1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

“Товламачига алдандим...”

- Алло, таҳририятми? - Йиғламсираган товушдан сергак тортиб жавоб бердим:
- Ҳа, сиз таҳририятга тушдингиз.
- Ҳалиги… Менга ёрдам бера оласизларми? Ҳозир жуда қийин аҳволда қолганман.
- Ўзингизни қўлга олиб, нима масалада ёрдам зарурлигини айтинг аввал.
- Мени алдаб кетишди, чув тушириб кетишди, - қўнғироқ қилиб тушган мухлисамиз энди бор овозда йиғлай бошлади. Унинг тинчланишини кутиб турдим. - Педколлежни тамомлаганимдан кейин олий таълим муассасаларида таҳсилни давом эттиришни мақсад қилгандим. Ота-онам оддий хизматчи, ортиқча даромадимиз йўқ. Шунинг учун уйдагилар бу йилча ҳужжат топширмай туришимни, ундан кўра бирор мактаб ё боғчага ишга кириб, оз-моз жамғарма тўплаб кейинги йили боришимни айтишди. Ўз сўзимда туриб олиб, Самарқанддан пойтахтга ҳужжат кўтариб келдим.
- Хўш?
- Олий ўқув юртига ҳужжат топширган абитуриентларга талабалар ётоқхонасидан жой берилар экан. Мен ҳам бир қашқадарёлик ва бир навоийлик қизлар билан бир хонага жойлашдим. Отам агар шу йили ўқишга киролмасам, келаси йил қўймаслигини уқтирганди. Шунинг учун кечаю кундуз қунт билан ўқишга, тайёрланишга киришдим. Хонадошларимдан қашқадарёлик қиз ҳам астойдил тайёрланар, бир дақиқа вақтини ҳам бўш ўтказмасликка интиларди. Фақат навоийлик қиз қўлига китоб ҳам олмас, ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа чопиб вақтини беҳудага ўтказиб юрарди.
- Ие, ғалати экан-ку? Тошкентга ўқишга кириш учун келган эканми ўзи?
- Ҳа. Аммо аллақаердаги “танка”ларига қаттиқ ишониб юборган эди. Биз дарс тайёрлаб ўтирганимизда, “Қўйинглар, барибир минг ўқиганингиз билан пули борлар ўқишга киради. Сизларнинг орқангизда ҳеч ким йўқми, киролмайсизлар”, дерди. Қисқаси шу гаплари билан у мени имтиҳон жараёни ва ўқишга билим билан киришдан тамоман совутиб юборди. Тайёрланиш ўрнига бирорта одам топиб сотка орқали тест жавобларини ечтириш кераклигини ёки шпаргалкалар сотиб олиб имтиҳонга кириш ҳақида гапиравериб тамоман иштиёғимни совутди. Унинг ҳар кунги “маслаҳат”ларига амал қилганча 31 августга ҳам етдик. Шу куни эрталабдан у йўқ бўлиб кетиб, тушга яқин кириб келди ва “Нозима, мен зўр бир “танка” топдим. Учта фандан ҳам шпаргалка қилиб бераркан. Фақат пулини олдиндан тўлашимиз керак”, деди. Ота-онам бир ойлик эҳтиёжларимга етадиган пул беришганди, холос. Қолаверса, улар ҳеч қачон пул билан мени ўқишга киритишга рози бўлишмасди. Ҳатто тўлов-шартнома асосида ҳам ўқитолмасликларини ҳужжат топширишимдан аввал қулоғимга қаттиқ қуйишган эди. Уйдан пул сўраёлмаслигимни эшитиб, хонадошимнинг ҳафсаласи пир бўлди. Шунда  кўзи зирагим ва узугимга тушди-ю тилла топиб олган одамдай суюниб кетди. “Ана қулоғингизда пул, бармоғингизда пул. Ҳозир тақинчоқларингизни Чорсуга олиб чиқамиз. Сотиб пулини ҳалиги одамга берамиз. Мен уйдан пул олиб келгандим, унга аллақачон бериб қўйганман. Шундай имкон борлигида тиллаларингизни сотиб бўлса ҳам ўқишга кириб олинг, кейин яна ўрнига сотиб оласиз-да” деб яна аллағаердаги стипендияларга ишора қилиб, мени бозорга олиб чиқди. Хуллас, тақинчоқларни сотдик. Мен ётоқхонага қайтдим, у ўша “ҳожатбарор”ининг олдига кетди.
— Оббо, ўзингиз ҳам жуда содда экансиз-ку. Пулни қўшқўллаб тутқазганингизни қаранг-а?!
— Э, гапирманг опа, яна ётоқхонага қайтиб бориб, ширин-ширин хаёллар суриб унинг қайтишини кутавериб ухлаб қолибман. Ҳалиги қашқадарёлик хонадошим бугун охирги кун бирга турибмиз, деб дастурхон тузаб, ош дамлабди. Кечга томон уйғонсам, навоийлик қиздан дарак йўқ. Шеригим билан уни  анчагача кутиб, охири ошни сузиб едик.  Шу туни кўзларимга уйқу келмади. Эртаси куни имтиҳонга қандай кирганимнию қандай чиққанимни билмайман. Қисқаси ўқишга киролмадим. Зирагим билан узугимни ота-онам ўн етти ёшга тўлишим муносабати билан совға қилишганди. Йил бўйи далада ишлаб, мол боғиб тирикчилик қиладиган одамлар учун бир миллион икки юз минг турадиган тақинчоққа етишиш осонми?
— Онангиз  тақинчоқларингизни сўрамадиларми?
— Сўрамай қўярмидилар, албатта сўрадилар. Опажон, фақат илтимос, нима деб жавоб бердинг, деб сўраманг. Мен уларни алдаб юрибман. Тақинчоқларимни ечиб қўйганман, ишга кирсам тақарман, деганман. Яқинда холам қиз узатяпти, биласиз, тўйда ҳамма борини кийиб, борини тақиб хурсандчилик қилади. Агар узук-зирагимни қўшқўллаб товламачига берганимни ота-онам эшитиб қолишса нима қиламан? - Қиз шундай деб йиғлаб юборди.
— Ўзингизни қўлга олинг, синглим. Бўлар иш бўпти. Энди йиғи билан муаммони ҳал қилолмайсиз. Қолаверса, ота-онангиздан гап яшириб юришингиз ҳам яхши эмас. Тўғри, бу қилган ишингизга “баракалла” дейишмайди, койишади, уришади, аммо сизни ташлаб қўйишмайди! Бундай ўзингизни ўзингиз сиғмай, ҳозироқ катталарга билдиринг. Балки улар билан бирга ўша қиз яшайдиган ҳудуднинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига мурожаат қилиш керакдир? Ахир сиз айтган нарсалар ҳазилакам пул эмас. Сизга маслаҳатим шу.
— Айтганингизни қилишга ҳаракат қиламан. Мени эшитганингиз учун сизга катта раҳмат.
—    Саломат бўлинг.

Рухшона ФАРРУХ суҳбатлашди

Ҳозир сайтимизда 205 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