1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Эркам, бугун сен туғилган кун!

Эрка ўғил ёки эрка қизингизнинг туғилган кунини ўтказиб бераётган ота-оналарга туғилган кунни қандай ўтказиш кераклиги ҳақида бир-иккита ўта муҳим маслаҳатлар бериб ўтамиз. Фараз қилинг, қизингиз 16 ёшга кирди ва Сиз унинг туғилган кунини нишонлаш учун астойдил тайёргарлик кўргансиз. Энг аввало ҳар хил ичимликлар, торт ва унга қўшиб 16 дона шам олишни ҳам унутмадингизми? Хуллас, барча керакли бозор-ўчарни қилиб бўлгансиз. Туғилган кунни нишонлаш учун ҳамма нарса тахт. Йўқ бироз шошманг, қизингизнинг яхши кўрган йигитини таклиф қилишни унутмадингизми? Ахир туғилган кун нишонланаётган оқшомда қизингиз, барча йиғилган меҳмонларга ўзининг бўлажак турмуш ўртоғини таништириши лозим. Сўнг торт устидаги ёқилган 16 дона шамни, тилакларини ният қилган ҳолда пуфлаб ўчириши ва биринчи торт бўлагини севган йигитига бериши керак.
Албатта, бизнинг бу «маслаҳатларимиз»дан тепа сочингиз тикка бўлгандир?! Бу нима деганинг, бир иккита чет эл фильмларидаги туғилган кун маросимларини кўриб олиб, ўзбекчиликка тўғри келмайдиган урфлар билан бошимизни қотирма, деяётган бўлсангиз, ажаб эмас. Ҳа, тўғри айтасиз, бу урф-одатлар нафақат ўзбекчиликка, балки мусулмончиликка ҳам зид нарсалар. Сиз ўша ўзингизча йилда бир марта туғилган кунни фақат торт олиб келиб, туғилган кун эгасига яхши тилаклар билдириб нишонлашни тўғри деб биласизми? Бу ўзбекчилигимизга, мусулмончилигимизга тўғри келадими?
"Энди сиз фараз қилинг, бир танишингиз Сизга бир кўйлак учун андоза берди ва худди шу андозада кўрсатилганидек қилиб бичиб-тикинг, деди. Сиз эса ўша андозанинг айрим қисмларини, дейлик, ёқасини ёки енгини олиб ташлаб, бичиб-тикдингиз. Ҳалиги танишингиз буни кўриб, ҳой биродар, бу нима қилганингиз, андоза олсангиз ҳаммасини охиригача олмайсизми, ишни чала қилибсиз-ку, дейиши турган гап. Ҳа, энди сиз ҳам туғилган кунни нишонлаш андозасини олганингиздан кейин охиригача олингдаШ Бизнинг мақсадимиз ҳозир туғилган кунни қандай ўтказиш ҳақида маслаҳат бериш эмас, балки ота-боболаримизнинг муқаддас йўлларига биноан «туғилган кун», («юбилей») каби бирон бир кунни муқаддаслаштириш мавзуси ҳақида фикрлашмоқчимиз.
Бунга энг ёрқин мисолни инсониятнинг энг афзал кишиси бўлган Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратларини ўрганиш орқали тушунтирган бўламиз. Пайғамбаримизнинг таваллуд топган кунлари тарихчилар ўртасида мунозарали мавзулардан бири. Баъзилар 569 ва 577 йилни кўрсатишса, бошқалар 571 йилни пайғамбаримизнинг туғилган йиллари деб исботлашга уринишади.
Мисрлик фалакиёт олими Маҳмуд Фалакий Расули Акрамнинг туғилган йиллари ҳақида шундай дейди: «Бухорийнинг маълумот беришича, ҳижратнинг 10-санаси Ҳазрати Пайгамбарнинг (с.а.в) кичик ўғиллари Иброҳим вафот қилган ва ўша куни қуёш тутилган эди. У пайтда Расули Акрам 63 ёшда бўлганлар. 10-ҳижрий йилда содир бўлган бу Қуёш тутилиши ҳодисаси милоднинг 632 йил январ ойининг 7-кунига тўгри келяпти. Ана шу сана асосида Расули Акрамнинг қамарий ҳисоб, бўйича 63 йил ҳаётлари орқага қараб ҳисобланадиган бўлса, туғилган йиллари 571 йилнинг 13 апрели - рабиул аввалнинг биринчи куни бўлади».
«Риёзул-Мухтор» номли асарнинг муаллифи Ғози Аҳмад Мухтор Маҳмуд Фалакийнинг фикрларига бундай изоҳ беради: «Юпитер буржи билан Сатурн буржи 571 йилнинг 30 мартида Чаён буржида йиғилган, Расули Акрам ҳам ўша йили таваллуд топганлар. Вироқ 13 апрел якшанба кунга тўғри келади. Рабиул аввалнинг биринчи ярмидаги якшанбалар эса, 2 ва 9 рабиул аввал кунларидир».
Аҳмад Розий шундай хулосага келади: Айтилган ривоятларнинг энг тўғриси - Пайғамбаримизнинг Рабиул аввал ойининг 12-кечаси дунёга келганларини билдирувчи ривоятдир. Ислом дунёси бу ривоятни қабул қилган, Усмонийлар халифалари томонидан бу кечани муборак «Мавлуди Набий» кечаси сифатида қутланиши буюрилган (Шу билан бирга, 12 рабиул аввалнинг душанба кунига тўғри келмаганлигини ҳам унутмаслик керак).
Биз бу ҳолатларни, тафовутларни нима учун келтиряпмиз? Мақсадимиз шуки, ингилиз олими Жон Девенпорт: «Машҳур пайғамбарлар ва фотиҳлар ичида тарихий ҳаёти Ҳазрати Муҳаммаднинг тарихидек энг кўп ва ҳамма нуқталаригача батафсил ўрганилган шахс йўқдир» деб, Пайғамбаримиз с.а.в.га нисбатан баҳо берган. Агар башариятнинг саййиди бўлган зотнинг туғилган кунларини аниқлаш жуда ҳам муҳим бўлганида, умуман инсонларга туғилган кун деган тушунчани тақдим этиш лозим бўлганида, шак-шубҳасиз, «тарихи беназир суратда ўрганилган» зотнинг туғилган куни ихтилофли бўлмасди.
Ахир пайғамбаримиз даврларида бу муҳим ва қимматли ҳодиса бутун тафсилотлари билан, аниқ-тиниқ ёзилиши мумкин эди-ку. Пайғамбаримизнинг ҳаётларини энг нозик нуқталаригача ҳассослик билан кузатиб борган асҳоби киром учун бундан осон иш йўқ эди. Шундай экан, бу оддийгина иш нимага амалга оширилмади?
Ҳазрати Пайғамбаримиз туғлган йили, ой, кун ҳақидаги бу ихтилофларнинг ҳикматини англамоқ учун Исломнинг руҳига кириб бориш, уни яхши тушуниш лозим. Мусулмончиликда Қудсият фақатгина бир борлиқ устига тўпланган. У ҳам бўлса, Аллоҳ таолодир. Бошқа ҳеч бир борлиққа Қудсият бериш жоиз эмас. Шунинг учун бирон кун, бирор одам ёхуд хотирани муқаддаслаштириш бутга сиғинишнинг бир кўринишидир. Ислом эса, бутпарастликнинг азалий ва қатъий душманидир.
Шу сабабдан, Саодат асри мусулмонлари биз муборак деб билган кунлардан бирортасини ҳисоб-китоб қилмадилар, бунга кўп аҳамият бермадилар ҳам. Улар бу муборак кунлар хаёлларини чалғитиб ёки маълум бир вақтга боғлаб қўйишини хоҳламадилар. Бу нуқтани тушунмаганлар кун, йил, соат устида баҳс юритиб, тушунмовчиликларни ўртага чиқишига сабабчи бўлдилар. Баҳс-мунозаранинг ичидан чиқолмай қолдилар. Ҳақиқатан эса, мусулмоннинг «муборак кунлар» деган бир тушунчани тан олмаслиги унинг иймони баққувват эканлигидан далолат беради.
Чунки мусулмон учун муборак бўлмаган бирор кун ва бирор соат йўқ. Ҳар кунини, ҳар соатини мусулмончасига, Ҳазрати Пайғамбаримиз айтганларидек ва истаганларидек ўтказган инсон орзу қилган савоб-барокатни топади. Бинобарин ўша кун, ўша соат унинг учун қадрли, муборакдир.
Сўнгги йилларда мусулмонлар вақтларини илоҳий ҳаёт тарзини бир қанча одатларга боғлаб, ҳақиқий исломий ҳаёт тартибини эмас, қандайдир урф-одат ва маросимларни тирилтиришга сарф қилмоқдалар.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, кўр-кўрона тақлидчилик ҳаёт тарзини тўхтатайлик. Чунки Пайғамбаримиз с.а.в. «Ким ўзини қайси қавмга ўхшатса қиёмат куни ўша қаем қаторида тирилтирилади», деб марҳамат қилганлар. Энди ўзингиз ўйланг, бу дунёда мусулмонман деб яшасаю, қиёмат кунига бориб осий қавмлар қаторида тирилса, бунданда бадбахтлик, бунданда шармандалик бўлмаса керак.

