1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

Мусулмон оиласига Рамазоннинг 22 баракаси (танловга)

Ислом динида Рамазон ойи улуғ ойлардан ҳисобланади. Унда рўзадор одамнинг уйқуси ҳам ибодат, намозини қоим қилиш ҳам ибодатдир. Унинг ҳар бир амалига кўплаб савоблар зиёда қилинади. Рамазон мусулмон кишининг дуоси қабул бўладиган ойдир. Рамазон ойи Аллоҳ таолонинг раҳмат ва баракалари ёғиладиган ойдир. Рамазон мўмин ва мусулмонлар учун барака ойидир. Албатта, мусулмон кишининг оиласига ҳам шу ойнинг баракалари бўлади. Уларнинг ададини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Ҳозир эътиборингизга Аллоҳ таоло қодир қилганича улардан 22 тасини келтириб ўтамиз:
1.    Рамазонда Қуръоннинг баракаси:
 Аллоҳ таоло Қуръон каримнинг Бақара сурасининг 185-оятида “Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган.”
 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда инсонларнинг энг сахийси эдилар. Саховатларининг авжи Рамазонда Жаброил алайҳиссалом у зот билан учрашган кезлари бўлар эди. Тасаввур қилинг Қуръон карим тиловат қилинганда эрга қанчадан қанча фариша тушади. Аллоҳ таолонинг энг сўнги китобини шу ойда нозил бўлиши ҳам бу ойнинг улуғ барокатли ой эканлигини билдиради.
2.    Рамазонда рўзанинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким Рамазон рўзасини иймон билан, савоб умидида тутса, унинг олдинги (ўтган) гуноҳлари мағфират қилинади” дедилар . Имом Бухорий ривоят қилганлар.
Ҳадис қудсийда (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Раббилари Аллоҳ таолодан ривоят қилганлар) Аллоҳ таоло: “ Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Магарам, рўза ундай эмас. У Мен учундир. Унинг мукофатини Мен берурман. У (одам боласи)шаҳватини ва таомини Мен учун тарк қилур”-деди. Имом Муслим ривоят қилганлар
3.    Рамазондаги биринчи кечанинг баракаси:
 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
 Қачон Рамазон ойининг аввалги кечаси бўлса, шайтонлар ва ўзбошимча жинлар кишанланади. Дўзаҳ эшиклари ёпилади. Улардан бирон эшик очилмас. Жаннатнинг эшиклари очилур. Улардан бирор эшик ёпилмас. Хар кеча бир нидо қилувчи:
“ Эй, яхшиликни истовчи, келиб қол! Эй, ёмонликни истовчи, бас қил”- деб нидо қилади” дедилар. Имом Термизий ривоят қилганлар.
4.    Рамазон кечаларида қоим бўлиш ва таҳажжуднинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким Рамазонда иймон ва ихлос билан қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур” деганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганлар.
5.    Рамазон ойида садақанинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Садақаларнинг энг яхшиси Рамазон ойида қилинган садақадир” деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишда ўз умматларига ўрнак бўлар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам  яхшиликда инсонларнинг энг сахийси эдилар. Саховатларининг энг авжи Рамазонда бўлар эди. У зот Рамазонда эсган шамолдан ҳам саховатли бўлиб кетар эдилар.
6.    Рамазонда ифторнинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Модомики ифторга шошилишар экан, одамлар яхшиликда бўлаверадилар”дедилар. Имом Бухорий ривоят қилганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
Аллоҳ азза ва жала: “Бандаларимнинг менга маҳбуброғи оғиз очишни тезлатганлари”, деб айтди” дедилар.
7.    Ифторлик қилиб беришнинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“ Ким рўзадор кишига ифторлик қилиб берса, у кишига ҳам рўза тутганнинг ажридек савоб берилади.бу билан рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас” дедилар. Имом Термизий ривоят қилганлар.
Бу билан у ўзи рўза тутмаса бўлади дегани эмас. Чунки, рўза фарз ибодат ҳисобланади. Бу ҳадис ифторлик қилиб беришнинг қанчалик савоби улуғ иш эканини билдириш учун айтилган.
8.    Рамазонда ифторлик пайтида қилинадиган дуонинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга ифторлик вақтида:
“Аллоҳ номи билан, Аллоҳим сен учун рўза тутдик. Сенинг ризқинг билан ифторлик қилдик, бизлардан (рўзамизни)қабул қилгин. Албатта Сеннинг ўзинггина эшитувчи, билувчисан” демоқни васият қилдилар.
