтмаган.
Дарҳақиқат, дунёдаги ҳамма нарса Унинг хоҳиш-иродаси, ихтиёри билан содир бўлади, бир инсонга касаллик бериш ҳам, беморни тузатиш ҳам Ўзининг ихтиёрида. Микроб ва вируслар Яратганнинг кўзга кўринмас «аскарлари», Унинг иродасини амалга оширувчи хизматкорларидир. Энг митти ҳашарот ҳисобланган чивиннинг безгак касали тарқатиб, бутун бир армияни ҳалок қилгани ва тарих ғилдирагини бутунлай бошқа томонга буриб юборганини китобларда ўқиганмиз.
Ёки «парранда тумови», «қорамол ўлати» каби балолар негадир шунча авайланса ҳам Ғарб ўлкаларига кириб борадию улар хароб ва ифлос санаган Африқода деярли йўқ. Негадир «па-па»лаб, тоза уйларда, тоза кийимларда, тоза овқатлар билан парваришланган боланинг боши касалдан чиқмайдию, чанг-тупроқ кўчаларда ярим яланғоч ўйнаётган бола қўлидаги нонни лойқа сувга оқизоқ қилиб еса-да дард ҳам урмайди. 
Чин инсоний ахлоқдан, яхши фазилатлардан чекинилган, диёнат ва инсоф унутилган жойларда ҳам хотиржам ҳаёт фақат орзу бўлиб қолиши аниқ. Дунё ҳаётида вақти-вақти билан содир бўлиб турадиган турли бало-офатлар, фалокатлар ҳам айримлар ўйлаганидай, «табиат катаклизми», иқлимнинг ўзгариши, «парник эффекти» маҳсули эмас, балки инсонларни ҳушёр торттириш учун юборилган огоҳлантириш ишорасидир.
Бунга ҳаётда мисоллар тўлиб-тошиб ётибди. Туркиядаги  шаҳарлардан бирида тўрт қаватли муҳташам тунги клуб бор эди. Унинг томидаги неон чироқларидан ясалган улкан реклама «Сизни ўзга оламларга олиб кетамиз», дея ишратга чорларди. 2001 йили бўлган зилзилада ана шу бинони чин мацнода ер ютди. Ёнидаги масжид ва мактабга, бошқа биноларга ҳеч қандай зарар етмагани ҳолда у томигача ерга кириб кетди. Унинг жимжимадор реклама лавҳаси ер билан баробар бўлиб қолган эди…
Сайёҳлар кўп келадиган хориждаги бир шаҳарда уларга атаб фоҳишахона очишди. Шаҳар фозиллари ҳоким (мэр) ҳузурига кириб, бу ишнинг қабоҳат экани,  бу ахлоқсизлик туфайли Худонинг ғазабига дучор бўлиниши ҳақида огоҳлантиришди. Ҳоким уларни қолоқликда, ҳаётдан орқада қолганликда, сайёҳлик шаҳар хазинасига катта маблағ келтираётганини тушунмасликда айблаб, хонадан чиқариб юборди. Бир ҳафтадан сўнг содир бўлган кучли зилзила шаҳарни ер билан яксон қилди, анча одам ҳалок бўлди. «Тушунган» ҳоким афсусда қолгандир, деб ўйламанг. У зилзила бўлган куниёқ бола-чақасини олиб Оврўпага жуфтакни ростлаган эди.
Жанубий-шарқий Осиёнинг сайёҳлар учун ишлайдиган,  хорижликларнинг ҳар қандай беҳаёликларига йўл очиб қўйилган минтақаларида 2005 йили содир бўлган, юз минглаб кишининг ҳаётини олиб кетган кучли тўфон, зилзила ҳам ана шундай  огоҳлантиришдан бошқа нарса эмас. Буни бақувват, муҳташам мусофирхоналар, тунги ишратхоналар, дўкон ва томошахоналар ер билан яксон бўлгани ҳолда масжид-ибодатхоналар ҳеч нарса бўлмагандай бус-бутун қолгани ҳақидаги шоҳидлар гувоҳлиги исботлаб турибди.
Масалан, Индонезияда 106 мингга яқин кишининг ҳаётига зомин бўлган тўфон чоғида деярли барча масжид омон қолган. Мутахассислар уларнинг вайрон бўлмаганига мустаҳкам қурилганини сабаб қилишган бўлса-да, масжидлар ёнидаги пишиқ-пухта қурилган кўп қаватли уйларни тўлқин ер билан яксон қилиб кетган. Худди шу ҳолат бошқа жойлардаги офатлар пайтида ҳам кузатилган эди. Чунки «Бу бало ва офатлар одамлар қилаётган гуноҳ-мацсиятларидан қайтишлари учун, улар қилган айрим гуноҳларининг жазосини торттириб қўйиш учундир». 
Улуғ донишмандлар башорат қилганидай, ўтган йигирманчи аср ҳам, янги бошлангани ҳам инсониятга тинчлик, хотиржамлик, осойишта турмуш олиб келолмади. Ўзларини умумбашарий маданиятнинг, фаровон ҳаётнинг, чинакам инсонпарварлик жамиятининг тимсоли санайдиган Ғарбда турмуш яхшилангани билан у ерлардаги разолат ва зулмлар, жиноят ва гуноҳлар туфайли одамлар хотиржам, хавф-хатарсиз, эртанги кунидан кўнгли тўқ ҳолатда турмуш кечира олмаяпти. Бунинг устига қилмишлари эвазига Худонинг шунақанги балоларига гирифтор бўлишяптики, тинч, осойишта кунлар тобора танқислашиб кетмоқда.

Аҳмад Муҳаммад