1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

Дўст...

Севимли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг ушбу сатрларида ёзилганидек, бу ўткинчи дунёда кулбаи вайронангда кошона килиш олиш ҳам бир бахт. Бахтли бўлишга эса ҳар бир инсон ҳақли. Шу боис, дўст танлай билиш ҳам умри азизни бахт билан безамоқнинг муҳим шартидир. Зеро, дўст деб билган инсонингдан кўрилган хиёнат ёхуд зулм сени дунёдан бездириб, инсонларга бўлган ишончингнинг сўнишига олиб келади. Шунинг учун ҳам инсон дўст танлашда доимо эҳтиёт бўлмоғи даркор.
Шарқда ўз донолиги билан ном қозонган Луқмони Ҳаким ўғлига дўст танлаш борасида бундай деган: “Бирор киши билан дўстлик риштасини боғламоқчи бўлсанг, аввал унинг жаҳлини чиқар. Агар ғазабланган пайтда сенга инсоф билан муносабатда бўлса, у билан дўст бўл. Йўқса, ундан узоқлаш”.
Бундан ташқари, инсон дўст танлаётганда унинг ўзи билан қанчалик ҳамфикрлигига ҳам эътибор қаратмоғи даркор. Зеро, Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларнинг ким билан юрганларига эътибор беринглар, улар ўзларига ўхшаганлар билан бирга бўладилар”, дея марҳамат қилганлар.

Агар дўстлар ҳамфикр бўлолмас эканлар, улар ўртасидаги ришта омонатдир. У тезда завол топади. Дўст эса алмаштирилиб турувчи матоҳ эмас. У ришта бир умрлик бўлгандагина қадрлидир. Сен шу вақт мобайнида унга чидаб эмас, у билан муаммоларингга ечим топиб, маслаҳатлашиб яшамоғинг керак. Дўстга чидаб яшаганда ҳамма нарса сохталашади: хафа бўлмасин деб гап-сўзингни майин қиласан, демак, тилинг сохталашди. Ундан узоқлашгинг келади, лекин ноиложликдан меҳр кўргазасан, демак, дилинг сохталашди.
Шу ўринда бир ривоятни келтириб ўтмоқчиман. Нақл қилишларича, бадавлат бир инсон ўғлига чиройли тарбия берибди. Ўғил вояга етгач, ёмон улфатлар билан дўстлашиб қолади. Бундан хабар топган бой фарзандини чақириб, насиҳат қилибди. Лекин ўғли хотиржамлик билан: “Хавотир олманг отажон, мен уларнинг таъсирига берилмайман. Менга берган тарбиянгиз дилимга маҳкам ўрнашган”, дейди.
Бой унинг гапини эшитиб, ўғлига аллақачон улфатларининг таъсири бўлганини сезади. Аммо энди ўғлини оддий гап билан улардан ажратиб бўлмасди. Шунда ота бир тадбир ўйлаб топади. Ўғлини олмаларни саватга солиш учун ёрдамга чақиради. Олмалар ичида биргина чириган олмани кўрган ўғил уни олиб ташламоқчи бўлиб, қўл чўзганида ота: қўяқол, бу зарарсиз, дейди. Орадан бир ҳафта ўтиб, бой яна ўғлини чақиради. Саватдаги олмаларнинг барчаси айниган ҳолатда эканини кўришади. Шунда ўғил отасига ҳайрон бўлиб қарабди. Отаси эса: “Эй фарзандим, сен барча дўстларингнинг таъсиридан қандай қутилмоқчисанки, бир дона олма идишдаги бутун олмаларни мана шундай ҳолга келтирган бўлса?!”,- дея танбеҳ берибди. Ўғил хатосини англаб, отасидан узр сўрабди.
Демак, дўст танлашда яна бир эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳат — хулқ атвор, яқин юрсанг қораси юқмайдиганини топа олишдир.

