1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

Оиламизга улуғ меҳмон ташриф буюрди (Танловга)

Бу йил ҳам бошқа йиллар сингари рамазон ойи қайтадан оиламиз эшигини тақиллатиб келди. Бундан қалбларимиз ҳурсандчиликка тўлди. Бу ойга мусулмон оиласинингҳар бир аъзоси тайёр бўлмағи лозим. Рамазон бошқа ойларга ўхшаган ой эмас. Бу ойда дўзах эшиклари ёпилади, Жаннат эшиклари очилади. Инсонда жуда кўп яхшиликларни қилишга қизиқишлар пайдо бўлади. Чунки рамазон Ислом умматининг ойидир. Рамазон ўзи билан тоғлар ҳам кўтара олмайдиган фазилатлар, ҳамда яхшиликларни олиб келадиган ойдир. Рамазон ойи қалблар ўз Роббиларига саждаларни кўпайдирадиган ойдир. Рамазон нафслар ўз Роббиларига тақвосини кўпайтирадиган ойдир. Тақво эса, Аллоҳ таоло яхши кўрадиган нарсаларини қилиб,ёмон кўрган нарсаларидан узоқда бўлишдир. Аждодларимиз рамазон ойига етказишини сўраб Яратганга дуолар қилар эди. Рамазон масжидларимиз Қуръон хатми билан нурга тўладиган ойдир.Рамазон оиламиз учун бир мактаб десак хато бўлмайди.

 

Рамазон ойи учун оилавий кунлик ҳисоблагич жадвали

بسم الله الرحمن الرحيم

قال الله تعالى: سَابِقُوا إِلَى مَغْفِرَةٍ مِنْ رَبِّكُم

Маъноси: (Эй инсонлар), Парвардигорингиз томонидан бўладиган мағфиратга шошилингиз!

Кунлик амаллар

لا إله إلا الله محمد رسول الله100маротаба

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга 100маротаба салавот

Аллоҳтаолога100маротаба истиғфорайтиш

Беш вақт намозни жамоатбиланўқиш

Қуръони каримдан бир пора ўқиш

ХафтадаЖума намозига барвақт бориш

Ой давомида энг камида бир маротаба ифторлик қилиб бериш

Душанба

 

 

 

 

 

 

 

Сешанба

 

 

 

 

 

 

 

Чошанба

 

 

 

 

 

 

 

Пайшанба

 

 

 

 

 

 

 

Жума

 

 

 

 

 

 

 

Шанба

 

 

 

 

 

 

 

Якшанба

 

 

 

 

 

 

 

 

Эслатма: ҳар куни қилган ишингизни (ü) белгиси билан белгилаб кетинг. Қила олмаган ишингизни эса, (x) белгиси билан белгиланг.

1.    Беш вақт намозни жамоат билан ўқиш эркаклар учундир. Аёллар уйда ўқийдилар.

2.    Қуръони каримни ўқишни билмайдиганлар. Олимларимиз томонларидан ёзилган ўзбек тилидаги тафсир ва таржималарни ҳар куни оила аъзолари билан бирор вақтни белгилаб ўқисалар бўлади. Қуръонни яхши ўқий оладиганлар ўзлари қодир бўлганича ўқийдилар.

3.    Жума намозга бориш эркаклар учун. Аёллар уйларида пешин намозини ўқийдилар. Жумага бир ой давомида барвақт борган инсонда ўрганиш пайдо бўлади.

4.    Ифторликни жуда катта қилиш шарт эмас. Унга яқинлар ва камбағал инсонлар чақирилса, жуда яхши бўлади.

Хуласа: Бу ой турли гуноҳ ишлардан, беҳуда ўйин кулгулардан тийилиб, бутун вужудимиз билан Аллоҳга юзланадиган ойдир. Бу ойда бошлаган ҳар бир ишимиз иншааллоҳ кейинги ойларни ҳам ўз ичига олиб, йиллик қиладиган ишимиз бўлса, ажаб эмас!