МУРОДЖОН АБДУЛҲАМИДОВ

Чўнтаклар қалай, куёвбола?

Айни пайтда пойтахтда қурилиши давом этаётган, ҳали битмаган бир нечта тўйхонани топиш мумкин экан, демакки уларнинг сони келажакда янада кўпаяди.

Эътиборингизга баъзи тўйхоналардаги бир киши учун белгиланган нархларни ҳавола этамиз: «Эсидиёр» тўйхонаси - 16.000 сўм, «Осиё» - 16.000, «Хувайдо» - 15.000, «Наврўз»ресторани-15.000 сўм, «Ўзбекистон» меҳмонхонаси - 18 доллар, «Дедеман» отели -21 доллар. Шу рўйхат ҳозирча етади, чунки бошқалари ҳам, албатта, шунга яқин бўлади.
Тўйга ўртача 200 киши ташриф буюришини ҳисобга олсак, уни ўтказадиган жойнинг ўзига 3 миллион сўмдан ошиқроқ пул сарфлайсиз. Агар сифатлироқ ресторан танланадиган бўлса, у ҳолда 5 миллионча тайёрлаб қўяверинг!
Демак, биринчиси кетди. Назаримда, энг асосий бош оғриғи -жой масаласидан қутулиб олгандекмиз.
Майли, бўлақолсин, биронта ижарага бериб қўйган эскироқ "Тико"ингиз бўлса, ўшани сотиб юборасиз-да, бу ҳаражатдан бир зумда қутуласиз.
И-я, тўйхона ҳал бўлгани билан, бу ҳали ҳолваси экан-ку! Буёқда ҳали а-анча сарф борга ўхшайди...

«Хизматдагилар»

Энди даврада «хизмат қиладиганлар» ҳақида. Чунки ҳеч нарсасиз ўтса ўтадики, уларсиз ўтмайди «тўй жаноблари».
Санъаткорларнинг нархларини кўпчилигимиз тахминан биламиз. Оддийроқ ҳофизлар 100 дан бошлаб 500 гача. Таниқлироқ қўшиқчилар 1000 доллардан арзонига ўзларини «уринтириб» қўйишмайди. Анча машҳурларининг нархлари икки-уч минг ва ундан ҳам юқори. Энди-и... у ёғи сизга боғлиқ.
Айтганча, ўртани олиб борувчилар бироз камтарроқ. Улар 100-300 ораси-да «юришади».

«Мегсеdеs», Лимузин ва бошқалар

Айтганча, «рўйхат»га автоколоннани киритиб қўйиш эсингиздан чиқмасин. Ахир, энг яхши лимузинлардан бўлса қандай яхши!
Демак, машиналар нархлари: Лимузин роса «кетворган» бўлса - 500-700 доллар, оддийроқларини майли 300 га ҳам топса бўлади. «Мерседес»пар тахминан 50-150 орасида. Нархлар машиналарнинг қанча вақт олиб юришига, уларнинг ранги, ҳолати ва бошқа томонларига боғлиқ.
Бир ерда эшитиб қолдим, баъзи жойларда отли кареталар қилиш ҳам урфга кириб бормоқда экан. Шахсан ўзим кўрганим йўқ-ку, лекин бор дейишди.

Келинга либослар

Келинга олиб берилиши керак бўлган айрим нарсаларнинг пулини ўрганиб чиқдим:
Пальто 150 доллардан у ёғи, лекин айтишларича, ҳозир ишни «200» бериб ҳал қиласиз. Этик ва туфли учун яна 100 доллар билан қутулса бўлади. Ҳа, айтганча, кўйлак учун яна 150 атаб юборасизлар, энди, куёв-тўралар!

Қалин пули

Агар таъбир жоиз бўлса, аслида берилиши лозим бўлган ягона нарса ҳам қалин пули. Чунки бизнинг аҳкомларда келин учун маҳр беришгина бор. Қалин пули айнан ўша маҳрга тўғри келишини ҳисобга олсак, уни танқид қилиш инсофдан эмас. Чунки, у ҳақиқатанда келиннинг ҳаққидир. Лекин ҳозирда бу нарсани ҳам бироз ошириб юборишибди. Айтишларича, «200» беришаётган экан. Агар куёв тўранинг топиши яхши бўлса, у ҳолда 500 мингни яхлит қилиб олиб бориб берилган маъқул дейишди. Ҳар ҳолда ишлатишга осон. Яна ким билади, дейсиз...