9.    Рамазонда ижобат бўладиган дуо баракаси:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Рўзадор учун ифторлик вақтида рад қилинмайдиган дуо бор” дедилар. Бошқа бир ҳадисда “ Рўзадорга икки хурсандлик бордир. Қачон ифтор қилса, хурсанд бўлади. Роббисига йўлиққан вақтда (Рўзаси) билан хурсанд бўлади” дедилар. Имом Муслим ривоят қилганлар.
10.     Рамазонда Лайлатул қарднинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким Қадр кечасида иймон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади” дедилар. Имом Бухорий ривоят қилганлар.
Чунки, Қадр кечаси минг ойдан афзалдир. Шунинг учун баъзи саҳоба ва тобеинлар Рамазоннинг охирги ўн кунликда, ғусл қилиб, ўзларига хуш бўйликлар сепиб, юришарди. Қадр кечаси шу ўн кун ичида бўлгани учун.
11.    Рамазонда саҳарликни баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Саҳарлик қилинглар, чунки саҳарликда барака бор”, деганлар. Имом Бухорий ривоят қилганлар.
Яна бошқа бир ҳадисда:
 “Бизларнинг рўзамиз билан Аҳли китоблар рўзасини орасини ажратиб турадиган нарса саҳарда таомланмоқ” деганлар.
12.    Рамазонда фитр садақасини баракаси:
Рўзадор рамазон рўзасини тутиб бўлгандан кейин рўза давомида қилинган хато ва камчиликларни тўлдириш учун берилади. Фитр садақасини Ийди Фитрнинг тонги отиши билан вожиб бўлади. Ундан олдин бериш жоиздир.
13.    Рамазон ойида умранинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Рамазон ойида қилинган умра ҳажга тенгдир” деганлар.
14.    Рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳиднинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Албатта, рўзадорнинг оғзидаги ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир” дедилар. Имом Муслим ривоят қилганлар.
15.    Рамазонда чиройли хулқ ва одобли бўлишни баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Агар сизлардан бирингиз рўза тутса фаҳш ҳамда лағв сўзларни гапирмасин. Агар бирор киши сўкса ёки урушса, мен рўзадорман”, десин” дедилар.
16.    Рамазонда унутиб таом истеъмол қилишнинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким рўзадорлигини унутиб қўйиб еса ёки ичса, рўзасини давом эттираверсин. Чунки, Аллоҳ у кишини таомлантирибди ва сероб қилибди, холос” дедилар. Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилганлар.
17.    Рамазонда рўзани очиб бўлгандан кейин таомланиш ва серобланишнинг баракаси:
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: Бақара сураси 187 оят:
“Ва то тонгдан оқ ип қора ипдан ажраладиган пайтгача еб-ичаверинглар” деб марҳамат қилган.
18.    Рамазонни ёши улуғлар ва ҳомиладор аёлларга баракаси:
Аллоҳ таоло катта ёшдаги рўза тута олмайдиган кишиларни фидя беришга буюрган. Аллоҳ таоло Қуръон карим Бақара сурасининг 184 оятида:
“(Кексалик ёки заифлиги сабабли) рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг бир кунлик таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим.” деган.
Ҳомиладор аёл бўлса туғуб бўлгандан сўнг рўзасининг қазосини тутиб беради.
19.    Рамазонда жаннатнинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Аллоҳ таоло рамазонниг хар куни жаннатини зийнатлайди” деганлар.
Яна бошқа бир ҳадисда эса, Жаннатдаги бир эшик фақат рўзадорлар учун эканлиги келган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Жаннатдабир эшик бор. У “Райён”дейилади. Қиёмат куни ундан рўзадорлар киришади, улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. “Рўзадорлар қани?”дейилади. Шунда улар туришади. Улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. Улар киргач, у беркитилади. Кейин ундан ҳеч ким кирмайди” дедилар. Имом Бухорий ривояат қилганлар.
20.    Рамазонда истиғфорнинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Рамазонда фаришталар рўзадорлар ифторлик қилгунларича уларга истиғфор айтадилар” дедилар.
21.     Рамазонда хайрли ишларнинг баракаси:
Имом Суфён Саврий агар рамазон келса, ҳамма нафл ибодатларни тарк қилиб, фақат Қуръон тиловот қилар эдилар.
22.    Барча тоатларнинг жамланишидаги барака:
Рамазонда барча тоатлар жамланади. Мисол: Намоз, Рўза, кечқурун қоим бўлиш, Қуръонни хатм бўлиши, Умра, ифторлик қилиб бериш, истиғфор, тавба, қариндошлардан хабар олиш ва бошқа ибодатлар.

