1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Мақолалар

Аврат нима?

“Аврат” сўзи арабча бўлиб, инсон қадри ва ҳаёси учун баданининг бекитадиган аъзоларини англатади. Инсон танасининг шариат ҳукмига кўра кўздан яширилиши ва намозда ёпиқ туриши фарз қилинган, кўрсатиш ва қараш ҳаром бўлган қисми авратдир. Авратни кўриш ва кўрсатиш ҳаром қилинган. Балоғатга етган эркак киши танасининг киндикдан тизза остигача  бўлган қисми, аёллар танасининг эса юз, қўл, оёқлари (тўпиғидан пасти)дан ташқари барча қисми  аврат ҳисобланади. Аврат жойларни бошқалар кўзидан яшириш фарз. Табиб (дўхтир), ҳамшира, хатначи, энага ва беморга қараётган яқин қариндошлар кўзи зарурат  даражасида аврат жойларига тушишига рухсат берилган. Жинсларнинг фарқига бормайдиган ёш болалар қараши ҳам айбланмайди. Кийимнинг асосий вазифаси авратни ёпишдир. Авратларни ёпадиган кийим инсон учун асосий кийим (Аъроф, 26), бошқа қўшимча кийим-кечаклар эса зебу зийнат ҳисобланади. Аврати (киндигидан тиззасигача) тўсилган эркак киши тозаланиб, тоза кийим билан тоза жойда намоз ўқиса, кўча-кўйда юрса, гуноҳ бўлмайди. Лекин бу одобсизлик ҳисобланади. Аммо Пайғамбаримизнинг (соллалоҳу алайҳи ва саллам) авратларинигина тўсиб олиб намоз ўқиётганларини ҳеч ким кўрмаган, у киши доимо одоб билан, яхши кийимларни кийиб намоз ўқиганлар. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларига эргашган мусулмонлар бу кунгача ярим яланғоч ҳолда юришни тарк этиб, одобли кийимлар билан ибодат қиладилар, ҳаёт кечирадилар. Агар кийим баданнинг ранги яққол билинадиган даражада юпқа бўлса, у билан намоз ўқиш ҳам, кўча-кўйда юриш ҳам гуноҳ.
Намозда аёл кишининг сочидан тўртдан бир қисми очилиб қолса, намози бузилади.
Эркак киши хотин кишининг, хотин киши эркак кишининг авратига қараши мутлақо мумкин эмас. Эркак кишилар ҳам бир-бирларидан авратларини беркитишлари, бир-бирларининг авратларига қарамасликлари керак. Бу нарса шариатимизда ҳаром қилинган.
Аёл киши ҳам аёл кишининг авратига қарамайди. Аёл кишининг аврати бошқа аёлга нисбатан иккига бўлинади:
1. Муслима аёлнинг муслима аёлга нисбатан аврати киндигидан тиззасигача. Бу қисм аъзоларини муслималар ҳатто онаси ва опа-синглисига ҳам кўрсатмаслиги керак. Ўзи ҳам бошқа аёлларнинг ўша жойларига қарамаслиги лозим.
2. Муслима аёлнинг бошқа диндаги ёки умуман динсиз аёлга нисбатан аврати юзи, кафти ва оёғидан (тўпиғи пастидан) бошқа барча жойларидир.
Эркак кишининг эркак кишига, аёлнинг аёлга яланғоч баданини теккизиши ҳам ман қилинган. Бу қайтариқ зино, баччабозлик, аёлларнинг бир-бирлари билан шаҳвоний алоқалари каби катта гуноҳ ҳисобланган ҳаром ишларнинг олдини олиш учундир. Эркак киши авратини хотини ва чўрисидангина тўсмаслиги ва ўзи ҳам уларнинг ҳамма жойига қараши мумкин. Ҳатто ҳеч ким йўқ жойда ҳам одам авратини тўсиб чўмилиши афзал. Шу боис умумий ҳаммомларга тегишли хос ҳукмлар ҳам бор. Пайғамбаримиз (соллалоҳу алайҳи ва саллам) мусулмонларни умумий ҳаммомдан эҳтиёт бўлишга, шариат ҳукмларига қаттиқ риоя қилиб, авратларини тўсган ҳолда киришга чақирганлар.
Киши кўзини авратга қарашдан тийиши вожибдир. Уламоларимиз, ким ҳаммомга яланғоч кириб бошқаларга авратини кўрсатса, унинг гувоҳлиги қабул қилинмайди, дейишган. Яъни, бунинг оқибатида киши фосиқ бўлади, тўлақонли, эътиборга сазовор мусулмонлик даражасидан тушади.
Эркаклар номаҳрам аёллардан кўзларини тийишга буюрилганларидек, аёллар ҳам номаҳрам эркаклардан кўзларини тийишга буюрилганлар. 
Агар шаҳватга, фитнага ундаса, аёлларнинг овози ҳам аврат ҳисобланади. Яъни, овозини бундай эшиттириши ҳаром. Ёш аёл бегона эркакларга салом бермайди, аксирган кишига «Ярҳамукаллоҳ» демайди, жавоб қилмайди.
Аллоҳ таоло кийим-бошни инсонга авратини тўссин, ўзини тузатсин деб берган. Аёл киши қариб, шаҳватдан умуман умидсиз бўлиб қолганида ўта ўраниб-чираниб юрмаслигига Қуръони каримда рухсат бор (24:60). Лекин шундай бўлса ҳам иффатларини сақлаганлари ўзларига яхши.
Намозда аврат ҳисобланадиган аъзоларни ўзгалардан беркитиш фарз. Аммо намозхоннинг ўзидан беркитиши шарт эмас. Масалан, иштонсиз узун кўйлак кийиб намоз ўқиётган киши энгашиб рукуъ ё сажда қилганида ёқадан ўзининг авратига кўзи тушса, намози бузилмайди. Намозда аврати очилиб кетса, дарҳол ёпиб олса, зарари йўқ. Аммо бир рукн муддатида очиқ қолдирса, намози бузилади.
Эркак киши кўйлак, иштон, салла билан намоз ўқиши мустаҳаб ҳисобланади. Фақат бир узун кўйлак билан ўқиса ҳам макруҳ эмас. Аммо бир иштоннинг ўзи билан ўқиши макруҳдир.

Сайфуллоҳ Абдуллоҳ ўғли АШУРОВ тайёрлади

Манбалар: 1) Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. 2-нашр. 2-жуз. Т., «Мовароуннаҳр», 2005, 311-б.; 2) Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. 2-нашр. 4-жуз. Т., «Шарқ», 2006, 199–201-б.; 3) Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва Ҳаёт. Поклик китоби. 4-жуз. Т., «Мовароуннаҳр», 2005, 217–231-б.; 4) Аҳмад Зиёуддин ал-Кумушхонавий. Жомиъул Мутун. Т., «Мовароуннаҳр», 2000, 256-б.; 5) Аҳмад Зиёуддин ал-Кумушхонавий. Ромузул Аҳодис (Ҳадислар денгизи). Т., «Нур сеҳри ошиёни», 2007, 477-б.;