Тортлар

Охирги пайтларда «супер» дизайндаги тортлар пайдо бўлган. Жуда бежирим ва маҳобатли. Тўй айни қизғин паллага кириб бораётганда, уни келин-куёв рўпарасига олиб кириб қўйиш қандай завқли! Шундай экан, тортга ҳам «заказ» берақоламиз! Нархлар билан танишиб олинг:
«Уч этаж»ли тортлар—50-100 оралиғида, лекин ундан ҳам зўрлари бор. Агар хоҳласангиз 200 ва ундан қимматроқ — айнан шунга ярашадиган сифатда тайёрлаб беришади. Бундай тортларнинг оғирлиги ҳам нақд 40-50 килограмм чиқади.
«Шампанский» эсдан чиқмасин!
«Формула-1» пойгаларида ғолибчиққанлар бир-бирларига шампан виноси сочишади. Айни пайтда тўйларимиз ҳам шусиз ўтмайдиган бўлиб қолди. Шундай экан, уни ҳам қўшиб қўямиз-да!
Демак... шу десаларинг шампан виноси пирамидасини бемалол 150-300 доллар оралиғидаги нархларда топса бўлади. Унинг нархи ҳам худди Лимузин каби узун-калталигига боғлиқ.

Таклифнома

«Кичкина деманг бизни...» деган мақолни эшитганмисиз? Таклифнома олиш ҳам кичкина бир юмушга ўхшаб кўринса-да, анчагина пулингизни шилади.
Таклифномаларнинг нархи турига, сифатига ва дизайнига қараб —150 сўмдан бошланиб то 15 минг сўмгача. Ҳа, ажабланманг, бир донасининг нархи шунча пул турадиганлари ҳам бор. Битта тўйга, масалан, 4 хилидан буюртма берсангиз, балки озмунча пулингизни тежаб қоларсиз (катталарга, аёлларга, келиннинг дугоналарига, дегандек). Лекин шуниси аниқки, у ҳолатда ҳам таклифномаларга 50-60 мингдан кам кетмаслиги аниқ. Айни пайтда биргина таклифноманинг ўзи учун 100 доллар кетказиш нормал ҳол сифатида қабул қилинмоқда экан.

Камера ва фото

Бу - керак! Ахир бугунги тўйларни камера ва фотосиз тасаввур этиб бўлармиди? Уларнинг нархлари 50 дан бошланади, энг яхшилари 1000-1500 атрофида ҳам ишлашади.
«Нега ахир, шунчалик қиммат бўлган видеотасвирчилар ҳам борми?», дерсиз. Албатта, бор. Улар шундай бир ускуналари, масалан - кранлар билан ташриф буюришади. Худди футбол трансляциясида камера дарвоза устида айлангани каби, оператор одамларни юқоридан тасвирга туширади.
Ахир, қиммат бўлса ҳам арзийди-да, ё нотўғри гапирдимми?

Шар ва Гуллар

Келин-куёв ўтирадиган столни шар ва гуллар билан безаш бугунги кунда энг асосий эътиборга тушадиган жиҳатлардан бири бўлиб қолди. Албатта, тўйни ўтказаётган оила учун. Бу борада ҳам нархлар анча «камтар» — сифатига қараб 150 доллардан 400 гача. Аммо шарлар ва гуллар бутун зални қамраб олишини мақсад қилган бўлсангиз, бу ҳақда бироз ўйлаб кўринг - нархлар 300 дан то 700 гача бўлади.

Ёритгичлар билан ишлаш

Э-э-энди буёғи телевидение бўлиб кетди. Лекин начора, охирги пайтларда бу соҳа ҳам тўйларни забт эта бошлади. Турли рангдаги нурлар эффекти тўйингизни худди катта саҳналардаги каби безаб берар экан, нега ундан фойдаланмаслик керак? Эффект билан ишлайдиганларнинг таклиф қилаётганлари ҳам чакки эмас: 200 дан бошланиб то 1500 гача бўлган нархларда.

Вальс

Кулманг! Бугунги тўйларда маросим айни авжига чиққанида,келин-куёв ҳамманинг кўз ўнгида вальс тушиши одатга айланди. Бунинг нимаси харажат дерсиз — вальсга тайёрланиш керакми? Бўлажак келин-куёв тўй куни уялиб қолмаслик учун камида бир ҳафта вальс курсларига қатнаши керак. Курсларга эса куёв пул тўлайди — ўртача доллар.

Тўйдан кейинги саёҳат

Айни пайтда худди чет элдаги каби, бизда ҳам амалга кириб бораётган одат. Энди баъзи-баъзи оилаларда бошланмоқда. Бунинг учун киши бошига ўртача 1000 доллар пул кетади. Сиз танлаган қиз «Тўйдан кейин саёҳат учун қайси мамлакатга йўл оламиз?», деб қолса, асло ажабланманг. Чунки бундай ҳодиса орасирада бўлса-да, кузатилмоқда. Шундай экан, айнан шунақа ойимчалар нега энди сизга учрамаслиги керак? Ҳа, эҳтиёт бўлишга тўғри келади!

Хў-ўш, яна нима қолди?

Ҳар ҳолда сарфларнинг кўпи кетиб ози қолди. Агар биз янглишиб, нимадир унутган бўлсак, маъзур тутинг, уни ўзингиз умумий сарфга қўшиб қўярсиз...
Демак, ҳисоблаб чиқишимизча, Тошкентда оддийроқ тўйларга ҳозир-да 4-5 минг доллар кетмоқда. Мундоғроқлари 10 минг бўлса, яхши тўйларга 20 мингни беҳижолат сарфлаб юборишаётир.
Ана сизга бугуннинг нархлари!

Бекзод Ахмаджанов
2011-2013 йиллар

Бахтнинг баҳоси қанча?

Яқинда Тошкентнинг Чорсу майдонида нохуш бир манзаранинг гувоҳи бўлдим. Чиройли кийинган ёшгина эр-хотин жанжаллашишмоқда: эри икки ёшча ўғлини кўтариб олган. Хотини овозининг борича эрга бақиряпти: «Олиб берасан дедимми, олиб берасан! Чидамасанг, уйланишни сенга ким қўювди! Қачон бирор нарса обер деса, ўпкангни кўрсатасан». Эр бечора хижолат бўлганидан қип-қизариб нуқул атрофига аланглайди. Овозини пастлатиб хотинига ялинади: «Хўп дедим-ку, бўлди, одамлар нима деб ўйлайди». «Одамлар билан нима ишим бор, нервимни ўйнамай бошда рози бўлсанг ўлармидинг». 