Обид Тошқандий

Икки ажр олганларнинг оиласидаги рамазон (Танловга)

Ҳозирги кунимизда Ислом дининг бутун дунёда кенг ёйилиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Хусусан, Европа давлатлари ҳамда уларга қўшни бўлган Рассия ва Украинада ҳам Ислом кенг ёйилмоқда. Шу йил Ислом динига кирганлар биринчи бор Исломнинг беш рукнларидан бири бўлган рўзани қаршиламоқдалар. Ҳозир сизларга Украинадаги рамазон ҳақида гапириб бермоқчимиз. Бу йил рамазон ойида Украинадаги масжидларга келадиганлар сони кўпайди. Бу эса, ўз навбатида маҳаллий матбуотларда рамазон ойи ҳақида бир неча бор хабар берилишига сабаб бўлди. Бу эса, Ислом динини у ерда тез ривожланаётганидан дарак беради. Янги Исломни қабул қилган мусулмонлар ўз ҳаётларининг барча жабҳасида Исломни татбиқ қилмоқдалар. Хусусан, рамазон ойида рўза тутишни ҳам. Рўза тутиш кўпчилик янги исломга кирган Украиналикларнинг фикрида энг қийин ишлардан ҳисобланади. Айниқса, ёзни узун ва иссиқ кунларида.
Бугун сизлар билан янги иккита мусулмон оиласига меҳмонга борамиз, ҳамда уларнинг нималарни ҳис қилаётганларини сўраймиз.
Юла исломни янги қабул қилганлардан ёши 32 да. У бизларга биринчи бор тутаётган рўзасидаги қийинчиликларни айтиб бермоқда. У очлик ва чонқоқликка одатланмаганини, баъзан рўза тутуш давомида билмасдан ейиш ёки бирон нарса ичиб қўйиш каби хатоларни қилиб қўяётганини айтиб ўтди.
Лекин унинг айтишича ҳурсанд бўладиган нарса, эсидан чиқиб еб қўйиши рўзасини бузмаслиги, балки Аллоҳ таолонинг Ўзи уни таомлантириб, суғорганини ҳис қилиши экан. Унинг учун Аллоҳ таолонинг Ўзи таомлантириб, суғорганидан ортиқ лаззат йўқ эканини бизларга ҳам тили, ҳам қалби ва ҳам ҳолати билан айтиб берди.
 Иккинчи Исломни қабул қилган акамиз Украина пойтахти Кийвдаги ислом марказига бориб ўзини мусулмон бўлганини эълон қилган Виктор. У 43 ёшда.
Ажабланарлиси шундаки, Виктор насронийлар институтини тамомлаган. Унинг айтишича, унга черковда бир каттагина масъулятли вазифада ишлаш таклиф қилинганда, у бош тортган экан. Диний таълим олган ўқимишли бўлишига қарамай, қурувчилик касбини танлаган экан. У китоб ўқишга берилиб кетиб, ислом дини ҳақида бир нечта китобларни ўқиб чиқибди. Охири билибдики, динларнинг энг тўғриси “Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ!” дейдиган ислом дини экан.
У ислом динида фарз қилинган рўзани тутишга киришган. У рўзани тутишимиз шарт деб ҳис қилади. Бошқа вақтларга қараганда Викторнинг қорни қаттиқроқ оч қолиб, жуда ҳам қаттиқ чанқаганини ҳис қилмоқда. Чунки, унинг касби қурувчилик. Бу эса ўз навбатида иссиқ ҳавода оғир нарсаларни кўтариш, қаттиқ ишлашни талаб қилади. Шунга қарамай у бир сўзни таъкид билан қайтаради: “Ислом динига киргандан кейинги роҳатим очлик ва чанқоқликни сезишимдан кўра анча кучли!”.
Виктор бўш вақтларида одатда оила аъзалари ва қариндошларига қўнғироқ қилиб улар билан ислом дини ҳақида гаплашар экан.
У оиласи даврасида узоқ вақт насроний дини таълимотларига эргашиш лозим эканлигини баён қилди. Лекин, ҳозир у янги кирган динида топган халоватлари ҳақида гапирмоқда.
Виктор рамазон ойида барвақт масжидга бориб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганди. Ифторлик қилгандан сўнг қўлига намоз ўқишни ўргатадиган китобни олиб, мутолаа қилар эди. Чунки, у намоз вақтида қандай оят ва зикрлар ўқилишини ҳали билмайди. Лекин, Виктор доимо намозда топадиган роҳатидан хурсанд эканлигини таъкидлайди.
Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлдан адаштирмасдан қиёматда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларидан баҳраманд қилсин!

