1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Мақолалар

Қудачилик алоқалари ҳақида

«Никоҳ» деб аталган муқаддас алоқа фақат келин ва куёвнинг икковлари ўртасидаги робитадангина иборат эмас. Балки бу робита уларнинг ортида турган ота-оналари, оила аъзолари ва қавму қариндошларини ҳам ўз ичига олади. Никоҳнинг жамият аъзолари орасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қиладиган катта хизмати ҳам ана шунда. Келин ва куёв сабабидан уларнинг оила аъзолари, уруғлари ва қариндошлари ҳам қудачилик асосида яқинлашадилар. Шунинг учун ҳам, Исломда қудачилик алоқаларига алоҳида эътибор берилган ва унинг аҳамияти қайта-қайта таъкидланган ҳамда бу ҳақда шариатга керакли ҳукмлар киритилган.
Аллоҳ таоло «Фурқон» сурасида шундай деб марҳамат қилади:
«У, сувдан башар яратган ва уни насл-насаб, қуда-анда қилиб қўйган Зотдир. Роббинг қодир бўлган Зотдир». (54-оят)
Араб тилига хос бўлган хусусиятлар боис, тафсирчи уламоларимиз ояти каримадаги «насл-насаб»га «ўғил», «қуда-анда»га «қиз» деб маъно берганлар. Чунки, бир уруғ ёки оиланинг насаби сақланишига ўғил бола сабаб бўлса, бошқалар билан қуда бўлишига қиз бола сабаб бўлади. Шунда:
«У, сувдан башар яратган ва уни насл-насаб, қуда-анда қилиб қўйган Зотдир» жумласининг маъноси «Аллоҳ нутфадан одам яратган ва ўша одамни эркак-аёл қилиб, эркакни насаб орқали ва аёлни қудачилик орқали инсон зотининг тарқалишига сабаб қилиб қўйган зотдир», бўлади.
Бундан инсоний алоқаларнинг энг яқини насаб алоқаси бўлса, бошқаси қудачилик алоқаси бўлиши англанади. Аллоҳ таоло инсон зотининг айнан шу воситалар орқали боғланиб туришларини ирода қилган. Шунинг учун ҳам, Исломда насаб алоқасига қандай қаралса, қудачилик алоқасига ҳам шундай қаралади.
Ушбу ҳақийқатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам мулоҳаза қиламиз.

 Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Қиёмат куни менинг насабим ва қудачилигимдан бошқа ҳар бир насаб ва қудачилик кесилувчидир» .
Тобароний ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз насабларидан кейин қудачиликларининг Қиёмат куни кесилмай қолишини, ўша Кунда насаб орқали У зотга боғланганларга қанчалик фойдалари тегса, қудачилик орқали боғланганларга ҳам шунчалик фойдалари тегишини таъкидламоқдалар.
Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаги ривоятларга назар соладиган бўлсак, у киши билан қудачилик робитаси ила уланган кишиларга бу боғланиш фахр ва азизлик боиси бўлганини кўрамиз.

Миқдом ибн Маъдийкариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Умар мусийбатга учграганда унинг олдига Ҳафса кирди ва: «Эй Расулуллоҳнинг соҳиби! Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайнотаси! Эй мўминларнинг амири!» - деди».
 Ибн Саъд ривоят қилган.
Ушбу ривоятда мўминларнинг онаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг қизлари – Ҳафса онамиз ўз отала¬рининг шарафли сифатлари ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қайнота бўлганларини алоҳида зикр қилмоқ¬далар.
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга куёв бўлиш ҳам шараф мақомида зикр қилинган ҳолатлар жуда кўп.

Убайдуллоҳ ибн Адий ибн Хиёрдан ривоят қилинади:
«Усмоннинг олдига кирдим. У шаҳодат калималарини айтди ва сўнгра деди:
«Аммо баъд:
Албатта, Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳақ ила юборди. Бас, мен Аллоҳга ва Унинг Расулига ижобат қилганлардан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ила юборилган нарсага иймон келтирганлардан бўлдим. Сўнгра икки марта ҳижрат қилдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга куёв бўлиш шарафига эришдим. У зотга байъат қилдим. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ У зотни вафот эттиргунича У зотга осий бўлмадим, У зотни алдамадим».