Гапнинг рости, бу эр-хотиннинг муомаласидан ҳайронликда қолдим. Шу гаплар аёл кишининг, ўзбек аёлининг тилидан чиқяптими? Эрини сансираган, ҳақорат қилаётган бу аёл ўз жинсини, миллатини, динини унутиб қўймаганмикин? Олдирмоқчи бўлган нарсаси эҳтимол бирор кўйлакдир, балки тилла тақинчоқдир? Эрга шу йўл билан ҳукмини ўтказаётган аёлдан кейинчалик яхшилик чиқармикин, у садоқатли, вафоли ёр бўла олармикин? Билмадим…
Тадқиқотчиларнинг ҳисоб-китобларига қараганда оиладаги ғишавалар, уриш-жанжаллар ва келишмовчиликларнинг 56 фоизига молпарастлик, нафсни жиловлай олмаслик, оила бюджетини режалай олмаслик сабаб бўлар экан. Ўзингиз ўйлаб кўринг: яқиндагина турмушни бошлаган ҳар қандай йигитнинг бошда қўли калталик қилади (ота-онаси бадавлат куёвлар бундан мустасно). Чунки куёвбола ўқишни янги битирган ёки ҳали бирор ишни бошлаб улгурмаган. Бахтидан сармаст йигитни тўй ўтиши биланоқ «уни обер, буни обер» деган илтимослар билан боши берк кўчага тиқиш инсофдан ҳам, одобдан ҳам эмас.
Ҳамма нарсанинг вақти-соати бор. Ҳали эрингиз катта мол-дунё ҳам топади, ҳеч ким киймаган кийимларни ҳам олиб беради. Бошқа нарсаларга ҳам эришасиз. Фақат шошилманг. Инннайкейин, турмуш дегани фақат яхши ейиш ёки яхши кийинишдан иборат эмас. Қотган нон ва сув билан, эски кийимда ҳам чин инсоний бахт-саодатга эришиш мумкин. Ҳаёт сўқмоқларининг бошланишидаёқ талабни катта қўйиб, эрингизнинг муҳаббатидан, меҳридан, садоқатидан маҳрум бўлиб қолманг.
Ҳасан Басрий бундай деган: «Хотинининг нафсоний орзуларига бўйсунган ҳар бир эркакни Аллоҳ жаҳаннам оташига отмай қўймайди». Абулқосим Замахшарий эса: «Хотин зоти агар қалбинг улар ишқига гирифтор бўлганини сезса, бурнингни тупроққа ишқайди», деган.
Тўйдан кейин уч ой ўтмаёқ ёш оилада жанжал: келинбола  юз минг маош оладиган эрига уч юз минг сўмлик тақинчоқни олиб берасан, деб оёқ тираб туриб олган. Йигит шўрликнинг боши қотган: уч ойлик маошини тийин-тийинигача хотинига сарфлаб юборса, кейин нима билан тирикчилик қилишади? Бу ёқда уйнинг қанча чиқимини тўлаш керак, йўлкира, тушлик нима бўлади?
Шунда ноилож қолган эр хотинига ялинади: «сабр қилгин, ҳали бойиб кетсак, айтганингни муҳаё қиламан…» У кўнмайди: «Демак, мени севмас экансиз-да, ўша ордона тақинчоқчалик ҳам қадрим йўқ экан-да!». Йиғи-сиғи, оҳ-вой… Қани, унинг далилларига жавоб топиб бўлса, унга тушунтиришнинг имкони топилса! Ўйламай қилинган ана шундай эркалик ва хираликлар, ўз сўзини ўтказишлар оила бахтига раҳна солади, ҳар қандай эркакни хотинидан бездиради, бахт-саодатнинг «уйини куйдиради».
Жуда кўп оилалардаги ихтилоф ва жанжалларни таҳлил қилсангиз, аксариятида ёш келин эрнинг молиявий имкониятларини ҳисобга (ёки тан) олмай бозор буюравериши эрларнинг руҳиятига ёмон таъсир қилгани, уларнинг ўзига бўлган ишончини сўндиргани, бора-бора ҳаётдан бездириб қўйгани маълум бўлади. Кечагина турмуш қурган йигит дарров барча кам-кўстларни бирданига муҳайё қила олмайди ҳам.
Лекин баъзи келинларимиз учун бунинг тариқча аҳамияти йўқ: «эркакми, дарров уй қурсин ёки сотиб олсин, уни гилам, мебел билан жиҳозласин, музхона, телевизор, чангютгич, кир ювиш машинасини муҳайё қилиб қўйсин, буларга қаердан ва қандай қилиб пул топади, бу билан менинг ишим йўқ».
Ана шундай «ултиматум» қаршисида қолган эр шўрлик қандай йўл тутади? Хотинига ётиғи билан аҳволини тушунтиришга ҳаракат қилади. Айтганларининг ҳаммасини аста-аста олиб беришга ваъдалар беради. Бунга кўнмаса, овози баландлай бошлайди: «Пулим бўлмаса нима қилай, ҳали тўйимиздаги қарзларни узиб тугатганим йўқ, банкка ўғирликка тушайми, тупроққа ўт қўяйми, ахир сабр қилишни ҳам биласанми, э, ўргилдим бунақа ҳаётдан ҳам!». У ушбу фарёди билан ҳам хотинига таъсирини ўтказолмаса, унда масалани янада кскинлаштиради: «Чидасанг, шу, чидамасанг, ана катта кўча!».
Оқила ва доно келинлар аввало вазиятни бунчалик кескин тус олишигача олиб келишмайди. Бордию шундай бўлиб қолса, дарров муроса йўлига ўтишади: «Вой хўжайин-эй, шунга ҳам жаҳлингиз чиқдими, мен шунчаки зарур нарсаларни айтиб, эсингизга солиб қўймоқчи эдим, қачон пул топилса олиб бераверасиз». Бефаросат ва ақлсиз келинларни эса эрининг овози кўтарилгани ҳам сескантирмайди. Аксинча уларга худди шу етмай турувди. Эрнинг тилини қисиш, «гаҳ» деганда «қўлга қўнадиган қилиб олиш» учун жанжал чиқаришга худди ҳозиргидай баҳона-сабаб керак эди. «Чидамайман, бунақа қурумсоқ эрдан ўлиб бўлдим, ҳозироқ талоғимни берасан, уйимизга кетаман».
Воқеанинг давоми одатда бир хил кечади: келин уйига кетиб қолади. Ўртада гап-сўзлар, таъна-маломатлар роса қайнайди. Икки томондан ҳам ҳаловат ва ором кетади. Маҳалла, катталар аралашиб, муросага келтириш йўлларини излайди. Ёки икки ёшни яраштириб қўйишади, ёки иш судга ошиб ажрашиб кетишади. Арзимаган матоҳдан бошланган ғишава ана шундай аянчли – икки ёш бахтининг, ширин турмушининг заволи билан якун топади.
Кўпинча ёшлар у ёқда қолиб, катталар, «минг йиллик муносабатлар ўрнатишга» аҳд-паймон қилган қудалар ўртасида ҳам мол-дунёга ўчлик туфайли келишмовчиликлар, машмашалар чиқиб туради. «Мебелнинг нави пастини жўнатибди, ЗАГСга бориш учун келинга лимузин юбормабди, мен буни қилувдим, у эса қилмабди» каби гап-сўзлар жуда кўп кишиларнинг дилини хуфтон қилаётгани ҳам бор нарса.
Биз келин-куёвнинг янги рўзғорини тиклаб олиш учун зарур бўлган бир-икки сидирға кийим-кечак, энг керакли уй жиҳозлари, рўзғор буюмлари ҳақида сўз юритаётганимиз йўқ. Бу ишда «мен сендан ўтаман» қабилида исрофгарчиликка йўл қўйиш, керак-нокерак, ортиқча буюмларни сотиб олиш учун кўп вақт оилани ҳамма нарсадан қантариш, номчиқарга, дабдабабозликка интилиш мақбул эмаслигини айтмоқчимиз.
Ваҳоланки, ана шу қўша-қўша анжом-буюмлар ҳеч қачон қизингизни ёки ўғлингизни бахтли қилолмайди. Оилада пайдо бўладиган келишмовчилик, ихтилофларнинг олдини ололмайди. Аксинча, мол-давлат кўпинча ёшлар орасини бузади, кўнгилсизликларни келтириб чиқаради. Кўпинча бу каби бемаъни даъволар ҳатто тўй бошланмасдан туриб бир қанча кўнгилхираликларга, қудаларнинг ёвлашиб қолишига, энг ачинарлиси тўйлар бузилиб, икки ёшнинг бахт-иқболига зомин бўлганига нима дейсиз?! Ахир келин-куёвнинг аҳиллиги, бир-бирига муҳаббати, оқибати қайси замонда, қайси юртда мол-мулк, бойликка боғлиқ бўлган? 