Обид Тошқандий

Улама рўза (танловга)

Ёшлигимдаги илк рамазон ойини элас эслайман. Эсимда қолган Рамазон ойи шуки Рамазон ойи май ойларида келарди. (1988 йилдан кейин) . Оиламизда рўзани фақат отам (Аллоҳ хар иккисини раҳматига олган бўлсин) тутарди.  Аммо негадир у пайтларда бошқа ёши катталарни нима учун рўза тутмаганлигини хозирда ўзимга сиғдира олмайман. Рўза тутишни қандайлигини билмасамда аммо кундузи овқат ейилмаслик кераклигини билардим. Кечки овқатимиз айнан ифтор пайтида бўлиши хам билардик. У пайтларда махалламизга нишолда сотувчи тоға келарди. Нишолдасини сотиб бўлгач отам учун алоҳида олиб қўйганини олиб келиб отам билан узоқ сухбатлашиб ўтирарди. Тўғрисини айтганда менга айнан шу сухбатларни тинглаш ёқарди. Нишолдачи тоғанинг Рамазон ойи савоблари, рўзани фазилатлари, аммо рўза тутиш бўйича партиячиларнинг зуғумлари ҳақида ва бунга жавобан отамнинг хам ўзига нисбатан бўлган партиячиларнинг таъқибларини айтиб берганда очиғи мен хайратланардим. 1989 йилги рўза келганида мен боғча опамга рўза тутдим, энди кундузи овқат емайман деб айтганим учун отам рахматлини бунга жавоб берганлигини кейинчалик билганман. Ўшанда боғча опамиз мени сўкиб, жеркиган ҳолда мажбур сув ичирганди. (бошқа пайтда сувни белгиланган пайтдагини, ўлчов билан беришарди)
Уйга келганимда дадам хам қаттиқ койиб берганди. Отам эса дадамга бир хўмрайиб қараб қўйиб менга “Ёшинг 12 га киргачгина рухсат бераман” деганди.
1991 йили отам раҳматли қазо қилгач оилада энам раҳматли рўза тутишни бошлади. Акам ва мен хам рўза тутаман деб туриб олдик. Дадам қаттиқ қаршилик қилди. (бу пайтда акам 10, мен 8 ёшга киргандим) Шу пайтда энам томонидан бизни рўза тутиш учун бир стратегик режа тузилган. Энам раҳматли мен ва акамга “улама рўза” тутишни ўргатди. “Улама рўза” шуки, сахарлик қиламиз, соат 10 ларда қоронғу уйга энам томонидан тайёрланган овқатни хеч ким кўрмасидан секин кириб паққос туширамизда мактабга кетамиз, мактабдан қайтгач яна ўша жойдаги таомлардан рўзани “улаволамиз”. Кечқурун эса энам билан бирга ифторлик қиламиз. Табиийки дадам бунга қаршилик қилмасди. Акам хам, мен хам “улама вақт”дан бошқа вақт хеч нима татимасдик. Икки йил улама рўза шу тартибда тутилди. Кейинчалик овқат бир махалга туширилди. 12 га тўлганимда эса ростмона рўза тутишни бошлаганман.
Умуман олганда кейинчалик барча оила аъзоларимиз рўзани қолдирмай тутиб келишади. Умуман олганда Рамазон ойини фазилатлари ва савоблари ҳақида дастлабки тушунчаларни берган отамдан ва рўзани бундай ҳолда тутишга ўргатганликлари учун энам раҳматликлардан бутун умр миннатдорман. Насиб қилса ҳозирда уч фарзандим бор, каттаси 7 ёшда. Уларни хам худди энамни ўргатган йўлларидай рўза тутишни ўргатишни ният қилганман.
Илоҳим, барчамизни тутаётган рўзаларимизни Аллоҳни Ўзи қабул қилсин!

Рамазонда бўлган бир воқиъа (танловга)