Бухорий ривоят қилган.
Ушбу ривоятда ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ўзларининг умрлари бўйи эришган энг аҳамиятли ва шарафли мақомлари ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга куёв бўлганларини ҳам таъкидламоқдалар.

 Умар ибн Базийъдан ривоят қилинади:
«Мен Муовияни сўкмоқчи бўлганимда Алий ибн Абдуллоҳ ибн Аббос: «Шошма! Уни сўкма! Чунки у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайноғаси» – деди».
Абу Бакр ибн Халлол ривоят қилган.
Бундан қайноғаларнинг ва уларга ўхшаш қуда тараф вакилларининг ҳам ўзига яраша ҳурмати борлиги келиб чиқади.
Қудачилик алоқалари бутун бошли халқларга шараф ва ҳурмат боиси бўлишини эса, қуйидагилардан билиб оламиз.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Албатта, Мисрни фатҳ қиласизлар. У Қийрот деб номланадиган ердир. Бас, қачон уни фатҳ қилсангиз, унинг аҳлига яхшилик қилинг. Чунки уларнинг ҳурмат-ҳақлари ва қариндошликлари бор ёки ҳурмат-ҳақлари ва қудачиликлари бор».
Муслим ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шариф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сон-саноқсиз мўъжизаларидан биридир. У зот унда келажакда бўладиган ҳодисалар ҳақида хабар бермоқдалар. Шу билан бирга, ўша ҳодиса юзага чиққанда қилиниши лозим бўлган иш тўғрисида кўрсатма ҳам бермоқдалар. Дарҳақийқат, бу гаплар юзага чиқди ва саҳобалар бу ҳадисдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига амал ҳам қилдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларга берган кўрсатмалари қудачилик ҳурматидан бутун бошли бир халққа яхшилик қилиш эди.
Уламоларимиз ушбу ҳадиси шарифнинг охиридаги «Чунки уларнинг ҳурмат-ҳақлари ва қариндошликлари бор ёки ҳурмат-ҳақлари ва қудачиликлари бор» жумласига алоҳида эътибор берадилар.
Бир гуруҳ уламолар, ҳадисдаги «қариндошлик» ҳурматидан Иброҳим алайҳиссаломнинг кичик аёллари Биби Ҳожар онамизнинг  ҳурматлари ирода қилинган, дейдилар. Биби Ҳожир онамизнинг қиссалари қуйидагича:
Аллоҳ таолонинг улул-азм Пайғамбарларидан бўлмиш Иброҳим алайҳиссалом жуфти ҳалоллари Сора онамиз билан узоқ ҳаёт кечирдилар. Уларнинг ҳаёти Аллоҳ таоло ва дин йўлида кураш билан ўтди. Фарзанд кўрмадилар. Қариб қолганларига қарамай, кофир қавмлар у зотни тинч қўймаганликлари сабабли, она ватанлари Фаластинни тарк этиб, аёллари билан бирга Мисрга кетишга мажбур бўлдилар. Ўша вақтдаги Миср подшоҳи у зот ҳақида турли гаплар борлигини эшитиб, ҳузурига чорлатди.
Иброҳим алайҳиссалом Сора онамиз билан подшоҳ ҳузурига келдилар. Подшоҳ Иброҳим алайҳиссалом билан суҳбатлашаётганда Сора онамизга назари тушиб, ҳуснига маҳлиё бўлди ва кўнгли бузилди. Золим подшоҳ дарҳол бу гўзал мусофир аёл билан ёлғиз қолиш чораларини кўрди. Улар танҳо қолдилар. Аммо не ажабки, подшоҳ ёмон ният билан Сора онамиз томон қадам ташлаши билан қўл-оёғи ишламай қолди. Ёмон ниятидан қайт¬ган эди, соғ ҳолига қайтди. Яна ёмон ният қилган эди, яна қўл-оёғи ишламай қолди. Бу ҳолат бир неча бор такрорланди.