Айниқса, ҳозирги бозор шароитида молпарастлик, бойликка ружу қўйиш, кимўзарга дунёсини кўз-кўз қилиш халқимизга қимматга тушяпти. Қанча оилалар арзимас матоҳлар деб бошланган жанжаллардан пароканда бўляпти. Қанча келинларимиз бошида маломат ва зулм қамчилари ўйнаяпти. Қанчалаб ота-оналарнинг бир маромдаги ҳаётлари издан чиқяпти, куёвларнинг дунёсини қоронғу қиляпти. Наҳот ана шундай кулфатларга сабаб бўлувчи молпарастлик балосидан қутилиш, ахлоқий талабларга кўра ҳар ишда қаноатли, камтар бўлиш шунчалик мушкул иш бўлса?!
Илгари ота-оналар янги турмуш қурган фарзандларининг рўзғорини ажратишар экан, бир сидра уй-рўзғор анжом-асбоблари, ун, гурунч, ёғ каби масаллиқлар билан таъминлашган. Шу тариқа ёш оила ўзини тиклаб олган, сармоясига барака кирган.
Ҳозирда-чи? Ота-оналар болаларига қимматбаҳо мебеллар, ҳатто машиналар совға қилишяпти, шоҳона уйлар қуриб беришяпти. Аммо рўзғор тебратиш, маблағни тасарруф этиш, қизларга уй тутиш, овқат пишириш, нон ёпиш, бичиш-тикиш каби энг зарур юмушларни ўргатишмаяпти. Оқибатда ёшлар турмушнинг арзимас муаммолари олдида довдираб, сан-манга боришяпти, ҳатто ажралиб кетишяпти.
Ҳайит, байрамлар арафасида қуданикига «ҳайит йўқлов» жўнатишдаги исрофлар, кимўзарга беллашувлар, бир-бирига солиштириб кўриб чиқаётган ғавғо-дилхираликлар, «қизим тинч ўтирса бўлди», деб бор-будини совуриб, қарзларга ботиб қилинган маросимлар қизга ҳеч қачон бахт келтирмаслигига тушуниб етиш ва булардан воз кечиш пайти келмадимикан?
Рўзғорда ҳисоб-китоб билан иш тутилмаса, пулни келишига қараб харжланмаса, тез орада муроса бузилади. Икки севишган, бир-бирини еру кўкка ишонмай юрган ёшнинг аҳиллигига путур етиб, оиладан барака кетади. Турмушдаги етишмовчиликлар ва нотўғри сарфиётлар бора-бора уларни қийинчиликка солиб, ҳаётларидан файзни йўқотади.
Арабларнинг «Агар фақирлик эшикдан кириб келса, муҳаббат деразадан чиқиб кетади» деган ҳикмати бор. Рўзғордаги тангчилик, етишмовчилик икки ёшнинг муҳаббатини синовдан ўтказади, кўпгина можароларнинг бош «айбдори»га айланади.
Кўпинча янги турмуш қурган келин-куёвлар тиним билмай ишлаганига қарамай, ҳеч рўзғорга пул етказа олишмайди. Доим қарзга ботиб юришади. Каттагина маош олишларига қарамай, ҳамиша пул йўқлигидан шикоятлар… Чунки уларнинг иккови ҳам рўзғор тутишни билмайди, бу борада исрофга йўл қўяди. Масалан, аёли мода кетидан қувиб, ҳар ойда янги кўйлак тиктирмаса, кўнгли ўрнига тушмайди. Уйда овқат тайёрлаш ўрнига эриниб, ресторанга бориб қўяқолишади. Жамоат транспорти турганида икки қадам жойга ҳам такси ёллашади. Ваннахонадаги, ошхонадаги чироқлар зарурат бўлмаса ҳам ёқилганича қолаверади.
Бунақада ҳеч қачон уларнинг бири икки бўлмайди, ҳаётларига барака кирмайди, пул жанжалини қилишдан тўхташмайди. «Ҳисобини билмаган ҳамёнидан айрилур», дейди халқимиз. Агар оила бюджети ақл билан, ҳисоб-китоб қилиб ишлатилмаса, йўқчиликка, етишмовчиликка тайёрланаверинг. Қаерда ҳамма нарса тежаб-тергаб ишлатилса, топилган пул расамади билан харжланса, ўша ерда ҳеч қачон «молиявий  инқироз» юзага келмайди.
Исрофгарлик манаман деган тўқ оилани ҳам хароб қиладиган, синдирадиган ёмон иллатлардан. Кўпинча ёш оилалар ўзларини бойвачча кўрсатишга тиришиб, ҳамма соҳада исрофга йўл қўйишади. Улар наздида тежамкорлик қурумсоқликка, хасисликка тенглаштирилган.
Йўқ, асло ундай эмас. Оналаримиз қозондаги ёғдан бир қошиқ олиб қўйиб, рўзғор баракасини таъминлашган. Қотган нонни ташлаб юбормай, тўрғаб-қуритишган ва кейинчалик бирор таом тайёрлашган ёки шўрвага ишлатишган. «Янгини эски асрайди», деб йиртилган кийимларини ташлаб юбормай, ямаб-тикиб фойдаланишган ёки бошқа бирор нарса ясашган. Бугун ахлатга чиқариб ташланаётган бус-бутун кийимлар, пойабзаллар, рўзғор ашёларини, ортиб қолган овқатларни кўриб, кишиларимиз нақадар исрофгар бўлиб бораётганидан афсусланасан, киши.
Келинларимизнинг оиладаги ҳисоб-китоб ишларига бефарқлиги ҳам қимматга тушиши мумкин. Электр чироқларини заруратсиз ёқиб қўядиган, масаллиқларни исроф қилиб юборадиган, рўзғор юритишда тежамкор бўлмаган келинлар ҳам хонадонга суюмли бека бўла олишмайди. Яқинда маҳалламизда қайнона-қайнота ҳовлининг чиқимларини тўлаймиз, деб ажратиб қўйган пулларига ўзбошимчалик билан қандил харид қилган келиннинг сал бўлмаса турмуши бузилиб кетай, деди.
Кўпинча қизларимизнинг «турмуш» дея аталган синовга ҳеч қандай тайёргарлик кўрмаганлари тўйдан кейиноқ очилиб қоляпти. Нон ёпишни, овқат қилишни, ҳатто оддийгина тухум қовуришни ҳам эплай олмайдиган қизлар борлигига балки ишонмассиз? Ахир бўлажак келиннинг ўзи тушган оилада маҳкам илдиз отиши, обрў топиши, эр-хотиннинг муҳаббати янада аланга олиши кўп жиҳатдан келиннинг пазандалигига ҳам боғлиқ-ку! Баъзи халқларда «Эрнинг дилига қорни орқали йўл топилади», деган мақол бежизга тўқилмагандир?
Аксарият оилаларда жанжал, ғишаваларнинг келиб чиқиши кўпинча овқатга бориб тақалади. Ёш келинлар нон ёпиш, мазали таомлар тайёрлашни ўз уйларида ўрганиб олишлари лозим. Овқат қилишдан олдин энг аввало катталарнинг истак-хоҳишлари инобатга олинади. Улардан «Нима овқатни хоҳлайсизлар?» деб сўраш ҳам одобга киради.  «Менга бу ёқмайди», «Мен бу овқатни билмайман» қабилида зарда қилиб, уларни оғринтириш инсофдан эмас.
Ёш уй бекаси аввало ҳар ишда саранжом-саришта, тежамкор бўлиши керак. Келинчак бу фазилатни эгалласа, рўзғор ишларида қоқилмайди, биринчи кунларданоқ атрофдагиларнинг ҳурмат-эътиборини қозонади. Аксинча, у рўзғор юмушларини пала-партиш, совуққонлик билан бажарса,  озода, дид билан кийинмаса ёки ўзига оро бериб қарамаса, меҳмон кутишни билмаса, уйни покиза, тоза тутмаса, эрининг катта-кичик юмушларига бепарволик қилса, бундай келин асло оиладагиларга ёқмайди. Бу ҳолнинг тузалишидан умидини узган куёвнинг, қайнона-қайнотанинг охири сабрлари тугаб,  эпсиз келиннинг баҳридан ўтиш ҳаракатига тушиб қолишади ёки унинг бутун умри таъна-маломатлар, можаро-тортишувлар билан ўтади.

