1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Мақолалар

Авлодлар ихтилофи» муаммоми?

 МАСАЛАНИНГ ИЖОБИЙ ЕЧИМИ ФАҚАТ ИСЛОМДАДИР!

Бундан анча йил олдин гувоҳи бўлганим бир воқеа сира эсдан чиқмайди. Масковга қилинган сафардан қайтаётган эдим. Купемизга бир ўрис бола чиқди-да, биз билан ҳатто саломлашмай, тепадаги ўринга чиқиб, бошини ўраб ётиб олди. Эртасига туш пайтидагина «тахти»дан тушиб, ҳожатхонага чиқиб келди. Кейин ҳеч кимга қарамай, юкхалтасидан бир шиша шароб олиб, бир кўтаришда ичиб бўшатди ва яна жойига чиқиб ётди. Унга нимадир бўлган эди. Кечадан бери туз ҳам татигани йўқ, шунча вақтни фақат уйқу билан ўтказмагани ҳам аниқ эди: чунки тинмай уёндан-буёнга ағдарилар, гоҳо «оҳ» чекиб қўяр эди. Охири нима гаплигини билмоқчи бўлиб, бу нотаниш ҳамроҳимизни гапга солдим. Ўзи Фарғонада яшаркан. Асли ленинградлик (ҳозирги Санкт-Петербургнинг олдинги номи шунақа эди) экан. Отасини кўмиб келаётганмиш. Онаси бундан беш йил олдин дунёдан ўтган экан. Ота аначадан буён дард чекаркан. Хонадонида қаровчисиз қолиб, ўлганини қўшнилар  уч кундан кейин билишибди.   Хоандондан чиқаётган нохуш ҳиддан билиб қолишибди. Телеграммани олибоқ йўлга чиққан йигит баарибир отаси дафнида қатнаша олмабди, боргунича қўни-қўшнилар кўмиб бўлишган экан. Энди квартирасини сотиб иш жойига қайтаётганмиш. «Ака-укалар, опа-сингиллар йўқми?» деган саволимга у бундай жавоб берди: «Борликка бору улардан на фойда, оилада тўрт ўғил, бир қизмиз, ҳаммалари уй-жойли бўлиб, Союзнинг ҳамма жойига тарқалиб кетишган, онам вафот этганларида ҳам бирортаси келмади, ўзим бориб кўмганман», деди. «Сен улар билан кўришмайсанми?» десак, йигитча: «Уларнинг ҳатто қайси вилоятда яшашларини ҳам билмайман, ёлғон бўлмасин, уч йилча олдин акам Саша бир телефон қилувди», деди.
Пойтахтимизнинг Сирғали туманида яшайдиган ҳамкасбимизникидаги меҳмондорчиликдан қайтаётиб яна бир нохуш воқеанинг шоҳиди бўлдик. Кўп қаватли уйлардан бирининг йўлагида бир онахон ўн саккиз-йигирма ёшлардаги бир қиз (афтидан қизи бўлса керак) билан ғижиллашиб туришарди. Она уни уйга қайтаришга ҳаркат қилар, қиз эса дугоналари билан қаергадир «танса»га бораман, деб тихирлик қиларди. Охири ноилож қолган она қарғанишга тушди: «сани туғмай ман ўлай, ташлаб кетган отангни уйи куйсин». Қиз бунга жавобан «қарғишинг ўзингга урсин», дедию ўрисчалаб сўкинганича, «танса»сига жўнаворди.
Шу ўринда яна бир воқеани эслашга тўғри келди. Яқинда республика телеканалларидан бирида ароқхўрлигидан безиб, отасини қариялар уйига ташлаб келган бир ўзбек йигитини муҳокама қилишди. Аввалига ҳамма йигитнинг қилмишини маъқуллаб, ичкиликка рўжу қўйган отани танқид қилишни бошлаб юборди. Бир отахоннинг: «Ҳой биродарлар, нима деяпсизлар, динимизда фарзанд отанинг қилмишини кўпчилик муҳокамасига ташлаши у ёқда турсин, ҳатто унга овозини баландлатиб гапиришдан қайтарилган-ку, мусулмон киши отаси ҳатто мушрик бўлсаям унга шафқат кўрсатишга буюрилган-ку!» деб эътироз билдирганидан кейингина вазият ўзгарди.
