1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Мақолалар

«Тўйдиради Анжанчасига...»

Аёлларнинг ишига аралашишни кўпчилигимиз ёмон кўрамизу, аммо аксарият ҳолларда уларнинг ҳаракатларига, хулосаларига қарши бўламиз. Уларнинг ортиқча маросимларга, тўйга, дабдаба ва обрўга қизиқишларини ёқтирмаймиз. Ростдан ҳам ортиқча даҳмаза борасида дунёда етакчи ўринларни эгаллаб турадиган ўзбек аёллари биз эркакларни бўлар-бўлмасга қийнаб юришларини ҳамма эркак зоти билади. Баъзида эркаклар даврасида уларнинг шаънига шундай гаплар айтиладики, асти қўяверасиз. Аёллар, ишонинг, мен гувоҳ бўлганим учун, иштирок этганим учун гапираяпман. Матбуот ва телевидение орқали «Аёл — муқаддас, аёл — унақа, аёл — бунақа» деб ҳар куни роса мақташади, лекин ана ўша мақтаганларнинг ўзлари ҳам нолиганини кўрганмиз. Нолиганда ҳам шундай нолишадики… Шунчаки иши учун мақташга мажбур бўлганлар.
Масалан, мен ортиқча маросимларни доимо қоралаб келганман, оиламизда катталар даврасида ҳам бу мавзудаги гапларни тап тортмай айтиб юборишим учун доимо танқидга учрайман (аёллардан!). Шунинг учун улар билан боғлиқ ишлардан имкон қадар қочаман. Лекин энди гапирмаса бўлмайди, шекилли…

Аввалига бу мақолани ёзиш керакми-йўқми, бу мавзуга тўхталишнинг мавриди бормикан, дея роса ўйландим. Ҳатто, бошлаб қўйилганидан сўнг ҳам бу сатрлар компьютеримда бир ойча ётди. Тақдирни қарангки, таҳририятимизга айнан шу мавзуга ўхшаш мақола келиб тушди ва айнан шундан сўнг буни ёзиш керак, деган фикр ютиб чиқди. Бу сайтимизда эълон қилинган «Мебелни ким олиб келади?» сарлавҳали мақоладир. Унда йигитлар билан боғлиқ ачинарли ҳолатлар танқид қилинган бўлса, бугун айнан шунга ҳамоҳанг, аммо, кўпроқ аёллардан чиқадиган иллатлар хусусида тўхталамиз.
Бу мавзу энди бутун бошли бир мақолалар туркумини келтириб чиқарадиганга ўхшаяпти. Чунки эслаб кўрсам, «ўзбекларнинг сарф-харажатлари», «ўзбек тўйлари» деган гаплар олдин ҳам сайтимиз саҳифаларидан ўрин олганди. Кўпчилигимиз буёғига жим қараб туролмаслигимизни бора-бора ҳис қилаётган эканмиз, буни бошқаларга ҳам етказишни, бошқаларнинг ҳам буни тарғиб қилишини хоҳлаймиз.

…Кўраяпсизми, ўзи даҳмазали мавзу экан, кириш сўзи ҳам жуда узайиб кетди, мақола эса энди бошланишини айтмоқчиман.
Демак, бошладик…

Сўнгги пайтларда маросимларимиздаги ортиқча даҳмазаларнинг камайиш ўрнига кўпайиб кетаётгани, бу иллат баъзи оилаларни хонавайрон қилишгача ҳам бораётгани мени «ўзбек аёлчилиги»га (эътибор қилинг, янги ибора!) аралашишга мажбур қилди. Албатта, буни бугунги мақолам орқали амалга ошираман ва шуни айта оламанки, ҳозирча қўлимдан келадигани шу холос! Яъни, амалий томондан бир иш чиқмаяпти…
Материални тайёрлашни бошлаётганда, кичик бир режа тузиб қўйгандим ва у шундан иборат: мақолалар мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудуди одатларига қараб, алоҳида-алоҳида ёзилади. Бугунги илк бўлимимизда энг чекка шарқий вилоятимиз — Андижон тилга олинади. Зеро, ҳозирча менга кўпроқ ва батафсилроқ маълумот тақдим эта оладиган ва мен бироз хабардор бўлган, олдинлари менинг ҳафсаламни энг кўп пир қилгани ҳам айнан Андижон одатлари, айниқса тўй одатлари эди.