Шунда подшоҳ меҳмонлар оддий одамлар эмаслигини тушуниб етиб, уларни рози қилиш пайига тушди. Иброҳим алайҳиссаломни яна ҳузурига чорлаб, ҳадялар тақдим этди. Ўша вақтнинг таомилига кўра, Ҳожар исмли бир қизни ҳам у зотга тортиқ қилди.
Иброҳим алайҳиссалом совғаларни қабул қилиб, яна ўз юртларига қайтиб кетдилар. Ҳожарга уйланиб, Аллоҳнинг иродаси ила тўқсон ёшларида ундан бир ўғил фарзанд кўрдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир неча минг йил олдин ўтган қудачиликнинг ҳурматини қилишни ўз саҳобаларига топширганлари алоҳида эътиборга сазовордир.
Бошқа уламоларимиз: «Ушбу ҳадисдаги «қудачилик»дан мурод, Мория онамиз орқали бўлган боғланишдир», дейдилар.
Ҳудайбия сулҳи тузилиб, тинчлик ҳукм сура бошлагач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёдаги подшоҳлар ва араб амирларига мактуб ёзиб, уларни Аллоҳнинг динига чақиришга қарор қилдилар. Бу муҳим тадбир олтинчи ҳижрий сананинг охири, еттинчи сананинг бошларида амалга оширилди.
Ўша пайтларда Мисрга подшоҳлик қилган киши «Муқавқис» деб аталган. Қадимдан Миср Византия империясига қарам бўлиб келган. Миср ҳокими Византия императорининг ноиби ҳисобланган. Ўша вақтдаги Муқавқис Мисрнинг ерлик аҳолиси – қибтийлардан чиққан бўлиб, асл исми Жорж бўлган. Шу билан бирга, Византиянинг Мисрга таъсир кучи қолмай, у деярли мустақил бўлиб қолган эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муқавқисга Ҳотиб ибн Абу Балтаъа розияллоҳу анҳуни  мактуб билан юбордилар. Муқавқис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мактубларини катта эҳтиром билан кутиб олди. У зотга ҳадялар юборди. Иккита жория ҳам юборди. Улардан бири Мория Қибтия бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳим исмли ўғилларини ўша кишидан кўрганлар.
Ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларига ўзлари куёв бўлган юртнинг барча аҳолисини ҳурмат қилишни топширмоқдалар. Саҳобаи киромлар эса, ўз вақтида бунга қойлмақом қилиб амал қилганлар. Мисрлик биродарларимиз ҳозиргача ушбу ҳадиси шарифни ўзлари учун – Миср аҳли учун буюк шараф, деб биладилар.
Ислом тарихида битта қудачилик алоқаси бутун бошли бир халққа ёки қабилага барака ва яхшилик келтирган, уларнинг асирликдан озод бўлишига сабаб бўлган ҳолатлар бор. Бунга биргина мисол келтиришга ижозат бергайсиз.
Бани Мусталақ урушида мусулмонлар қўлига тушган асира аёллар ичида Бани Мусталақ қавмининг сардори Ҳорис ибн Абу Зирорнинг қизи Барра ҳам бор эди. У қабила бошлиғининг қизи сифатида ўша даврнинг олий тарбиясини кўрган, ҳамма нарсадан хабардор қиз бўлиб вояга етган эди. У ёшлик чоғидаёқ Хузоъанинг машҳур йигитларидан бўлган Мусофеъ ибн Сафвонга турмушга берилган эди. Мусулмонлар билан бўлган жангда ўлган ўн кишидан бири ўша Мусофеъ ибн Сафвон бўлган эди.
Саҳобаларга асирлар ва ўлжаларни тақсимлаш бошланди. Барра бинти Ҳорис саҳобалардан Собит ибн Қайс ибн Шаммос розияллоҳу анҳунинг чекига тушди. Катта оилада ўсиб, улғайган Барра бинти Ҳорис ақли расо ва уддабурон ҳам эди. У Собит ибн Қайс ибн Шаммос розияллоҳу анҳу билан музокара олиб бориб, тўққиз увқия тилло бериб, ўзини озод қилишга шартнома тузди.
