1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Инсон қадри моддиятда... ми?

  Ҳаёт  бир текисда равон кетмайди. Қоқиниб-суриниб, тойиб-тайрилиб инсон ўзи учун  ҳақ бўлган йўлни, жамиятда ўрнини топади. Сиз шу пайтгача осмондан ёғилган бойлик ё оёғи остидан чиққан хазина туфайли бойиган одамни кўрганмисиз? Йўқ, албатта. Инсон яшаш учун ҳаракат қилади. Ҳаракатлари ортидан манфаат кутади. Манфаат бор жойда эса,тиришқоқлик, интилиш кучли бўлади. Ўз –ўзидан тиришқоқлик бор жойда ривожланиш, юксалиш ва унумдорлик ошади. Умуман олганда, меҳнат қилишдан асосий мақсад- моддий манфаатга эга бўлиш. Шу ўринда савол туғилади: Кишининг жамиятдаги мавқеи, қадр-қиймати, ўрни унинг иш фаолияти, топадиган маблағининг миқдори билан белгиланадими? Одам қадри меҳнатда эмас..!  Аксинча, унинг қандай меҳнат фаолияти билан шуғулланишида, деб ўйлайдиганлар ҳам орамизда топилади. Ундайлар  кишининг амали, лавозими, уй-жойининг ҳашамати, умуман моддий аҳволотига қараб муомала- муносабат қилади.
- Бир танишим хизмат сафари билан хорижга кетиб қолди,- дейди дугонам.- Қўшниси- биз билан бирга ишлайдиган ҳамкасбимизга иш ҳақини бериб, уйларини тозалаб қўйишни илтимос қилибди. Жамоадош аёл ҳам қўл-оёғи чаққонигина эмасми, бир зумда ҳамма ёқни чиннидай қилиб ярқиратиб қўйибди. Танишимнинг уйига борсам, озодаликдан кўнглим яйраб кетди. Ҳамкасбимизга миннатдорчилик айтиб, унинг шойиста ишидан завқланганимни ишхонадаги дугоналаримга гапириб бергандим, уларнинг муносабатидан энсам қотиб, бошимга оғриқ кирди. “Вой, фалончихон ҳали шу ишларни қилиб юрибдими? Укаси эл таниган ҳофиз, ўзи ўқитувчи бўла туриб кишиларнинг уй-жойини, ҳожатхонасини тозалаб юргани уялмагани-чи?!” деди бири. “Кишининг бажарадиган иши уни келажагига, насл-насабига таъсир кўрсатади. Ўзини бунча ерга урибди” деди бошқа бир дугонам. Жаҳлим чиқди. Одамлар шунча калтабин бўлиб кетганми?  Укаси ҳофиз бўлса, опасига нима? Ҳар кимнинг топган-тутгани ўзига. Қолаверса, Яратган ҳар кимнинг ўзига аталган ризқни беради. Энг ачинарлиси, ўқитувчилар, зиёли қатламга мансуб кишиларнинг тор фикрлаётганида. Инсон - инсон! Бўлди! Унинг пул топиши, қандай меҳнат тури билан шуғулланиши қадр- қийматига қандай алоқадор бўлсин? Муҳими - ўша меҳнат ҲАЛОЛ ва атрофидагиларга нафи тегса бўлди-да...

 Ичингиздаги “мен” “МАН”га айланса...

Киши ичидаги “Мен”ининг манманлигини, кибру ҳавосини енголмаса, такаббур, ўзига ҳаддан ортиқ бино қўйган бўлса, юқоридаги ўқитувчилар каби тўмтоқ фикрлайди.
 Инсон Яратганнинг барча махлуқотлари орасида  азиз ва мукаррам этилган. Бу ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (“Исро” сураси 70- оят). Шунингдек, инсон ўзига тақдир қилинган ризқни ҳалол меҳнат билан топиши ҳақида ҳам Қуръони Карим ва Расулуллоҳ (сав) ҳадисларида таъкидланган. Аллоҳ таоло даргоҳида бандалари фақат тақвоси билангина фарқланади. Иймон- эътиқоди гўзал, чин инсоний фазилатлар соҳиби эса, кишининг меҳнатини таҳқирламайди ва инсон қадрини унинг бойлиги, мол-дунёси билан ўлчамайди.  