Нигора АБДУМУХТОР қизи

Вақт уволи умр заволи

Қуръони каримнинг «Набаъ» сурасида айтилганидек, Аллоҳ таоло кечани барча нарсани яширувчи либос, кундузни эса тирикчилик вақти қилди. Хуллас, табиатни инсон учун мослади, уни барча жонзотлар ичра азизу мукаррам айлади. Ана шу неъматларни ўз ўрнида ишлатиб, бунинг учун Аллоҳ таолога шукр қилишлари инсонларнинг бандалик бурчлари, ножоиз сарфлашлари эса ношукрлик, исрофдир.
Бу борада Қуръони каримда шундай баён қилинади:
“Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайру эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг. Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса Парвадигорига нисбатан ўта ношукрдир” (Исро, 26-27).
Инсоннинг бу дунёда яшашдан мақсади нима? Унинг бу дунёдаги хадафи, Аллоҳнинг амрига итоат этмоқ, унинг ҳузурига арзигулик сармоя билан бормоқ, бир сўз билан айтганда, Аллоҳ ризосига эришмоқдир. Аллоҳ ризосига эса Унинг неъматларига шукр келтириш – исроф қилмаслик билан эришилади.
Ҳозирги кунда исрофни жуда тор маънода тушуниб, уни фақат ноз-неъматларгагина қўллаймиз. Аслида эса исрофгарчиликнинг тури беҳисоб. Ақл-идрокни фойдасиз, ҳатто инсонлар учун офат келтирувчи нарсаларга сарфлаш билан юзага келувчи ақл-идрок исрофи, на дунёси ва на дини учун наф бермайдиган сўзларни сўзлаш орқали пайдо бўлувчи сўз исрофи, инсон онгига зарар етказувчи нарсаларга боққанда юзага келувчи кўз исрофи, ўтган бир кунини ортга қайтариб бўлмайдиган умрни бесамар ўтказишдан вужудга келувчи вақт исрофи бордир.
Қуръони каримда шундай дейилади: “Аллоҳ кечаю кундузни миқдорли қилди” (Музаммил, 20).
Аллоҳ бизга белгилаб берган ана шу вақт умр дея аталади. Инсоннинг бу дунёга келиб кетиши – саёҳати учун ажратилган вақт. Биз бу саёҳатни қанча қисмини ўтаб бўлдигу, қанчалик арзигулик саёҳатнома ёздик? Чиққиллаб турган соат миллари умримизнинг бир бўлагини мангуга олиб кетаётганини баъзан унутамиз. Бизга сездирмай айланаётган ер шари ёшимизга ёш қўшиб, бизни бандлик оламига банди этаётганини, “Кун ҳам ўтаяпти-я?» деган ҳиссиз гап билан беэътибор қолдирамиз. Ислом таълимотида эса бунга бошқачароқ ёндошилади, унга неъмат деб қаралади.
Буюк аллома Абу Райҳон Беруний ўз умридан ниҳоятда самарали фойдаланган инсонлар сирасига киради. Сабаби бобокалонимиз йилда фақат икки кун, Рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари дам олган. Йилнинг қолган 363 кунида эса ўз илмини ошириш, китоб ёзиш, билимини амалиётда тадбиқ этиш билан банд бўлган.
Алишер Навоий давлат ва жамоат ишлари билан банд бўла туриб икки йилда ёзиб битирган асарни бир ҳаттот кўчириб чиқиши учун 6 йил муҳлат керак бўлар экан. Машҳур изқувар Шерлок Холмснинг вақтдан унумли фойдаланиши ҳам таҳсинга сазовор. У дам олиш учун вақтини сарфламаган, балки бошқа зарур машғулот билан банд бўлган. Масалан, у жиноят ечимини жуда жиддий ўрганаётиб бирданига кимёвий реакциялар ўтказишга шу қадар берилиб кетадики, Доктор Ватсон унинг қиёфасида уста химикни кўради. Ёки барчасини унутиб уста машшоққа айланади. Машғулот тарзини кескин ўзгартириб, мияни бир фаолиятдан буткул озод қилиб, иккинчисига ўтиши асаб тизимлари учун энг ишончли хордиқ экани эса бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас.
Донишмандлардан бири айтади: «Инсон ёруғ дунёдан кўз юмиш арафасида яна ортга, ҳаётга қайтгиси, қилган гуноҳларидан поклангиси, Аллоҳ мурувватига мушарраф этадиган хайрли ишлар қилгиси келади. Аммо қазо муқаррар, ортга қайтолмайсиз. Бас, шундай экан ҳаётлигингизда қадамни билиб босинг, сўнгги пушаймонга ўрин қолдирманг!»
Ҳарс ибн Минҳолдан шундай нақл қилинади: “Бир куни қабрларни айланиб юриб, бир жойда ўтирдим. Дуолар ўқирканман уйқу олибди. Бир маҳал шундоққина остимдаги қабрдан дод-фарёд ва оташдан бўлган темир қамчиларнинг овози эшитила бошлади. Азобловчи фаришталар бир маййитга азоб берар эдилар. Маййит фарёд этиб: «Агар дунё аҳли мени кўрсалар эди, заррача гуноҳ қилмас эдилар. Ҳаётимни бекор ўтказдим, ҳозир бунинг жавобини бераяпман», дер эди.
Аллоҳ берган неъматлардан ўз ўрнида фойдаланиш, Унга шукрона келтириш, умр деган имтиҳондан омад билан ўтиш гаровидир.
Бизлар-чи, умр дафтарини безай олдикми?! Ўтган умримиздаги вақтни қанчалик қадрладик – яъни қанчасини ўлчов билан ишлата олдигу, қанчаси йўқ. Келинг азиз мухлис! Сиз ҳам кун якунида ўтган вақтга бир назар солинг. Кўнглингиз таскин топгудек жавоб ола олармикансиз? Зеро, вақт уволи умр заволидир.