Мазкур мақолани тайёрлашда менга андижонлик бир опамиз фактлар орқали ёрдам берди. Қуйида уларнинг ўз сўзлари билан ёзиб берганларини сизга етказаман:
«Бизнинг Андижонда, айниқса, қиз чиқариш қийинроқ. Унаштирилгандан кейин «кичик маъзар», «катта маъзар» деган нарсалар бор. Яъни, келин томон 30-40 та сават қилиб (баъзи шеваларда «дастурхон қилиш», тошкентча шевада «тоғора қилиш»), йигит томонга жўнатади. Куёв ўз навбатида дўстларини чақириб, «маъзар еди» қилади, яъни, меҳмондорчилик. Маъзар билан куёвга сарпо ҳам келади. Кейин эса – тўй. У ҳамма жойдаги билан бир хил бўлса керак, унга алоҳида тўхталмайман.
Тўйдан кейинги 40 кун қиз чиқарган томон учун анча қийин кечади, айниқса, дастлабки етти кун. Биринчи ҳафтада куёв томоннинг уйига уч маҳал – нонушта, тушлик ва кечқурунги овқат олиб борилиши керак. Кейинчалик то 40 кунгача пайшанба ва якшанба кунлари шундай қилинади.
Тўйдан кейинги қирқ кунлик ичида «йўқланди, кўрмана» деган одатлар бор, иккаласини ҳам куёв томон ўтказади.
«Йўқланди»да келин томондан онаси ва қариндошлари (аёллар) келади. Келин-куёвга сарпо, келинга тақинчоқлар, идиш-товоқлар олиб келишади. «Кўрмана»га ҳам келиннинг қариндошлари, фақат бу гал эркаклар келишади. Асосан мебель, холодильник, кир ювиш машинаси ва шунга ўхшаш буюмлар олиб келишади.
Келин томонда эса «чақирди» маросими ўтказилади. Бу сафар келинникига меҳмонга борилади. Бизда «чақирди»ни ўтказиш анча қийин, шунинг учун баъзан келин бир йиллаб уйига бормаган ҳолатлар ҳам бўлади. Чунки шу маросим ўтмагунича у ўз онасининг уйига боролмайди. «Чақирди»да келин-куёвга бошдан оёқ сарпо, қишки, ёзги кийимлар қилинади. Бу маросимга куёв ўз дўстлари билан боради, улар қўй олиб боришлари керак».

Кимлардир ушбу сатрларни ўқигач, мийиғида кулиб қўйди, кимлардир ҳайрон бўлди, яна кимдир ачинди. Айниқса, тўй ташвиши яқин турганларнинг кўп қисми юракка яна бир бора ғулғула олган бўлиши аниқ. Шу ўринда «Нега бизникилар тўйдан кейин елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлди, дейишади?» деб кўтарган масаласи ёдимга тушиб кетди. Ҳақиқатанда, ўз номи билан тўй, яъни хурсандчилик бўлсаю, аслида тўйларимиз биз учун ташвиш саналади, катта тоғ саналади, жуда баланд бир тўсиқ ҳисобланади. Уни ошиб ўтиш учун эса, эҳ-ҳеее…
Хўш, биргалашиб шу ортиқча бош оғриқларини камайтирсак, кимга фойда? Албатта бизга фойда, сизга фойда, ҳаммага фойда!
Орамизда шундай бўлишини хоҳлайдиганлар йўқ дейсизми? Бор! Бор бўлганда қандоқ!!! Ишонмасангиз, исталган эркакка мурожаат қилинг, аксарияти аёлларнинг ортиқча хархашаларидан безор эканликларини айтишади.
Энди деталли таҳлилга ўтамиз. Қаранг, тўйдан олдин томонлар бир-бирларига сарпо қилишаяпти. Тўн, кўйлак, жемфер ва яна бир балолар кела бошлайди. Улар томонларга ҳар доим ҳам ёқавермаслигини барчамиз биламиз-ку! Ахир куёвнинг ҳам, келиннинг ҳам размери, ёқадиган, ёқмайдиган бичимдаги кийимлари, ўзига хос кийиниш услуби, диди бор. Кейин сарпо келган уйда «сабабчи бўлмиш»нинг қариндошлари ҳозир бўлишади ва сарполар қўлма-қўл қилиниб, «текшириб чиқилади». Ана шундан бошланади ғийбатнинг каттаси! Ҳали тўйгача анча бор, лекин қудалар бир-бирлари билан энди-энди танишаётган онлардаги воқеаларни кўраверинг.