Муслимахон онаси билан рамазон ойи кириб келиши муносабати билан тайёргарлик кўриб, ҳурсанд ўлтиришган эди. Уларнинг меҳр билан суҳбатлашиётгани устига отаси ҳар доимгидек галдираклаб кириб келди. Уларни самимий суҳбатлашиётганини кўриб нима тўғрисида гаплашиётганини сўради. Шунда онаси -“ Сизга нима, барибир эмасми, эртага рамазон ойини биринчи куни бўлса ҳам, уялмай ичиб келибсиз? Бизнинг суҳбатимизни сизга қизиғи бўлмаса керак...”, деди. Отаси- “Нима деганинг? мен ҳам мусулмон боласиман, Худо хоҳласа эртадан рўза тутаман.” Она отасининг айтган сўзига ишонмади, рамозон олдидан эрининг бу ҳолатда кўриб кайфияти бўзилган эди.
Рамазон кунинг биринчи саҳарлик пайтида таомланаётган она ва бола олдига отаси қўшилди ва уша кундан бошла рўза тутиб, намоз ўқий бошлади. Муслима жуда хурсанд эди, чунки энди уни уйида ичиб келган отаси онасини калтаклаш йўқ, биринчи бор отаси унга қизалоғим деб мурожат қилганини эса гапирмаса ҳам бўлади. Онаси кашта тикиб топган пулларини энди отаси олиб қўймайди, рўзғорга барака кирди...
Муслима ҳаёти тинч, отаси унга меҳр кўрсатишидан жуда хурсанд эди. Рамазон ойлари шу зайлда ўта бошлади. Бир куни Ота тунда қизи йиғлаб қилаётган дуодан уйғониб кетди. Яқинроқ бориб қулоқ тутди, қизи Аллоҳга дуо қилаётган экан, -“Эй Аллоҳим қани энди рамазон ойи тугамаса, бу ой тугаб қолса отам яна эски ҳолатига қайтади, менга меҳр билан қарамайди. Эй Алоҳим рамазон ойини ўз қудратинг билан узайтиргин”, дер эди . Бунга гувоҳ бўлиб турган Ота ўзини тутолмай йиғлаб юборди. -“Наҳотки шунчалар кўр бўлсам, ўз зурриётим кўрган нарсани мен кўролмаётган бўлсам” .Ота қизини олдига келиб уни кўз ёшларини артди. -“Қизим сени дуойинг ижобат бўлди, энди рамазон бизнинг уйимиздан бир умр кетмайди. Отангни рамазон ойида қандай кўрган бўлсанг, энди доим шундай кўрасан”.
Муслимахоннинг кичгина қўлчалари беихтиёр яна дуога очилди...

Обидхон Икрамов

Рўзани қалбига жойлаб (танловга)

Энам раҳматлик 2012 йил 87 ёшида вафот этди. Бувимнинг айтишича энам раҳматлик 9 ёшидан Рамазон ойининг рўзасини тутишни бошлаган экан. Ва то 83-84 ёшигача бехато тутган экан. Қаранг қанчалик узоқ муддат-а?! Мана шунча вақтда ҳолис Аллоҳ учун тутилган бу рўзаларни Аллоҳ даргоҳи илоҳида қабулу мақбул айлаган бўлсин!

Собиқ иттифоқ замонида Ислом динига нисбатан қарашлар ўзгариб, диндорларга қарши давлат дастурлари амалга оширилиб, атеистик қарашлар авж олган замонда ҳам динни қалбига жойлаб, уни озиқ тишлари билан маҳкам тишлаб, Аллоҳга бўлган эътиқодида собит қадам турган инсонлар орасида ҳикоямиз қаҳрамони ҳам бор эди. Айни компартия аъзосига турмушга чиққан бўлишига қарамасдан ўзининг эътиқодидан воз кечмаган, 5 маҳал намозини ва рамазон ойидаги 30 кунлик рўзасини қолдирмасдан жасорат, ҳа дин йўлида, Ислом йўлида жасорат кўрсатган эди. Албатта, бу жасоратга турмуш ўртоғи бобом Муҳаммаджон домла ҳам қарши чиқмади. Бу ҳам бобомизнинг Аллоҳни танигани, Ундан қўрққани учундир, гарчи ўзи бу ишларни қила олмаган бўлсада, қалбан унга қарши ҳам чиқмади, буни ҳам бир жасорат десак бўлади. 

Азизлар Рамазон жуда улуғ ой, рўза Исломнинг 3 - энг катта устунидир. Бу устунни қалбимизга жойлайлик. Рамазон ойини ғафлатда қолиб бой бериб қўймайлик!

Яна бир бор Рамазони шариф барчаларимизга фазилатли ой бўлсин!

Акмалжон Мусаев

Тавба (танловга)