Н. МАМАСАИДОВА

Тарих...

Дунёнинг яратилиш тарихи қанчалар қадимий бўлса, аёл омили ҳам шу қадар теран тушунчадир. Гарчи унинг мулки борлиқда яратилишдаги хилқати эркак жинсидаги Одамнинг пайдо этилишидан фурсат жиҳатидан озгина фарқ қилса-да, заминдаги ҳаёт нуқтаи назаридан уларнинг фаолияти бир вақтда бошланган бўлиб, замон ва макон мезонида улар айнан тенг ҳисобланадилар. Лекин жамият ривожининг турли босқичларида аёлларга хилма-хил муносабат билдирилган. Ҳиндларнинг муқаддас китоби бўлган Веда аёл гирдобидан, ўлимдан, заҳардан ҳатто илондан ҳам ёмон бир махлуқ қилиб тасвирланган. Буддавизмнинг асосчиси Будда аёлни ҳис-туйғуларга тобе бир махлуқ, деб аввал динига қабул қилмаган. Дўсти Амандонинг қистови билан Будда анча тараддуддан кейин истар-истамас аёлларни динига қабул қилган, фақат бунинг Буддистлар учун жуда хатарли эканини уқтирган. Ҳатто бир марта азиз дўсти Амандога “Агар аёлларни динимизга қабул қилмаганимизда эди, Буддизм соф бир шаклда узоқ асрлар давом этарди. Лекин орамизга аёл киргани учун бу диннинг узоқ яшашига кўзим етмайди”, деган. Қадимги Исроилда эса оилада эркак мутлоқ ҳоким бўлган. Яҳудий қизлар ўз оталарининг уйларида хизматкор, чўридек бўлишган. Отаси хоҳласи, уларни сотиб юборган. Исроилликларнинг фикрича: “...аёлларга одамларни ёмонликка ундовчи малъун” эди.