Энди манави отанинг ҳасратларига бир қулоқ солинг: «Бола-бола дейилар экану, бола дегани одобли, гапингга юрадиган, айтганингни қиладиган чиқсагина дил малҳами бўлар экан. Акс ҳолда… Менинг ўғлим эса бола эмас, бало бўлди. Мактабдаги ўқиши расво, ўқитувчиларининг шикоятларидан тўйиб бўлганмиз. Эртадан-кечгача телевизор кўриб ё кўча чангитиб кунни кеч қилади. Ёки компуторхоналарда уч-тўрт соатлаб йўқ бўлиб кетади. «Қаерда дайдиб юрибсан?» деган саволимга жавоб ҳам бермай кўзимга «лўқ» этиб тикилиб тураверади. Танбеҳ бермоқчи бўлсам, «ҳадеб тергайверманг, ман сизга ёш бола эмасман», деб тўнғиллайди. Онаси бирор фойдали иш билан шуғулланиш, ҳеч бўлмаса дарсини қилиш, китоб ўқиш ҳақида насиҳат қилмоқчи бўлса, унинг гапини ҳам эшитмай, яна шартта кўчага отилади. Унга қандай муомала қилишни, қай йўсинда тарбия беришни ҳам билолмай қолдик. Кичиклигидан айтганини қилсак, уриб-тергамасак, истаган нарсасини муҳаё этсак, яна нима қилиб беришимиз керак?!».
Хорижий мамлакатларда бўлганимизда болаларнинг ота-оналарини менсимай, қўполлик билан муомала қилганини, ҳақоратлаш, ҳатто уришгача борганини, жамоат транспортида катталарга жой бермай сурбетларча бақрайиб турганини, алоҳида рўзғор юритаётган ўғил-қизларнинг бир шаҳарда туриб ота-онадан йиллаб хабар олмагани каби нохуш воқеаларнинг шоҳиди бўлганмиз. Масалан, Франсияда ўтказилган тадқиқотларга кўра, бу ердаги ота-оналарнинг 75 фоизи фарзандларига уй-жой сотиб олишда молиявий ёрдам кўрсатиш истагида бўлса, фарзандларнинг эса бор йўғи 23 фоизи кексайган ота-онасига ўз уйидан бошпана беришга рози бўлар экан. Бу ҳолат бизларга нақадар эриш туюлмасин, Ғарбда бу каби воқеалар одатга айланиб кетган.
Аммо, минг таассуфки, бизда ҳам минг йиллик одобимиз талабларидан чекинилган, оилада «замонавий муносабатлар»ни жорий этишга уринилаётган хонадонларда бўй етиб қолган болаларини йўлга сололмай, ҳар куни фиғони фалакка чиқаётган, «тарбияси негадир яхши чиқмаганидан» ҳасратини кимга айтишни билмай, изтироб чекаётган, пушти камаридан бўлган фарзандининг ноқобиллигидан барвақт қариб ёки хасталаниб қолаётган кишиларнинг борлиги ҳам рост.
Эҳтимол, бу аянчли воқеалар ўзбекона ёки исломий тарбия топган кишилар учун ишончсиздай туюлар? Лекин айрим хонадонларда бундан-да фожиали муносабатларнинг қарор топгани ҳам бор гап. Кимнингдир фарзанди ота-онага умуман буйсунмай қўйган: «али» деса, «бали» дейди, айтганига кирмайди. Бошқасининг фарзанди ота-онани сўкиш уёқда қолиб, ҳатто қўл кўтаришгача борган. Бировининг боласи ичкиликка ёки гиёҳвандликка мубтало. Яна кимнингдир ёлғиз фарзанди ўғирлик ёки бошқа бир жиноят қилиб қамалган. Яна бири уларнинг умр бўйи йиғиб топган мол-дунёсини қиморда ютқазиб қўйган.
Бу кўнгилсиз ҳолатларга ким айбдор? Айбни она сути оғзидан кетмаган ёшларга ёки бола тарбиясини ўз ҳолига, кўча муҳитига ташлаб қўйган ота ёки онага тўнкаб қўяқолса ҳам бўлади. Ёки айримларга ўхшаб буни мактаб муаллимларининг масъулиятсизлигига йўйиш ҳам мумкин. Ёхуд баъзилар каби «ҳа, энди замона бузилиб кетди-да» қабилидаги тасалли билан овунса ҳам бўлади.
Бола билан ота-она муросаси бузилишига кўп жиҳатдан катталарнинг ўзлари айбли. Улар фарзандларини ёшлигида эркалатиб юборишган, айтганини дарров муҳайё қилишган, илтимосини ўйлаб ҳам ўтирмай бажо қилишган. Бундай «айтганини қилдириб», гапи рад этилмай улғайган бола катта бўлгач ҳам ана шу кайфиятида қолади. Энди қўл қисқалигиданми, ёки бошқа сабаб билан унинг тинмай ошиб бораётган моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондира олмай қолган ота-она ва фарзанд ўртасида аввал можаро, кейинроқ катта жанжал ва ўнгланмас зиддиятлар келиб чиқаверади.