Ўша кунларни эсласам ҳалиям даҳшатга тушаман. Юрагим орқага тортиб кетади. Жинни бўлиб қолмаганимга шукр қиламан. Парвардигор дард берса, шифосини ҳам беришига ўшанда ишондим.
Тиббиёт институтида ўқиганим учун кеч уйланганман. Хирург-онкологман. Қизилўнгач саратони билан оғриган беморларни даволайман.
Умид ёлғиз ўғлим. Учта қиздан кейин Аллоҳ орзумизни ушалтирган. У туғилганида роппа-роса қирқ ёшда эдим. Умиднинг томоғи тез-тез оғригани учун роса авайлардик. Айниқса ойиси ҳар доим кўз-қулоқ эди:
— Умиджон, совуқ сув ичиб қўйма!
— Болам, овозинг бошқача, томоғинг оғрияптими?
«Асраган кўзга чўп тушар», деганлари рост экан. Ўшанда Умид ўн беш ёшда эди.
— Томоқни очадиган дори олиб келинг, — деди аёлим телефон қилиб.
Билдимки, ўғлимнинг яна томоғи оғриган.  Ўша куни унинг иссиғи чиқиб, роса безовта бўлди. Укол қилдим. Дори ичирдим. Аҳволи яхшилангандек бўлди. Бир ҳафта ўтиб, у яна қайталади.
— Лорга олиб бор. Яхшилаб текширсин, — эрталаб тайинлаб кетдим хотинимга.
— Умиднинг гапларига қараб, аллергияси ҳам бор, шекилли, деб манов дориларни ёзиб берди, — кечқурун дорилар рўйхатини қўлимга тутқазди у.
— Яхши, олинглар…
Афсуски, бу муолажанинг таъсири ҳам узоққа бормади. Бир ой ўтар-ўтмас ўғлим яна овқат ейишга қийнала бошлади.
— Ангинангни олдириш керакми, дейман, болам, — дедим юрагим эзилиб.
— Эртага олдирайлик, — деди ўғлим зорланиб. Шундагина ўғлимга эътибор берибман. Озиб, ранги бир аҳвол бўлиб қолибди. Оғриқ жонидан ўтибдики, эртагаёқ ангинасини олдиришга тайёр! — Хўпми, дада, ўзингиз олиб борасиз-а?
Унга раҳмим келиб кетди. Шўрлик болам… Ота бўлиб, яна ўзим шифокор бўла туриб унга беэътиборман.
— Кел-чи, ўзим бир кўрай! Балки яхшилаб даволасак олдириб ҳам ўтирмасмиз. Юзингдан кўриниб турибди — қонинг кам. Анемиясан! Иммунитетинг паст. Қувватлантирадан дорилар беришимиз керак сенга, — шундай дея унинг ёнига ўтириб, иягидан тутдим. — Қани оғзингни оч. Ёруғга қара…
Унинг томоғига қараб ҳайратим ортди. Шамоллаш аломатлари кўринмайди. Хаёлимга келган фикрдан юрагим ортга тортди.
— Яна қаеринг оғрияпти, ўғлим… — шу саволни беряпман-у, жавобини эшитгим келмасди.
— Кўкрагим, мана бу ерим, — у тўшини ушлади. Кўз олдим қоронғулашди.
— Қовурғангнинг пасти-чи? — «йўқ», де болам, «йўқ», де, зорланаман ичимда.
— Оғрийди. Орқам… умуртқам ҳам оғрийди…
Тилим калимага келмай қолди. Хушимдан кетай дедим. У айтган жойларни пайпаслаб кўргани юрагим бетламади. «Йўқ! Фақат бу эмас! Худойим, наҳот ўғлим саратонга чалинган? Ёлғизгина болам, ўғилгинам, эндигина ўн бешга кирган жигаргўшам…»
Кўзларим ёшга тўлди. Ўзимни қўлга ололмасдим. Ўкраб юборишим мумкин эди. Шунинг учун ўрнимдан турдим.
— Нима гап? — деди бизга анқайиб қараб ўтирган хотиним.
— Эртага ангинасини олдирамиз. Рангини қара, шу пайтгача эътибор қилмабман… — шундай дея ётоқхонага йўл олдим.