Қадимги Хитой аҳолиси эса аёлларга исм ҳам қўйишмас, уларни 1, 2, 3 каби сонлар билан чақиришарди.
Ғарб маданиятининг мухлиси бўлган эски Юнон ва Румда аёл ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқ эгаси эмасди. Аёлга фақат бола туғадиган бир машинадек қараларди. Вужудининг тузилиши жиҳатдан эркакдан ожис бўлгани боис, ҳатто севгига ҳам лойиқ кўрилмас,уларга худи фарзанд кўриладиган машинадек қаралар эди. Машҳур Юнон файласуфи Афлотун “Аёл жаҳаннамнинг эшигидир. Аёл киши жамоат мулки бўлиб, қўлдан-қўлга ўтиши керак”, деган эди. Дунёнинг энг машҳур нотиғи Цицерон эса: “Аёл киши ер юзида эркаклар буюк ишлар қилмаслиги учун халқ қилинди. Агар аёл яралмаганида эди, эркак илоҳлашган бўларди”, дея фикр билдирган.
Христиан дини ҳам аёллар ҳуқуқини поймол қилган. Момо Ҳаво Одам атонинг жаннатдан қувилишига, илк гуноҳнинг содир бўлишига сабаб бўлган, дея аёлга “шайтон” деб қараганлар. Протестантизмдан ташқари барча оқимларда фақатгина эркаклар диний раҳбар ва мударрис бўлишига руҳсат этилган. Аёллар эса бу каби ҳуқуқлардан маҳрум этилган.
Жоҳилия асри Арабистон ярим оролидаги аёлларга бўлган муносабат ҳам аянчли эди. Қиз туғилган хонадон уятга қолар, шу боис ота ўз қизини тириклайин кўмиб юборар эди. Агар бирор киши вафот этса, унинг мол-мулки билан бирга аёллари ҳам мерос сифатида бўлиб олинарди, уларга буюмдек муносабат билдириларди. Оқибатда фарзандлари ўз оналари ёки оналари мақомида бўлган аёлларга уйланардилар.
Шундай зулмат дунёда ислом қуёши балқиди. У барча инсонларга шу жумладан аёлларга ҳам яратилган илк онларидаги ҳуқуқларини қайтариб берди. Аёл эркак Аллоҳ олдида тенг эканлиги, уларнинг даражасини фақат қилган амаллари-ю, тақво белгилаб беришини уларнинг бир жинсдан эканлиги илоҳий лафзда нозил бўлди: "Албатта, муслим ва муслималар, мўмин ва мўминалар, итоатли эркак ва итоатли аёллар, ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар, сабрли эркаклар ва сабрли аёллар, тавозуъли (камтар) эркаклар ва тавозуъли аёллар, садақа қилувчи аёллар ва садақа қилувчи аёллар, рўза тутувчи эркаклар ва рўза тутувчи аёллар, авратларини ҳародан сақловчи эркаклар ва авратларини (ҳаромдан) сақловчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилувчи аёллар-улар учун Аллоҳ мағфират ва улуқ мукофот(яъни, жаннат)ни тайёрлаб қўйгандир"
Щаммага маълумки Қуръони карим каби дастур ҳужжатларда юқоридагига ўхшаб гапни майдалаш одат бўлмаган. Щар бир тилда, жумладан араб тилида ҳам ҳитоб эркак ва аёлга бир хил сийғада бўлаверади. Аммо бу ерда ҳар бир сифатнинг аёлларга хос сийғасини ҳам алоҳида келтиришдан мақсад уларни махкур нарсаларда эркаклар билан тенг эканлигини таъкидлашдир. Декам ибодатларда ва амали солиҳларда ва уларга бериладиган ажр-савобларда ҳар эр ва аёл тенгдир.
Бошқа жиҳатларда ҳам аёл ҳуқуқлари тикланди. Жоҳилия асрида мерос сифатида бўлиб олинган аёлларга Аллоҳ таоло мерос беришни амр қилди. Уларга эркак улушининг иккидан бири миқдорида мерос ажратилди. Бундан мурод аёлларнинг нозик елкасидан турмуш оғирлигини олиш. Яъни аёл киши олган меросини ўзи хоҳлаган мақсадда ишлатиши мумкин. Зеро у оилага масъул этилмаган.
Расули акрам ҳам бу борадааёлларга марҳаматли бўлганлари билан бутун умматга ўрнак бўлганлар: “Аёлларнингизни урманг! Зеро улар оналарингиз, сингилларингиз, рафиқаларингиздир”, дея марҳамат қилганлар.
Шарқ дурдонаси бўлган Турон замин ҳам бу ўгитларга қулоф тутган. Шарқда қадимдан аёлга авайлаб муомила қилинган. Хусусан Амир темур даврида эркаги йўқ хонадон аёли агар сув керак бўлса челакни эшик олдида қолдирар, шу кўчадан ўтаётган эркаклар уни сувга тўлдириб қўярди. Агар челак тўлдирилмаса, шу кўчада яшаётган барча эркаклар қаттиқ жазоланарди. Бу одат тусига кирган бўлиб, аёлларнинг қандай оғир юмуши бўлмасин, маҳалла куй, қўни-қўшни ёрдамида амалга ошарди. Ҳеч бир аёл елкасида турмушнинг оғир юки қолмас, уларга ислом дини аҳкомларида кўрсатилганидек муносабатда бўлинарди. Шу боис ҳам Амир Темур давлат бутун дунёга кенг қулоч ёзгандир, балки?! Зеро аёлини эъзозламаган жамиятнинг таназзулга юз тутиши бугун ҳеч кимга сир эмас. Биз ҳам бугун сизларга расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг нубувватлари туфайли аёлларга ирслом қайтарган ҳурмату ҳақ-ҳуқуқларни, темур бобомиз давридагидек эъзозни соғинамиз. Сиз ҳам ҳурмату эъзоз қадар юксак бўлинг азиз аёллар!

