1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Келин билан қайнона ит-мишиқми? Ёки она-болами?

Бу савол дунёдаги деярли барча ҳалқлар учун ирқидан, динидан ижтимоий холатидан, яшаш тарзидан қатъий назар давомли ва деярли ечимсиз бош оғригдир. Бу билан мен ахл-иттифоқ она-бола каби ёки ҳеч бўлмаганда дугонадай яшайдиган қайнона-келинлар умуман йўқ демоқчи эмасман, лекин аксарият холатларда бу ахиллик иттифоқлик йўқ ва эркакларнинг афсус-у надоматларига қарамай пайдо бўлишига умид ҳам йўқ.

Аммо аянчли шуки бу иттифоқ пайдобўлиши ҳеч ҳам қийин эмас деб хисоблайман.

Мен ҳа деб асосан иттифоқлик демоқдаман – ахиллик, дўстлик, меҳрибонлик демаяпман сабаби, иттифоқ бир мақсад сари интилиш учун кучларни бирлаштирувчи бирликдир.

Бу масалада ҳамхаёти дунёнинг барчақонунлари каби “олма пиш, оғзимга туш” қабилида иш тутиб бўлмайди. Иттифоқлик тўғилиши учун икки томоннинг меҳнати талаб этилади. Меҳнат деганда, келиннинг қуллиги-ю? Қайнонанинг қулдорлиги (баъзи кам учрайдиган ҳолатларда бунинг акси) назарда тутилмайди, аксинча бу кўнгид-қалб меҳнатидир, фикрим тушунтиришга уриниб кўраман.

Асосан қудачилик – яъни ўғил уйлаш – қиз чиқариш икки томон учун ҳам хурсандчилик, ўзаро ҳурмат эхтиром қувноқлик ва яхшиликлар умиди ила жуда чиройли бошланади ва баъзан анча мунча давом ҳам этади, лекин икки ёшнинг чиройли умидлари билан қурган ҳаёт денгизидаги кемачаси кундалик-ҳаёт деб аталмиш сув ости-тош, қояларига ва саёзликларига урила бошлайди, кундалик-байрамсиз ҳаёт деб аталмиш ботқоқликлар, тўфону довулларга дуч кела бошлайди.

Мана шу долзарбда бу кеманинг йуловчиси мен бўламан деб икки аёл жангу-жадал бошлайдилар. Ҳаммадан қизиғи кемани балолардан, фалокатлардан асраш йўлини излаш ўрнига кема эгаси бўлган эркакни қийин аҳволга қўйиб икки аёл (бири онаси, бири хотини) кема бошқарувини ўз томонига буришга интилиб кемани асосан халокатга юз тутишга олиб келадилар. Иттифоқлик деганимни энди тушунгандирсизлар.

Хаёт денгиздаги кема мувозанатини сақлаб маълум бир йўналишда сув ости қояларини четлаб, тўфонудовулларга мардонавор дош бериб, ботқоқларга ботмай, ўз олдига мақсад қилган манзил томон сузиши учун кемада иттифоқлик, бир мақсад сари интилиш бўлиш керак. Акс ҳолда кема парчаланиб не-не умидлар пучга чиқади ва энг аянчли ва хунуги бу кеманинг ноёб юклари бўлган манзилларига элтилмай аросатда қолган фарзандларга увол бўлади. Сўзимнинг бошроғида айтандим иттифоқлик туғилиши унча қийин бўлмаган нарса, сабаби шу кеманинг эгаси бўлган эркак қайнонага ўғил келинга умр йўлдоши.

Келин билан қайнонага мана шу биргина ўзларига азиз бўлган инсон учун бир-бирлари билан меҳрибон бўлмасинлар иноқ ҳам, она-бола каби ҳам бўлмасинлар, ҳеч бўлмаса иттифоқ тузсиклар наҳотки бу қийин бўлса?!

Ўғлига она бўлиши қайнона ўз ҳаётингиз чечаги бўлган фарзандингиз бошига ғовғолар ёғдираётганингизга ақлингиз етмаса?

