1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Жинсий яқинлик одоблари нималар?

Бир дўстимиз яқинда уйланмоқчи. Аммо у эр-хотин ўртасидаги жинсий яқинлик одобларини мутлақо билмаслигини айтиб қолди. Мен ҳам ҳали уйланмаганим учун унга жўяли маслаҳат беролмадим. Агар уят бўлмаса, шу ҳақда тушунтириш берсанглар.

ЖАВОБ: Ушбу саволга жавоб тарзида эр-хотин ўртасидаги жинсий яқинлик одобларини қисқача эслатиб ўтамиз.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз ўз аҳлига яқинлик қилишни ирода қилган пайтида: «Бисмиллаҳи. Эй бор Худоё, биздан шайтонни четда қилгин, шайтондан бизни ризқлантирган нарсангдан четда қилгин», деса, агар шунда уларга фарзанд бериладиган бўлса, унга шайтон абадий зарар етказа олмайди» (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термиизий, Насаий).
 Жуфти ҳалолига жинсий яқинлик қилаётган киши ушбу дуони ўқиши лозим. Ўшанда шайтоннинг шарридан покланган бўлади. Мабодо, ўша яқинликдан ораларида фарзанд пайдо бўлса ҳам, шайтон у болага ҳеч қачон зарар етказа олмайдиган бўлади.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яланғоч бўлишдан сақланинглар. Чунки сиз билан қазои ҳожат ва эр киши ўз аҳлига борган пайтдан бошқа вақтда ҳеч ажралмайдиган шахслар бўлади. Бас, улардан ҳаё қилинглар ва уларни икром этинглар», дедилар» (Термизий). Бу ривоятда фақат икки ҳолатдан бошқа пайтда одамдан ажралмайдиганлар, деб айтилаётган шахслар фаришталардир. Бу фаришталарнинг баъзилари кишини турли бало-офатлардан қўриқлаб турса, баъзилари қилган амалларини ёзиб туради. Шунинг учун ҳам мўмин-мусулмонлар ўша фаришталар риоясини қилиб туришлари керак. Шариат рухсат бермаган ҳолатларда ҳеч авратларини очмасликлари лозим. Токи фаришталарга озор бўлиб тушмасин.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Яҳудийлар: агар эркак хотинига орқа томондан олдига яқинлик қилса, бола ғилай бўлади, дер эди. Шунда «Аёлларингиз экинзорларингиздир. Бас, экинзорингизга хоҳлаган томонингиздан келинг», ояти нозил бўлди» (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий).
 Жинсий тарбия муҳим масалалардан бўлгани учун Аллоҳ таоло уни Қуръонда зикр қилган. Доим бўладиганидек, ўша пайтларда ҳам бу нозик ва ўта ҳассос масалада одамлар ичида бўлар-бўлмас гаплар чиқиб турар эди. Жумладан, аҳли китоб, маданият соҳиби саналган яҳудийлар ҳам турли дийдиёларни тарқатиб турар эди. Улар: агар эр хотинининг олдига орқа тарафидан туриб яқинлик қилса, боласи ғилай туғилади, деган гапни тарқатган эди. Аллоҳ таоло юқорида зикр этилган оятни нозил қилиб, уларнинг гаплари ботил эканини баён этди. Қайси томонидан бўлса ҳам экин–бола бўладиган жойга бўлса бўлди. Боланинг қандоқ бўлишига яқинлик қилиш ҳолати сабаб бўлмайди.
 “Сунан” эгалари ривоятида: «Ким аёл кишининг орқасига яқинлик қилса, малъундир» дейилган. Ўз хотининг олдини қўйиб, орқасига яқинлик қилиш катта гуноҳдир. Бундай одам Аллоҳ таолонинг лаънатига учрайди. Чунки бу шаръан ҳаром қилинган ишдир. Шариатда ҳаром қилинган ишни қилган одам эса, лаънатга учрайди, Аллоҳнинг раҳматидан қувилади.
Али ибн Толқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир аъробий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, биздан бир киши очиқ жойда бўлади. Ундан ҳид чиқади. Сув оз бўлади», деди. «Бирортангиз ҳид чиқарганида таҳорат қилсин, аёлларнинг орқаларига яқинлик қилманглар! Албатта, Аллоҳ ҳақдин ҳаё қилмас», дедилар».
Аъробийлар саҳро табиатли бўлгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нима тўғри келса тортинмай сўрашаверар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан доимо бирга бўладиган саҳобийлар ҳам аъробийлар келиб, бирор нарса сўрашса эди, биз ҳам фойдаланиб қолар эдик, деб туришар эди.
Мана, бир аъробий келиб, аъробийчасига савол сўради. Унинг саволи ҳид чиқарган одам таҳорат қилмай қўяверса бўлавермайдими, деган маънода эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳид чиқарган одам таҳорат қилиши шарт эканлигини таъкидлаш билан бирга, бошқа бир муҳим масалани ҳам айтиб ўтдилар. У ҳам бўлса аёл кишининг орқасига яқинлик қилмаслик. Бу муҳим масала, буни эркагу аёл, ҳар бир шахс билмоғи керак. Чунки, бу ҳалол-ҳаромга, гуноҳга тегишли масала. Буни уят гап, деб айтмай кетадиган масала эмас. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур гапни айтганларидан кейин: “албатта, Аллоҳ ҳақдин ҳаё қилмас”, деб илова қилиб қўйдилар.
Худди шу маъно тилимизга «Шариатда шарм йўқ» деб таржима қилинган. Ҳалол-ҳаром, гуноҳ-савобга боғлиқ бўлгани учун баъзи оддий ҳолатларда уятли ҳисобланган гапларни ҳам гапиришга тўғри келиши шундай изоҳланади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эркак ёки аёл кишининг орқасига яқинлик қилган кишига Аллоҳ назар қилмас», дедилар» (Термизий ва Аҳмад).
Ушбу ривоятда зикр қилинган иш энг мункар (қабиҳ) ишлардан экани, уни инсонлик табиатидан чиқиб кетган малъунларгина қилиши мумкинлиги ҳаммага маълум ва машҳур (Аллоҳ билувчидир).