Обид Тошқандий

Қалбим билан дунёни кўрдим! (Танловга)

Рамазоннинг энг иссиқ кунларидан бири. Ҳаво борган сари исиб, оғзимиз қуриб борар эди. Эй Аллоҳим, ўзинг сабр бергин. Кавсар сувларидан сув ичиб чанқоқларимизни бир умрга қондирайлик, деб дуо қилдим. Шу пайт телефон жиринглади. Олис вилоятдаги холам экан.
–    Ассалому алайкум холажон, яхшимисиз.
–    Ва алайкум ассалом, раҳмат. Биласанми, бу Рамазон қандай экан?
–    Қандай экан?
–    Кунларнинг энг узун Рамазони экан. Савоби энг кўпи. Қўлингдан келадиган бир ишни айтмоқчиман? бажарасанми?
–    Албатта, қўлимдан келса.
–    Рамазонда қилинадиган кичик савоб ҳам фарз ўрнида ёзилади. Маҳалламизда бир қиз бор. Кўзи кўрмай қолган. Исми Ҳадя. Саккиз йил олдин кўзи кўр бўлиб қолганди. Ота-онаси қизини кўрсатмаган жойи қолмади. Тошкентга келиши керак экан. Шу қизни уйингга жўнатсам, уни шифокорларга кўрсатсанг, савоб бўларди.
Холамнинг гапларини эшитарканман, бирдан куннинг иссиқлигию, шифохонада эрталабдан навбат кутишни ўйлаб, юрагим орқага тортиб кетди. Аммо кичик бўлса-да, савоб олиш умидида уни шифокорларга кўрсатишга рози бўлдим. 
Шундай қилиб эртаси Ҳадя исмли қиз ифтор маҳал уйимизга келди. Дастурхонга дуо қилиб мендан таҳоратга сув сўради. Унинг намоз ўқишини эшитиб юрагим шувиллаб кетди. Атрофимда намоз ўқимай юрган соғлом одамлар сон-саноқсиз, бу қиз бўлса, кўзи кўр бўла туриб намоз ўқийман дейди... Хуфтон намозини бирга ўқиб бўлгач, унинг ҳаёти билан қизиқдим. Ҳадя ҳаётини сўзлаб берди.
Мактабда яхши ўқирдим, бир марта эшитганларимни дарров ёдлаб олардим. Устозларим мени жудаям яхши кўришарди. Бироқ 12 ёшимда кўзларим хиралашиб, мактаб ўрнига касалхоналарга боришга мажбур бўлдим. Бир эмас уч операцияни бошдан ўтказдим. Лекин фойдаси бўлмади. Кўзим бутунлай кўрмай қолди. Мендан кўра ота-онам тушкунликка тушиб борарди. Ким нима маслаҳат берса, шуни қилиб кўришга шошилишарди. Бир куни эса онам қишлоғимизда машҳур бўлган фолбинни бошлаб келдилар. Мен эса уни уйимиздан қувиб чиқардим. Аллоҳ бу дардни менга бердими, демак шифосини ҳам ўзи беради, дердим. Меҳрибон Аллоҳим дард билан бирга қалбимга чексиз сабр ҳам берганди-да. Кейин мени табибга кўрсатишмоқчи бўлишди. Рози бўлдим ва Аллоҳдан менга ўша томонлардан яхшилик беришини сўрадим.
Табиб мени кўриб чиқиб бир ҳафта ёнида қолиб муолажа олишим кераклигини айтди. Онам мен билан бир ҳафта қололмас эдилар. Шунинг учун у ерда даволанаётган аёлларга ишониб, мени уларга топшириб уйга қайтдилар. Ўша куни мен жудда оқкўнгил бир муслима аёл билан танишдим. У менга кўмаклашар, қаерга боришим керак бўлса, қўлимдан етаклаб борарди. Кейин эса менга намоз ўқишим кераклигини, дардимга шукр қилишим лозимлигини айтди. Қалбимга гўзал илиқлик кириб келганди. Зеҳним яхшилигидан кичкина сураларни ёдлаб намозни дарров ўргандим. Илк бора бошимни саждаги қўярканман жуда гўзал ҳислар қалбимни қамраб олганди.  