Хўш, унда сизнингча бунинг давоси нима, деб сўрамоқчидирсиз? Ахир бу жуда оддий-ку! Тўйгача иккала тараф ҳам фарзандларини ўзлари кийинтириб олишсин, вассалом! Ҳеч қандай гап-сўзга ҳожат қолмайди, муносабатларга ҳам дарз кетмайди ва ҳоказо. Нега шундай қилишни ҳеч биримиз бошламаймиз? Ёки бунинг бирор шаблони, бирор қонунимиз билан чегаралаб қўйилган жойи борми? Одат-одат деймизу, одатларимизнинг РОСА ЁМОНЛИГИНИ ўзимиз билмаймиз. Йўқ, биламиз, жуда-жуда яхши биламиз, лекин ЎЗГА ИНСОНЛАРНИНГ МУНОСАБАТИ жуда муҳим биз учун!

«Униси унақа дейди-да, буниси бунақа дейди-да… Фалончи гапиради… Қилмаса бўлмайди… Маҳалла-кўй гапиради…»
Хўш, гапирса нима қилибди? Гапиравермайдими оғзини тўлдириб! Бир гапиради, икки гапиради, охири чарчайди. Лекин сиз ўзингиз мазза қиласиз. Ишонмасангиз мен айтганларни би-ир қилиб кўринг-а! Янги қудангиз билан келишинг. Агар сарфни ҳисоблаб чиқилса, ўша янги қудалар бир-бирларига олиб берадиган сарфнинг қиймати тахминан бир хил чиқса керак, менимча. Ҳар ҳолда бу борада ҳам ҳеч ким «ютқазмайди».
Худди андижонлик опамиз айтганларидек, тўйнинг қандай ўтиши ҳақида бугунча биз ҳам тўхталмаймиз. Чунки жуда алғов-далғов, тўполон, тартибсиз тўйларимиз ҳақида ҳали кўп гапирилади. Кейинги бўлим – тўй орти.
Юқорида ўқидингиз, опамиз бизга ўз қўллари билан ёзиб берган фикрларида: «Бизнинг Андижонда, айниқса, қиз чиқариш қи¬йинроқ», дедилар. Кўраяпсизми, аёл кишининг ўзи тан олаяпти, яъни ўзига қолса уларга ҳам ёқавермайди бундай тўйлар. Тўғри-да, тўйдан олдин 30-40 талаб сават қилган, бу ҳам етмаганидек зўрға-зўрға ишлаб топган пулларини сарполар учун бир зумда ишлатиб юборган аёлга тўйдан кейин яна бир ҳафта уч маҳал овқат ташиш, ундан кейин яна бир ойча ҳафтада икки марта тоғораларда палов олиб бориш қандай қилиб ёқиши мумкин?
«Маъзар еди, йўқланди, кўрмана, чақирди…» Ээээҳ, буларнинг кўплигини айтмайсизми? Номларнинг жарангдорлигини қаранг, бир янграганда эркакларнинг юрагини уюштиради.

Биласизми, бизда қанақа оила кўп? Ўртаҳол оилалар кўпроқ, тўғри гапирдимми? Азизлар тан олайлик, аҳолимизнинг катта қисмини айнан шулар ташкил қилар экан, нега улар баъзи бир ўзига тўқ оилаларнинг қилмишларидан азоб чекишлари керак?