Азиз қайнонага айланган онаизор фарзандларингизгаюрагингиз ачимайдими?

Келинни олчунизгача роса елиб югурдингиз, аксари ҳолатларда ялиндингиз, айландингиз, ўргилдингиз, жонингизни қоқиндиқ қилдингиз. Ўғлингизни чексиз хурсанд қилиб келинчакни уйингизга олиб келдингиз. Ана шу сарф ҳаражатлар, машаққатлар эвазига олиб келган келинчагингиз билан фарзадингиз аҳл-иноқ яхши яшай бошлади. Аммо ҳеч қанча фурсат ўтмай, ўғлингизга жуда манзур бўлган келинчакингиздан кўнглингиз тўлмай қолди, нега эмиш: эпсиз, дангаса, қўлидан иш келмайдиган, ўқувсиз, масаллиқларни увол қилиб таомларни бемаза тайёрлувчи, ҳовли уй-жойларни чала йиғиб чала супуриб хуллас қўлидан иш келмайдиган, меҳмонларни кутиб олишни ўрнига қўя олмайдиган, муомилани билмайдиган, фаҳм-фаросати паст, сизнинг арзандангизга умуман тўғри келмайдиган бир тасқара бўлди-ю қўйди.

Қайнонажон ёшингиз нечада, ана боринг 40,45,50,55,60 ва ҳоказо, келинингни ёшичи? 17,18,19,20,21,22 ана боринг 23да бўлсин, шунда у сиздан неча ёшга ёшроқ бўлади, айтайлик сиз 50 ёшда келинингиз 20 ёшда бўлса, у сиздан нақд 30 йилга ёшроқ бўладику?

Бу дегани келинингиз сизга нисбатан 30 йилга тажрибасиз, эпсиз, уқувсиз, муомилага тажрибаси ҳам шу аҳвол ва ҳоказо ва ҳоказо. Ва ҳолангки, инсон ҳаётидаги ўлимдан бошқа барча муаммоларнинг ечими-ю, чораси вақтдир, бу юқорида сиз айтиб санаб, адоғига ета олмаган барча камчиликларнинг чораси вақтдир. У ўтиши билан ана ўша камчиликлар, тўлқинланаётган сув юзасидаги пуфакчалар каби ўчиб-ўчиб оҳири тугаб сув тинади, ҳаёт бир маромга етади. Ўғлингиз билан келинингиз ҳаёт денгизидаги кемаси ҳам мўлжалланган манзилига анча яқинлашиб қолади. Кема ичидаги бебаҳо ноёб юки бўлмиш фарзандлар ҳам вояга етиб қоладилар, қарабсизки олам гулистон, ширин-шакар набираларингизни келажак кемачаларини ўйлаш даврига келиб қолган бўласиз. Во ажабо биргина иттифоқлик натижасида ўғлингиз билан келинингиз хаёти изга тушиб қўша – қариш йўлига ўтиб қолибдия?!

Буларнинг барчаси учун сиздан талаб этиладиган нарсалар унчалик кўп эмас, фақат яхши ният, ўғлингиз келинингиз ва уларнинг фарзандларига бахт-саодат тилаш. Келинингиз билан иттифоқ тузиб унинг камчиликларига сабр қилиш ва аста секинлик билан уни тарбиялагша бошлаш. Тўғри ёшларнинг баъзи гап-сўзлари, қилиқларига чидаб туриш қийин, лекин сиз унинг ёшини эътиборга олинг унинг ёшида сиз ўзингиз қандай бўлганингизни виждонан эсланг. Сиз ўзингиз ҳам бирданига дарров оқила, эпли, доно жўда ҳам маънили аёлга айланмагандурсиз, сизга ҳам анча – мунча вақт керак бўлганку, қайнонангиз тирик бўлсалар сўраб кўринчи, йўқ бўлсалар эслаб кўрингчи.