Иймоннинг лаззатини ҳис қила бошладим. Ҳар намоз вақти киришини интизорлик билан кутардим. Бир куни бу муслима аёл Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи вассалом ҳақида айтиб бердилар. У зот ҳақида эшитарканман нимагадир кўзларимдан ёш селдай оқиб бораверарди. Қалбимда у зотга чексиз муҳаббат пайдо бўлганди. Муҳаммад (с.а.в.)ни бир бора тушимда кўришни орзу қила бошладим. Орзуимни пайғамбарга муҳаббат қўйишимга сабабчи бўлган аёлга айтдим. У менга кўплаб саловотларни ўргатди ва Аллоҳдан муҳаббатим абадий бўлишини сўраб дуо қилди.  Мен пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)ни тушимда кўрдим... Жуда гўзал шаҳарда юрган эмишман. Одамлари меҳрибон, юзларидан нур ёғилиб турар. Кўзларим кўрлиги эсимда, лекин кўзи очиқ инсондай шаҳар айланиб юрардим. Шу пайт ёнимдан жуда хушсурат одам чиқди. Бу Абу Бакр р.а. эдилар. «Марҳабо, хуш келибсиз, бизникига зиёфатга хуш келибсиз», дедилар. Мен у  зотга эргашиб уйга кирдим. Шинамгина уй экан. Менга камтарона безатилган дастурхон тўридан жой беришди. Кейин Абу Бакр «Хуш келдингиз меҳмон», деб мени аёли билан кузатиб қўйдилар. «Раҳмат сизга, Абу Бакр! Аллоҳ сиздан рози бўлсин», дедим. Хиёл юриб бир уй ёнидан ўтдим. Одамларнинг: «Ана Аллоҳнинг пайғамбари!», деган товушларини эшитдим. Ўша ерга қарасам юзларидан нур ёғилиб Муҳаммад (с.а.в.) келардилар. Оппоқ кийимлари, бошларига ташлаб олган оқ мато ўртасидан боқиб турган нурли чеҳралари ҳали ҳам кўз олдимдан кетмайди. Ёнларига тез бориб салом бердим. Улар алик олдилар. Мен улардан Аллоҳнинг пайғамбаримисиз, деб сўрадим. Ҳа, деб жавоб бердилар. Пайғамбаримиздан (с.а.в.) менинг хаққимга дуо қилишларини, кўзларим очилишини сўрадим. Улар гўзал табассум қилиб қўлларини дуога очдилар. Оппоқ енглари кафтларигача келган эди. Қўлларини баланд кўтариб ҳаққимга дуо қилдилар.
Уйғондим...Шунчалар бахтли эдимки, энди кўзларим очилишига ишончим комил эди. Бир ҳафталик муолажам тугаб уйга қайтиб келдим. Уйга келар эканман қалбимда яна бир янги муҳаббат пайдо бўлганди. Энди Қуръонни севиб қолгандим. Уни тинмай ўқигим келаётганини ҳис қила бошладим. Ва бир йил ичида Қуръони Каримни эшитиб ёдладим. Лекин кўзим ҳамон кўрмасди. Кейин билсам ўшанда Расулуллоҳ (с.а.в.) кўзимни эмас, қалб кўзларимнинг очилишига дуо қилган эканлар. Мана, кўзларимга нур қайтмаган бўлса-да, қалбим нурга, Қуръонга тўла. Энди Қуръонсиз ҳаётим зулмат. Усиз энди йўлларимдан адашаман. Қуръонсиз яшай олмайман.
Энди кўзларим очилмаса ҳам хафа бўлмайман. Ахир кўзи очиқ, аммо қалби кўр инсонлар қанча. Мен эса қалбим билан бутун дунёни кўраман. Бу ерга эса онамнинг қистови билан келдим.
Ҳадянинг гапларидан қаттиқ таъсирландим. Мен кўзи очиқ бир банда зулматда яшаётганлигимни англадим. Ҳадяга оиламда Рамазонни ўтказиб кейин уйига қайтишини илтимос қилдим. Бу Рамазон мен учун энг ибратлиси бўлди.