Ана шунда бор-йўғи 80-90 минг ёки нари борса 150 минг ойликка ишлаётган одам «бошқача» йўллар билан пул топиш ҳаракатига тушади. Қарабсизки, гуноҳ қилмасликка қаттиқ бел боғлаган инсон ҳам қип-қизил порахўрга, ўғрига айланади-қолади.
Давлат молидан ўғирлайди, ишлаётган еридан бирон-бир буюмни сотиб пул қилади ва ҳоказо. Кўраяпсизми, масаланинг учи қаерда?
Шу мақолани ёзиш жараёнида андижонлик бир танишимизга шундай мавзуда фикр юритаётганимни айтдим. «Андижонда нега шундай, бу сарфларингни бироз енгиллаштирсаларинг бўлмайдими?», дея савол бердим. У аввалига ўзини бироз ҳимоя қилган бўлди, кейин ҳаммасини тан олди. Ҳатто, қизиқ бир воқеани айтиб ҳам берди. Бир кишининг миясига айнан мен айтаётган фикр (бироз бошқачароқ шаклда) келибди. Тўй ўтгач, қуда томонга бориб шундай дебди: «Шу қизим энди бутунлай сизларники. Нима қилсаларинг бутунича сизларга топширдим. Шу десаларинг, бир қоп гуруч, бир бидонда ёғ ва яна бир неча хил сабзавотлар олиб келдим. Ўзинглар хоҳлаганларингча овқат қилиб еяверинглар, шунда сизга ҳам осон бўлади, бизга ҳам». Йўқ, нариги қуда бунга розилик бермабди. Натижада, яна ўша ҳаммани қийнайдиган эски удум – 40 кунгача ош олиб бориш, минг хил оворагарчилик давом этибди.
Андижонлик бир қиз менга қуйидаги фикрларни ёзиб берди: «Андижонда яна бир одат борки, баъзилар буни эшитиб кулса, баъзилар ачинганидан бошларини сарак-сарак қиладилар. Бу одатни тўйда ҳам, андижонликларнинг «ўтириш»ларида ҳам кузатишингиз мумкин. Бунга Андижонда оддий ҳол сифатида қарашади. Хуллас… аёлларга тортилган овқатлар, ширинликлар, мева-ю қанд-қурслар, умуман дастурхонга нимаики қўйилган бўлса, ўша нарсаларнинг ҳаммаси келган меҳмонларнинг тугунларига солиб берилади. Тўйгунича меҳмондорчиликда еганлари етмаганидек, ортиб қолганларини олиб ҳам кетишади. Ажабланарлиси, бу одат баъзан эркакларда ҳам кузатилади. Фараз қилайлик, айнан мана шу одатни бошқа вилоятларда қилиб кўринг…»
Бу жумлаларни ўқиб, мен салкам гувоҳи бўлган бир воқеа эсимга тушди (бу — яқиндагина, тахминан бундан бир ярим ой олдин юз берган воқеа). Андижонлик бир гуруҳ меҳмонлар (тахминан 14 киши, ҳаммаси аёллар) қўшни вилоятга меҳмондорчиликка келишган. Уларнинг орасида ўша мен айтаётган вилоятдан Андижонга ва Андижондан шу ерга келин бўлиб тушган икки аёл бор эди. Улар Андижон одатларини яхши билганлари учун вазиятга олдинроқ баҳо беришган ва шунга тайёрланиб ҳам қўйишган. Меҳмонларнинг кетишларига атаб ҳар бирларига турли қанд-қурслар, ширинликлар, мевалар солинган пакетлар тайёрлаб қўйилган. Чунки дастурхонга тортилган ноз-неъматларнинг ҳаммасини ҳам бериб юбориш уларнинг қўлидан келмас эди. Шароит нуқтаи назаридан. Лекин меҳмондорчилик якунланай деганда не кўз билан кўришсинки, меҳмонлар ўз одатларига кўра дастурхон устини бўшатиб, қуритиб, бор нарсани хонтахта тагига тўплаб қўйишган экан. Яъни, олиб кетиш учун. Бу воқеа нима билан тугагани менга қоронғу, ҳаммаси эсимда йўқ. Лекин аниқки, ўша куни роса асаббузарлик бўлган.
Хуллас, гапираверсак гап кўп. Ҳали буларнинг давоми чиқади. Биз эса одатларимиздан нима олиб ташланса, нима қолса мақсадга мувофиқ бўларди, шу ва шу каби саволларга жавоб қидиришда давом этамиз.

БЕҲЗОД АҲМАДЖОНОВ