— Дадаси, овқат сузмоқчийдим. Қаёққа? — ортимдан бақириб қолди у.
— Ейверинглар. Мен кейин ейман…
Миям ишламай қолганди. «Энди нима бўлади? Наҳот ўғлимнинг… наҳот унинг умри ҳисобли? Йўқ! Дунёга сиғмай кетаётгандим. Йўқ! Мен адашдим. Ўзим шу соҳада бўлганим учун менга шундай туюлди. Эртага ишхонага олиб бориб ўзим текшираман. Ҳаммаси ёлғонлигига амин бўламан! Ҳа, мен адашдим!»
Шу пайт хотинимнинг овози қулоғимга чалинди:
— Суюқ овқатни ҳам еёлмаяпсанми? Ёмон оғрияптими? Вой болам-ей, қачондан буён тузукли овқат емайсан, озғинлигингни қара. Мажбурлаб е.
Бу гапдан сўнг бутунлай ўзимни йўқотдим. Секин ётоқхона эшигидан мўраладим. Ўғлим косадаги суюқ овқатни ичишга уриняпти. Лекин ютолмаяпти. Йўталяпти. Эй Худойим, унда учинчи босқич! Наҳот, шу пайтгача сезмадим?! Шу ҳолга тушгунча у қанча азобни бошидан кечирган. Мен… шу касални даволайман-ку! Нега ёнимдаги, боламдаги касалликни бошидан сезмадим. Йўқ! Ўзингни бос! Ҳали текшириш керак… Ваҳима қилма!
Эрталаб уни ишхонага бошлаб бордим. Ўзим текширтиргани қўрқдим. Шунинг учун ҳамкасбим Комилга тайинладим:
— Илтимос, уни текширтириб кел. Ҳамма кўрикдан ўтказ. Рентгенологик, эндоскопик, патоморфологик, ультратовуш… ҳаммаси…
Улар келгунча қўлим ишга бормади. Юрак ҳовучлиб ўтирдим.
— Эркин Валиевич, Умиджон уйга кетаверсин. Жавоблар эртага чиқаркан… — деди ўғлимни елкасидан қучиб олган ҳамкасбим.
— Эртага? — ажабланиб қарадим унга. Бирдан тушундим-у, юрагим «шув» этиб кетди. У Умиднинг олдида гапиришни истамагани учун шундай деётганди.
— Ҳайдовчингиз бўш экан, ҳозир Умиджонни қўйиб келади…
Мен жонсиз ҳайкалга айландим. Миямга ҳеч нарса келмасди. Тўғрироғи, бу ҳақда ўйлашни, фикрлашни истамасдим. Ҳамкасбим қачон келди, нималар деди қулоғимга кирмади.
— Эркин ака? Эркин ака? — охири у мени турткилай бошлади.
— Қоғозларни бер, — дея олдим холос.
— Эркин Валиевич, ўзингизни қўлга олинг. Ўзингиз шифокорсиз-ку!
— Ҳа-а-а! Ўзим шифокорман! Кўр, кар шифокорман! Ёлғизгина болам кўз ўнгимда қизилўнгач саратони бўлиб ўтирибди, билмадим! — негадир унга бақира бошладим. — Деҳқон, чўпон бўлганимда ҳам алам қилмасди! Бошланғич босқич бўлса ҳам майли эди? Энди нима қиламан? Комил, айт! Нима қилай, айт! Нима қилсам уни асраб қоламан? Асраб қолиш мумкинми, ўзи? Нега бундай бўлди? У ҳали ёш-ку! Нима учун?
Кечадан буён бўғзимга тиқилиб ётган алам отилиб чиқди. Мен Комилни қучиб йиғлай бошладим. У мени овутолмасди. Мен бир оми, саводсиз бўлсам экан, хабарим йўқ бўлса экан, овутса… Афсус, мен ҳаммасини биламан… Бечора ўғлим шу пайтгача қанча азоб чеккан… Мен ғофил банда… Нега билмадим? Нега сезмадим?
— Унда учинчи босқич тўғрими? — сўрадим охири. Қоғозларга қарагим ҳам келмасди.
— Ҳа, — Комил кўзларини олиб қочди.
— Ўсма қаерда? Юқоридами, ўртадами, пастда?
Комил хўрсинди.
— Пастдами?
У бош чайқади. Унга тикилиб туриб кўзим тинди…