Шунинг учун ҳам юрагингиз парчаси бўлган фарзандингизнинг бахти учун – мехнатларнинг энг машаққатлиси бўлган кўнгил-қалб мехнатини бошлайсиз яъни рашкингизни, асабларингиз, жахлингизни, тилингизни жиловлаб ўғлингизнинг аёлини ҳам оқила доно, эпли, муомилали маънили аёл қилиб тарбиялашни бошланг.

Урушманг, талашманг, аразлашманг – иттифоқлашинг.

Бу “ақлли” нималарни ёзяпти деб ҳафа бўлманг мухтарам қайноналар.

Каминангиз ўзи ҳам икки карра онадан қайнонага айланган қалб-кўнгил меҳнат азобида қолган ўз ўғилларини жуда ҳам яхши кўрувчи, шунинг учун келинларини кечирувчи бир кампирдир.

Бу ёзганларимни ўқиб олган келинлар зинҳор ховлиқманг сизлар учун ҳам атаганларим бор. Иншааллоҳ учрашамиз.

Фирдавс

Сигарета тутган «нозик қўллар»

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, бугунги кунда сигарета чекишга ружу қўйган аёллар, хусусан қизлар сони кўпайиб бормоқда. Аввалига, бу ажабланарли қабул қилинган бўлса-да, кейинига худди оддий ҳолдек бўлиб қолди. Буни ҳар ким ҳар хил талқин этади. Менинг фикримча, аёл киши ҳар қандай ҳолатда ҳам аёллик нафосатини йўқотмаслиги даркор!

Куни кеча бир воқеа диққатимни тортди. Ишхонамиз олдида бир панароқ жой мавжуд. Бир куни ана шу ерга иккита хушбичим ўзбек қизи ўтиб кетиб, озгина вақт ўтмай қайтиб кетишди. Бу ҳолатни бир неча маротаба кузатган ҳамкасбларимдан бири: «Балким сигарета чеккани келишгандир», -дея сўз қотди. Дарҳақиқат, кўча-куйда қизларни сигарета тутатиб кетишлари тобора кўпайса кўпаймоқдаки, лекин камаймади…

Кейин бир зум тасаввур қилдим. Шу сигаретани тутган «нозик қўлли» ойимчалар, эртага ақлли, диёнатли, балким намозхон ўғилларига не-не умидлар билан сўраб келган онахонларга майда қадамлар ташлаб чой узатишади. Улар ҳақида айтилган, баъзида асли ҳақиқат яширинган таърифларни эшитган совчилар, мисли бошларига «бахт қуши» қўнгандек бешак-бегумон индинига бўлажак куёв билан учрашувни белгилаб кетишади. Ёлғон асносида қурилажак оила келажагини Аллоҳдан ўзга билмайди.

Юқорида келтирилган мисол билан мен ҳамма қизлар ҳам шунақа демоқчи эмасман. Асло! Аксинча, табиатан хушхулқ, ҳидоятли, иймон-диёнатли бўлган қизлар шаънига шу ойимчалар туфайли таъна-дашномлар етмасин, йигитлар қалбида ўзлари тасаввур қилган мўмина қизларга нисбатан шубҳа уйғонмасин дейман. Алҳамдулиллаҳ, Яратган Эгамга минг тасаннолар бўлсинким, ҳаётда ҳақиқий мўминаларни учратдим, уларга дўст тутиндим ва ҳавас қиламан. Уларнинг ҳидояти олдида бош эгаман.

Яна сўзимизга қайтадиган бўлсак, учрашувга чиққан йигитни бир тасаввур қилиб кўринг-а? Нозик хилқат дея саналмиш ой юзли қиз салом берса-ю, сигаретанинг ёқимсиз ҳиди ундан уфуриб турса, қай аҳволга тушади йигит бечора? Ёинки онаси бағрида эркаланиб, майин ҳидидан сармаст бўлиш илинжида онаси сари интилган бола димоғига ачқимтир ифор урилиб, болакайни тўппа-тўғри отаси бағрига етакласа? Майли, уни бола дейлик, неча ёшга кирмайлик барибир онамизга болаларча эркалик қилгимиз келади, уларнинг бағрида ўзимизни кўришни истаб қоламиз баъзида. Ўшанда, муштипар онамиздан келган ёқимсиз ҳид кап-катта бўлган биз болаларга ҳам ёқмайди. Албатта, бу кўргуликдан Яратганнинг ўзи асрасин, омин!