НИГОР

Аёл эгри суякдан яратилганми?

Бу борада уч хил қараш бор.

Биринчиси Ҳазрати Ҳавво онамиз Одам отамизнинг қовурға суягидан яратилди, деган нотўғри қарашдир.
Ҳазрати Ҳаввонинг яратилиши Қуръони каримда бундай баён этилади: “Эй инсонлар, сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан куп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз!” (Нисо, 1).
Бу ва бошқа ояти карималарда Ҳазрати Ҳаввонинг Ҳазрати Одамнинг (алайҳиссалом) қовурға суягидан яратилганига доир ҳеч қандай ишорат йўқ.
Яна яҳудийларнинг муқаддас китоби “Талмуд”да ушбу ривоят бор: “Ҳавво Одамнинг ўн учинчи қовурға суягидан яратилди”. Бу хабар Ҳазрати Пайғамбарга (алайҳиссалом) етганида, хотинлар хатога йўл қўйган пайтлари кечирилишлари кераклигига, баданлари нозик ва рухлари ҳассос эканига ишорат этиш билан шарҳлаганлар.
Бундан беш юз йиллар олдинга қадар Оврупаликлар Тавротнинг шу сўзидан келиб чиқиб, эркакнинг қовурға суяклари хотинларникидан битта кам деб ҳисоблашарди. Хотин билан эркакнинг қовурға суяклари бир хил эканини илм исботлаганида бутун Оврупа ҳушини йўқотди.
Абдул Азиз Жовиш бу борада бундай дейди: “Ҳазрати Ҳавво Ҳазрати Одамнинг чапи қовурғасидан яратилганига доир узун ривоятлар ва қарама-қарши изоҳларнинг асли, асоси йўқ, булар (тўқиб чиқарилган нарсалар, яъни) исроилиётдир” (“Тафсири асрори Куръон ”, 1/138).
Абдуррауф Мунавий ҳам бундай қарашни жуда заиф бир қараш деб баҳолаган (“Файзул қодир , 1/303).
Абу Муслим Исфаҳоний ҳам Ҳазрати Ҳаввонинг қовурға суягидан яратилганини рад этган (“Тафсири кабир”, 3/19; “Тафсири оятил аҳком ”, 2/18).
Эътиқодда мазҳабимиз имоми Имом Мотуридий “Таъвилотул Қуръон” исмли тафсирида Ҳазрати Ҳаввонинг яратилиши хусусида ёзаркан, қовурға суягидан ҳеч баҳс этмаган (“Таъвилотил Куръон”, 67; Сулаймонийа кутубхонаси).
Бу фикрни илгари сурадиганлар ушбу ҳадисни далил қилиб келтиришади: “Хотинлар ҳақида яхшиликка тавсия этинглар. Чунки хотин эгри қовурға суягидан яратилган. Қовурға суягининг энг эгри томони энг уст томонидир. Уни тўғрилайман десанг, синдирасан, ўз ҳолича қолдирсанг, шундай қолади. Хотинлар ҳақида яхшиликни тавсия этинглар” (Бухорий, 6/145).
Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Хотин эгри қовурға суяги кабидир. Агар уни тўғрилашга уринсанг, синдирасан. Бахтли ҳаёт кечиришни истасанг, ундан эгрилигича фойдаланавер” (Бухорий, 6/145), дейилган.
Булар ва буларга ўхшаш ҳадислар Ҳазрати Ҳаввонинг қовурға суягидан яратилганига далил бўлмайди. Чунки бу ҳадислар мажоздир, хотинлар билан яхшиликда, муросаи мадорада яшашни тавсия этувчи ҳадислардир.
Буюк муфассир Ибн Атиййа ҳадисда кечган эгри суяк (қовурға) масаласини бундай изоҳлайди: “Жаноби Ҳақ Қуръонда, инсон “ажал”дан яратилган, деб марҳамат қилади (Анбиё, 37). “Ажал” шошилиш, шошқалоқлик демақдир. Бу ерда мажозий маъно бор. Ҳолбуки, инсон “ажал” деб аталувчи бир моддадан яратилмаган. Шунингдек, ҳадисда кечган “эгри суяк” хотинлар вужудининг заифлигига, асабий ва беқарор эканлигига доир мажозий бир ифодадир. Ҳазрати Ҳаввонинг эгри суякдан яратилганини ифодаламайди. (“Тафсири Баҳрил муҳит”, 3/104, “Ал-Важиз”).
Буюк муфассир Абу Ҳаййон ҳам қовурға суягини мажозий деб тушунишини билдириб, бундай дейди: “Ҳадиси шарифда, Ҳавво эгри суякдан яратилди, дейилмаяпти, балки аёл эгри суякдай яратилди, дейиляпти. Шу ҳолат ҳам ҳадиси шариф мажозий эканини, Ҳазрати Ҳавво қовурға суягидан яратилмаганини қувватлайди” (“Тафсири Баҳрил муҳит”, 3/104).
Буюк ҳадис олими Бадриддин Айний мазкур ҳадиси шарифни ўрганаётиб, бундай деган: “Ҳадисда Ҳаввонинг моддадан қовурға суягидан яратилганига доир очиқ бир ифода йўқ” (“Умдатул қорий”, 7/314). Абдуррауф Мунавий ҳам шундай фикрдадир (“Файзул қодир”, 1/503).
Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ...”ларини шарҳлаган марҳум Комил Мерос бундай дейди: “Ҳадис бу ифодаси билан аёл жинси фитрат жиҳатидан асабий эканига ва фитрати тақозосига кўра тез жаҳли чиқиб, эгрилик ва одобсизлик кўрсатишига ишорат этилиб, эркаклар аёлларга яхшилик қилишлари лозимлиги буюриляпти” (“Тажриди сариҳ”, 11/305).
Машҳур ҳадис олими Ажлуний Ҳазрати Ҳаввонинг эгри қовурға суягидан яратилганига доир ҳеч бир нарса демаган. Ҳадисни аёлларга яхши муомала қилиш, уларни яхши асраш ва уларни бор ҳолларича қабул этиб, ранжитмаслик маъноларида шарҳ қилган (“Кашфул хафо”, 1/120).
Айтилганларга кўра, бу ҳадис аёлни асраб-авайлаш, назокат билан муомала қилиш ва уни бор ҳолича севиб, хафа қилмаслик кераклигига ишорат қилади. Ҳадиси шарифнинг маъноси ва мақсади шудир.
Шунинг учун биринчи (Ҳавво онамиз қовурға суягидан яратилган, деган) қараш Қуръонга ҳам, суннатга ҳам терс тушади. Бундай қараш тамоман исроилиётдир. Тўғрисини Аллоҳ билади.