Фарзанд билан қачон зино ҳақида гаплашса бўлади?

Ўғлим билан бўлиб ўтган ва биз бу ҳолатдан чиқишга ҳаракат қилган иккита мисолни келтираман. Эҳтимол, кимгадир бу фарзанд тарбиясида асқотади.

Ўтган йили тўрт ёшли ўғлим билан кўчада сайр қилиб юриб, очиқчасига ўпишиб турган йигит ва қизни кўриб қолдик. Ўғлим уларга узоқ вақт сукут билан тикилиб турди. Ҳатто ёнларидан ўтаётганимизда ҳам уларга қарашни давом этди. Ўғлим калласида глобал ақлий ҳаракатлар юз бераётганини, турли хил фикрлар пайдо бўлаётганини сездим, аммо у ўз фикрларини мен билан ўртоқлашгани йўқ. Шунчаки ҳолатни сукут ичра тамоша қилди. Мен аввалига унинг изоҳини кутдим. Бироқ у жим эди. Шундан сўнг эҳтиёткорона ундан сўрай бошладим: нимани кўрдинг, қаерга қарадинг, нима ҳақида ўйладинг. Лекин ўғлим бу ҳақида гап очиш ва ўз фикрини билдиришни истамади.

Ана шундай, тўрт ёшли бола ўз кўрганлари билан ўртоқлашишни истамади. Фарзандларимиз бундай вазиятларга тез-тез гувоҳ бўлиб туришади: кўчаларда, реклама лавҳаларида, телевизорларда... Биз ўзимизни билмаганга, кўрмаганга олишимиз мумкин. Бироқ фарзандларимиз дунёқарашларида биз мусулмон ота-оналар истамайдиган нарсалар шаклланаётган бўлса-чи?

Иккинчи ҳолат яқинда рўй берди. Ўғлим беш ёшда. Биз сайр қилаётган эдик. Савдо растаси ёнидан ўтаётгандик, бир жуфтлик ўтирган экан. Қиз йигитнинг тиззасида ўтирибди, у эса уни қучоқламоқда. Кулгилар, ноз-қарашмалар (флирт) ва ўпишишлар... Ўғлим ўша тарафига қарашни бошлади. Унга оҳиста: “Карим, керак эмас, у ёққа қарама...”, дедим. У “нега?”, деб сўради. Мен уларнинг хатти-ҳаракатлари ножоиздир. Чунки йигит ва қиз ҳали эр-хотин эмас, деб жавоб бердим.

Улар эр-хотин бўлишса ҳам ҳеч ким кўрмайдиган жойда ўпишишлари керак бўлади.
Мусулмонлар аввал никоҳ ўқишади, кейин ўпишиб, қучоқлаши мумкин бўлади.
Бу орада яқинда бир никоҳ маросимига борганимизни эсладик. Имом хутба ўқиди, йигит ва қизни эр ва хотин деб эълон қилди.
Сўнг ўғлим сўради:
- Менинг аёлим ким бўлади?
- Муслима, инша Аллоҳ.
- Мен унинг муслима эканлигини қаердан биламан?
- Ўзинг нима деб ўйлайсан? – дедим мен.
- Ҳмм, у ўранган бўлади.
- Тўғри!
- Балки, у насроний бўлиб қолса-чи? Чунки улар ҳам рўмол ўрашади-ку, - деб кулди ўғлим.
- Насронийлар рўмолни бошқача ўрашади, - деб, аҳли китобларнинг рўмол ўрашини ўғлимга кўрсатиб бердим.
Кўриб турганимиздек, бу нарсалар биз ўйлаган вақтдан ҳам эрта содир бўлмоқда. Фарзанд балоғатга етиб Ислом ибодатларига мукаллаф бўлиб, жинсий балоғатга етганида бунга ўхшаш саволлар одатда берилмайди. Кўп ота-оналар кичкинтойлари тўсатдан берган саволларга тайёр бўлишмайди. Бироқ мактабгача бўлган кичкинтойлар ривожланиш босқичида бу нормал ва тўғри ҳолатдир. Бунга ўхшаш фикрлар ва саволлар кичкинтойларимизнинг 4-5 ёшларида пайдо бўла бошлайди. Аммо ҳеч ҳам қўрқманг ва эсда тутингки, бу босқичдаги боланинг жинсий ривожланиши одатда фақат танишиш характерига эга. Бола дунёнинг тузилиши ҳақида саволлар берганидек бу ҳақида ҳам савол бериб қолиши мумкин. Нозик саволларга жавоб тарзидаги катталарнинг салбий кайфиятлари боланинг ҳафсаласини пир қилади ва уни ишончли маълумотлардан маҳрум этади. Умуман савол беришдан қочадиган қилади ҳамда ота-онасидан эрта бегоналашувининг бошланишига олиб келади.

Фарзандингиз ўсмир ёшиданоқ “Парвардигор розилиги”, “савоб ва гуноҳ”, “ҳижоб”, “аврат”, “сабр” ҳамда бошқа тушунчаларни шунчаки расмий сўзлар, маълумотлар даражасида эмас, балки қалби, онги билан англашига эришишга интилинг. Ўғил, қизларимиздаги ахлоқ иммунитети ҳосил бўлиши айнан бизларга боғлиқ бўлади.