Кўпинча йиғин ва давраларда турли суҳбатдошларнинг бола тарбияси ҳақидаги баҳс-мунозараларини эшитишга тўғри келиб қолади. Фарзандлар тарбиясининг яхши бўлиши омилларини ҳар ким ўзича турлича шарҳлайди. Кимдир болага ёшлигидан улуғ педагоглар тавсиясига кўра тарбия беришни тавсия этади. Бошқаси аввало ота-она ўз ибрати билан тарбиялаши лозим, деб ҳисоблайди, Биров боғча ва мактабдаги тарбия тизимини фойдали деб билса, яна кимдир болани ёмон улфат ва муҳитдан ҳимоя қилишни бу соҳадаги асосий масала, дейди. Лекин ҳеч ким боланинг солиҳ, эс-ҳушли, тарбияли, итоатгўй бўлиб улғайишининг бош сабаблари ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди.
 Исломий тарбия кўрган Шарқ оилаларида эса бундай муаммоларнинг бўлиши мумкин эмас. Чунки Исломда бола туғилмай туриб унинг тарбияси билан шуғулланишга чорлов бор: фарзанд кутаётган ота-она ҳалол-пок ҳаёт тарзини танлашлари керак. Болангизга у ҳали туғилмасдан туриб ва туғилганидан кейин ҳам ҳалол-пок луқма бермас экансиз, унинг яхши тарбия топишидан умид қилмасангиз ҳам бўлади. Ҳаром йўллар билан топилган луқма еб катта бўлган болани ҳар қандай улуғ тарбиячи энг замонавий таълимот асосида тарбияламасин, кўзланган мақсадга эришиш амри маҳол! Аксинча ҳалол нафақа билан улғайган болани тарбиялаш осон кечади, бундай оилаларда ҳеч қачон «авлодлар ихтилофи» деган шармандали вазият юзага келмайди.
Исломий тарбия асос қилиб олинган оилаларда болалар кичиклигиданоқ катталарни ҳурмат қилиш, улар айтгани ва илтимосларини сўзсиз бажариш, уларга гап қайтармаслик, ҳар бир ишда маслаҳат сўраш руҳида тарбия қилинади. Одобимизда ота-она чақирганда ҳар қандай ишни ташлаб, «лаббай» деб бориш, нима буюришса ҳам «уф» тортмай бажариш, қариб ёрдамга муҳтож бўлишганида ҳар томонлама меҳр-муҳаббат кўрсатиш, ҳатто даврада улардан юқорига чиқмаслик, берухсат сўзламаслик, кўчада олдиларига тушиб юрмаслик, вафот этишганида уларнинг  гуноҳлари мағфиратини сўраб дуои хайрлар қилиш талаб этилади.
Ахлоқимизда «Боланинг ўзи ҳам, моли ҳам отаникидир», деган ажойиб қоида бор. Бу дегани агар ота муҳтож бўлиб қолса, фарзанди топган мол-мулкдан бемалол, ҳатто сўраб ўтирмай фойдаланишга ҳақли, дегани. Айни пайтда бу – ота ўзи етарли мол-дунёга эга бўлса-да мазкур қоидани рўкач қилиб, ўғлининг бор-будини тортиб олсин, дегани эмас. Мазкур қоидага амал қилинган жойларда қариб-қартайиб, пул топишга ярамай қолган кексалар тиланчилик қилиб ёки ахлат титиб емиш излашга мажбур бўлишмайди. Бошпанасиз қолиб, кўчаларда, деворлар тагида тунаб юришмайди. «Қариялар уйлари»да ёлғизликда, болаларини соғиниб яшашга маҳкум бўлишмайди.
Ахлоқли фарзандлар ота-оналарини ҳамиша бошга кўтаришади, айтганларини муҳайё қилишади, иззат-икром қилиб дуоларини олишади. Чунки, бу «қайтар дунё» эканини яхши билишади, ота-онага қилган яхшиликлари эртага фарзандларидан ўн чандон бўлиб ўзларига қайтишидан умид қилишади, ёмонлик қайтиб қолмаслиги чораларини кўришади. Хориж маданияти таъсирида улғайган кимларгадир булар боланинг «ҳурриятини бўғиш», «эркига тажовуз» бўлиб туюлиши мумкин. Аммо катталар ва кичиклар ўртасида йўқ ердан муаммо ясаб олган Ғарбда бугун биздаги оталар ва болалар ўртасидаги яхши муносабат ва меҳр-оқибатни кўриб, ҳавас қилишдан ўзга чора тополмай юришибди…

Абдуллоҳ НОДИРОВ