Бундан бир неча ой олдин, мен пойтахтимизнинг номи улуғ фирмаларидан бирида ишлар эдим. Фирма чет элдан мол олиб келиб ташкилотларга тарқатарди. «Балиқ бошдан сасийди» деганлари бежиз эмас экан, чунки ишхонада директордан тортиб то оддий мутахассисгача деярли ҳамма сигарета чекарди (ҳатто бир дугонамнинг ҳам чекиши гувоҳи бўлганимдан кейин унга қандай муносабатда бўлишни билмай бошим қотган). Бунинг устига директор билан гуруҳ-гуруҳ бўлиб чеккан пайтлари ҳам бўлган. Тез-тез, «Илтимос, ташқарига чиқиб чекинглар»,-дея қайта-қайта уқтиришларимга ё зарда аралаш жавоб олардим, ё «уф» дея чиқиб кетишарди (Яратганга минг тасаннолар бўлсин, мен ҳозир ўзга бир ташкилотда яхши ходимлар орасида фаолият юритиб келяпман). Ёки шу каби ҳолатлар кейинги йилларда ташкилотлар орасида одатга айланиб бораётган русмдир?

Сўзимни нубувват эгаси бўлмиш Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинган бир ҳадис ила якунлайман: «Аёлларга ўзини ўхшатган эркакларга, эркакларга ўзини ўхшатган аёлларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин». Шу ҳадисни чин дилдан ҳис этиб, ҳақиқатан Яратгандан қўрққан бандаи ожиза, албатта, бундай хатти-ҳаракатларга йўл қўймайди. Агар ҳар биримиз елкама-елка бўлиб шу каби иллатларга қарши турсак, нафақат, бу дунёда, балки охиратда ҳам бизга яхшиликлар раво кўрилгай.

Нафс йўлига кирган киши расво бўлур,
Йўлдан озиб тўзиб, тамом гумроҳ бўлур,
Ётса-турса шайтон бирла ҳамроҳ бўлур,
Нафсни тийгил, нафсни тийгил, эй бадкирдор!
А.Яссавий

Зийнат

Ёшингиз нечада?

 

Инсонлардан неча ёшга кирганларини сўрашни маданиятсиз савол, деб ҳисоблашади. Бу ёзилмаган қонун ноқулай вазиятга солмаслик мақсадида ўйлаб чиқарилган бўлса керак.

Давоми...

Эркакмисиз? наҳотки...

Инсон янглиш туғилмайди, у адашиб ҳаёт кечиради, холос.

— Диля, анув кўзлари қоп-қора қизни қара, сал ғалатироқми?

— Ким? Ҳа, анувми, худди чизиб олганга ўхшайди-я?

— Ҳа, кофточкасини қара, чиройли ранг экан.

— Сочиям зўр кесилган экан.

— Э-э, тўхта, у ўзи қиз болами, ё ўғил бола?!

Қизларнинг суҳбатига табиий инстинктим билан қизиқиб, бу таърифлар соҳиб(ас)ини кўз қирим билан излай бошладим. Топдим ҳам. Алҳазар, бекатда эгнига пушти кўйлак, жинси шим кийиб олган, сочлари қоп-қора ялтираб турган, қовоғига қора қалам суртиб, қошларини териб олган бу ИНСОНга мен ҳам бир муддат қандай нисбат беришни билмай қолдим. Миям яшин тезлигида ишлаб кетди: Эркак бўлмаса керак, ҳеч қаери ўхшамаяпти-ку! Лекин, у аёл киши ҳам эмас, буни нафақат маълум жиҳатларидан, балки қандайдир ички сезгим билан ҳис қиляпман. Журналистик касалим тутиб кетди. Демак, буни аниқлаштириш керак, ҳозироқ. Қўлимда аёлларимизга машҳур бўлган «Oriflame» (косметика ишлаб чиқарувчи компания) журнали бор эди. Ўзимни ўзбекча айтганда, аттор қилиб кўрсатиб, олдига бордим. Аввалига русча саломлашиб, унга «дунёдаги энг сара косметик маҳсулотлар»ни таклиф қилдим. У эса:

— Ну-ка, кўрсатинг-чи, — деб қолди!!! — Овозидан қайси жинсданлигини англаб ололмасам-да, унинг ўзбеклигини тушуниб, лол бўлдим.