Бибинисо Сатторова

Асрларга татигулик сониялар (танловга)

–    Ойи, ана, янги ой чиқибди. Мен худди пайғамбаримиз (с.а.в.) айтганларидек дуо қилайми энди? – деб сўради қизим Муслима.
–    Ҳа, қизим, худди улар ўқиганларидек – дедим.
Қизим билан дуо қилдик: Аллоҳим уни бизга омонлик, иймон, саломатлик ва ислом тинчлик ойи қилгин! Роббим ва Роббинг Аллоҳдир!
Рамазон ойи кириб келган кунда, ўроққа ўхшаб турган ой, қалбларимизнинг қотиб қолган деворларини ўз нури билан нурафшон қилгандек бўлди. Фарзандларим билан дуо қиларканмиз бу ой бизга энг гўзал амаллар эгаси бўлишимизни Аллоҳдан сўрадик. Гўзал кунлар бошланиб кунларимиз билан тунларимиз бир хил бўлиб кетди. Болаларим бир-бирига меҳрибон, озгина нарса топса, бир-бирига илинар, ширин сўзли хуш хулқ бўлиб қолгандек... Буларнинг барчаси, албатта, турмуш ўртоғим билан Рамазонга тайёргарлик дастуримиз меваси эди. Рамазондан олдин худди уйимизга улуғ меҳмон келадигандек тайёргарлик кўра бошлагандик. Ойни кўрганда ўқиладиган дуолар, Рамазонда қилинадиган амаллар барчаси ҳақида мунтазам гапириб турдик.
Рамазон сени соғиндик! Келиб уйимизни нурларга тўлдир, деб тез-тез такрорлайдиган бўлдик. Фарзандларимиз буни эшитиб, бизга жўр бўладиган бўлишди.
–    Ойи, Аллоҳ ўзи сабр беради-я, чанқамаймиз-а, оч қолмаймиз-а? – дерди қизим.
–    Вой,ойим айтганлар-ку, Қуръон оч қолганни тўйдириб, чанқаганни чанқоғини қондиради деб. Рамазонда биз кўпроқ Қуръон ўқиймиз, бундан ҳам савоб оламиз, ҳам қорнимиз тўяди – дарров жавоб берарди ўғлим.
Уларнинг гапларини эшитиб, Аллоҳдан уларга сабр беришини, эндигини елкаларига ўтирган фаришталар амал дафтарига бошиданоқ савоб ишларини ёзишини дуо қилардим.
Бир куни қизим «овқат» сўзини тескари қилиб ўқисак, «тақво» сўзи келиб чиқишини айтиб қолди. Агар овқатни тақво билан есак, қалбимиз нурга тўлади. Аллоҳ ҳатто сўзларда ҳам бизларга яхшиликни раво кўрган, деб айтди. Ва Аллоҳга бўлган чексиз муҳаббатини бот-бот такрорлаб юрди.
–    Аллоҳни жуда севаман!
–    Бизлар ҳам севамиз! – қўшилишди ўғилларим.
–    Аллоҳни севсак, буйруқларига итоат қилиб, намоз ўқишимиз керак, мана хуфтон ҳам бўлди. Таҳорат олинглар, таровеҳ ҳам ўқиймиз, – дедим болаларимдан севиниб.
Фарзандларим таровеҳ нималигини билишмаса-да, хурсанд бўлиб унга тайёрланишди...
Мен фарзандларимга намоз ўқиётганингизда худди Аллоҳ билан суҳбат қураётгандек бўлинглар, деб айтардим.  