   Меҳнатда  айб бўлмайди

Бироз олдин таҳриятга қуйидаги мазмунда мактуб келганди:
 “... Турмуш ўртоғим вафот этганларида 32 ёшда эдим. Тўрт боланинг ҳам моддий, ҳам маънавий тарбияси ўзимга қолди. Хўжайиним раҳматли заводда ишчи эдилар. Завод раҳбарияти одамгарчилик юзасидан ёрдамлашиб туришарди, лекин қўлдан берганга қуш тўярмиди? Ноилож, уйимиз яқинида жойлашган ташкилотлардан фаррошликка иш суриштира бошладим. Фаррошлик қилмоқчилигимни эшитиб болаларим бир йиғлайди, бир йиғлайди-ей. Уларнинг эзилишига қараб юрак-бағрим ўртаниб кетади. “Биз уяламиз, ойижон, мактабда болалар онаси фаррош деб устимиздан кулишади” деб йиғлаётган болаларимга қандай жавоб беришни билмасдим. Шундан кейин бозорга чиқдим. Бозор номи билан бозор... Шарақ-шарақ пулларнинг оқими ўзимни ҳам, болаларимни ҳам эсанкиратиб қўйди. Туну кун бозорда юриб фарзандларимнинг тарбиясига эътибор қилмабман. Тўғриси, болаларнинг тарбияси билан шуғулланишга вақтим бўлмаган экан. Мана, энди жабрини тортяпман. Ўшанда болаларимнинг гапига парво қилмай, фаррошлик қилганимда балки, шундай кунларга қолмасмидим... Меҳнатнинг айби бўлмайди. Ҳарқалай, фаррошлик ҳалол меҳнат эди. Бозорда бошқаларга қўшилиб харидорларнинг ҳақига хиёнат қилардим, тарозидан уриб қолардим... Аслида фаррошлик эмас, бозорда одамларнинг ҳақига кўз олайтириш айб экан... Одамнинг кўзи хатолари зарбидан сўнг очилар экан...”
Дарҳақиқат, меҳнатнинг айби йўқ. Жамиятда кишининг обрўсини тўкадиган, бошқаларнинг назаридан қолдирадиган ишлар — бировнинг ҳақига хиёнат қилиш, фаҳш ва бузуқ ишларни қилиш, ўғрилик кабилардир. Таассуфки, айримлар юқорида саналган ножоиз ишларни қиладиганлардан эмас,  ҳалол меҳнат билан кун кечирадиганлардан ҳазар қилишади.
-    Директоримиз ҳар ойлик маош тарқатилганда аллақандай баҳонаю сабаб билан пулимиздан сақлаб қолаверади,- дейди таҳририятга қўнғироқ қилган ўқитувчи.- Яна уялмай без бўлиб кўзимизга қарагани-чи?..
Бировнинг ҳақидан ҳазар қилмайдиган директорнинг қўша-қўша тақинчоқлари, бежирим кииймлари, ҳашаматли ҳовли жойини ҳурмат қилиш керакми ёки унинг диёнатдан узоқлашган қалбиними? Инсоф билан ўзингиз айтинг, бировнинг оғирини енгил қилиб, корига яраган ва шу билан бирга ҳалол ризқ топган мардикор афзалми ё қўл остидаги ходимларининг ҳақига кўз олайтириб, фарзандларининг ризқини қийган мансабдор кишими?..
Болалигимизда онам бир ривоятни такрор-такрор айтишни канда қилмасдилар. Ҳазрат Навоий бобомиз даврларида бир йигит бўлган экан. У ҳар куни тоғу тош, дала –даштлардан ўтин териб келиб, одамларга сотар, иссиқ кунларда мардикорчилик, ҳаммоллик қилиб кишиларнинг оғирини енгил қилар, кўпчиликка ёрдами тегар экан. Йигит ҳам бошқалар билан бирга жамоат билан намоз ўқиш учун масжидга чиқар экан. Айнан ўша йигит чиқадиган масжидга Навоий ҳазратлари ҳам намоз ўқир эканлар. Йигитни кўрганларида, Мир Алишер ундан аввал салом бериб, йигит билан қуюқ сўрашар эканлар. Бир куни йигит “Мен бир оддий ўтинчи, мардикор бўлсам. Нега ҳамиша Навоий мендан олдин салом берадилар, мен билан қуюқ сўрашадилар. Демак, менинг масжидга чиққаним учун, иймон-эътиқодли экан, деб ҳурмат қилар эканлар-да”, деб ўйлайди. Шу хаёл билан йигит аввалги ишларини ташлаб, масжиддан бир ҳужра олиб, куну тунини ибодат билан ўтказа бошлабди. Энди Навоий ҳазратлари йигитга эътибор бермайдиган, у салом берса, паст товушда алик олиб, юз буриб кетадиган бўлибдилар. Йигит бу ҳолдан ҳайрон бўлиб, бир куни намоздан сўнг Навоийга рўпара келиб, улардан нега унга муносабатлари ўзгарганини сўрабди.