— Ўзбекмисиз?

— Конечно.

У журнални варақлай бошлади ва шубҳаларимни тасдиқлаб, эркаклар учун ажратилган саҳифалардан бирида тўхтади.

— Знаете, манга шу атир ёқади, яқинда тугаб қолувди, как раз қидириб юрувдим...

Бу сўзлар ноз-фироқ қилаётган аёл кишининг сўзларидек жаранглаб ўтди қулоғим остида.

— Кечирасиз, кимга олмоқчисиз? — янада аниқлик киритиш мақсадида.

— Ўзимга, кимга бўларди.

— Сиз...(шошилинч) эркакмисиз? Бу савол мен ўйнаётган ролимнинг хаёлий сценарийсида ҳам йўқ эди, аммо хато қилиб қўйишдан қўрқдим.

— (кулиб юборди) Ну-да. Нима кўрмисиз?

* * *

Бу воқеага кўп бўлгани йўқ, яна қаҳрамонимни кунора бекатда учратишимга нима дейсиз? Негадир, бу каби «йигит»ларни ҳеч қачон ўзбек бўлиши мумкин ёки ўзбеклар орасида ҳам шунақалар бор, деб ўйламагандим. Ҳаммаси чет элда, бизда бунақалар йўқ, бўлмайдиям, дердим. Мана ўзим ҳам йўлиқиб турибман. Ва ҳар кўрганимда ич-ичдан ғазабим қайнайди. Бу қандай бедодлик? Ким бу ёки ниманинг оқибати бу? Қизиқишлари, кийиниши, ўзини тутишигача «заифа»лашиб кетган бу ИНСОН ўзининг шу ҳолатини «биласизми, ман бошқалардан ажралиб туришни истайман. «Итс май стайл(It’s my style-бу менинг услубим)» деб изоҳлаши ва бундан фахрланишини қайси ақл билан тушунтириш мумкин экан-а? Албатта, ҳар ким ўз билгича, ўз орзу-интилишлари билан яшаш ҳуқуқига эга, бу қонун билан тасдиқлаб қўйилган. Бунга эътирозим йўқ. Аммо, мен шу йигитга қараб туриб, у тарбия топган муҳитни кўз олдимга келтирдим. Ўйладимки, балки йигит фақат қизлар орасида ўсган, ёлғиз ўғил фарзанд бўлган... Ўзининг айтишича, мусулмон, 2 акаси ҳам бор. Ҳамма ўзбек йигитларига ўхшаб катта бўлган...

У ҳақида бор билганларим ана шулар, қолганлари менинг тахминий хулосаларим. Тахминларим билан сизнинг бошингизни оғритмоқчи эмасман, ўзингиз мантиқий якун ясаб оласиз, деган умиддаман.

Ўша кундан бери ичимда ғалаён. Балки, бу менинг аёл кишилигим билан боғлиқдир. Атрофни кузатаман: йигитлар, акалар, укалар, оталар, буважонлар. Ўша кундан бери ЭРКАК деган статусни қидиряпман. Мард, бир сўзли, қўпол бўлса ҳам софдил, оилапарвар, қўлингдаги юкингни кўтариб, автобусга чиқариб қўядиган, ўрнини тенгдош қизларга-да бўшатиб берадиган йигитларимиз, акаларимизни кўриб бир қувонсам, оёқларини чалиштириб ўтириб, аёллар ички кийимини-ю, лаб бўёғини сотиб ўтирган, русча акцент яратаман деб нозланганнамо сўзлайдиган ЗАМОНАВИЙ ИНСОНларни кўриб, аламдан «дод» деб юборгим келади.