* * *

Кўзимни очганимда беморлар хонасида ётардим. Демак, хушимдан кетибман. Йўқ, ухлагандирман, балки… Ҳа, ухлаганман! Даҳшатли туш кўрибман…
— Комил, ёмон туш кўрибман… Тушимда ўғлим… Худога шукур туш экан…
— Эркин Валиевич? Қанақа туш?
— Тушимда Умиджон саратон бўлганмиш… — бу ёлғонлигини билардим, аммо шундай бўлишини истаганим учунми, жуда ишонгим келарди.
— Эркин ака? Ўзингини қўлга олинг… Бу туш эмас! Сиз ўзингизни қўлга олишингиз, оилангиздагиларга суянч бўлишингиз лозим…
— Йўқ, Комил… Бардошим етмайди. Унинг кўз ўнгимда сўниб боришига чидолмайман! Азобланишини кўтаролмайман! У менинг болам, ёлғизгина ўғлим!
— Қанча тез даволасак, шунча яхши. Буни ўзингиз ҳам биласиз!
— Онасига нима дейман? Ўзига-чи? Улар бирдан билади. Ахир уйда ҳар куни шу касаллик ҳақида гапирганман. Беморларимнинг аҳволини айтиб берганман…
— Наҳот, шу пайтгача сезмадингиз?
— Шуни айт. Унинг томоғи оғрирди. Онаси иссиқ-иссиқ овқат едирарди. Бефарқлик қилибман-да. Овқат еётганда йўталиб, ютолмай қолган пайтлари ҳам бўлган, аҳамият бермаганман. Бу касаллик кексаларга хос деб юрганман-да! Ёшларда кам учрайди-ку!
— Ҳа, Умиджоннинг ёшида кутилмаган ҳол…
— Энди нима қиламан, Комил?..
— Ўсма пастки қисмда. Кимё даволаш қийин кечади. Фойдаси ҳам кам.
— Операция ундан-да, оғир… Эй, Худойим, бу нима кўргулик?
— Амаллаб нур билан даволаймиз. Умиджон ёш, ҳали кўрмагандай бўлиб кетади, — Комилнинг айтаётган гапига ўзи ҳам ишонмаётгани сезилди. — Умиджонга курс даволашни қўлласак бўлади. Икки курс нурлантиришдан сўнг ўзингиз операция қиласиз…
— Йўқ! Ундай қилолмайман! Мен ўз ўғлимни операция қилолмайман…
— Бошқа иложингиз йўқ. Энг тажрибали жарроҳ — ўзингиз. Наҳот ўғлингизнинг ҳаётини бошқа бировга ишониб топширсангиз…
Комил билан кейин нималарни гаплашдим, ёдимда йўқ. Ўша куни кечга операция бор экан. Диққатимни жамлаёлмаслигимдан қўрқиб кирмайман, дедим. Аммо беморнинг яқинлари йиғлаб туриб олди. Кўз олдимга яна Умиджон келди. Мижозимнинг изтироби меникидан кам эмас. Аммо уларнинг битта ютуғи — улар менга ишонади, мендан умид қилади. Мен-чи? Мен кимга суянаман?
Ўша кунги операция муваффақиятли чиқмади. Тўғри, беморим тирик. Аммо аҳволи… Унинг икки ё уч кунлик умри қолган. Буни яқинларига қандай айтаман? Авваллари айтаверардим. Шифокор сифатида дийдам қаттиқ эди. Энди-чи? Мен ҳам кўпроқ умидвор отага айландим. Уларнинг дардига шифокор эмас, жабрдийда сифатида қараяпман.
Уйга зўрға кириб келдим. Хотиним югуриб келди:
— Умидни нега лорга олиб бормадингиз? Унинг юрагини ёриб, ўша қуриб кеткур, шифохонангизга олиб борибсиз? Бечора ўғлим келиб йиғлади…
Адойи тамом бўлдим. Энди нима дейман? Ўғлим йиғлабди. Демак, касалини билган…
— Хотин, мен чарчадим. Операциядан келяпман. Дам олмоқчиман.
— Операциядан келаётганингизини биламан. Умидни нега у ёққа олиб бордингиз?
— Бизнинг аппаратлар яхши. Аниқ кўрсатади. Дори, иссиқ овқат бераверганингдан томоғи яра бўлиб кетибди. Эртадан ўзим даволайман!
Шундай дея тўғри ётоқхонага кирдим. Кечаси билан ухлай олмадим. Ўғлим чекадиган азобларни кўз олдимга кетириб, изтиробга тушардим.
Нега Аллоҳ мени ғафлатда қолдирди? Қайси гуноҳим учун ёлғизгина ўғлимга бу дардни берди? Мана шу саволлар, оғриқли хаёллар гирдобида икки ойни ўтказдим. Бу вақт ичида Умиджон икки курс даволанди. У ҳам, хотиним ҳам негадир мени бошқа саволга тутмади. Хотинимнинг одамовироқ бўлиб қолганинининг ўзи унинг ҳолати айтиб турарди. Ўғлим эса бардошли чиқди. Оғриқу бехузурликларга чидаб берди. Аммо кучли дори-дармонлар, нур ўз ишини қилган, бечора ўғлимнинг суяги қолганди холос. Сочлари, қошлари ҳам анча тўкилганди. Икки-уч ҳафтадан сўнг уни операция қилиш лозим. Аммо қандай? Қандай қилиб ўз ўғлимнинг, яккаю-ягонамнинг бўғзига тиғ тортаман? Бирор жойига тикон кирса, юрагим зирқирайди-ку!

* * *

Ўша кун ҳам келди. Мен ўзимни босолмасдим. Уни қандай операция қиламан? Қўлларимга ҳозирдан титроқ киряпти.
— Агар қўрқсангиз, бир ҳафтага кечиктирамиз. Чет элдан хоҳлаган профессорингизни чақирасиз, — Комил ҳолатимни кўриб шу қарорга келганди.
— Йўқ! Мен уни ҳеч кимга ишонмайман! Ҳолатини ўзим, ўз кўзим билан кўришим керак. Ана шунда даволашим осон кечади, — мен қатъий қарорга келгандим.
Аллоҳга минг илтижо билан иш бошладим. Ўғлимнинг аҳволи мен ўйлагандан ҳам ёмон экан. Буни билгач, ўзимни қўлга ололмай қолдим. Мени қалтироқ босганди.
— Эркин Валиевич! Сизга нима бўлди? — ёрдамчим шошиб қолди.
Комил яна жонимга оро кирди:
— Ўз ўғлингизнинг ҳаётига зомин бўлмоқчимисиз? Бу — Умид! Эсингиздан чиқарманг! Ўзингизни қўлга олинг! Бошқа беморлар соғлиғи учун ўн чандон курашган бўлсангиз, ўғлингиз учун юз чандон курашинг! Сиз отасисиз!
Бу гаплардан сўнг бошимга тўқмоқ теккандек бўлди. Жон-жаҳдим билан ишга киришдим. Ўғлимнинг ҳаёти учун курашишим керак ахир!
Операция муваффақиятли чиқди. Аммо… тажрибамдан биламанки, Умиднинг аҳволидаги беморлар беш йилдан ортиқ яшамайди! Эй Худойим, мен бунга чидолмайман! Наҳот, ўғлим йигирмага ҳам киролмайди? Беморларимнинг яқинларига бемалол «унинг саккиз ой, бир йил умри қолган», деб айтаверардим. Уларни қанчалар азобга қўйганимни энди тушуняпман.