Кичкинтойларимизга болалигидан бошлаб эркак ва аёлнинг никоҳсиз муносабатлари қаттиқ тақиқланганини сингдириб боришимиз керак. Агар қиз билан йигит никоҳгача учрашиб юришса, бу гуноҳ бўлади. Унинг кўп синфдошлари, тенқурлари “юришни” бошлашади, танишишади ва бир-бирларига ўз “жасоратлари” билан мақтанишади. Бу билан ёшлигидан эмланган болаларимиз эътиқоди ҳаётнинг воқеилиги ва ўз гормонал фонлари билан тўқнашади.

Баҳор ҳам келади, жийда ҳам гуллайди, аммо шаҳар ва қишлоқларимиз кўчалари гуноҳлардан ҳоли эмас. Ҳозир гувоҳ бўлган ҳолатлардан “фойдаланган” ҳолда  кичкинтойларимизга нима яхши ва нима ёмон эканини тушунтиришимиз лозим. Кўпчилигимиз одам қайнаган кўчаларда яшаймиз ва назаримизни ҳамда болаларимизнинг назарини тақиқланган нарсалардан юз фоиз ҳимоя қила олишимиз амалда мумкин эмас.
Демак, эҳтимол муаммони ҳал қилиб, олға юриш, ўзимизда ва болаларимизда ахлоқий иммунитетни ишлаб чиқиш муаммолардан қочишга интилиш ҳамда атрофда ҳеч нарса содир бўлмаётгандек тасаввурга боришдан тўғрироқдир.

Шу боис тўғридан тўғри “Уларга қарама!!! Айтимку бу харом деб” тақиқлаш мумкин эмас. Нега бундай қилмас кераклигини ётиғи билан тушунтириш керак. Юз берган ҳолатни ўзингиз ва фарзандингиз ўртасидаги самимий мулоқат учун фойдаланинг. Бу фарзандингизга динимиз ҳақида яхши бирон нарсани гапириб бериш учун қулай имкондир. Болангиз сиз билан самимий мулоқат қилаётган экан вазиятдан унумли фойдаланиш керак. Уни ўзингиздан узоқлашишига йўқ қўйманг ёки ҳаммаси ўз-ўзидан тинчиб кетади, деган хом хаёлга ҳам борманг. Ва яна. Мен бу кузатишларимни сизларга айтишим билан ҳаққа даво қилаётганим йўқ! Мен шунчаки ўз фикрларимни айтдим, халос.

Юлия Замалетдинова, психология фанлар намзоди,
«Светлячок ва унинг дўстлари» журналининг бош муҳаррири
Абу Муслим (эркин таржима)

Номусга узатилган қўл

«Биз бошқа мамлакатга борганимиздан сўнг, алданганимизни билиб қолдик. Даромадли иш топиб берамиз, деганлар бизга ёлғон гапирганини, аслида эса фоҳишалик билан шуғулланишимиз учун сотилганимизни айтишди. Бизни бу жирканч ишга мажбурлашар, айтганларига кўнмасак, уч-тўрт эркак овозимиз чиқмай қолгунча тепкилашар, хўрлашарди...»

Бу гаплар бир ўзбек аёлига тегишли. У мўмай даромад топиш илинжида юрган кезлари «ишбилармонлар» қўлига тушиб қолади. Аёлнинг истакларидан воқиф бўлган фирибгарлар уни алдаб, хориждаги ҳамкорлари – қўшмачилар қўлига топширишади. Албатта, бекордан бекорга эмас, маълум манфаат эвазига. Манфаат деб энг манфур ишлардан ҳам қайтмайдиган, тубанликнинг минг бир кўчасига кириб чиққанларда эса на ор-номус ва на виждон бор эди. Йўқса, ўзбек бўла туриб, ўзбекистонлик бўла туриб, ўз миллатдошини, Аллоҳ таоло яратган нозик ҳилқат вакилларини сотармиди?!

Тарихдан маълумки, барча давр ва замонларда ҳам ахлоқсизлик қаттиқ қораланган. Ота-боболаримиз номуссиз, ҳаёсиз одамларни даврага қўшишмаган. Аёллар эркак кишининг юзига тик қарамаган, кўча-куйда уларнинг олдини кесиб ўтишмаган. Ўз ўрнида аёл шаъни миллат шаънидек асралган, ҳимояланган. Ўтмишга мурожаат қиладиган бўлсак, саркарда Жалолиддин Мангуберди Чингизхон тазйиқи кучаявергач, ўз яқинларини, айниқса, аёллар ва болаларни сувга чўктириб юборади. Зеро, жасур ҳукмдор душман қўлидаги хўрлик ва хорликдан кўра ўлимни афзал билган. Уят ўлимдан қаттиқ, деган нақл бежиз айтилмаган.

Минг афсуски, бугунги кунга келиб, бундай бебаҳо ҳикматларнинг қадри топталмоқда. Ер юзидаги қабиҳ ишлар камлик қилгандай, кейинги йилларда одам савдоси билан шуғулланувчи гуруҳлар пайдо бўлди. Бунинг оқибатидан жабр чекканлар, оила деган улуғ масканнинг гуноҳига ботаётганлар сони ортиб бормоқда. Негаки, одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар, айниқса, аёллар ва болалар савдоси муаммоси бугун дунё миқёсида долзарб масалалардан бирига айланди. Одамларни турли мақсадларда эксплуатация қилишнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ортгани, бундай қилмишларнинг уюшган жиноий гуруҳлар томонидан содир этилаётгани, айниқса, бундан кўпинча аёллар ва болалар жабрланаётгани, трансмиллий жиноятчиликнинг асосий даромад манбаига айлангани унга қарши кураш чораларини кучайтиришни талаб этмоқда.

Маълумотларга кўра, жаҳон бозорида одам савдосидан кўрилаётган йиллик даромад 7 миллиард доллар миқдорида баҳоланмоқда. Бирлашган Миллатлар ташкилоти ва Қочоқлар бўйича халқаро ташкилотлар экспертларининг баҳосига кўра, сўнгги йилларда бу хилдаги жиноятчилик шиддат билан ўсиб бормоқда. Тахминларга кўра, ушбу қабиҳликдан жабрланганлар сони йилига ўртача 2,7 миллион кишига етмоқда. Одам савдоси бозори жуда катта даромад келтирадиган соҳа бўлиб, у наркотик савдоси ва қурол савдосидан кейин учинчи ўринни эгаллайди.

Пойтахтимиздаги «Истиқболли авлод» ёшлар маърифат тарғибот маркази масъул ходими Малоҳат Муродованинг айтишича, «одам даллоллари» ўта фирибгар бўлишади. Улар одамлар ишончини қозона оладиган, аёллар руҳиятини яхши ўзлаштирган, ҳаётидан норози қизларни осонлик билан илғайдиган тоифадир. Уларнинг макрига, найрангига илинганлар эса, афсуски, сизу биз билан ҳамнафас бўлиб келган хотин-қизлар, вояга етмаган ўспиринлардир. Улар гўёки хорижга борса, бир кунда бойиб қоладигандек, пул ерда сочилиб ётгандек тасаввур қилишган шекилли, иш таклиф қилаётганларни суриштириш хаёлларига ҳам келмаган.