Ўзим ҳам шунга амал қилишга ҳаракат қилардим, лекин доим ҳам уддасидан чиқолмасдим. Хаёлимни дунёвий ташвишлар эгаллаб оларди. Аммо Рамазон ойининг бирида, хуфтон намозини ўқий бошлар эканман бирдан вужудимни оғир юк босгандай бўлди. Дунёни унутдим. Кўзларимни юмиб фикримни бир жойга жамламоқчи бўлдим... шу пайт қалбимни гўзал туйғулар қамрай бошлади. Занг босган қалбимни бир нур тозалагандек бўларди. Ажиб тотли ҳисларни сеза бошладим. Бу ҳолат мени сира тарк этмаслиги учун зам сураларнинг узунроғини ўқий бошладим. Саждага бориб «Субҳонал раббиъал аъла» дер эканман бошим устида турган катта бир қасрга кўзим тушди. Оқ мармардан қилинган бу қасрни ҳали энг гўзал шаҳарларда ҳам йўқлигини ҳис қилардим. Қаср олдига борганим сайин, у ўн бараварига катталашиб борарди.. Ундан таралаётган ҳид мени ўзига шунчалик тортардики, уни йўқотиб қўйишни истамасдим. Шу пайт қулоғимга сувларнинг шилдираши эшитилди. Атрофга қарар эканман бу сув шундоққина қаср тагидан оқаётганини, тўғрироғи қаср сув устига бино қилинганини кўрдим. Кенг айвонли жуда гўзал бу қасрнинг остидан оқаётган сув чексиз баландликдан қаергадир оқиб борарди. Ўйма нақшлар, кўзни қамаштирувчи тошлар билан безатилган зиналардан чиқа бошладим. Қасрнинг эшиги устида меҳрибон Роббимнинг сифатлари ёзилган. Ҳар бир сифатидан таралаётган нур кўзларни қамаштирарди. Қаср ичига яқинлашганим сайин энг гўзал овоз билан ўқилаётган Қуръон қироатини эшитардим. Бунча гўзаллик, ширин ҳидлар, муздек дарё товуши ва Қуръон... Хаприқиб кетаётган юрагимни ушлаб, ичкарига интилардим. Овоз келаётган томонга қараб югурардим. Қарасам бутун оилам у ерда... Фарзандларим Қуръон ўқиб ўтирарди. Тинмай атрофга боқиб қувончимни яширолмасдим, гапирай десам оғзимдан фақат ҳамдлар чиқарди... Саждадан қайтарканман «Аллоҳу акбар» тасбеҳини шунчалик юракдан айтдимки, кўзларимга қуйилиб келаётган ёшларни тўхтатолмасдим.
Мана, Рамазоннинг раҳмат кунлари менга инъом этган туҳфаси. Рамазон менга дунё лаззатлари йиғилиб беролмаган бахтни берди. Қандайдир сониялар, лекин асрларга таътигулик эди.
Эртаси синглимдан ҳол сўраб қўнғироқ қилдим. Беш яшар ўғли билан шифохонада ётган эди. Жияним мен билан гаплашмоқчи эканлигини айтиб, гўшакни олди.
–    Ҳолажон, биз сиз билан осмонинг жаннатига чиқдик. Жаннатга кирдик. У ерда бизни боғлаб қўйишди. У ердан энди чиқолмаймиз, – дерди у ҳаяжонини босолмай.
Мен синглимдан ўғлинг туш кўрдими, тушини айтиб бераяптими, деб сўрадим гапларидан ҳайратланиб. Жияним бўлса, биз осмонниг жаннатидамиз, деб такрорлашдан қолмасди.
Менинг беғубор жияним! Илоҳо айтганларинг келсин! Аҳли мусулмонларга, Расулуллоҳ (с.а.в.)га умматман деб, Аллоҳ учун рўза тутаётганларга «Осмоннинг жаннати»га кириш насиб этсин. Ва у ердан Рамазонда қилган гўзал сабрларига яраша ажрлар билан «боғланиб» ҳеч қачон чиқмасинлар. Аҳли оилаларимиз билан Жаннатий оила сифатида оқ мармарли, тагидан дарёлар оқиб турувчи қасрларга эгалик қилиш насиб этсин! Дуоларимиз сўнгги: Алҳамду лиллаҳи Роббил аъламийн!

Бибинисо Сатторова

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