1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Ҳайз пайтида ман қилинган амаллар

Ҳайз ҳолатида аёллар қуйидаги ибодат ва амалларни қилишлари ман этилган: намоз ўқиш, рўза тутиш (Рамазон рўзаси ҳам), масжидга кириш, Каъбани тавоф қилиш, Қуръони каримни ғилофсиз ушлаш ва ёддан ёки китобга қараб ўқиш, эри билан жимоъ қилиш.

Давоми...

Нима учун мусулмон қизлар биринчи никоҳ кечасидан қўрқишади

Қизлар орасида жинсий ҳаётнинг бошланиши билан боғлиқ қўрқувлар муаммоси вақт, жой ва бошқа омиллардан қатъи назар, доимо мавжуд бўлиб келган. Бироқ агар айрим жамиятларда бокира қизга уйланиш омад кулиб боқканлигини англатса, бошқаларда жинсий муносабатлар бошланиши доимо (камдан-кам ҳолларни истисно қилганда) албатта турмуш қуриш билан боғлиқ бўлиб келган ва шундоқ қолмоқда ҳам. Бундай жамиятлардан бири араблар жамияти бўлиб, унда ёш қизлар ҳалигача эр-хотинлик ҳаётининг физиологик томони бошланишидан қўрқишади. Шу сабабли эр-хотин ўртасидаги муносабатлар бўйича мисрлик машҳур мутахассис Хебе Котбга хотин-қизлар томонидан йўлланган саволларнинг орасида энг кўп учрайдиган саволлар у ёки бу даражада биринчи никоҳ кечасидан қўрқиш билан боғлиқ эканлигига ажабланмаса ҳам бўлади.
— Мен яқинда турмушга чиқаман, - деб ёзади Хебе Котбнинг сайтига ташриф буюрган қизлардан бири. – Бироқ биринчи никоҳ кечаси менга қандайдир номаълум ва ҳаттоки хавфли бўлиб туюлади. Мен эркак киши билан жинсий алоқадан ва бу пайтда рўй берадиган оғриқдан қўрқаман. Мен эримни ва ўзимни қондириш учун нима қилиш ва қандай қилишим керак?
— Биринчи навбатда шуни айтиб ўтишни истардимки, сенинг эркак билан жинсий алоқа оғриқ келтиради деган сўзларинг нотўғри, - деб жавоб берди сексология доктори, Маймонид университети (АҚШ) битирувчиси Х.Котб. – Сен шуни тушунишинг керакки, биринчи никоҳ кечаси эркак билан алоқа эркак ва аёл ўртасида юзага келадиган илиқ ҳий-туйғуларнинг гулчамбари бўлган ажойиб романтик муносабатлардан бошқа нарса эмас. Бу муз тоғининг чўққиси бўлиб, унда ҳамдардликка ҳам, ёқтиришга ҳам, бир-бирига боғланиб қолишга ҳам, ва албатта, севги-муҳаббат ва хоҳиш-истакка ҳам жой топилади. Эр билан жинсий алоқа айримлар ўйлаганидек, қиз учун тўсиқ ҳисобланмайди. Албатта, бу қизнинг жинсий органларида маълум бир физиологик ўзгаришларга олиб келади. Лекин бу асло биринчи никоҳ кечаси унга чидаб бўлмайдиган ва қаттиқ оғриқ олиб келади дегани эмас.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, бундай хавотирларнинг сабаби бўлиб кўпинча «танадан қўрқиш» деб аталадиган ҳолат ҳисобланади.
— Биринчи никоҳ кечасидан сўнг, - таъкидлайди Хеба, - қиз ўзининг муваффақиятли тажрибаси ҳақида атрофдагиларга сўзлаб бера олмайди. Агар у гапириб беришни истаганида ҳам унинг онаси ва бошқа қариндошлари буни тақиқлайди. Шу сабабли қизлар онгида биринчи никоҳ кечаси эр билан алоқа уни бартараф қилиш қийин ва ҳатто имконсиз бўлган бир тўсиқ бўлиб туюлади. Лекин, мен айтиб ўтганимдек, ҳақиқат бу сўзлардан тубдан фарқ қилади.
Физиологик нуқтаи назардан ҳам ҳаммаси жуда оддий. Мушак тўқимасига илгари у билан рўй бермаган жараёнларга кўникиши учун маълум бир вақт талаб қилинади. Ишонтириб айтаманки, бунда ҳеч қандай муаммо йўқ.
Эрни қондиришга имкон берадиган усул ҳақида гапирар экан, мисрлик сексолог уни шартли равишда икки турга бўлади.
— Биринчи усулни маънавий усул деб аташ мумкин, - таъкидлайди у. – Бу эр-хотинлик ҳаёти давомида Суннат қоидаларини бажаришда ўз ифодасини топади. Иккинчи тур эса илмий усул ҳисобланади. Унинг маъноси биринчи никоҳ кечаси ва келгусида бутун ҳаёти давомида у ёки бу илмий усуллардан моҳирона фойдаланишдан иборат. Бу турнинг энг муҳим таркибий қисмлари – эр билан биринчи алоқа вақтида қўрқув йўқлиги ёки бартараф қилиниши ҳамда жинсий алоқа вақтида жинсий органларнинг тўғри ишлашини кафолатлайдиган ва қандайдир оғриқли ҳиссиётлар пайдо бўлишини истисно қиладиган ноз-карашмалар ҳисобланади …
Бундай саволлар беихтиёр шундай фикрга олиб келадики, улар эр-хотинлик ва жинсий ҳаётнинг бошланиши борасида табиий хавотирланишлар бир-биридан ажралмаган ҳолда пайдо бўладиган социум (жамият) ахлоқий соғломлигининг ўзига хос индикатори ҳисобланади. Россия жамиятида кўплаб муаммоларнинг, биринчи навбатда, демографик муаммоларнинг ечими мана шу ерда эмасмикан?