Барра бинти Ҳорис бу шартномадан кейин ўша келишилган миқдордаги тиллони топиш пайига тушди. Бу мақсадга эришиш учун нима қилиш кераклигини у яхши билар эди. Шунинг учун ҳам, ҳеч иккиланмасдан, тўғри Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва:
«Ё Расулаллоҳ, мен муслима аёлман, «Лаа илааҳа иллаллоҳ» деб ва сизни Аллоҳнинг Расули деб шаҳодат келтирганман. Мен ўз қавмининг саййиди – Ҳориснинг қизиман. Бошимга сизга махфий бўлмаган бало тушди. Мен Собит ибн Қайс ибн Шаммоснинг чекига тушдим. У мен билан тоқатим ҳам, қўлим ҳам, қудратим ҳам етмайдиган нарсага аҳднома тузди. У тўққиз увқия тиллодан иборатдир. Менинг ўшанга рози бўлишим сиздан умид қилганим учун бўлди. Аллоҳ сизга салавот юборсин. Сизнинг ҳузурингизга тузган шартномамни адо этишда ёрдам сўраб келдим», – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сенга бундан кўра яхшироқ бўлишини хоҳлайсанми?» – дедилар.
«У нима, ё Расулаллоҳ?» – деди у.
«Сенинг шартномангни адо қилиб, ўзингга уйланаман», – дедилар У зот.
«Хўп! Ё Расулаллоҳ!» – деди у.
«Ўшандоқ қилганим бўлсин», – дедилар У зот.
Буниси қандай бўлди, дейиш мумкин. Ҳақийқатда бундай бўлишига ақл бовар қилмайди. Бу гап-сўзлар кечагина қирғин-барот уруш қилган икки тарафнинг икки вакили ўртасида бўлиб ўтмоқда. Қандай аёл кеча ўз эрини қатл қилган томоннинг бошлиғининг бир оғиз сўзи ила унга хотин бўлишга рози бўлиши мумкин?!
Яна қавмининг тирик қолган барча аъзолари асир қилиб, тақсимлаб олинган бўлса?
Яна ўша аёл ўз қавмининг улуғининг қизи – аслзода бўлса?
Барра бинти Ҳориснинг бундай қилишига сабаб бор эди. Бу сабабни ундан бошқа фақат Яратганнинг Ўзи билар эди.
Бу сабабни билиш учун Имом Байҳақий у кишининг ўзидан қилган ривоятни келтирамиз:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг келишларидан уч кеча олдин тушимда Ясрибдан бир ой келиб, қучоғимга тушганини кўрдим. Буни бировга айтишни истамадим. Асирга тушганимизда тушим ўнгидан келишини орзу қилдим. Бас, У зот мени озод қилиб, никоҳларига олдилар».
Ҳа, гап бу ёқда экан. Ҳамма нарса олдиндан аён бўлган экан. Шунинг учун ҳам, Барра бинти Ҳорис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дастлаб мурожаат қилганда:
«Ё Расулаллоҳ, мен муслима аёлман, «Лаа илаҳа иллаллоҳ» деб ва сизни Аллоҳнинг Расули деб шаҳодат келтирганман», – деган экан.
Энди Барра бинти Ҳориснинг тутган иши тушунарли бўлди. Аммо, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тутган ишларини қандай тушуниш мумкин? У зот дунёдаги энг карамли зот эдилар. Бир асира аёл ёрдам сўраб келса, ёрдам беришлари турган гап эди. Шарт қўймай, пулни бериб юбораверсалар бўлмас эдими? Нима учун шартномадаги маблағни тўлаш билан бирга уйланишни ҳам айтдилар экан?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам бундай қилишларига сабаб бор эди. Бу сабабни У зотдан бошқа фақат Яратганнинг Ўзи билар эди.
Бу сабабни билиш учун Имом Бухорий Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан қилган ривоятни ўрганиш керак:
«Ўша хабар одамларга тарқалди. Улар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуда тарафларини қул қилиб бўлар эканми, деб, қўлларидаги барча Мусталақда тушган асирларни озод қилиб юборишди. Уларнинг сони юзта аҳли байт¬га етган эди. Бу У зотнинг унга уйланганлари учун бўлди. Мен ундан кўра ўз қавмига баракаси кўпроқ бўлган аёлни билмайман. Бу иш у зотнинг Мурайсиъ ғазотидан қайтганларида бўлган».