Одам савдосини бир ёки икки давлатнинг муаммоси сифатида эмас, балки бутун дунё мамлакатларининг муаммоси сифатида қараш мақсадга мувофиқдир. Мазкур жиноят асосан трансмиллий хусусият касб этганлиги боис, юртимизга ҳам ўз салбий таъсирини ўтказиши турган гап. Шу сабабдан ҳам мамлакатимизда мазкур муаммонинг олдини олишга қаратилган тегишли чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, 2003 йил 12 декабрда Ўзбекистон Республикаси томонидан БМТнинг 1949 йилдаги «Одам савдоси ва учинчи шахслар томонидан фоҳишабозликдан фойдаланишга қарши кураш тўғрисида»ги, 2000 йилдаги «Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида»ги конвенциялари ратификация қилинди. «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 8 июлда «Одам савдосига қарши кураш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, Идоралараро комиссия бу борада изчил фаолият олиб бораётир.

Халқимизда: «Саёқ юрган таёқ ер» деган нақл бор. Алданган қизлардан бирининг гапини эшитиб, бу мақол бежиз айтилмаганлигига яна бир карра амин бўлдик. Унинг айтишича, кафелардан бирида дугонаси билан ўтиришганида, икки йигит келиб ёнларига ўтиришади. Қизларнинг йигитлар кафенинг тунги 12 да ёпилишини айтиб, бошқа жойга бориб ўтиришни таклиф қилишганида ҳам қаршилик кўрсатишмагани, энди эса ўзларини жабрланувчи қилиб кўрсатаётгани одамнинг нафратини қўзғайди. Кўринишидан туппа-тузук оиланинг фарзандидек таассурот қолдирадиган бу қиз дугонаси билан ўша йигитларнинг машинасига ўтиришади. Кейин эса йигитлар: «Сизларни Қозоғистонга олиб кетамиз» дейишгачгина норозилик билдиришганини айтишади. Шу ўринда бир мулоҳаза туғилади. Хўш, ярим тунда бу қизлар кўчада нима қилиб юришибди? Ярим-яланғоч кийинган, елкаси-ю киндиги, кўкраги очиқлигини кўз-кўз қиладиган бундай қизларнинг ота-онаси бормикан? Бор бўлса, ўша ота-оналарнинг кўзлари кўр эмасдир?! Айтмоқчимизки, пашшаям гўнг бор жойга қўнганидек, алданиб қолганларнинг ўзларидаям гап кўп. Оилада фарзанд тарбиясига эътиборсизлик, уларнинг кийинишини назорат қилмаслик, тўй-маъракаларда қиз-у келинининг бадани шундоқ кўриниб турса ҳам кўрмасликка олаётганлар, минг надоматлар бўлсинки, орамизда йўқ эмас. Бу мулоҳазаларимизга: «Ҳа энди, замонга мос кийинса кийинибди-да, шунга шунчами, ҳаммаси одамнинг ўзига боғлиқ» дея эътироз билдирувчилар топилар. Лекин замондан орқада қолмаслик кийиниш билан белгиланмаслигини тушуниб етмасак, ўзимизга қийин. Негаки, ярашса-ярашмаса, ота-онасининг ор-номусидан кўра, ғарбона кийинишни афзал биладиганлар фирибгарларнинг «назари» га тушмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди...

Хорижга пул топиш илинжида, ёлғон ваъдаларга ишониб кетган хотин-қизларнинг аксарияти фоҳишабозлик билан шуғулланишга мажбурланган. Исловотхоналар, наҳс босган кулбалар уларнинг яшаш ва «иш» жойига айланган. Бу ишдан бош тортганлар ўлгудек калтакланган, очликка маҳкум этилган. Уларнинг орасида қабиҳликка чидай олмай ўзини ўлдирганлар ҳам бор, шу билан бирга танасини сотиб, оиласини боқаётганлигини пеш қилиб, ҳаётини ҳаромга айланганидан асло чўчимайдиганлар ҳам учрайди. Бундайларни «Тунги капалаклар» дейишади. Биласиз, капалак бор-йўғи бир кун яшайди, хиёбону барларда дайдиб юрадиган, тўрт мучаси соппа-соғ танасини тап тортмасдан сотадиганларнинг бутун умр кўрган-кечирганларини ана шу капалакнинг бир кунлик умрига қиёсламоқ ҳам ҳайф. Зотан, танасини сотган дунёни сотадики, бундайларни аёл, одам боласи дейишга тил бормайди.

Одам савдоси давримизнинг ўткир муаммоларидан бири. Жинсий эксплуатация қилиш, мажбурий меҳнат, болаларни эксплуатация қилиш, тиламчилик, одам органлари ва тўқималарини кўчириш мақсадида одамфурушлик билан шуғулланиш — барчаси ушбу жиноятнинг мудҳиш шаклларидан саналади. Ўзбекистон Республикасида одам савдоси ишлари бўйича 2003 йилда 79 та жиноят иши қўзғатилган бўлса, 2007 йилга келиб 273 та жиноят иши қўзғатилган. Унда 303 нафар айбланувчи, 1124 нафар жабрланганлар аниқланган.

Ўзини Илҳом Юсупов деб таништирган йигит ана шундай айбланувчилардан бири. У ўзига ўхшаган юзсиз шериклари билан қизларни алдаб қозоғистонлик ҳамтовоқларига сотгани хусусида айтар экан, гўёки қаҳрамонлик кўрсатгандай, бошини эгмасдан гапирганини кўриб, нафратингни яширолмайсан, киши. Илҳомнинг кўрсатма беришича, улар ўз домига осонликча илинмаган хотин-қизларни турли найранглар билан четга олиб кетишади.

— Масалан, — дейди И.Юсупов, — «Кока-Кола» ичимлигига қўлда тайёрланган махсус дори қўшардик. Кейин қизлар билан бирор кафе ёки ресторанган кирардик-да, шерикларимиздан бири бизга хизмат қиладиган официант қизга олдиндан тайёрланган кока-колани берарди. Дори қўшилган ичимликни ичганлар эса 15-20 дақиқа ўтгач, нима десак кўнишарди...

Маълум бўлишича, Илҳом Юсупов ва унинг шериклари Муродилла Оқмирзаев, Ғайрат Қосимов, Гулнора Аҳмедовадан иборат жиноий гуруҳ ҳар бир аёл учун қозоғистонлик гумашталаридан уч юз мингдан олишган. Тубанликнинг туби йўқ, деганлари бу гуруҳнинг қилмишларида яна бир бор тасдиқланади. Ваҳоланки, қайтар дунё дейдилар, бугун кимнингдир қизини, хотинини алдаб сотаётган кимсалар, наҳотки эртага бу савдо ўзларининг бошига тушишидан қўрқишмаса, ҳайиқишмаса. Тўғри улар қонун олдида жавоб бериб, жазосини олди, аммо виждон, иймон сўроғи, қийноғи-чи?!

Мақсуд ЖОНИХОНОВ