Абу Муслим таржимаси

 

Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)

Жинсий алоқаларга қарам бўлиб қолиш ҳақида гап очилса, кўпинча: “Эркаклар аёлидан бошқа аёлларни нега излашади?” - деган савол туғилади. Бунга “Эҳтимол, аёли унга камлик қилаётган бўлса керак”, деган маънодаги янглиш фикр билан жавоб беришмоқчи бўлишади ҳам.

Давоми...

Фарзандга жинсий тарбияни очиқ баён қилиш

Кўп ота-она ва мураббийлар тез-тез ушбу саволларни беради. Фарзандга беихтиёр таъсирини кўрсата бошлаётган балоғат ёши аломатларини қай тарзда тушунтириш лозим? Уларга жинсий аъзоларнинг вазифаларини, қиз болаларга ҳомиладорлик, бола парваришлаш ва оналик вазифаларини сўзлаш мумкинми? Ўспиринларга жинсий қўшилиш одоблари, уйланиш арафасидаги вазифалар, оталик масъулиятларини очиқ ва равшан айтиш жоизми? Хуллас, шу маънодаги саволлар талайгина.
Баъзан кўпчилик бундай саволларга жавоб беришда ожизлик қилади. Шу боис бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида бу ҳақда шариатимиз ҳукмларини баён қилишни лозим топдик. Яқин келажакда оила қуриб, ота ва онадек шарафли бурч соҳиб ва соҳибалари бўладиган ўғил-қизларга бу борадаги шаръий ҳукмларни очиқ айтиш нафақат жоиз, балки ҳар бир ота-она зиммасига вожиб бўлади. Фақат уларнинг ёшига катта эътибор қаратиш лозим.
Кўп оятлар ўз жуфти билан жинсий қўшилиш ҳалоллиги ва бошқа бегоналар билан эса тақиқланганини очиқ баён қилади:
«Улар авратларини (ҳаромдан) сақловчилар. Илло, ўз жуфти ҳалоллари ва қўл остидагилар (чўрилар) бундан мустаснодир. Бас, албатта, улар маломат қилинувчи эмаслар. Бас, кимки шундан ўзгани (ҳаром қилган нарсани) истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошувчидирлар» (Мўъминун, 5-7).

«Сизларга рўза кечасида хотинларингиз билан қовушиш ҳалол қилинди...» (Бақара, 187).
«Сиздан ҳайз тўғрисида сўрамоқдалар. Айтинг: “У (эр ва хотин учун) азиятдир. Бас, ҳайз пайтида хотинларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича, уларга яқинлашмангиз! Покланганларидан кейин уларга Аллоҳ буюрган равишда келаверингиз (қовушаверингиз)» (Бақара, 222).
«Хотинларингиз сизлар учун зироатгоҳдир. Бас, зироатгоҳингизга хоҳлаган жиҳатингиздан келаверингиз...» (Бақара, 223).
Қуйидаги оятлар инсон асли нимадан яратилгани, сўнг она қорнида қай ҳолатда бўлишидан хабар беради: «Қасамки, Биз инсонни (одамни) лойнинг сарасидан яратдик. Сўнгра уни (инсон наслини, аввало) мустаҳкам қароргоҳ (бачадон)даги маний қилдик» (Мўъминун, 12-13).
«Дарҳақиқат, Биз инсонни имтиҳон қилиб, (оталик ва оналик сувларидан) аралаш бир нутфадан яратдик. Бас, уни эшитувчи ва кўрувчи қилиб қўйдик» (Инсон, 2).

Қуйидаги оятда эса ҳомиладорлик жараёни ўз-ўзидан эмас, балки машаққат эвазига бўлиши ва туғилажак болани эмизиш муддати очиқ баён қилинмоқда: «Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга бу-юрдик. Онаси уни (қорнида) қийналиб кўтариб юр-ган ва уни қийналиб туққандир. Унга ҳомиладорлик ва уни (сутдан) ажратиш (муддати) ўттиз ойдир...» (Аҳқоф,15).