* * *

Тинимсиз дори-дармон, парвариш билан Умид уч йил яхши юрди. Кейин яна орқага кета бошлади. Даҳшатга тушдим. Умид қиладиган ҳеч нарсам қолмаганди. Ғамга ботиб қолдим. Кимдир менга ёрдам беришини, кўнглимни кўтаришини истардим. Одамлар менинг олдимга умид билан келарди. Бир оғиз гапимдан тасалли топиб қайтарди. Мен-чи? Мен кимдан нажот кутай?
Бошимни қаерга уришни билмай юрганимда Рамазон ойи кириб келди. Сўнг Ҳаж мавсуми бошланди. Миямга келган фикрдан қувониб кетдим. Ўғлимни Ҳажга олиб бораман. Зам-зам сувидан ичираман, муқаддас Каъбада туриб иккаламиз дардига шифо сўраймиз. Шу хаёлда рўза тутдим, намоз ўқишни ўргандим. Кўплаб дуоларни ёдладим.. Ўғлим ҳам мен билан бирга-бирга ўрганди. Иккаламиз илк бор масжидга кирганимизда, саждага бош қўйганимизда шу қадар қалбим таскин топдики, буни таърифлаб беролмайман. Ўғлим ҳам анча тетик бўлиб чиқди. Бизга қўшилиб онаси ҳам ибодат қиларди. Ҳажга ҳужжат тўғирлаётиб у ердагиларнинг гапидан ўйга толдим. Бу муқаддас сафарга ҳалол пул билан бормоқ керак! Менинг топганларим ҳалолми? Ўлим остонасидаги беморларимдан операция учун пул олганман. Йиққан-терганим шу пуллар эвазига келган. Уларни ҳалол деб бўладими? Наҳот охирги умидим ҳам пучга чиқса? Эй Худо, нега мендан марҳаматларингни аяйсан? Туни билан юрагимни ғам кемирди. Эртасига яна ўзимни қўлга олишга интилдим. Бу борада илмлироқ кишига маслаҳат солдим.
— Ҳадя қилиб беришган бўлса бошқа гап эди… — деди у ҳам ўйга толиб. — Аммо сиз кўнглингизни чўктирманг. Ўғлингиз ва сизнинг номингиздан кетаётганларга айтиб, пайғамбаримизга салом йўллаймиз. Зам-зам сувидан келтирамиз.
Қалбим яна ишончга тўлди. Аллоҳнинг марҳамати кенглигига ишондим. Кейинги йил ҳалол пул топиб, ўғлимнинг ўзини бўлсаям Каъба зиёратига юборишни ният қилдим.
Ҳожилар келтирган шифобахш сувдан ният қилиб, ўғлим тўйиб-тўйиб ичди. Шу баробарида унга фақат касалнинг чекинишига ёрдам берадиган озиқ-овқат берардик. Умиджон яна аста-секин соғлигини тиклай бошлади. Иккинчи бор ўтказган кичик операциядан сўнг у бутунлай соғайди, десам ишонаверинг.
— Дадажон, мен соғайиб кетаман! Қўрқманг, ўғлим ўлиб қолади, деб қўрқманг! Мен авваллари ўлимдан қўрқардим. Энди қўрқмайман! Биз кўпчиликмиз, наҳот битта касалликни енголмасак… Мен, ойим, сиз тинмай курашяпмиз. Яна… Парвардигор бор! У бизни ноумид қилиб қўймайди, — операциядан чиққан Умиджонинг бу гапларидан йиғлаб юборган бўлсам-да, тасалли олдим.
Ҳозир у йигирма икки ёшда. Уйлантириш тараддудидамиз. Унинг хасталиги менга катта ибрат бўлди. Ҳозир беморларимдан ҳеч нима таъма қилмайман. Қилган гуноҳларимдан тавбадаман. Ҳар йили Рамазонни интиқлик билан кутаман, рўза тутиб, ибодат қиламан. Ҳалол топганим — маблағимдан шу йил Худо хоҳласа, Ҳаж сафарига бориб келмоқчимиз. Бу ҳам амалга ошишига ишонаман. Иншааллоҳ!..

Наргиза Усанбоева

Ҳозир сайтимизда 35 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