Сиз аёлларни, қизларни тенг ҳуқуқлиликка даъвода эканига ўз мулоҳазангизни айтдингиз. Келинг, энди биз, ожизанинг сўзини ҳам тинглаб кўринг.

Турк сўфийларида ажойиб бир мақол бор: «Еркек арслан да арслан, дизи арслан арслан дегилму?»(Эркак шер шер-у, урғочи шер шер эмасми?) Буни Ислом аҳкомларига қарши бир фикр деб тушунманг, мен ЭРКАК мавқеи ва ЭРКАК пойини кўзимга суртмоқ истайдиган жажжи бир қизалоқман. Ва агар бунга арзишса...

Ғалат ҳолат...ОДАМлар ТАНГРИга исён қилиб ўз жинсини ўзгартиришяпти, маълумотингиз учун, аёлга айланмоқчи бўлганлар, эркак бўлмоқчилардан икки ҳисса кўп.

Ажаб ришталар... ЭРКАК ЭРКАКка қизиқишни бошлади. Бошлади эмас, бу ришталар тарихни-да булғаб бўлганди. Бугун баъзи давлатлар бир жинслилар никоҳини қонун билан белгилаб ҳам қўйди.

Ажаб ЭРКАКлар... Аҳли-аёлини хорижга жўнатиб қўйиб, ўзи Western Unionга қатнашни ўрганди.

Ғалати ЭРКАКлар... Юзига упа, лабига бўёқ суриб, қошларини териб, «имиж» яратиб, суратга тушяптилар.

Сиз айтасизки, биз «ожизалар» ҳар нарсангизни олиб қўйдик..., сизни кўчада уялтириб, ЭРКАКка айланиб қолдик..., ОИЛА ТЎРини эгалладик..., сиз кийганни кийдик, ичаётганингизни киприк қоқмай симирдик. ҲАҚСИЗ! МУТЛАҚО ҲАҚСИЗ! Бугунги кун заифаси юқоридагиларнинг ҳаммасини қилди, қиляпти ҳам. Биз эркаклашдик, бунинг натижасида сиз аёллик вазифаларни бўйнингизга олдингиз. АММО қачондан бошлаб? Азиз отажонларим-у акажонларим ўзингизга ҳеч шу саволни бериб кўрганмисиз? Лаббай, аёлликнинг иффатли аъзолари очилган кунми? Ўша куннинг эртасидан бошладикми? Ёки бунга сизларнинг бизга секин-аста тутқазган ҲАЁТ жилови туфайли йиллар давомида эришдикми? Тангри бизни сизнинг жон-бағрингизда жойлашган қовурғангиздан яратган, биз сиз айтгандек, «қирқта жонли», ўз хожасига итдек содиқ АЁЛЛАРМИЗ («ит-вафо, хотин-жафо» мақолини ўзгартиринг), қачонки, сиз бизни РИЦАРдек ҳимоя қилсангиз, агар сиз бизни СЕВСАНГИЗ ва агар қўпол бўласизми, айиқполвонга ўхшайсизми, чинакам ЭРКАК бўлсангиз...

Азизларим, шундоқ ҳам дунёимиз борган сари қўрқинчлилашиб кетаяпти. Агар бир жинснинг иккинчисига танқиди бирор нарсани ўзгартира олса, миллион марта сизга мактуб ёзган бўлардим. ЭРКАК деган ном билан туғилиб, шу шарафли ном билан яшашингизни истаймиз, холос. Токи, биз ҳеч бир ишни сизсиз қилолмайлик, сизчалик уддалолмайлик ва бундан уялиб, сиздан «тортиб олаётган»ларимизни ўзингизга табассум билан қайтарайлик, сиз кўришни истайдиган аёл-қизлар бўлайлик.

Азиза Халилова.