Қуйидаги оят зино зарарли, ҳалокатли эканини яна бир бор таъкидлаб келмоқда: «Зинога яқинлашмангиз! Чунки у фаҳш ва ёмон йўлдир» (Исро, 32).
Навбатдаги оят аёллар қолиб, эркак киши эркаклар билан жинсий алоқа қилишидек тубанликни, ахлоқсизликни қоралаб келади: «Лутни ҳам (пайғамбар қилиб юбордик). Ўз қавмига айтди: “Шундай (ёмон) фаҳш ишни қиласизми? Сизлардан олдин бутун оламда ҳеч ким уни қилмаган эди. Сизлар хотинлар қолиб, шаҳват билан (нафсни қондириш учун) эркакларга “келасиз”. Ҳа, сизлар исрофгар қавмдирсизлар» (Аъроф, 80-81).

Аллоҳ таоло ушбу масалалар ва уларнинг ҳикматла-рини инсонга таълим бериш мақсадида очиқ ва равшан баён этмоқда. Демак, бу каби масалаларни балоғат ёшига етган фарзандга динимиз таълим берганидек ўргатиб бориш зарур. Аммо фарзанд бундай оятларни ва уларнинг ҳукмларини қандай тушунади? Албатта, ота-она бу қоидаларнинг асл моҳиятини ва ундан кўзланган мақсадларни англатиши керак. Бунинг учун эса таълим берувчи муаллим ёки ота-она бундай тарбиявий ҳукм оятларни мукаммал ўрганиши зарур. Бу борада Қуръони карим илмидан хабардор бўлган олимларга мурожаат қилиши ва бу ҳақда ёзилган китобларни қунт ила ўқиб-ўрганиши шарт. Чунки ҳар бир мусулмон Аллоҳ таоло-нинг улуғ Каломини ўқиб-ўрганиб, тафаккур қилиши ҳақида Раббимиз бундай марҳамат қилади:

«(Эй Муҳаммад! Ушбу Қуръон) оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма олишлари учун Биз Сизга нозил қилган муборак Китобдир» (Сод, 29).

Бу оятлардан маълум бўладики, ҳар бир мусулмон Аллоҳнинг улуғ каломини нафақат ўқиши, балки илоҳий хукмларни чуқур уқиб, уларни ҳаётига татбиқ этиши шартдир.

Шундагина ёшларимиз ўзларини Аллоҳ таоло яратганини, У зот доимо кўриб, кузатиб туришини чуқур ҳис қилади. Оддий бир нутфадан поғонама-поғона ривожланиб, инсон шаклу шамойилига келганини билиб, имони янада зиёда бўлади. Ҳақиқий мусулмонга хос ҳаёт кечириб, ўз Раббиси ҳузуридаги ҳақларини, жамият ва атрофдаги инсонлар олдидаги бурчларини чин кўнгилдан адо қилади. Шунда ҳар бир йигит-қиз ўз ҳақ-ҳуқуқларидан тўғри маънода фойдаланиб, турли иллатларнинг олди олинади.

Шунинг баробарида ота-боболаримиз қўллаб келган, диний ва миллий қадриятлар уйғунлашган тарбия услубларини қўллаш қатъий талаб этилади. Натижада, фарзанд ҳалолликка бутун вужуди билан талпинадиган, ҳаром деб аталмиш жирканч уммонга қадам ташлаш тугул, ўгирилиб ҳам қарамайдиган гўзал маданият соҳибига айланади. Бу маданият шарму ҳаёдан узоқ бўлганларнинг “маданият”ларидан фарқли ўлароқ, инсонни том маънода камолотга етаклайди. Шу боис барча ёшу қари, аёлу эркак бу маданиятдан бирдек баҳраманд бўлиши бениҳоя зарурдир.

Хулоса қиладиган бўлсак, фарзандга жинсий тарбия масалаларини очиқ ўргатиб боришдан мурод, аввало уларни бу ёшларида нималар жоиз-у, нималар мумкин эмаслигидан хабардор этишдир. Шу билан бирга, ҳар бир йигит-қиз оила қуришдан асл мақсад нималиги, бунинг учун эса жинсий ҳаёт зарурлиги ва унинг ўзига яраша қоидаларини ҳам билиши лозим.

Аммо бу каби масалаларни сингдиришда, айтиб ўтилганидек, фарзандларнинг ёшларига катта эътибор бериш лозим. Дейлик, 9-12 ёш оралиғидаги болага бу тушунчалар сингдирилмайди. 14-16 ёш орасидаги ўспиринларга бу мавзудаги рухсат ва тақиқ, ҳалол ва ҳаром тушунчалари бериб борилса, 16-18 ёш оралиғидаги йигит, қизларга эр-хотинлик одобу қоидалари мукаммал тарзда етказилиши, тушунтирилиши жуда муҳим. Қиз болаларга, албатта, бу тарбияни оналари ёки бошқа қариндош аёллар етказишади.

"Оилада фарзанд тарбияси", муфтий Усмонхон Алимов

Жинсий ожизлик

Жинсий ожизлик араб тилида «анийн» дейилади ва аёлни истамайдиган эркакка ва эркакни истамайдиган аёлга нисбатан ишлатилади.

Давоми...

Ҳозир сайтимизда 50 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