Иккинчи қараш: “Ҳазрати Ҳавво Ҳазрати Одамдан яратилган”.

Бундай қарашдагилар, Ҳавво Одамдан яратилган, дейишади. Пекин қовурға суягиданми, ё бошқа бир жойиданми яратилгани хусусида ҳеч нарса айтишмайди. Чунки Қуръон ва суннатда бунақа бир аниқлик йўқ. “Эй инсонлар, сизларни бир нафсдан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан куп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз!” (Нисо, 1).
Ибн Аббос (розийаллоҳу анҳу) бундай дейди: Аёл эркакдан яратилган. Шунинг учун аёлнинг кўзи эркакдадир. Эркак эса тупроқдан яратилган. Шунинг учун эркакнинг кўзи тупроқдадир” (“Тафсиру Ибн Касир , 1/137).
Жумҳур уламоларга кўра, “бир нафс’дан мақсад Ҳазрати Одамдир (“Тафсири Маҳор” 4/332). Элмолили Муҳаммад Ҳамдий Ёзар ҳам шундай дейди: “Бир нафс дан мурод Ҳазрати Одам, хотинидан мурод Ҳазрати Ҳавво эканига иттифоқ ва ижмо бор” (“Ҳақ дини, Куръон тили , 2/1273).
Бу мавзуда бир неча оят ҳам бор: “У сизларни бир жондан (Одамдан) пайдо қилган Зотдир. Бас, сизлар учун бир (доим) турадиган ва бир омонат турадиган жой бордир (Анъом, 98). “Аллоҳ шундай Зотднрки, сизларни бир жондан (Одамдан) яратди ва у ором-осойиш топснн деб унинг ўзидан жуфтини вужудга келтирди” (Аъроф/189); “У сизларни бир жондан (Одамдан) яратди, сўнгра ундан жуфтини (Ҳаввони пайдо) қилди” (Зумар, 6).
Қуръони каримда Ҳазрати Ҳаввонинг Ҳазрати Одамдан яратилгани билдирилган. Бундан ташқарида ҳеч қанақа бир тушунтириш йўқ.
Биз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) келтирган ваҳийга — қандай бўлса шундай ишонамиз. Камайтирмаймиз ҳам, кўпайтирмаймиз ҳам. Жаноби Ҳақ оятда “нафс”дан, инсонларни яратди, деяпти. Биз ҳам шу шаклда унга ишонамиз. Қандай, қай шаклда, нимасидан (қаеридан) яратилди деган ноўрин тафсилотларга берилмаймиз.