Амалсиз амаллар

Танишим лафз, орият ҳақида ёзибди. Ғашим келди. Йўқ, ҳасаддан эмас...…
Келинг, даставвал, уни сизга таништирай. Умуман олганда, ўзи ёмон одам эмас. Ҳамма қатори. Вақти келса, жаҳл қилади, уришади, сўкади. Буларни тушунса бўлади. Аммо... Бир “аммо”си бор-да: айтган гапида турмайди, ваъда берса, бажармайди. Яъники, ёзганларига ўзи амал қилмайди. Шунисига чидай олмадим. Тарбия –оғир, машаққатли жараён. Айниқса, ўзини ўзи тарбия қилиш. Нафсимиз ҳамиша тарбияга муҳтож эканлигини ҳисобга олсак, бу жараёнда ўзимиздан орта олишимиз жуда катта гап. Ўзгалар тарбияси ҳақида-ку, айтмаса ҳам бўлар.
Танишимни, унинг ёзганларини бежизга эсламадим. У ўзи амал қилмайдиган фазилатлар ҳақида гапирди. Шу орқали кимгадир “тарбия бермоқчи” бўлди. Шуни “ҳазм” қилишга қийналдим. Уни ўқиганлар нима деб ўйлади экан?
Тарбиянинг боши амал ҳисобланади. Афсуски, кўпчилигимиз буни унутиб қўйяпмиз. Шунинг учун бўлса керак, айтганларимиз қуруқ гап бўлиб қолаверяпти. Бу ҳолда бошқаларга қандай таъсир қилиш мумкин?
Кекса бир журналистнинг гапларига бир қулоқ тутиб кўрайлик: «Тўғрисини айтай, ҳар гал қўлимга қалам олишдан олдин жуда кўп ўйлайман. У хоҳ кичик бир мақола бўлсин, хоҳ каттароғи, анча пайтгача дунё юзини кўрсатгим келмайди. Гўё кимдир тепамда туриб кузатаётгандай. Ёзганларимга ёлғон аралашса, “Ўзингга боқ” деб устимдан кулаётгандай бўлаверади. Шундай бўлса ҳам,  баъзи “асар”ларимиз ҳеч қийинчиликсиз чиқиб кетди. Ўқисам, ҳозир ҳам уяламан».
Айтилган ҳар бир сўзнинг жавоби бор. Демак, нони сўз бўлган ижодкорларнинг зиммасидаги масъулиятнинг залворини тасаввур қилиш қийин эмас. Сўзларнинг ўзи огоҳлантиради: ўта ҳазир бўлиш керак. Баъзан қалам ҳам ёзишни “истамай” қолади. Демак, аҳвол чатоқ. Ўзимизни тўғрилашимиз керакка ўхшайди. Аксарият гапларнинг қоғоздагина қолиб кетаётганига ҳам сабабчи, эҳтимол, “тарбияли” муаллифнинг ўзидир.  Ким билсин, фақат ўзимиз амал қиладиганлар ҳақида ёзсак, қоғозни тўлдира олармиканмиз?
Ўқитувчи – ўқувчи, тарбиячи – тарбияланувчи. Инсон ўқитишни, тарбиялашни, аввало, ўзидан бошлаши кераклиги ҳар бир ишда аён бўлмоқда. “Домланинг айтганини қилинг-у” қабилидаги гаплар ҳақиқий ўқитувчига тегишли эмас. Чинакам устоз тарбияда, энг аввало, ўзи ўрнак бўлади. Ҳалоллик ҳақида оғиз кўпиртириб гапирган домланинг ўзи эртага баҳосини “кўтариб” бериш эвазига ўқувчисидан пул сўраса, ароқнинг ҳаром эканлигини қайта-қайта уқтирган муаллим даврада маст-аласт “томоша” кўрсатса, унинг амали қаерда қолади? Бундай “тарбия” тарбияланувчига қандай таъсир этади?
Аслида, танишимни айблайверишим ҳам нотўғри. Унга раҳмат: менга яхшигина тарбия берди. Бўлди, яна бир оз ёзсам, ўзимга қийин бўлади...

Беҳзод Фазлиддин