-    Илгарилари сен одамларнинг корига ярардинг. Ўтин олиб келиб сотардинг, кишиларнинг юмушига ёрдам бериб, пешона теринг билан меҳнат қилиб ризқ топардинг. Ўшанда сени қаттиқ ҳурмат қилардим. Меҳнаткашлигинг, пешона теринг билан ризқ топишинг учун сени ҳурмат қилардим. Энди сен кишиларга фойданг тегадиган ишларингни ташлаб, масжидда умрингни ўтказяпсан. Қачон бирор одам битта-яримта кулча олиб келиб, масжидга эҳсон қиладию, қорнимни тўйдирар эканман, деб одамларнинг қўлига кўз тикиб ўтирган кишини қандай ҳурмат қилиш мумкин?- деб жавоб берган эканлар Алишер Навоий. Йигит ўша ондан хато ўйлаганини англаб, дарҳол аввалги касбу корига қайтибди.
Кишининг жамиятдаги мавқеини касбу корига боғлаш одати ҳам бизнинг халқимизга хос одатмикан, дейман. Эл севган қизиқчи, марҳум Ҳожибой Тожибоевнинг ўқитувчи ва тракторчилар ҳақидаги машҳур латифасини эсланг. Одамнинг касбига ишора қилиб, иззатини белгилаш мантиқ ўлчовларига мос келмайдиган жиҳати шундаки, нуфузли касб эгаси, ўзи ишининг устаси бўлган ҳар қандай киши ҳам инсоний фазилатларга эга бўлмаслиги мумкин. Ёки аксинча, оддий деҳқон, қурувчи, ёлланма ишчи бўла туриб, ҳақиқий комил инсонга хос фазилатлар соҳиби бўлиши мумкин. Бу борада доно элдан ошириб бир нарса айтмоқлик қийин:
“Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин”
Орамизда қўш-қўш дипломли, бойлиги беҳисоб, одамийлигини йўқотган одамсимонлар камми орамизда?!
Анча йиллар аввал телевизорда “Йиллар армони” деган кўрсатув бўларди. Намойишнинг бир сонида бир ижодкор чиқиб, йигит вафот этган укасини изтироб билан хотирлаганди. Кўрсатув қаҳрамони укаси пойтахтга уни истаб келганида, ака  жигарининг институтда ўқимаганидан, қишлоқда тегирмончилик қилишидан таниш-билишлари, ҳамкасблари олдида  уялганини, укасининг оддий кийим  - бошидан хижолат чекиб, уни қишлоққа қайтариб юборганини армон қилиб ўкинганди. Ўшанда кўрсатув қаҳрамонининг ғамгин ҳикоясидан қаттиқ таъсирлангандим.
 Дипломига, амалию лавозимига кибрланиб, ҳатто ўзини дунёга келтирган ота-онасидан ор қилганларни ҳам кўрганмиз. Ундайларни ким деб аташни билмайсан, киши...

    Меҳнат қилган қўл- тиламчи қўлдан афзалдир

дея марҳамат қилинган муборак Ҳадисда. “Тиламчи қўл” деганда фақат гадо, тиланчиларни тушуниш, бир ёқламалик бизнингча. Бу жумлани кишиларнинг мол-дунёсига кўз тикиб, бировлар ҳисобига тирикчилик қиладиган, қўл остида ишлайдиган кишиларнинг ҳақидан ҳазар қилмайдиган, бозорлару савдо расталарида тарозидан уриб қолиш пайида бўлганларни ҳам “тиламчи қўл”лар қаторига қўшсак, хато бўлмас. Нима ҳам дердик, ҳар кимнинг ўзига инсофу тавфиқ бўлсин. Кишини ҳақиқий ИНСОН бўлгани учун эъзозлаганга нима етсин? Ахир, мол-дунё, мансабу  мартабани Аллоҳ беради. Шундай экан, Буюк Зотнинг марҳаматига манманлик қилиш одам боласига қандай ярашсин?..
Сизда қандай мулоҳаза бор, азиз ўқувчи?

Умида АЗИЗ

Ҳозир сайтимизда 44 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