Муҳаммад Шариф Жуман, Йўлдош Эшбек

Никоҳ ўйинчоқ эмас...

Никоҳ асосига қурилган оилавий турмуш – нозик масала. Унга ақл ва фаросат, мулоҳазакорлик ва босиқлик билан, иккови томоннинг манфаатларини тарозига солиб ёндошиш керак. Негадир кейинги пайтларда бу ишга аралашишга маънавий ҳуқуқи борлар ҳам, йўқлар ҳам бемалол бош суқадиган бўлиб қолди. Ҳали турмуш қурмаган қизлар, уйланиб улгурмаган йигитлар оилани мустаҳкамлаш, эр-хотин, қайнона-келин муносабатлари, бола тарбияси ҳақида мақола ёзадиган, чиқишлар қиладиган, насиҳат айтадиган бўлиб кетишди.
Энг ачинарлиси, кейинги пайтларда айрим ёшлар никоҳ ва талоқнинг моҳиятини ҳис этмай, бўлар-бўлмас сабаблар билан хотинини талоқ қилишга боришяпти, нафс ва шайтон сўзига кириб ширин турмушларини оғуга айлантиришяпти, гулдай оилани барбод қилиб, фарзандларини тирик етимга айлантиришяпти. Баъзи келинларимиз оиланинг қадрига етмай турмуш қуришга қанчалик ошиқишса, эрдан ажралишга ҳам шунчалик тез киришишади. 
Бир маҳалла оқсоқоли яқинда шундай зорланиб қолди: «Маҳалламизда тез-тез оилавий жанжалларга аралашишга, қўйди-чиқдиларга гувоҳ бўлишга тўғри келади. Ярим ёки бир йилгина олдин бир-бирига назар солишга ийманиб турган келин-куёвнинг бугун кўзига қон тўлган, бир-бирига ҳақорат сўзлар айтаётган, бир-бирига туҳмат ва нафрат ёғдираётган бўлади. Уларнинг жанжали қудаларни ҳам душманга айлантирган: кечагина оғзидан бол томган қудалар бугун бир-бирига лой чаплаётган, туйқус оғиздан чиқиб кетган биргина сўз бугун катта дастакка айланган. Бизга ўзи нималар бўляпти? Шундай тўқчилик замонда нега гулдай оилалар арзимас сабаблар, «деди-деди»лар билан бузилиб кетяпти? Биримиз умр бўйи сеп йиғиб қиз узатсак, бошқамиз тийинлаб йиғиб ўғил уйласак-да, тўйдан кўп ўтмай икки ёшнинг орасидан қора мушук ўтиб, ҳамманинг тинчи бузилиб ўтирса!
Илгари эр-хотиндан бири хиёнат қилса, ё эр оиласини боқа олмаса, ё фарзандсизликдан ажрашишар эди. Энг алам қиладиган жойи, ҳозир ана шу уруш-жанжаллар, қўйди-чиқдиларга сабаб бўлаётган нарсалар жуда арзимас. Бирида овқатнинг шўрлигидан, бошқасида келиннинг қайнонага салом бермаганидан, яна бирида ҳайит йўқловда тоғоранинг кам қилинганидан, бошқасида куёвнинг ишдан кеч келишидан бошланган ғишавалар бора-бора оиланинг бузилишига олиб келган. Одамлар оила тақдирига, икки ёшнинг бахтига шунчалар бепарво ва енгилтаклик билан қарайдиган бўлиб кетганми?»
Оқсоқолнинг куйинишида жон бор. Буларнинг ҳаммаси ҳаётга янги қадам қўяётган ёшларнинг никоҳ масаласига масъулиятсизлик билан қараб, «турмуш» дея аталган буюк оламнинг  сир-синоатларига, унинг турли машаққатларига, ҳаёт аччиқ-чучукларига, синов-имтиҳонлари ҳамда ташвишларига тайёр эмасликларидан келиб чиқмоқда.
Ёшларнинг аксарияти “турмуш, оила, бахт” деган тушунчаларни жуда юзаки тушунади. Ҳаёт ҳамиша ўйин-кулгидан, кўнгилхушликлардан, “романтик” учрашувлардан иборат, деб ўйлайди. Катталар эса фарзандларини бахтли қилишнинг аслий ўлчовларидан чекиниб кетишгани учун ўзлари хоҳламаган ҳолда уларнинг бахт гулханлари устига кул тортиб қўйишмоқда. Токи ахлоқимизнинг, одобимизнинг азалий мусаффо чашмаларидан сув ичилмас экан, токи оиламизда чинакам муносабатларга – раҳм-шафқат, меҳр-оқибат, ҳурмат-иззат, муҳаббат-садоқат каби фазилатларга қайтилмас экан, бу ихтилофлар, жанжал-можаролар давом этаверади, муросасизлик кучаяверади.
Ҳар қандай киши ўзида йўқ нарсани бошқадан қидиради ва уни қадрлайди. Аммо феъл-атвор (характер)ларнинг ўхшамаслиги, турли-туманлиги оиладаги муросасизликка, ғишава-жанжалларга сабаб бўлмаслиги керак. Кўпинча қўйди-чиқдилар чоғида сабаб қилиб кўрсатиладиган «характерларнинг тўғри келмаслиги» аслида айб-хато эмас, балки турмуш ранг-баранглиги ва тотувлигини таъминловчи омил ҳамдир.
Донишмандлар бундай дейишади: «Эр билан хотин оиланинг икки хожаси, хонадоннинг зийнатидир. Эр ва хотиннинг биргаликдаги вазифалари бир-бирларига садоқат, ишонч, эҳтиром, муҳаббат, хотир сақлаш ва ёрдам қилмоқдир. Садоқат уйланишнинг руҳидир. Ноўрин ҳаракатлар, ғавғо-жанжаллар уйланиш руҳини бузиб, оила саодатини барбод этади. Турмуш ва уй-рўзғорга тегишли ишларни эр-хотин бир-бирларидан яширмасликлари керак. Эр баъзида хотинининг ноўрин ишини билса, унга мулойимлик билан насиҳат қилиши, бу ишининг хато ёки гуноҳ эканини тушунтириши зарур. Хотин ҳам эрининг эҳтиёжини, саъйи ва касбида ялқовлигини сезса, уни тўғри йўлга солиб кўнглини кўтарсин, тасалли берсин, ғайрат бағишласин. Икки томон ҳар қандай ҳолатда ҳам бир-бирларини ташламасликка аҳд-паймон қилишлари талаб этилади. Масалан, улардан бири касал бўлса, иккинчисининг илтифотсиз қараб, уни боқмасдан ўз ҳолига ташлаб қўйиши кечирилмас ҳолдир».
Оила ҳаёти ҳеч қачон сидирғасига фақат шоду хуррамлик, бахт-саодатдан иборат бўлмайди. Турмушда ихтилоф ва ташвишлар, қийинчилик ва  етишмовчиликлар, мусибат ва ғам-андуҳлар керагича учрайди. Эр-хотин биргалашиб қарши курашсагина уларни енгиш осон кечади, оила хотиржамлиги тезроқ қўлга киради. Агар бундай қийин пайтларда муроса бузилса, ўзаро самимият чекинса, бирининг ташвишига иккинчиси томошабин бўлиб турса, бу оилада тотувлик ошён қуриши амри маҳолдир. Бир машҳур ёзувчи айтганидай, «Муҳаббат, бу – бу бир-бирига тикилиб туриш эмас, балки бир томонга биргаликда тикилишдир».

Жаъфар АБДУЛМЎМИН

Ҳозир сайтимизда 36 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