Ҳа, энди тушунарли бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Мусталақнинг улуғининг қизига уйланиш орқали ўша қавмнинг барчасини қулликдан озод қилишни ирода қилган эканлар. У зот бутун бошли бир қавмнинг зоеликдан борликка, асирликдан озодликка, куфрдан иймонга қайтаришни ирода қилган эканлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа уйланишлари каби бу уйланишлари ҳам кони ҳикмат бўлиб чиқди.
У зотнинг Барра бинти Ҳорисга уйланганлари ҳақидаги хабар тарқалиши билан, саҳобалар буйруқ билан эмас, балки ўз ихтиёрлари билан бутун бошли бир қавмни қулликдан озод қилиб юборишди.
У зотнинг Барра бинти Ҳорисга уйланганликлари туфайли қулликдан озод бўлган бутун бошли бир қавм Исломни қабул қилди. У зотнинг бу уйланишлари яхшилик устига яхшилик, барака устига барака келтирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам янги онамизнинг исмларини Баррадан Жувайрияга ўзгартирдилар.
Ушбу юқорида зикр қилинган ҳужжат-далиллар ҳамда улардан бошқаларини ҳам синчиклаб ўрганган, таҳлил қилган уламоларимиз мўмин-мусулмонлар қудачилик алоқаларига алоҳида эътибор беришлари лозимлигини таъкидлаганлар.
Ҳанафий уламолардан Бадруддин Айний роҳматуллоҳи алайҳи Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ига ёзган шарҳи – «Умдатул Қорий» номли китобида силаи раҳмни қуйидагича таърифлайди:
«Сила насабдош қариндошларга ҳамда қуда-андаларга яхшилик қилишдан иборатдир. Бу, уларга гарчи узоқ бўлсалар ва ёмонлик қилсалар ҳам, лутф кўрсатиш, меҳрибонлик қилиш ҳамда ҳолларидан хабар олиш ила бўлади».
Катта уламолардан бири Ибн Асир айтади:
«Силаи раҳм насаб ва қудачилик орқали яқин бўлганларга яхшилик қилиш, уларга меҳр кўрсатиш, уларга юмшоқлик қилиш ва аҳволларидан хабар олишдир. Агар улар узоқлашган ва ёмонлик қилган бўлсалар ҳам. Силаи раҳмни кесиш эса, буларнинг барчасининг зиддидир. «Силаи раҳмини боғлади» деган гап бор. Бунда уларга яхшилик қилиш ила ўзи билан улар орасида қариндошлик ва қудачилик алоқаларини боғлаш тушунилади».
Бу ерда қуда-андалар ҳам қариндошлар билан баробар зикр қилнаётганига алоҳида эътибор беришимиз керак. Бизда қуда-андаларга қилинадиган яхшиликларни «силаи раҳм» дея тушуниш деярли учрамайди.
Аввал билмаган бўлсак, энди билдик. Энди билганимизга амал қилишимиз лозим. Қудаларни, қудачилик асосида бизга боғланган қишиларни «қариндош» деб, уларга ҳам силаи раҳм қилишни ўз масъулиятимиз деб билишимиз зарур.
Келин-куёвлар ҳам бир-бирларининг ота-оналарини ва қариндошларини худди ўз ота-оналари ва қариндошлари каби кўришлари, ҳурматларини жойига қўйишлари ва уларнинг розиликларини топишга ғайрат қилишлари лозим. Шунингдек, қайнона ва қайноталар ҳам ўзларининг келин ва куёвларини худди ўзларининг фарзандларидек кўришлари зарур. Албатта, уларга тегишли бўлган барча қариндошларнинг бир-бирлари билан бўладиган муносабатлари ҳам шунга қараб олиб борилиши керак.
Ана шунда никоҳдан кўзланган энг катта манфаатлардан бири – жамиятдаги уруғлар, қабилалар ва қавмларни қариндошларга айлантириш орқали жамият аъзолари орасидаги ўзаро жипслик ва ҳамкорликни зиёда қилишга эришилади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф